Денгизнинг ҳам овози борми?

Саволга жавоб излаётиб, хаёлингизга келадиган илк фикр, бу ерда денгиз шовқини, тўғрироғи, унинг тўлқинлари шовқини назарда тутилаётган бўлса керак, қабилида бўлиши шубҳасиз. Қисман бунда ҳам жон бор. Аммо бу гўзал шоирона ташбиҳ, ўхшатишдир, холос. Шу тариқа шамолни осмоннинг овози, акс-садони эса тоғларнинг овози дейиш ҳам мумкин. Аммо «денгиз овози» деган расмий атама муомалага кирганига ярим асрдан ошди ва у, инсон нуқтаи назарига кўра, кўнгилсиз табиат ҳодисасини англатади.

Асримизнинг 40-йиллари охирида кунлардан бир кун Малакка бўғозига кирган кемалар ҳалокатга учраган кеманинг ёрдам сўраётгани тўғрисида сигнал олишади. Ғалати бир радиограмма келади: «Ҳамма ҳалок бўлди… Мендан бошқа ҳеч ким тирик қолмаган бўлса керак…» Етиб келган қутқарувчилар жони узилаётган радистнинг гапларини тасдиқлашди. Улар пароход бортига чиқиб, даҳшатли манзаранинг гувоҳи бўлишди: палуба даҳшатдан кўзлари бақрайиб, юзлари қийшайиб қолган денгизчиларнинг жасади билан тўла, аммо кеманинг ҳеч бир ерига шикаст етмаган эди. Денгиз одатдагидай тўлқинланиб турар, атрофида қароқчилар ҳам кўринмас эди. Унда экипаж нега ҳалок бўлди?

Мутахассислар кўпчиликнинг бир вақтда ҳалок бўлишига узоқ вақт жавоб қидиришди. Ҳар хил фаразлар ўртага ташланди. Алалоқибат, одамларни «денгиз овози» нобуд қилган, деган хулосага келинди. Бу қандай даҳшатли ҳодисаки, бирдан шунча одамнинг умрига зомин бўлса?

«Денгиз овози» жуда паст (10—15 герц атрофида, у инфратовуш ҳам деб аталади) частотадаги товуш тебранишларидир. Бундай овоз сув юзасида ўркачли тўлқинлар ортида гирдоб ҳосил бўлиши ва унинг атрофида шамол эсиши натижасида ҳосил бўлади. Шамол кучайган сари тўлқинлар кўтарилиб боради ва «денгиз овози» яқинидаги одамларни ўлим комига торта бошлайди.

«Денгиз овози» одамларни ҳалок этишининг бир неча сабаби бор. Бизнинг қон айланиш системамиз ўзининг паст частотали тебраниш ҳаракатига эга. «Денгиз овози» тебранишлари бизнинг қон айланиш системамиз тебранишларига қўшилиб, маълум шароитларда юрак уриш амплитудасини кескин ошириб юборади. Оқибатда артерия қон томирлари қонни ўзига сиғдира олмай қолади. Иккинчи сабаб шуки, ҳаво инфратовушни ютмайди ва у пасаймасдан, узоқ масофаларга тарқалиш хусусиятига эга. Кўпинча денгизда шторм кўтарилганда, сувликлардан узоқда яшайдиган кишилар кўпроқ азият чекишади. Бу уларгача етиб келаётган сокин, аммо хавфли инфратовуш оқибатидир. У юракнинг тепиш маромини бузади (ё тез урдиради, ё тўхтатиб қўяди), кучли бош оғриқлари қўзғайди.

Одамларни ёқтирмайдиган «денгиз овози» мана шу.