Кўршапалакларнинг мингдан ортиқ тури мавжуд ва табиийки, улар ўртасида кўп фарқлар бор. Кўршапалакларнинг кўпчилиги ҳашаротларни тутиб ейди, аммо иссиқ минтақаларда мевалар ёки гул чанги билан озиқланадиганлари ҳам бор. Ўзидан кичикроқ кўршапалакларни тутиб ейдиган ва ҳатто ҳайвонлар қонини ичадиган кўршапалаклар ҳам бор. Буюк Британиядаги энг катта кўршапалак танасининг узунлиги 13 сантиметр, ёзилган қанотлари 33 сантиметрдан 36 сантиметргачадир. У ўрмонзорларда яшайди ва йирик ҳашаротларни тутиб ейди.
Мева билан озиқланадиган кўршапалаклар тропикларда яшайди. Уларнинг тишлари кенг, ясси булиб, улар бу тишлар ёрдамида мевани эзиб шарбатини чиқаради. Гул чанги билан озиқланадиган кўршапалакларнинг тили узун бўлиб, у гул ичига кириб боради.
Кўршапалак-вампирларга фақат қон керак. Улар от, сигир, ит, жўжалар қонини сўради, баъзида ҳатто одамларга ҳам ҳужум қилади. Улар ўткир юқоридаги кескичлар (олдинги тишлар) билан ўз ўлжалари терисини тишлайди ва ярадан оқиб чиқаётган қонни ялайди.
Кўршапалакда 20 тадан 38 тагача тиш бўлиши мумкин. Қизиғи шундаки, 22 та тиши бор кўршапалакни ҳали ҳеч ким учратмаган. Ҳашаротхўр кўршапалаклардан айримлари 38 та тишга эга бўлади. Бундай тишлар кўршапалаклар учун катта аҳамиятга эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш қийин эмас.
Кўршапалаклар одатда тўп-тўп бўлиб яшайди, аммо ўзлари учун уя қурмайди. Улар одатда ғорда яшайди. Айрим ғорларда мингта кўршапалакдан ташкил топган тўда яшаши мумкин. Аммо улар бирорта дарахт ковагида ўнта, йигирмата кўршапалакдан иборат кичик тўдалар бўлиб ҳам яшаши мумкин.
Биласизми, кўршапалаклар бу дунёда жуда қадимдан яшайди, шундай экан, уларни сут эмизувчиларнинг энг қадимийси деб ҳисоблаш мумкин бўлади.