Қуёшнинг тутилишида уч самовий жисм: Ой, Ер ва Қуёш иштирок этади. Маълумки, Ой Ер атрофида айланади, Ер эса ўз навбатида тўхтовсиз Қуёш атрофидаги орбита бўйлаб ҳаракат қилади. Шундай қилиб, вақти-вақти билан Ой Ер ва уни ёритадиган Қуёш ўртасига тушиб қолади. Шу ҳолатда Қуёш тутилиши деган ҳодиса рўй беради.
Қуёш фақат янги ой чиққан кезлар тутилади, чунки айни шу вақтда Ой Ернинг Қуёшга қараган томонида жойлашган бўлади. Агар Ойнинг орбитаси ҳам Ернинг орбитаси жойлашган текисликда бўлганида эди, Қуёш ҳар янги ой чиққан кез тутилар эди. Бироқ Ой Ер атрофидаги 29,5 кунлик ҳаракати вақтида, одатда, Ер билан Қуёш ўртасидаги тўғри чизиқни четлаб ўтади.
Мунажжимлар Қуёш тутилиши бошланишини ва у қанча давом этишини олдиндан секунд-секундигача аниқ айтиб бера оладилар. Шунингдек, улар олдиндан бу тутилиш тўла, қисман ёки ҳалқасимон бўлишини ҳам айта олишади.
Агар Ой Қуёшни бутунлай тўсиб қўйса, бу тўла тутилиш дейилади. Аммо Ер билан Ой ўртасидаги масофа доимо бир хил бўлмайди ва у кўпинча жуда узоқ бўлади. Бу эса Қуёш тутилишига ҳамиша ҳам имкон беравермайди. Шунда Ойнинг қора гардиши бутун Қуёшни тўсиб қўяди, бироқ унинг айланаси бўйлаб ингичка ҳалқа кўриниб туради. Бу Қуёшнинг ҳалқасимон тутилишини билдиради. Ойнинг Қуёш юзасини қисман тўсиб қўйиши қисман тутилиш дейилади.
Қуёш ҳар йили камида икки марта тутилади. Уларнинг сони бештагача ҳам етиши мумкин. Ер шарининг маълум бир қисмида Қуёшнинг тўла тутилишини ҳар 250—300 йилда бир марта кузатиш мумкин. Шунинг учун мунажжимлар бутун Ер юзи бўйлаб Қуёшнинг тўла тутилиши ортидан «қувиб» юришади.