Ҳиндистоннинг биринчи шаҳаншоҳи (императори) ким бўлган?

Харапп цивилизацияси билан боғлиқ шаҳарлар гуллаб-яшнаш давридан ўтиб, таназзулга юз тутгач, Ҳиндистоннинг бошқа ҳудудлари гуркираб ривожлана бошлайди. Бошқа йирик, масалан, Ганг сингари дарёлар ҳавзасида жойлашган вилоятлар, маҳаллий халқ шоли етиштириши туфайли бойиб боради. Эрамиздан аввалги 600 йилда Ганг водийсида унча катта бўлмаган камида 16 та давлат мавжуд эди. Эрамиздан аввалги 5 асрда улар бир-бири билан муттасил жанг қиларди. Кучли давлат кучсизроқларини ўзига бўйсундиради. Аста-секин уларнинг бари Магадха подшолиги таркибига қўшила боради.

Эрамиздан аввалги 4 аср охирида Магадхада тахтни Ҳиндистоннинг биринчи чинакам шаҳаншоҳи (императори) Чандрагупта Мауря қўлга киритади. Бу даврга келиб шаҳаншоҳ томонидан асос солинган давлат қитъанинг катта қисмини эгаллаганди. Чандрагупта Мауря ҳукмронлик қилган даврда салтанат шимоли-ғарбга томон кенгайиб боради, ҳинд дарёси ҳавзасини қамраб олади, Марказий Ҳиндистондан жанубга қараб ёйилади ҳамда ҳозирги Афғонистон ҳудудини эгаллайди.

Чандрагуптанинг ўғли Биндусара давлат чегараларини анча кенгайтириб юборади, лекин унинг ўғли Ашок давридагина маурялар салтанати чинакамига йирик салтанатга айланади.