Инсон дунёга келиб тилга кирганидан бери қуйидаги бир сўзни такрорлайди — «Меники!» Ажаб, нима учун айнан шундай?! Бу сўзда қандай куч, қандай мўъжиза зоҳирки, киши ундан воз кеча олмаса…
Аслида, «Меники!» деб айтишга арзийдиган бирор нарсаси бор одам бахтли. Демак, ниманингдир соҳиби. Эгаси.
Таниқли авар шоири Расул Ҳамзатов отаси ҳақида ёзган қуйидаги лавҳа балки бизни мушоҳадага ундаётган саволга жавоб бўлар: «1947 йили Махачқалъа театрида Ҳамзат Садаса 70 ёшга тўлиши муносабати билан катта тантанали кеча ўтказилди. Кўплаб табрик нутқлари сўзланди, шеърлар ўқилди, совғалар тақдим этилди. Ниҳоят, таваллуд тўйини нишонлаётган шоирга сўз навбати берилди. Ҳамзат хотиржам минбарга яқинлашди, хотиржам кўкрак чўнтагидан бир кун олдин тайёрлаб қўйилган нутқ матнини олди, хотиржам кўзойнагини олиш учун иккинчи чўнтагига қўл солди… Хотиржам турган одам бирдан безовталанди, шошиб-пишиб бошқа чўнтакларини ковлай бошлади. Ҳамма билдики, Ҳамзат кўзойнагини уйда унутиб қолдирган. Дарҳол кўзойнакни олиб келиш учун уйга одам жўнатилди. Лекин Ҳамзат минбарда нима қилишини билмай қараб турарди. Вазиятдан чиқиш учун дўсти Абутолиб унга ўзининг бирмунча мос тушадиган кўзойнагини узатди. Ҳамзат унинг кўзойнагини тақиб, матнни ўқий бошлади. У шеър ўқирди, аммо овозида, туришида қатъиятсизлик яққол сезилар, гўё у ўзининг шеърини эмас, бировникини ўқиётгандай, гўё биринчи бор шеърни кўриб тургандай ҳаяжонланарди. Иккинчи шеърини ўқишга чоғланаётган пайтида кўзойнакка кетган бола залга кириб келди. Ҳамзат дарҳол Абутолибнинг кўзойнагини ечиб, ўзиникини тақди. Бирдан унинг қомати ростланди, овози дадил жаранглади. Залдагилар шоирни эндигина минбарга чиққандай, гулдурос қарсаклар билан олқишлашди. Гўё бунгача минбарда Ҳамзат Садаса эмас, унга ўхшаш одам турганди.
— Кўзойнагим тўйимни бузишига сал қолди, — деди жилмайиб Ҳамзат.
— Менинг кўзойнагим сенга ёқмадими? — дея гапини бўлди Абутолиб.
— Сенинг кўзойнагинг ҳам яхши экан, лекин у сеники-да. Ҳар бир одамнинг ўз кўзи бор, демак кўзойнаги ҳам ўзиники бўлиши керак».
Ҳа, ҳатто кўзойнак-да ўзингники бўлгани маъқул. Чунки ўзингники бўлганинигина «Меники!» деб айтоласан. Ҳар кимнинг ўз боши, ўз фикри, ўз дунёси, ўз уйи бўлсин экан. Ва ғурур билан «Меники!» деб айта оладиган Ватани. Ватанки, чин қалбингдан суйганинг, ташвиши-ла куйганинг, ҳамиша меҳрини — оҳанрабосини туйганинг, ҳар ҳарфини юракка ўйганинг, киндик қонинг томган ва бир куни ўша қонинг томган азиз тупроғига бош қўядиганинг. Ватанки, боболаринг, момоларинг-да «Меники!» деб айтган замин. Ватанки, ҳар фарзанди унда униб ва ўзига қайтган замин! Ватанки, ҳар заррасини, бўлагини, парчасини ўзингники билганинг: тупроғию байроғини, куйини, кечаси, бугунию эртасини, хирмонию армонини, асрлардан ошиб келаётган карвонини ҳам ва инчунин, сарбонини ҳам. Устоз Абдулла Орипов айтганидек, меники, сайлаган Президентим ҳам!
Бу шундай суйишга арзирли карвон, жон бағишлашга арзийдиган халқки, тамаддунлар бешигини тебратган, дунёларни уйғотган халқ. Беруний, Сино, Форобий, Фарғоний, Бухорий, Термизий, Насафий, Шошийларни туққан халқ! Арастуни, Эсхилни, Мааррийни, Конфутсийни, Фирдавсийни уққан халқ!
Бу шундай иззатга арзирли сарбонки, миллатга елкадош, сирдош, йўлдош. Зеро, Президентимизнинг ўз олдига қўйган улкан вазифасини холисанилло англаш учун биргина «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» китобида келтирилган ушбу сўзларга қулоқ тутмоқ кифоя: «…Қайси бир китобда ўқиган эдим. Эмишки, Амир Темур ярим жаҳонни забт этиб, олис ўрмон қабилаларига бориб етибди, хуллас, уларни ҳам ўзига бўйсундирибди. Қайсар ва жангари, озод ва самимий бу қабила бошлиғи чорасизлик туфайли Темурга қуролларини топширар экан, қуйидаги гапларни айтибди: «Eй, Амир! Сен бизни қурол кучи билан енга олдинг. Бироқ сенга айтадиган шартларимиз бор. Агар сен қассоб бўлсанг, бизни сўйиб ташла, агар сен савдогар бўлсанг, сотиб юбор, агар подшо бўлиб келган бўлсанг — бизга бахт ато эт!» Бу ривоятнинг синфий, тарихий йўналиши айни чоғда бизни қизиқтираётгани йўқ. Бу ҳикоятда ажойиб бир ҳикмат барқ уриб турибди. Яъни, элга пешвоман, деб ўртага чиқдингми, унинг ишончини қозондингми — бу ишончни энди асл виждон билан, покиза фаолият билан оқламоқ керак бўлади. Бу талабни эскичасига айтсами, янгичасигами — барибир, моҳияти бир хил бўлиб қолаверади. Яъни, халқ вакили халқнинг посбони, халқ раҳбари бўлиб, халқнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлғувчи сирдошига айланиши шарт».
Юртбошимизнинг ўз олдига қўйган ана шу буюк мақсаднинг рўёбини бугунги кунда турмушимизнинг барча жабҳаларида эришилаётган улкан ютуқларда яққол кўриш мумкин. Шуларнинг барчасини — буюк зафарларни-да, ўша улкан ғалабаларнинг қўлга киритилишига ҳисса қўшаётган юртнинг асл фарзандларини-да, камтарин ота халқни-да, муборак она Ватанни-да қаддингни ғоз тутиб, «Меники!» деб айта олишнинг ўзи эса шараф, беқиёс бахт. Аммо…
Шу ўринда ажойиб бир ривоят эсга тушди. Хуллас, қадим замонларда бир кишини шаҳарнинг қозиси этиб тайинлабдилар. Бир куни унинг олдига икки киши кириб келибди. Улар ўртасида ер хусусида низо келиб чиққан экан.
— Жаноб, — дебди улардан бири, — мен ҳақиқат излаб келдим! Бу ер менинг ерим, у менга отамдан қолган. Аждодларим бу ерга ўз қонлари ва пешона терларини тўкканлар. Мен бу ерда бир неча йил бўлмадим. Бу киши эса ўзбошимчалик билан менинг еримни эгаллаб, худди ўзиникидек унга хўжайинлик қиляпти.
Қози иккинчи кишининг арзига қулоқ тутибди.
— Нима ҳам дердим, — дебди иккинчи арзгўй. — Мазкур ер унга ёки отасига кўп йиллар илгари тегишли бўлган бўлиши мумкин. Лекин мен бу ташландиқ, тикан босиб ётган далани тозаладим, дарахт экдим. Унга жуда катта куч ва меҳнатимни сарфладим. Шу боис, у энди меники.
Қози узоқ ўйлаб, «Мураккаб масала, ўзим бориб, ўша ерни кўришим шарт», — дебди. Сўнг низога сабаб бўлган ерга борибдилар. Етиб келгач, қози энгашиб, қулоғини ерга қўйибди.
— Нима қиляпсиз? — дея сўрашибди арзгўйлар.
— Мен ернинг нима дейишини эшитишни истайман, — дебди қози.
— Ер нима деяпти?
Қози бошини кўтариб, жилмайибди:
— Ер айтяпти: «Иккаласи ҳам меники…»
Ривоятдан келиб чиқадиган катта маънолар кўп. Агар унинг тагмаъносини жаҳон аҳли — барча-барча англаганда эди, бугун дунёда рўй бераётган барча катта-кичик низолар, хунрезликлар, биродаркушликлар барҳам топган бўларди.
Биз ҳаммасини «Меники!» деймиз: ерни-да, осмонни-да, халқни-да, Ватанни-да. Аммо ҳақли савол туғилади: улар-чи?! Ана шу еру осмон, хокисор халқу муқаддаc Ватан бизни ҳам «Меники!» дея оладими?! Дейди! Ҳа, баралла айтади: «Менинг фарзандим!» деб. Қачонки, биз шунга арзисак. Албатта, «Меники!» деганларинг сени-да «Меники!» дейиши учун бундай улуғ шарафга арзиш керак. Муносиб бўлиш лозим.
Буюк орзу ва муддао шуки, аждодларимиз руҳи, ота-онамиз, халқимиз ва минг асрлар довонидан ошган, аммо навқирон Ватанимиз — соҳиби Истиқлол — Ўзбекистон биз авлодларни ҳеч тортинмай, ҳеч оғринмай, иккиланмай, аксинча, меҳр ва ифтихор билан «Меники!» десин!
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).