Кедр қаерда ўсади?

Қадим замонлардан то шу кунгача кундалик сўзлашув тилида «кедр» сўзи турлича талқин қилинади. Ливан кедри «ҳақиқий кедр» сифатида ҳамиша одамларнинг эътиборини тортиб келган. У муқаддас дарахт ҳисобланган ва Ливаннинг гербида ҳам ўз аксини топган. Ривоятларда айтилишича, Сулаймон алайҳиссалом бу қимматбаҳо дарахтдан ибодатхона қуриш мақсадида одамларни кедр олиб келиш учун бошка юртларга жўнатар экан.

Кедр қарағайлар оиласига мансуб. Бу оилага яна тилоғоч, оққарағай, арча, қарағайнинг ўзи ва бошқа бир қанча нинабаргли дарахтлар киради. Дарахтларни номлашдаги чалкашликлар христиан дини муқаддас китобларидан, хусусан, Тавротдан келиб чиққан. Унда «кедр» сўзининг ботаникага оид тавсифи келтирилмайди. Шунинг учун Шимолий Америка ўрмонларига илк қадам қўйган кишилар ёғочи хуш бўй барча нинабаргли дарахтларни кедр деб атайверган. Бундай чалкашлик рус тилида ҳам бор. Оддий сўзлашув тилида, ҳатто, ўрмоншуносликка оид китобларда Сибирь қарағайи «кедр» деб аталади. Машҳур кедр ёнғоғи аслида Сибирь қарағайи ёнғоғидир. Ҳақиқий кедр ёнғоғи ва уруғларини еб бўлмайди.

Кедр доимий яшил тусдаги кучли дарахт бўлиб, узунлиги 50 метргача боради. Улар минг ва ундан ошиқ йил умр кўради. Унинг тўртта тури бор. Шулардан учтаси Ўрта Ер денгизи мамлакатларида ўсади: атлас кедр Африка шимолида, Ливан кедри Ливан, Туркия ва Сурия тоғларида, Кипр кедри эса Кипр оролида ўсади. Тўртинчи тур — Ҳимолай кедри Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон тоғларида ўсади. Кедр ёғочи ҳашаротлар ва замбуруғлар таъсирига чидамли булгани учун кемасозликда ва турли нарсалар тайёрлашда ишлатилади. Археологик қазишмалар чоғида, асосан, Ливан кедри ёғочидан тайёрланган буюмлар топилиб туради. Масалан, Миср фиръавни Тутанхамон тобутининг кедрдан ясалган ёғоч қисмлари, орадан 3200 йил вақт ўтганига қарамасдан, жуда яхши сақланган.

Кедр Ҳиндистонда ҳам муқаддас дарахт ҳисобланган ва унинг ёғочи тарихий обидалар қурилишида ишлатилади. Ҳамадон шоҳининг устунлари кедрдан ишланган масжиди 1426 йили қурилган эди.

Кедрнинг барча турлари манзарали бўлгани учун ҳам бутун дунёда кўкаламлаштиришда кенг қўлланилади. Улар Қримда илк марта 1826 йили экилган.