Ерни қалин атмосфера қатлами ўраб туради. Ер атмосфераси 20 га яқин газлардан таркиб топган. Улардан асосийси кислород ва азот газларидир. Шунингдек, унинг таркибида сув буғлари ва чанг зарралари ҳам бор.
Ҳаво ҳам материянинг бошқа исталган тури каби материядир ва унинг ўзига яраша оғирлиги бор. Вазн предметга таъсир этувчи оғирлик кучи катталигидир. Тарози палласига тош қўйилганда, посангиси 5 килограммни кўрсатса, тошга таъсир кўрсатаётган оғирлик кучи 50 Ньютонга тенг бўлади.
Худди шундай Ернинг тортиш кучи ҳам атмосферадаги ҳар бир газ ва чанг заррасига таъсир этади. Ер атмосферасининг ҳам жуда катта ҳаво океани сифатида ўз вазни бор. Агар уни сиқиб, тарозига қўйиш мумкин бўлганда эди, тахминан 5 171 000 000 000 000 тонна тош босар эди.
Ҳаво бизни ҳамма тарафдан босиб туради. У бизнинг танамизни бир тонна юк билан босади. Танамиз кўникиб кетгани учун ҳам биз буни сезмаймиз. Атмосфера босими денгиз сатҳида энг юқори даражада бўлиб, у 1 кв.см.га 1 кг.ни ташкил этади. Денгиз сатҳи атмосферанинг энг қуйи қатлами бўлгани учун ҳам босим у ерда жуда юқоридир. Жойларнинг баландлиги ошиши билан босим камайиб боради. Шунинг учун ҳам космик скафандрларда, юқори баландликда учадиган самолётларнинг кабиналарида ҳаво босимини инсон танаси кўниккан даражада сақлаб туришга ҳаракат қилинади.
Ўзингизни океан кенгликларида адашиб кетган кемадаман ёки йўл топиш учун ҳеч бир белги бўлмаган саҳрода саргардон юрибман, деб фараз қилинг. Шунда сиз ўзингизни кимдир топиб келиши учун турган жойингизни қандай тушунтирган бўлардингиз? Айнан шу мақсадда кенглик ва узунлик тушунчалари ўйлаб топилган. Улар ёрдамида сизни Ер юзасининг исталган нуқтасидан излаб топиш мумкин.
Кенглик объект турган жойни Шимолий ва Жанубий кенгликларга нисбатан аниқлашга хизмат қилади. Қутблар ўртасидаги масофанинг қоқ ўртасидан экватор деб аталадиган хаёлий чизиқ ўтади. Бу ноль кенгликдир. Биз экватордан Шимолга юрганда, Шимолий кенгликка, жанубга юрганда эса Жанубий кенгликка тушиб қоламиз. Кенгликлар Ер атрофида маълум тенг ораликлар орқали ўтган хаёлий чизиқлардир. Улар бир-бирига ва экваторга параллелдир. Шунинг учун параллеллар деб аталади. Чизиқлар орасидаги масофа километрлар билан эмас, градуслар билан ўлчанади. Агар айланани чизиқлар билан унинг марказидан ўтадиган 360 та тенг қисмга бўлсак, қўшни чизиқлар орасидаги бурчак 1 градусга тенг бўлади. Жойни топишда янада аниқлик бўлиши учун ҳар бир градус 60 минутга, ҳар бир минут эса 60 секундга бўлинади.
Шимолий қутб шимолий кенгликнинг 90-градусида, Жанубий қутб эса жанубий кенгликнинг 90-градусида жойлашган.
Бироқ бирор жойни аниқ топиб олиш учун ўша жойнинг шимол ва жанубга нисбатан ҳолатини билишгина етарли эмас. Бунинг учун ўша жойнинг ғарб ва шарққа нисбатан ҳолатини ҳам билиш керак бўлади. Узунлик чизиқлари айнан шу мақсадга хизмат қилади. Шарқий ёки Ғарбий қутб бўлмагани учун уларнинг ҳисоб бошланадиган нуқтаси ҳам йўқ. Анча вақт бурун ноль узунлик чизиғи Буюк Британия пойтахти Лондоннинг шарқий чеккасида жойлашган Гринвич лабораторияси орқали ўтишига келишилган эди. Узунлик чизиқлари меридианлар деб аталади. Уларнинг барчаси экваторга нисбатан перпендикуляр ҳолатда бўлиб, бир-бири билан икки нуқтада: Шимолий ва Жанубий қутбларда кесишади. Ноль меридиан чизиғининг шарқ томонида шарқий кенглик минтақаси, ғарб томонида эса ғарбий кенглик минтақаси жойлашган.