Инсон Ой юзасини синчиклаб тадқиқ қилгач, у ҳақда кўпгина қизиқ нарсаларни билиб олди. Аммо Ойда ҳаёт йўқлигини у ерга қадами етмасдан олдин ҳам билар эди.
Ойда атмосфера йўқ. Мунажжимлар буни Ойда Қуёшнинг ботиш пайти ёки кечқурунги ва тонги ғира-шира пайт бўлмаслигига қараб аниқлашган. Ерга тун аста-секин чўка боради, чунки ҳаво Қуёш ботгандан кейин ҳам унинг нурларини акс эттириб туради. Ойда эса бутунлай бошқа манзарани кўриш мумкин: бир пасда қоронғилик тушади.
Атмосфера йўқлиги сабабли Ойга Қуёшнинг барча нурлари тўғридан-тўғри тушаверади. Қуёш ўзидан иссиқлик, ёруглик ва радиотўлқинлар чиқаради. Ердаги ҳаёт шу иссиқлик ва ёруғликка боғлиқдир.
Қуёш ўзидан яна зарарли радиация ҳам тарқатади. Ер атмосфераси бизни улардан ҳимоя қилади. Ойда эса бундай зарарли радиацияни ютадиган атмосфера йўқ. Қуёшдан чиқаётган барча фойдали ва зарарли нурлар ҳеч бир тўсиқсиз Ой юзасига етиб келаверади. Атмосфера йўқлиги сабабли Ой юзаси ё ҳаддан зиёд иссиқ, ёки ниҳоятда совуқ бўлади. Айланаётган Ойнинг Қуёшга қараган томони жуда қизиб кетади ва температура Цельсий шкаласи бўйича 150 даражага етади. Бу шақирлаб қайнаётган сувнинг температурасидир. Жазирама Ой куни икки ҳафта давом этади.
Сўнгра икки ҳафта давом этадиган тунга навбат келади. Тунда температура — 125 даражага тушиб кетади. Бу Ернинг Шимолий қутбидаги температурадан икки баробар совуқдир.
Бундай шароитда Ердаги ҳаёт шаклларидан бирортаси ҳам мавжуд бўлиши мумкин эмас.