Ой биздан унчалик узоқ эмасдай кўрингани билан Ердан унгача бўлган масофа 384 400 км.дир. Унинг диаметри 3 476 км, бошқача айтганда, Америка Қўшма Штатларининг у соҳилидан бу соҳилигача бўлган масофадан кичикдир. Агар энг кучли телескоп билан Ойга қаралса, унгача бўлган масофа 100 км.дан ошмайдигандай кўринади.
У бизга шундай яқин ва катта кўрингани учун баъзан 384 400 км жуда олис йўл эканини ҳам унутиб қўямиз. Машинада кетаётганимизда Ой ортимиздан эрагашаётганга ўхшаб кўриниши сабаби ҳам унинг Ердан ниҳоятда олисда экани билан боғлиқ.
Аввало, шуни айтиш керакки, у бизга шундай туюлади, бу сезги руҳиятимизга ўрнашиб қолган. Йўлдан катта тезлик билан кетаётганимизда, йўл чеккасидаги дарахтлар, уйлар, ҳовлиларнинг деворлари, қолаверса, йўл орқага қараб чопаётганга ўхшайди.
Биз Ой ҳам ёнимиздан ўтиб кетишини, ҳечқурса, йўлдан илгарилаганимиз сари у ҳам дарахтлар сингари ортимизда қолиб кетишини кутамиз. Бундай бўлмагач, у бизни «таъқиб» этиб юрганга ўхшаб туюлади.
Нега бундай бўлади? Бунинг сабаби шуки, Ердан Ойгача бўлган масофа ниҳоятда олис. Бизнинг автомобилимиз бир неча дақиқада босиб ўтадиган йўл билан таққослаганда, бу жуда олис масофа. Шунинг учун ҳам машинада кетаётганимизда, бизнинг Ойни кўриш бурчагимиз мутлақо ўзгармайди.