Археология — бизни Ер юзида ўтмишда яшаб ўтган кишилар ҳаёти билан таништирувчи фан. Унинг яна бир номи — қадимшуносликдир. Бу фан сайёрамизда қадимда яшаб ўтган икки оёқлилардан қолган барча нарсаларни ўрганиш билан шуғулланади.
Археологиянинг иши икки таркибий қисмга бўлинади. Уларнинг ҳар қайсиси билан шуғулланиш учун махсус тайёргарлик талаб этилади. Биринчи қисм — қадимги манзилгоҳлар ўрнида қазиш ишлари олиб бориш. Бу ишни аста-секинлик ва жуда эҳтиёткорлик билан олиб бориш лозим, қазиб олинган, кўпинча мўрт бўладиган нарса-буюмларга зиён етказиб қўймаслик керак. Қазиш ишлари тўғрисида махсус кундаликка қайд этиб борилади.
Иккинчи босқич — топилган буюмларни қунт билан ўрганиб, уларни батафсил тасвирлаб боришдан иборат. Бу ахборот тарих билан қизиқувчи барча кишилар учун тушунарли бўлиши даркор. Шундан сўнг бу иш тугайди, археолог эса ўз хулосаларини чиқаради.
Бу хулосалар ҳеч маҳал тўла бўлмайди, чунки улар сақланиб қолган буюмларни тадқиқ қилишгагина асосланади. Кўпинча булар қачонлардир кишиларнинг кундалик ҳаётида ишлатилган буюмлардан иборат бўлади. Топилмаларнинг кўп қисми қадимги турар-жойлар вайроналаридан, асбоб-ускуналар, безаклар ва қимматбаҳо буюмлардан, ошхонада ишлатиладиган асбоблар, болалар ўйинчоқларидан иборат бўлади. Археологлар кўпинча ҳайвонларнинг суяк қолдиқларини ҳам топадиларки, бу ҳайвонларнинг гўштларини кишилар истеъмол қилганлар.
Бироқ археологлар чарм, газлама, жун, ёғоч ёки похолдан тайёрланган умри қисқа буюмларни камдан-кам топадилар. Шу сабабли сақланиб қолган қадимий санъат асарларини ҳам топишнинг имкони бўлмайди. Фақат металлдан, тошдан ёки сополдан ясалган буюмларнигина учратиб қолиш мумкин.
Одамларда инсоният тарихига қизиқиш вужудга келган вақтда археология фани юзага келган. Юнон тарихчиси Геродот эрамиздан аввалги 4 асрда қадимий обидаларга қизиқиб, Мисрга келади. Бироқ қадимги юнон цивилизацияси таназзулга юз тутгач, гўё тарихга қизиқиш ҳам сўнгандек бўлиб қолди.
Бу қизиқиш 16 асрга келиб қайта жонланди. Бу пайтда Италия ва Грецияга келган ўрта асрлар олимлари антик маданиятнинг сақланиб қолган қолдиқларига эътибор бера бошладилар. Италияда яшовчилар қадимги тангаларни, кўзаларни ва бошқа буюмларни топиш ниятида харобаларни қазий бошладилар. Тез орада «ўтмишни қазиш» билан кўпчилик шуғуллана бошлади ва шу тариқа археология фанига асос солинди.