1917 йилнинг мартида шоҳ Николай 2 ўз тахтидан воз кечишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига Георгий Евгеневич Лвов бошчилигидаги муваққат Ҳукумат қарор топди. Бироқ у узоқ яшамади. Июл ойида адвокат Александр Федорович Керенский бош вазир этиб тайинланди, бироқ турли қарама-қаршиликлар туфайли ҳар томонга қараб тортилаётган унинг ҳукумати ҳам халқ орасида обрў-эътибор қозона олмади. Бир қанча таркибидаги аъзолари у қадар кўп бўлмаган, бироқ таъсир кучи ҳийла сезиларли бўлган инқилобий гуруҳлар Керенский ҳукуматига қарши муҳолифат ташкил қилдилар. Бу гуруҳларнинг ичида энг кучли таъсир кучига эга гуруҳ Ленин бошчилигидаги болшевиклар партияси эди.
Уруш Россияни таназзулга олиб келди. Фронтдаги аскарлар жанг қилишдан бош тортишарди. Керенский меҳнаткашлар қўмиталарига, яъни ишчи ва аскар депутатларининг Советларига қурол-аслаҳа тарқатди, зеро у бу Советларнинг кўмагидан умидвор эди. Бироқ бу унинг хатоси эди: кўпгина Советлардаги ҳокимият тез орада ленинчи болшевиклар қўлига ўтиб кетди.
Ленин 7—11 ноябрда бўлиб ўтган Советларнинг съездида бошқа инқилобий гуруҳларнинг кўмаги ёрдамида Керенский ҳукуматини қулатилган деб эълон қилди. 1917 йилнинг 7 ноябрида қуролланган ишчи ва солдатлар Пётрограддаги Муваққат Ҳукумат жойлашган Қишки саройни ишғол қилиб қўлга олди. Керенский ҳукумати деярли қаршилик кўрсатмади ва ҳибсга олинди.