Қадимги Римда томошабинлар дилини хушнуд этиш учун гладиаторлар жанги ўтказилган. Бу акробатлар, дорбозлар чиқишлари ёки мусиқий ва театр томошалари сингари одатий ҳол бўлган. Фарқи шуки, гладиаторлар жанглари албатта қон тўкиш билан тугаган. Бир гладиатор бошқасини ўлдирган. Оммага бундай томоша ёқар ва халқ унга гурас-гурас бўлиб келарди. Ўлим билан тугайдиган бундай олишувлардан фақат оддий халқ ҳузур қилиб қолмасди.
Томошабинларнинг биринчи қаторида патритсийлар, римлик аслзодалар вакиллари ўтиришарди. Саҳнада ҳалокатли жанг олиб бораётган одамлар эса гладиаторлар деб аталарди. Бу ном лотинча «Гладиус» — қилич сўзидан келиб чиққан. Боиси — гладиаторлар ўткир чархланган қиличлар билан жанг қилишарди.
Ҳар бир жангда ўнлаб, юзлаб одамлар ҳалок бўлар, уларнинг ўрнини бошқа гладиаторлар тўлдиришарди.
Гладиаторларни қаердан топишарди ва улар нима сабабли бундай даҳшатли «ишга» рози бўлишарди?
Гладиаторлар, биринчи навбатда, ўз ҳарбий қудрати билан шуҳрат топган Римда доимо кўп бўладиган ҳарбий асирлар орасидан танлаб олинарди.
Жиноятчиларни, яъни қароқчилик, исён, қотиллик ва бошқалар учун жазо тайинланган фуқароларни ҳам гладиатор бўлишга мажбур этишарди: уларни қамоққа жўнатмай, «қилич»га — «ад гладиум»га ҳукм қилишарди. Бир кун Яҳудо подшоси Агриппа (ўша пайтда Яҳудо ҳам Рим империяси таркибига кирарди) Байрутдаги амфитеатрда ҳар томондан 700 кишидан иборат бўлган жиноятчилар гуруҳини жангга туширишни амр қилади. Шу тариқа барча жиноятчилар қиличбозлик қилиб, бир-бирини ўлдириб юборади.
Гладиаторлар орасида қуллар ҳам кўп бўлган. Бироқ баъзан озод фуқаролар ҳам ўз хоҳиши билан гладиаторликни танлашарди. Баъзи ҳолларда эса ҳатто аёллар ҳам гладиаторлар гуруҳига келишарди. Фасос оролилик Гекатеянинг номи маълум: бу аёл кўнгилли равишда гладиаторликни танлаган. Айрим озод фуқаролар муҳтожлик ёки ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлганлиги боис гладиаторликни танлашга мажбур бўлишарди. Лекин баъзан ҳаётдан зерикканлар ҳам бўларди-ки, улар гладиаторлар жангидаги даҳшатдан лаззат олишарди.