Найзабалиқ ўзида нимани ифода этади?

Найзабалиқ иссиқ ва мўътадил совуқ сувли денгизларда яшайди. Унга синчиклаб қарасангиз, номи қаердан олинганига ҳайрон қолмайсиз. Олд жағи найзадек учли бўлган бу балиқ ҳам ўзининг ваҳимали қуролидан унумли фойдаланади. У кўп бор қайиқларнинг тагини тешишга муваффақ бўлган.

Найзабалиқ энг йирик денгиз балиқлари сирасига киради. Бўйи 5 метргача келади, оғирлиги эса 500 килограмм тош босади. Найзасининг узунлиги 1 метрга бориб қолади. У йиртқичдир, ўзидан кичик балиқларни еб кун кечиради. Ғалати нарсаларни тутишга ишқибоз балиқчилар орасида у эътиборга эга. У бир соатда 80—100 чақирим масофани босиб ўтади.

Юзаки қарасангиз, уни аррабалиқ билан адаштириб қўйишингиз мумкин. Лекин у акулалар оиласига мансуб бўлиб, ҳар икки томонида арратишлари бор. У найзабалиқдан катта ва оғир келади. Бу балиқни французлар қадимий, узун ва энли найза номи билан — эспадрон аташади. У ғоят оғир бўлганидан икки қўл билан ушлаб туришган. Бу найзани салиб юришлари даврида рицарлар белларига осиб юришган.