Библия таркибига кирувчи тўрт Еванглие (Инжил) бўйича Иисус Христнинг бошлангич вақти — хушхабардан тортиб чормихга тортиб ўлдирилгунича ҳамда тирилиб, арши аълога кўтарилгунига қадар бўлган деярли бутун «таржимаи ҳоли»ни тиклашимиз мумкин. Бу ривоят кўплаб апокрифик асарлар билан тўлдирилади.
Мусулмон оламида Исо Масиҳ номи билан машҳур бўлган Иисус Христ сиймоси исломдан бошқа манбаларда ўзида илоҳий ва инсоний табиатни бирлаштирган Худо одам сифатида талқин қилинади. Бошқа афсонавий қаҳрамонлар тасвиридан фарқ қилувчи бундай тасаввурда ўтмиш даврнинг турли худолари тўғрисидаги кўплаб ғоят қадимий тасаввурлар акс этган.
Шу боис кўплаб тадқиотчилар Иисус Христни ўлиб, қайта тирилаётган худолар сафида кўришадики, бу сафга мисрликларнинг Осириси, юнонларнинг Диониси ва скандинавларнинг Балдри ҳам киради. Насронийларнинг асосий байрамлари қуёш календари билан аниқ боғлиқлигини айни шу сабаблар ҳам кўрсатади.
Христ туғилган кун 25-декабрда нишонланади, айни шу кун Қуёш қишки тенгкунликдан сўнг баҳорга юз буради. Пасха эса баҳорги тенгкунликдан сўнг, Қуёш бир йиллик йўлнинг ярмини ўтгач, нишонланади.
Христ сиймосида қадимги дунё тасаввурлари қўшилиб кетган, шу боис у кўрсатаётган мўъжиза турли-туман бўлишига олиб келган. Бироқ диндорлар энг аввало эътиқод йўлида жонини қурбон қиладиган ва бу билан тақдирга тан бериш намунаси бўладиган Нажоткор сиймосини кўришади.