Аслида банан дарахт эмас. Унинг ердан ўсиб чиқадиган поясида ёғоч бўлмайди. Поя бир-бирига яқин ва бирининг ичидан иккинчиси ўсиб чиқадиган япроқлардан иборат. Дарахтнинг тепасида жойлашган япроқларнинг ёйилиб кетиши оқибатида банан пальма дарахтига ўхшаб қолади.
Бананнинг пўстлоғи (пўстлоқ ўсимликнинг тагидан юлиб олинади) 30 сантиметрлик чуқурчага кўчат сифатида ўтқазилади. Чуқурчалар бир-биридан 3,3 — 5,5 метр узоқликда жойлашган бўлади. Ҳар бир пўстлоқ битта ёки бир нечта куртак ёки картошканикига ўхшаш «кўзчалар»га эга бўлиши лозим. Орадан 3 — 4 ҳафта ўтгач, улардан янги ниҳол униб чиқади. Фақат энг бақувват ниҳол дарахтга айланади. Ҳар бир ниҳолнинг ўз томир тизими ҳосил бўлади ва ундан янги ўсимликлар ўсиб чиқади.
Банан дарахти ниҳоятда парваришталабдир. Агар ёмғир кам бўлса, унга тез-тез сув қуйиб туриш керак. Унинг атрофидаги тупроқ яхшилаб юмшатилиши лозим. Кўчат ўтқазилгандан сўнг 9 — 10 ой ўтиб, гулга киради. Гул узун пояда ўсади, агар у тананинг қуйи қисмидан униб чиққан бўлса, тепага ўрлайди, мабодо, тепада гуллаган бўлса, пастга эна бошлайди. Гул пастга қараб ўсса, бананчалар унинг поясида тугилади. Бананлар пастга қараб ўсади. Эндигина гул поясида тугилган бананчалар пастга қараган бўлади, бироқ катталашган сари тепага бурила бошлайди.
Бананларни пишмай туриб, яшил ҳолида териб олиш керак. Уларни узиб олган заҳотиёқ ейиш ҳам мумкин, аммо дарахтда пишишига йўл қўйиб бўлмайди. Дарахтда сарғайиб пишган банан ўз мазасини йўқотади.