Барча калтакесаклар қатори буқаламуннинг ҳам турмуш тарзи кам ҳаракатлидир. У ўлжа: ҳашаротлар, турли қўнғизлар, капалак қуртлари, пашшаларни кутганча дарахт шохига чиқиб ўтираверади. Ингичка бармоқли кенг ёзиладиган панжалари унинг дарахтнинг ингичка шохларида ҳам бемалол ҳаракат қилишига имкон беради.
Айрим тур буқаламунларнинг бармоқлари тирноқлари билан бирга ўсган, пировардида зоҳиран омбурга ўхшайдиган ўткир чангали пайдо бўлди.
Узун ёпишқоқ тил буқаламуннинг асосии ов қуролидир. Буқаламун ўлжасини кўрганда, 1,25 секунд ичида ташланиб, ўз қурбонининг қочишига ҳеч қандай имкон қолдирмайди.
Буқаламуннинг кўз тузилиши ҳам қизиқдир. Улар бир-биридан холи равишда ҳаракатланади, аммо ўлжасини кўрганда нигоҳлари бир вақтда, бир нуқтага бирлашади.
Бироқ буқаламуннинг кишини ҳайратга соладиган бетакрорлиги рангини ўзгартира олиш қобилияти билан белгиланади. Махлуқнинг ўзига хос ҳужайралари унинг тусини кескин ўзгартирадики, натижада буқаламун дарахт шохларида, барглар ёки ёрқин ранглар орасида мутлақо билинмай қолади. Мана шу сифати шарофати ўлароқ махлуқнинг номи турдошлик касб этди, у ўз қарашларини тез-тез ўзгартириб турадиган одамларга нисбат бериладиган бўлди.