Олимлар Коинотдан ҳаёт излаётгани, турли тажрибалар ўтказаётгани сизга маълум. Табиийки, ҳаёт излаганда бепоён космик фазодан кўра ўзимизнинг Қуёш системамизни тадқиқ қилиш осонроқдир. Олимларнинг фикрича, қандайдир ҳаёт шакли бўлиши мумкин бўлган сайёра Миррих (Марс)дир.
Нега улар айнан Миррихни танлаб олишди? Бу сайёра Ер билан эгизак, деб ҳисобланади. Миррих билан Қуёш ўртасидаги масофа Ер билан Қуёш ўртасидаги масофага яқин туради. Унинг диаметри Ерникидан икки марта кичик, Миррих икки йилда бир марта Қуёш атрофини айланиб чиқади. Аммо Миррихдаги кун давомийлиги Ерникига тўғри келади.
Мунажжимлар Миррихни кузатаётиб, у ерда ҳаёт қандайдир шаклда бўлиши мумкинлигидан дарак берувчи айрим нарсаларга дуч келишди. Биринчидан, Ердаги сингари Марсда ҳам йилнинг тўрт фасли бор. Унинг юзасида ҳам фасллар алмашуви баробарида ўзгаришлар кўзга ташланади. Баҳорда ва ёзда қорамтир жойлар янада қораяди, уларнинг ранги кўк-яшилдан сариққа айланади. Балким, бу ўсимликлардир? Мунажжимларнинг тахминича, сайёра атмосфераси таркибида мавжуд оз миқдордаги сув буғлари у ерда ҳаёт вужудга келиб, ривожланиши учун шароит туғдириши мумкин. Итальян мунажжими Жованни Скиапарелли 1887 йили Миррих юзасида каналларга ўхшаш нарсани кузатганини маълум қилди. Олимлар: «Миррихликлар қурғоқчил минтақаларга қутблардан сув олиб келиш учун каналлар қазиган бўлиши мумкинми?» деб саволни кўндаланг қўйишди.
1976 йили Американинг иккита «Викинг» учиш аппарати Миррих юзасига қўнди. Сайёра тупроғи космик аппаратлар бортида мавжуд асбоблар ёрдамида ҳаёт нишонасини топиш мақсадида тадқиқ қилинди, тадқиқот натижалари Ерга юборилди. Ушбу тадқиқотлардан тупроқда микроорганизмлар мавжуд бўлиши мумкинлиги, аммо Миррих тупроғи Ерникига мутлақо ўхшамаслиги маълум бўлди. Мабодо, Миррихда ҳаёт бўлса ҳам, у жуда оддий шаклдадир.