Испан, инглиз ва французлар Америкага кела бошлаганларида бу қитъада илгари ҳеч кўрмаган ўсимлик, ҳайвон ва жойларни учратдилар. Янги келганлар Американинг туб жой қабилалари тилларидаги жой номларининг аксариятини қабул қилдилар. Ушбу сўзларнинг кўпчилиги испан, инглиз ва бошқа жаҳон тиллари луғатларига киритилган ва шу боис ҳамма ҳам уларнинг келиб чиқишини билавермайди. Бу битикда бир нечта АҚШ топонимлари ҳақида қисқа маълумот жойладик.
Коннектикут (Connecticut) – Моҳеган қабиласи тилида “узун дарё” маъносини англатувчи “quinnitukqut” сўзидан олинган.
Гавайи (Hawaii) – маҳаллий “hawai’i” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “худолар жойи” деганидир.
Канзас (Kansas) – Канза қабиласини билдирувчи “kansa”дан олинган. Бу ном “жануб” деган маънони англатади ва “Жануб шамоли одамлари” қабиласининг тўлиқ номининг қисқартирилган шаклидир.
Кентукки (Kentucky) – “kentake” сўзидан олинган, “ўтлоқ” ёки “дала” мазмунидадир.
Массачусетс (Massachusetts) – вампаноаг ҳиндуларининг “massachuset” сўзидан келиб чиққан, “қир-адирлар ёнида” деган маънони англатади.
Мичиган (Michigan) – Потаватоми ва Ожибва қабилалари тилларидаги “mshigem” ёки “misigami” сўзларидан келиб чиққан, “буюк кўл” мазмунидадир.
Оклахома (Oklahoma) – чосто тилидаги “okla homma” сўзидан, “қизил (юзли) одамлар” деган маънони англатган.
Шимолий Дакота ва Жанубий Дакота (Dakota) бу ҳудуддаги энг қадимги Дакота қабиласи шарафига номланган, у “дўстлар” ёки “иттифоқдошлар” деган маънони англатади.
Бундай топонимлар жуда кўп. Таҳлиллар Америкадаги тубжой аҳолининг “эски дунё”дан борган халқлар тили, тарихи ва маданиятини шакллантириш ва бойитишга қўшган улкан ҳиссасини кўрсатади.
Ўзбек тилига ҳам Европаликлар Америка қабилалари тилидан олиб келган талай сўзлар “ташриф буюрган”. Масалан, какао, шоколад, каноэ, томат, кондор, игуана, койот, пума, ягуар ва ҳоказо. Жумладан, шоколад “xococ” (аччиқ) ва “atl” (сув) сўзларидан келиб чиққан. Қадимда ацтеклар бу иккисини қўшиб махсус ичимлик тайёрлашган.
Дилрабо Бахронова