Қайси қушнинг думи лирага ўхшайди?

Австралияда яшайдиган бу қушни лиродум дейишади.

У ўзининг бу ғайритабиий номи билан авваламбор лира — эски мусиқа асбобига ўхшайдиган думидан қарздордир. Четки рулсимон патлари ғаройиб тарзда буралиб, лира асосини, жуда куп кумуш қанотлари эса унинг торларини эслатади. Оиланинг энг йирик бўлган катта лиродумнинг думи 80 сантиметрга етиб, танасидан деярли икки ҳисса ортиқ келади.

Бироқ лиро-қуш антиқа кўриниши билангина ном олган эмас, унинг қўшиқ репертуари ҳам анча бой. Лиродумнинг ўз қўшиғи йўқ, аммо у бу камчилигини мутассир товушларда қойилмақом ижро этади. У бошқа қушлар чуғурини «мослаштиради», шунингдек, турли-туман ҳарқалай бироз ёқимсиз овозлар, масалан, мотоцикль тариллаши, итлар ҳуриши, қўзичоқнинг ба-балаши ёки Австралия кўктарғоғининг бўғиқ қаҳқаҳасини шу қадар чиройли ижро этадики, унга «ўрмон эстрадасининг юлдузи» деган ном бекорга берилмаганига ишонч ҳосил қиласан киши. Бошқа кўп қушлар сингари лиродумларнинг эркаги ҳам йил бўйи эмас, балки фақат жуфтлашиш даврида сайрайди.

Лиродум одам оёғи етмайдиган сокин гўшаларда яшайди, айниқса қирққулоқзорларни яхши кўради. Умуман олганда, лиродумлар ерда яшайдиган қуш, аҳён-аҳён бир дарахтдан иккинчисига учиб ўтишни хуш кўради.

Тунни шохларда ўтказади. У ўрмон тўшакларини хаскашга ўхшаш узун панжалари билан тезда суриб ташлаб, ҳар хил қурт-қумурсқалар, ҳашаротлар ва шиллиққуртларни топиб ейди.

Лиродум булутли об-ҳавони ҳатто ёмғир томчилаб турган кунларни жуда яхши кўради, чунки ёмғир тагида унинг толадай майин парлари ялтираб кетади.