Анжир дунёдаги энг ажойиб мевалардан биридир. Инсон уни азал-азалдан ардоқлаб келади. Анжир бир замонлар Миср фиръавнлари дастурхонига тортилган тансиқ таом бўлган, кейинчалик эса оч-наҳор кун кечирган қулларнинг бирдан-бир озиғига айланиб қолган.
Анжир озиқ-овқатгина эмас, шарбатидан спирт, шароб, газмолларни бўяйдиган бўёқ ҳам олинади. Унинг энли, зич ва қумқоғозга ўхшаш ғадир-будур япроғи билан фил суяги силлиқланган, пўстлоғидан эса пишиқ арқонлар тўқилади.
Анжирнинг турлари кўп. Улар орасида энг хушхўри Измир анжиридир. Туркиядаги Измир шаҳри шарафига қўйилган бу анжир нави илк марта айнан ўша жойда етиштирила бошланган.
Анжирнинг юмалоқ ва серэт меваси бўғзида тешиги бор таранг қопга ўхшайди. Қопчалар ичида эт билан бирга гулчанг ва биз данаклар деб атайдиган уруғлар бор. Аммо булар уруғ эмас, аксинча анжирнинг ҳақиқий меваларидир.
Умуман олганда, Измир анжирининг кўпайиш жараёни ўта ўзига хосдир. Ҳамма гап шундаки, унинг гуллари фақат Капри анжирининг гулчанги билан уруғланиши мумкин. Гарчи Капри анжири таркибида гулчанг мўл бўлса-да, уни чангланаётган гулга фақат бир турдаги ҳашарот — майда анжир ариси олиб бориши мумкин.
Бу арилар тухум қўйиш вақти етгунча Капри анжирининг ичида яшайди. Улар анжирдан учиб кетаётиб, ўзи билан бирга танасига ёпишиб қолган чангни ҳам олиб кетади. Сунгра улар Измир анжирининг ичига кириши билан танасига ёпишиб қолган гулчангнинг бир қисмини қоқиб туширади.