Юпитернинг нечта йўлдоши бор?

Космик кемалар ва очиқ космосдаги саёҳатлар тўғрисида ўқиганимиз сайин Қуёш системасидаги бошқа сайёраларга қизиқишимиз тобора ортиб бораверади. Марс — Миррихдан кейин бизни энг қизиқтирган сайёра, шубҳасиз, Юпитер — Муштарийдир.

Муштарий, аввало, кичик бир қуёш системасини эслатади. Бугунги кунгача Муштарий атрофида айланадиган 16 тадан кам бўлмаган йўлдошлар ёки ойлар кашф этилган. Уларнинг тўрттаси ўлчамларига кўра, бизнинг Ойга яқин туради. Улардан иккитасининг диаметри 50 км, айримлари эса жуда митти йўлдошчалардир. Диаметри — 25 км ёки ундан ҳам кичкина.

Муштарий сайёралар ичида энг улкани бўлиб, унинг ҳажми Ерникидан 1 300 марта каттадир. Унга оддий кўз билан боққанингизда ҳам, гарчи у Ерга 587 000 000 км масофадан яқин келмаса-да, ёрқин ва гўзал томошанинг гувоҳи бўлишингиз шубҳасиз.

Муштарийни телескоп ёрдамида ўрганаётган олимлар кўп бор у ерда муттасил ўзгариб турадиган манзарани кузатишган. Сайёра юзасида ёрқин кенгликлар билан ажратилган йўл-йўл чизиқлар ёки белбоғлар мавжуд, улар зоналар деб аталади. Белбоғлар аниқ бир кўринишга эга эмас, аммо доимий суръатда ҳар хил кўринишдаги шаклларга ажралиб туради. Зоналар ҳам вақти-вақти билан ўзгаради: уларда тўсатдан қорамтир доғлар ва ёрқин оқ жойлар пайдо бўлади. Мунажжимларнинг тахминича, бизнинг кўзимизга белбоғ ёки зоналар бўлиб кўринаётган нарсалар аслида булут ва буғлар тўдасидир, улар тез-тез беқарор ҳолатга тушиб туради.

Муштарийнинг яна бир қизиқ томони шундаки, унинг юзасида тез-тез кишини лол этадиган ранглар пайдо бўлади. Унинг иккита белбоғи қип-қизил рангдан малла, кулранг, ҳатто, кўкимтир ранггача ўзгариб туради. Бу Муштарийнинг Қуёш атрофида айланиши билан боғлиқ бўлса керак, деган тахмин бор. У Қуёш атрофида 12 йилда бир марта айланиб чиқади, ранглар ўзгаришида ҳам 12 йилдан иборат даврийлик бор.

Муштарийга тегишли энг қизиқ ва ажойиб жиҳат ундаги улкан қизил доғдир. Доғнинг бўйи — 50 000 км, эни эса — 12 000 км. Доғнинг ранги, шакли, ёрқинлиги ва ҳаракатчанлиги ўзгарувчандир. Йилнинг айрим фаслларида қизил ғишт рангида, бошқа вақт кул рангида бўлади, баъзида бутунлай йўқолиб кетади. Бундан ташқари, бу сирли қизил доғ Юпитер юзасида жойдан-жойга кўчиб юрганга ҳам ўхшаб кўринади.

Ўхшаш мақолалар: