Хитойда эрамиздан аввалги 6 аср атрофида яшаган Конфуций дунёдаги энг забардаст диний устозлардан бўлган. Конфуций қадимги хитой қўлёзмаларини ўрганган, улардан олижаноб шахсни камол топтиришда зарур деб ҳисобланган ғояларни олган. Кейинчалик у бу ғояларни жамиятнинг барча қатламлари — императорлардан тортиб талабаларгача — маслаҳат сўраб келганлар орасида тарғиб қилган. У 2400 йил илгари асослаб кетган тамойиллар ҳозир ҳам мукаммал ҳисобланади.
Унинг исми хитойча Кунг Фуце тарзидадир. Конфуций 22 ёшга етиб, уйлангандан сўнг 3 йил ўтгач, одамларни саодатманд яшашга ўргата бошлади. Унинг бахт-саодатга эришиш борасидаги асосий қоидаси — «Ўзингга раво кўрмаган ишни — бошқаларга ҳам раво кўрма» — деган олтин қоидадир.
Конфуций кўплаб ҳукмдорлар хизматида бўлди, уларда меҳр-муҳаббат, адолат, ҳурмат, донишмандлик ва самимиятга асосланган ахлоқий бошқарув меъерларига қизиқиш уйғотишга интилди.
Унинг таълимотидаги асосий жиҳатлардан бири — ота-онага ҳурмат — Хитойда катта эътибор топди. У ота-онанинг ҳурматини тириклигидагина эмас, улар ёруғ дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам жойига қўйиш лозимлигига ўргатади. Аждодларга сиғинишнинг бу шакли Хитойда узоқ вақт намойиш этилган тамойил — ортга қарамай олға бориш ўрнига ўтмишга мурожаат қилиш тамойилида намоён бўлди.
Конфуций ўзини худо деб ҳисобламасди. У, аслида, олий борлиқ тўғрисида, охират тўғрисида ҳеч нарса ёзмаган. У, инсон табиатан раҳмдил бўлиб, соғлом фикрга эгалигига ишонар, бошқа одамлар билан тотувликда яшаб, эзгуликни сақлаб қолиш лозимлигига умид боғларди.
Конфуций вафотидан кейинги 5 аср мобайнида унинг таълимоти давлат фалсафаси бўлиб келди. Бироқ буддавийлик юзага келгач, конфуцийлик амалда бир муддат унутиб қўйилди. Кейинчалик у қайта жонланиб, ҳатто ҳозирги кунларда ҳам Конфуций таълимоти миллионлаб кишилар ҳаётига таъсир ўтказмоқда.