Бизни ўраб турган бутун моддий дунё, шунингдек, Ердан ташқарида бўлган космик фазо, сайёралар ва юлдузлар Коинотни ташкил қилади. Ўз ҳаёти давомида турли шаклларга кирадиган материянинг боши ҳам, адоғи ҳам йўқ.
Кўпчилик мунажжимлар, Коинот бундан 15 000 млрд. йил муқаддам содир бўлган кучли портлаш натижасида вужудга келган, деб ҳисоблайди. Олимлар «Катта Зарба» деб атайдиган бу кучли портлаш қайноқ газларни турли томонларга ҳайдаб юборди ва, ниҳоят, ўша газлардан галактикалар, юлдузлар ва сайёралар ташкил топди.
Коинотнинг чек-чегараси булмаса керак. Боз устига, у тобора кенгаймоқда, яъни уни ташкил этувчи галактикалар, юлдузлар ва қуёш системалари ўз ўрнини ўзгартириб, барча йўналишлар бўйича марказдан узоқлашиб бормоқда. Ҳатто энг замонавий астрономик воситаларнинг ҳам бутун Коинотни қамраб олишга кучи етмайди. Ваҳоланки, улар биздан 2 миллиард ёруғлик йили узоқлигида бўлган юлдузлар нурини ҳам илғаш қувватига эга. Балким, ўша юлдузлар сўниб кетган бўлиши мумкин, лекин телескоп уларни кўради (сабаби, уларнинг шуъласи Ерга етиб келгунга қадар миллиардлаб йиллар ўтади).
Коинотнинг катталиги қанча? У шу даражада каттаки, мунажжимлар унинг кўламини ёруғлик йиллари билан ўлчашга мажбур бўлишади. Ёруғлик йили ёруғлик бир йил давомида босиб ўтадиган масофани англатади. Ёруғлик секундига 300 000 (186 000 миль) километр тезлик билан ҳаракат қилади. Шунга асосан, бир ёруғлик йили 9 500 000 млн. км.га тенг.