Британиянинг келт аҳолиси Рим маданиятидан баҳраманд бўлган чоғда Ирландиядаги уларга қондош қабилалар ўзига хос келт анъаналарига содиқ қолдилар. Келтларнинг ўз қироллари бўлиб, улар қалъа деворлари билан ўраб олинган истеҳкомлардан туриб мамлакатни бошқаришарди.
Вақт-вақти билан скоттлар Британиянинг ғарбий соҳиллари бўйлаб чўзилган Рим ҳудудларига қароқчиларча ҳужум қилиб туришарди. Рим заифлаша боргани сайин скоттларга омад кулиб боқарди. Ниҳоят, скоттлар Уэлс ва Шотландияда жойлашиб қола бошладилар. Шотландия номининг ўзи ирландиялик скотт қабилалари номидан келиб чиққан. Қароқчиларча босқинлардан бири пайтида, — балки 410 йиллар атрофидадир, Патрик исмли ёш насроний бритт тутиб олиниб, қул қилиб Ирландияга олиб кетилади. Кейинчалик Патрик қочишга эришди, бироқ 432 йилда у Ирландияга миссионер сифатида қайтиб келди. У ўз сафдошлари билан катта муваффақиятларни қўлга киритди ва тез орада Ирландияда насронийлик қудратли кучга айланди.
Бу пайтда Британияда мажусий англосакслар сиқуви остида насронийлик деярли йўқолиб кетганди. Айни ирландияликлар яна у ерда насронийликни ёя бошлагандилар. Миссионерлардан бири, ирландиялик Колубма 563 йилда Шотландиянинг ғарбий соҳилидаги Аёна оролида монастирга асос солди. Келт насронийлиги тезда тарқалди. Келт монахлари ва уларнинг англиялик янги ёрдамчилари Ғарбий Европа бўйлаб саёҳатга чиқиб, у ерларда монастирлар қурдилар.