Викинглар қаёқларга сузишган?

Швед викинглари кўпроқ ўз ватанларидан жанубга томон сузишган. Дастлаб улар Болтиқ денгизида тери, қуллар, ёғоч, ҳамда асал билан савдо-сотиқ қилишган. Кейинчалик эса катта дарёлар орқали тобора юқорига сузиб боришган.

Кўплаб викинглар Новгород ёки Псков каби шаҳарларда ўтроқ бўлиб қолиб кетганлар. У ерларда викингларни «рус» деб аташарди. Айнан ана шу викинглар бутун бошли Русия давлатига, кейинчалик эса Россияга ном бердилар. Улар ўз кемаларини жанубга оқувчи дарёларга махсус усулларда кўтариб келиб туширишар ва бу дарёлар орқали Қора денгизга ва Каспий денгизига чиқиб ўз йўлларида гоҳ савдо қилиб, гоҳ босқинчилик қилиб юришарди.

Аммо уларга бошқа ҳунарлар ҳам насиб қилган эди. Уларнинг жанговар маҳорати тўғрисидаги шов-шувлар Византия империясига ҳам, ислом дунёсига ҳам яхши маълум бўлганидан мазкур мамлакатлар уларни ҳарбий соҳаларга ёллар эдилар. Константинополда императорни фақат викинглардан таркиб топган варяглар гвардияси қўриқлар эди. Талончилик бўладими, савдо-сотиқ ишларими ёки урушми, бундан қатъи назар викинглар ўз имкониятларини ҳеч қачон бой бермасдилар.

1066 йилда Англиянинг забт этилиши викингларнинг Европадаги энг сўнгги улуғ зафари эди. Герцог Вилгелм раҳнамолигидаги Шимолий Францияда (Нормандияда) ўтроқ бўлиб қолган нормандияли викинглар лашкари Англияга босиб кирди ва уни забт қилди. Нормандларнинг тили, урф-одатлари, давлатни бошқаришдаги тасаввурлари тез орада маҳаллий анъаналар билан киришиб, Англиянинг ўрта асрлар цивилизациясига асос яратди.