Тахминан эрамиздан аввалги 1100 йилларда Шан сулоласи ҳукмдорларини тор-мор келтирган Чжоу сулоласи деярли минг йил ҳукм сурди. Бу даврнинг биринчи ярми ғарбий Чжоу деб аталади. Бунинг боиси сиёсий марказ ҳозирги Шенси вилояти ҳудудида жойлашганлигидадир.
Ғарбий Чжоу бир нечта пойтахти бўлган заиф сиёсий тузилма эди. Кейинчалик сиёсий марказ Шарққа кўчган. Эрамиздан аввалги 771—481 йиллар Шарқий Чжоу даври деб аталиб, пойтахти Лоян (Хенан) эди. Чжоуларнинг сўнгги даври — урушаётган шоҳликлар даври эрамиздан аввалги 221 йилга тўғри келади.
Ушбу минг йиллик Чжоу сулоласи номи билан аталса-да, бу сулола эрамиздан аввалги 8 асрга келиб бутун мамлакат устидан ҳукмронлик қилмай қўйган эди. Чжоу сулоласи меросий ер эгалигини қариндошларга ёки содиқ аъёнларга бўлиб, ҳокимиятни сақлаб қолаётган эди. Улар эса бунинг эвазига сулолани сиёсий ва ғарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашарди. Айрим вилоятларнинг ҳокимлари кучая бориб, ўз ҳудудларини тўла назорат остига ола бошлагач, бир-бирига қарши ҳам, ҳукмдорга қарши ҳам бирлаша бошлагач, ҳукмдор шоҳ ҳокимиятни қўлдан бера бошлайди, натижада ўша вилоятлар мустақил подшоликка айлана боради. Улар темир ва туз савдоси орқали бойий бошлайдилар.
Шарқий Чжоу даврида подшоликлар ўртасида устунлик учун кураш борар, дам бирига, дам бошқасига муваффақият ёр бўларди. Эрамиздан аввалги 5 асрга, курашаётган подшоликлар даврига келиб подшоликлар сони саккизтадан ошмади.