Рўйхатга миноралар қўшилмади, фақат осмонўпар бинолар — уйлар киритилди (Шу сабабли, масалан, Москва ва Торонтодаги юксак телеминоралар ушбу рўйхатда йўқ). Гарчи номларида «минора» (Tower) сўзи ишлатилган бир қатор бинолар ҳам бор бўлсада, улар аслида турар-жой ва офис биноларидир. Шунчаки, жуда ҳам баланд ва кўп қаватли бўлганлиги туфайли «минора» сўзи ҳам номларига қўшилган.
АҚШ баланд бинолар кўплиги бўйича ҳамон етакчиликни қўлдан бермаяпти — дунёдаги энг баланд 100 та бинодан 40 таси Қўшма Штатларда жойлашган. Осмонўпар бинолари кўп шаҳарлар ичида ҳам етакчилар АҚШдан —Нью-Йоркда – 12 та ва Чикагода – 10 та. АҚШдан рўйхатга, шунингдек, Атланта (3 та), Хюстон (3 та), Филаделфия (2 та), Лос-Анжелес (2 та), Даллас (2 та), Сан-Франциско, Кливленд, Сиэтл, Питтсбург, Шарлотта ва Индианаполис (1 тадан) шаҳарлари ҳам кирган.
Баланд бинолари кўплиги бўйича иккинчи ўринни Хитой эгаллаган. Албатта, яқинда қўшиб олинган Гонконг Хитойнинг бундай ўринга кўтарилишига асосий сабабчи бўлди. Юзликка кирган 22 та энг баланд Хитой биноларининг 9 таси Гонконгда, 4 таси Шанхайда қад кўтарган. Пойтахт Пекинда ушбу шаҳарлар бинолари билан «беллашадиган» иморатлар топилмади. Дарвоқе, Вашингтонда ҳам, негаки, бу ерда Капитолий биносидан баланд иморат қуриш қонун йўли билан тақиқланган.
Экспертлар ер юзидаги энг баланд бино деб Taipei 101 ни тан олишди. Тайван маъмурий марказидаги бу бино 101 қаватли бўлиб, 509 метр баландликка эга. Қаватлар ҳисоби бўйича эса рўйхатдаги 4-бино — Чикагодаги 1974 йили қурилган 442 метрли Sears Tower 1-ўринни банд этади – 110 қават.
1931 йили фойдаланишга топширилган, ўша йиллари жаҳоннинг энг юксак биноси бўлган Нью-Йоркдаги Empire State Building (102 қават, 381 метр, 9-ўрин) энг «кекса» осмонўпар иморат ҳисобланади.
Рўйхатдан 18 та давлатда қад кўтарган 100 та энг баланд бино ўрин олган бўлса, шундан АҚШдан 40 та, Хитойдан – 22 та, Малайзия, Сингапур, Япония ва Бирлашган Араб Амирликларидан – 4 тадан, Тайван, Жанубий Корея ва Канададан – 3 тадан, Германия, Австралия, Таиланд ва Саудия Арабистонидан – 2 тадан. Россия, Шимолий Корея, Индонезия, Филиппин ва Исроил – 1 тадан осмонўпари билан рўйхатга кирган.
Қитъалар бўйича олганда, юзликнинг 52 таси – Осиё, 43 таси Америка, 3 таси – Европа ва 2 таси Австралияда жойлашган.
Муҳаммад Бобур
Жаҳоннинг энг осмонўпар бинолари рўйхати:
№ | Бино | Шаҳар, давлат | Қурилган | Қават | Баланд, м |
1 | Taipei 101 | Тайбей, Тайван | 2004 | 101 | 509 |
2 | Petronas Tower 1 | Куала-Лумпур, Малайзия | 1998 | 88 | 452 |
3 | Petronas Tower 2 | Куала-Лумпур, Малайзия | 1998 | 88 | 452 |
4 | Sears Tower | Чикаго, АҚШ | 1974 | 110 | 442 |
5 | Jin Mao Building | Шанхай, Хитой | 1999 | 88 | 421 |
6 | Two International Finance Centre | Гонконг, Хитой | 2003 | 88 | 415 |
7 | CITIC Plaza | Гуанчжоу, Хитой | 1996 | 80 | 391 |
8 | Shun Hing Square | Шенчжен, Хитой | 1996 | 69 | 384 |
9 | Empire State Building | Нью-Йорк, АҚШ | 1931 | 102 | 381 |
10 | Central Plaza | Гонконг, Хитой | 1992 | 78 | 374 |