Александр Граника ёнида зафар қучгач, Кичик Осиёнинг ғарбига қараб юришни давом эттирди ҳамда Милет сингари шаҳарлар қаршилигини синдириб, уларни эгаллайди. У Исс (Суриянинг шимолида) устига юришдан илгари Онадўлида қишлайди. Шу ерда у форсларнинг катта армиясини тор-мор келтиради. Тир шаҳрини кўп ой қамал қилгач, Александр уни эгаллайди ҳамда жанубга, Миср томон юришни давом эттиради.
Мисрликлар аввалги шафқатсиз форс ҳукмдорларидан халос бўлишни орзу қилган ҳолда, Александрнинг қадамини муборакбод этадилар. Сўнг у Шимол ва Шарққа юриш қилиб, Шимолий Месопотамияда Гавгамела ёнида ўзининг энг йирик ғалабасини қўлга киритади. Дарёвуш Бақтрияга қочиб боради ва у ерда маҳаллий аслзодалар томонидан ўлдирилади.
Форс ва Миср энди Александр қўл остида эди. Шундай бўлсада, унда жанг қилиш истаги кучли эди. Бироқ қўшинлар Шимолий Эроннинг энг олис вилоятларига етгач, ҳаддан ташқари ҳолдан тойганди. Оқибатда Шимолий Ҳиндистонда қўшинлар олға юришни давом эттиришдан бош тортади.
Форс империясининг ҳукмдори бўлиб қолган Александр энди юнонлар, форслар ва македонияликларни бирлаштириш ҳаракатига тушади. У Бақтрия амалдорининг қизи Роксана (Равшанак)ка уйланади, аскарларнинг ҳам форс аёлларига уйланишига кўндиришга ҳаракат қилади. Вақти келиб у форсий либос кийиб, ўзини Шарқ ҳукмдорларидек тута бошлайди. Буни эса юнон ва македониялик жангчилар маъқуллашмайди.
Александр Арабистонга юриш бошлашни кўнглига тугиб қўяди-ю, бироқ эрамиздан аввалги 323-йилда Бобилда вафот этади. Вафотидан сўнг туғилган ўғлини эса шуҳратпараст саркардалари нобуд қилишади. Унинг собиқ лашкарбошилари, ораларидан биронтасига ҳаддан ташқари кўп ҳокимият тегиб қолишдан қўрқиб, Александр империясини ўзаро тақсимлаб оладилар. Бу одамларни диадохалар (айнан — ворислар) дейишарди. Улар ҳокимият талашиб, бир-бири билан кураш олиб борганликлари учун Юнонистон ва Яқин Шарқда уруш олови узоқ йиллар тинмади.