Юртимиздаги исталган шаҳар ёки тумандаги матбуот дўконига эътибор қилсангиз, пештахтанинг кўзга кўринарли, марказий жойларига ранг-баранг кўнгилочар газеталар, ихчам нашрлар териб қўйилган. Ижтимоий-сиёсий йўналишдаги жиддий газеталар дўконнинг ўнг ёки чап томонига осилган, баъзилари сотувчи осонгина топиши мумкин бўлган жойда турибди. Сабабини сўрасангиз — харидорлар асосан кўнгилочар газеталарга кўзи тушиб танлашади, жиддий нашрларни ким сўраса тезда топиб берамиз, деб изоҳлашади.
Бу борада сотувчига эътироз билдириш балки тўғри бўлмас. Ахир ҳар ким кундалик фаолиятида ўзи учун қулай ва синалган усулни танлайди.
Кўнгилочар нашрларга келсак, улар, аввало, мустақиллик шарофати билан вужудга келган имконият, муҳит туфайли пайдо бўлди. Ўзбекистондаги демократик қонунлар талабларига жавоб берган ижодиёт уйлари, масъулияти чекланган жамиятлар, юридик ва жисмоний шахслар муассислигида кетма-кет қизиқарли даврий нашрлар ўз мухлисларини излаб топди. Бундай оммавий ахборот воситаларининг кўпайиши матбуот бозорида муайян ижодий рақобат муҳитини жонлантиради. Кимдир газета номи орқали, биринчи бетдаги фавқулодда анонслар воситасида, яна бошқа ижодий жамоа ўзгача шакл-шамойиллар билан газетхон эътиборини жалб қилишнинг йўлларини излашди.
Айтайлик, “Шифо-инфо” — “Тиббий-маърифий, ҳаммабоп газета” ёки “Ҳеч қачон эскирмайдиган газета” деган таърифни ўзига нисбат берса, “Сўғдиёна” — “Мунис аёллар газетаси!”, “Eрудит СПОРТ” — “Асл ишқибозлар газетаси”, “Кўнгил кўчалари” — “Ўқисангиз, шу газетани ўқинг!” (Бу иборада бошқа газетани ўқиманг” деган маъно чиқмасмикан?!), “Бекажон” — “Оилавий газета”, “Заковат” — “Оқиллик — одамнинг олтин тожи” “Ҳордиқ плюс” — “Дам олиш газетаси”, “Аёл қалби” — “Сиз борсизки, олам мунаввар”, “Ташхис” — “Соғлом ҳаётга интилиб яшаймиз!”, “7х7” — “Ижтимоий оммабоп газета”, “5х5” — “Жумбоқдан топар камол, ҳар каллада зўр хаёл!”, “Ором” — “Кўнглингизни хушлаш-чун мудом, Ҳар пайшанба ҳамроҳдир Ором”, “Пирамида” — “Жумбоқ ақлни қайрар, мухлис дилдан яйрар!” ёки “Интеллектуал сканвордлар газетаси”, “Жозиба” — “Жозибали сканвордлар жилоси” каби таърифу тавсифлар орқали ўзларининг бетакрор ва алоҳида эканликларига урғу беришади.
— Мен ҳар куни газета дўконига чиқиб, жиддий газеталарни ҳам, кўнгилочар нашрларни ҳам сотиб оламан. “Халқ сўзи”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Ҳуррият” газеталарини ўқиб, бугунги ҳаётимиз, дунё воқеалари билан танишаман, — дейди иқтисодчи олим, меҳнат фахрийси Абдулборий Раҳимов. — Кичик нашрлар ичида “Ташхис”ни қолдирмай ўқийман. Мақолалари содда, ихчам, ҳаётий. Ушбу газета ижодкорлари ўқувчи қалбига ўзига хос йўл топишган. Бу тажриба бошқа нашрлар учун ҳам ибратга лойиқ, деб ўйлайман.
Кўнгилочар нашрларнинг мавзу йўналишлари, нима қилиб бўлмасин, дунёнинг турли бурчакларида учраётган шов-шувлар, фавқулодда ҳодисаларни қизиқарли шаклда баён этишга қаратилган. “Бахтсиз ҳодисаларнинг сабабчиси — безовта руҳларми?” (“7х7”), “ўайриихтиёрий онг мўъжизалари” (“Ташхис”), “Кўринмас одам” (“Бекажон”), “Жигаридан айрилган келин” (“Ҳордиқ плюс”), “Соқоли чиқмай қариганлар” (“Аёл қалби”), “Бойишнинг йўли кўп” (“Кўнгил кўчалари”), “Рентген қизалоқнинг ғаройиб қобилиятлари” (“Сўғдиёна”), “Боском водийсининг сири” (“Шифо-инфо”) каби сарлавҳаларнинг ўзи ҳам беихтиёр газетхонни жалб этиши мумкин.
Саккиз саҳифаси нуқул сканворду ихчам латифалардан иборат нашрларда бош муҳаррир лавозимлари ҳам бор (“СкандиWОРД”), “5х5”). Аслида бир неча бўлимлардан иборат газеталар таҳририят тузилмасида “Бош муҳаррир” лавозими бўлгувчи эди. Эндиликда раҳбарий лавозимга етишишни армон қилган касбдошларимиз ҳафтада бир марта чиқадиган жумбоқли нашрни очиб, орзуларини амалга оширишлари мумкин. Шу хилдаги баъзи нашрларда эса камтарона қилиб “Муҳаррир”, “Масъул муҳаррир” каби имзоларни учратамиз.
Идораларнинг хизмат машинасини ҳайдовчи шофёрлар кўп ҳолларда зерикмаслик учун сканворд нашрларни эрмак қилишганига кўзимиз тушади. Қабулхона, қоровулхоналарда ҳам шу машғулотни кўриш мумкин. Демак, шундай нашрлар ўз ўқувчисини топмоқда. Умуман, бу борадаги мухлисларнинг чеки-чегараси йўқ. Яна бир гап. Саволлар баъзан шу қадар содда, жўнки, бунинг нимаси бошқотирма экан деб ўйлайсиз. Хат — нома, пок эмас — нопок, “сим”нинг тескариси — мис, қуёш — офтоб, ҳафтанинг иккинчи куни — сешанба, энг кичик жуфт сон — икки, савдо қатори — раста каби саволлар газетхонни фикрлашга ундамайди-ку!
Илгари ребус, кроссворд, чайнворд, криптограмма каби қизиқарли бошқотирмалар болалар нашрларини безаб келар, уни топишга интилган ўқувчилар қанчадан-қанча китоблардан жавоб излар, шу аснода билим доиралари кенгайиб борарди. Бунчалик жўн сканвордларни ечган газетхон ўзига нима оларкан? Болалар журналларидаги бошқотирмалар мактаб ўқувчиларига мўлжалланган, кўнгилочар газеталардаги сканвордлар барча ёш ва касбдагилар учун-ку, деган эътирозлар бўлиши мумкин. Хўш, катта ёшдагилар шунчалик оми ва соддами?! Айтайлик, бу таърифларда мустақиллик қадри, Ватан туйғуси, юртимиз табиати, географияси каби саволларга урғу берилса маъқул эмасми?!
Кўнгилочар нашрлар саҳна, кино ва ТВ орқали элга танилган актёр ва хонандаларга кенг ўрин беришади. Бир ҳафта мобайнида турли ҳафтаномаларда Клара Жалилова, Тоҳир Саидов, Саида Раметова, Ойпопук Эшонхонова каби санъаткорлар ҳақида бир нечта суҳбат ва интервьюлар берилгани фикримизнинг исботидир. Бирор санъаткорни реклама қилиш керакми — марҳамат, исталган сканворд ўртасида каттагина портрет учун жой очиш мумкин. Баъзан ўша санъаткорнинг жамиятимиздаги мавқеи, ўрни қандай бўлишининг аҳамияти йўқ.
Матбуот бозорида босма нашр ўз мухлисини топиши учун нима талаб қилинади? Табиийки, бошқаларга ўхшамаслик, ўзига хослик. Газетхонни нима қизиқтиради? Бирор меҳнат жамоасидаги ибратли тажрибами? Йўқ, кўп ҳолларда инсон қалбини жунбушга келтирадиган, уни ҳайрон қолдирадиган воқеалар диққатни жалб қилади. Сарлавҳаларга эътибор қилинг: “Босқинчилар”, “Бахт ўғриси”, “Қотил пластиклар”, “Рашк қурбони” ва ҳоказолар. Аксарият газеталарда берилаётган “Мунажжим башоратлари” эса умуман бир-бирига ўхшамайди.
Яқинда ҳамкасбларимиздан бири қуйидаги қиёсни айтганда баъзилар қўшилди, баъзилар шунчаки кулиб қўйишди. Ҳамкасбимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётни кун сайин ёритаётган нашрларни, таъбир жоиз бўлса, галстук тақиб костюм-шим кийган йигитга, кўнгилочар газеталарни эса анвойи безак ва тақинчоқ таққан соҳибжамол келинчакка ўхшатди. Айрим газеталар силлиқ муқовалар ва ранг-баранг суратлар ила безаниб, журналлардан ҳам кўркам қиёфа касб этмоқда. Бундай тинмай изланишлар мазмун-мундарижа бобидаги такомиллашув билан уйғунлашса айни муддао бўларди.
Президентимиз Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табрикларида журналист меҳнатини баланд тоғ чўққисига чиқиш машаққати билан қиёсладилар. Бу айни пайтда ҳамкасбларимиз меҳнатига берилган юксак баҳо ҳамдир. Юртимизда фаолият юритаётган журналистлар, хоҳ кундалик сиёсий-ижтимоий нашрда ишласин, хоҳ кўнгилочар газетада, бу юксак мезонга муносиб бўлишлари керак. Халқимизда матбуот сўзига нисбатан эътиқод юксак. Уни қадрлаш, газетхон қалбига йўл топиш фаолиятимиз мезонига айланиши — давр талабидир.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).