СЎЗ БОШИ
Ҳар миллатнинг ўзиға махсус маданияти, адабиёт ва матбуоти, миллий тарих ва тарожими аҳвол китоблари, шоир ва адиблари бўлади. Бир миллатнинг тараққиёти маданияси қайси даражада эканлигини билмак учун унинг адабиёт ва матбуотини бир даража кўздан кечирмак лозимдур.
Биз Туркистон турклари бурунғи муҳташам ва маданиятимиз сўнғондан кейин сўнгғи асрларда ҳар бир жиҳатдан жуда кетда қолдиқ. Маданият ва маорифимиз хароб, давлат ва ҳукуматимиз барбод бўлди. Ўзимиз Ёврупо жаҳонгирларининг асоратида қолдиқ. Лекин сўнг бўлса ҳам, гуноҳ ва хатоларимиздан хабардор бўла бошладиқ. Бир оз уйғондиқ. Бизда «интибоҳ даври» 1901нчи йилдан бошланди. Биз уйғониш давридамиз. Бизда янги адабиёт эндигина ўсди. Матбуот яқиндағина туғулди. Шоир ва муҳаррирлар бу кунлардагина етиша бошладилар. Тарих ва тарожим ёзиш ишлари эса, ҳануз гулланиш арафасидадур.
Янгигина уйғона бошлағон миллатларнинг «даври интибоҳи» жуда қизиқ бўлғонидек, ул даврнинг каҳрамон йўлбошчилари ҳам ниҳоятда ибратлик можаро (саргузашт)га молик бўладилар. Шунга кўра, бизда ҳам уйғониш даврининг ўзига яраша йўлбошчилари бордур. Биздаги янгилик раҳбарларининг бири ва балки биринчиси, шубҳасиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. Беҳбудий афанди уйғониш даври ва ўзбек адабиёти тарихида биринчи ўрунни олурға лойиқ бир зотдур. Ул йигирма йиллиқ хидмати чоғида турлик ёқдан турлик тўсуқлиқларға йўлуқуб, кўб қийинлиқларни кўрди ва охири ўзининг тутқон мақсад, маслаги йўлида қурбон бўлди.
Беҳбудий афанди 1901нчи йиддан бошлаб қўлиға қалам олиб, халқни оқартуришқа киришган ва умрининг охириғача Туркистоннинг янгилик ва юксалишиға ҳормай-толмай, талашиб-тортишиб хидмат қилғон бирдан-бир муҳаррир ва фидокор йўлбошчимиз эди.
Беҳбудий афандининг шаҳид бўлғониға тўрт йил тўлуб келаётган бўлса ҳам, бу кунгача унинг тўла таржимаи ҳоли ёзилмади. Унинг таржимаи ҳолини ёзмоқ учун кучлик ва тажрибалик қалам керак эди. Лекин эсизким, муқтадир муҳаррирларимиз бу кунгача бу вазифани ўтамадилар. Оқибат, мен ўзим иқтидорсизлиғимға қарамай, бу хидматни бўйнумға олурға жасорат этдим. Устозимиз Беҳбудий афандининг кучим етганча тўлароқ таржимаи ҳолини ёзарға киришдим. Менинг бу ёзғонларим Беҳбудийнинг «мукаммал таржимаи ҳоли» саналмаса ҳам, мундан сўнг мукаммал таржимаи ҳол ёзатурғонлар учун биринчи манба ва ишончлик маълумот бўла олур, деб умид этаман.
Мен Беҳбудийнинг 1903нчи йилдан бошлаб сўнгғи кунлариғача қилғон хидматларини билсам-да, лекин бундан бурунғи ҳолларини билмас эдим. Мазкур тарихдан илгариги аҳволини ўзининг устозлари, қариндошлари ва билиш-танишларидан суруштуруб ёздим. Мунинг учун кўб кишиларга мурожаат этишга ва кўб ҳолларни такрор текшириб, тузатиб ёзишқа тўғри келди. Беҳбудий ҳақида ёзғон нарсаларимни энг охирида Самарканд маорифпарварларининг мажлисида ўқуб, мумкин кадар тасҳиҳ ва такмилига тиришдим.
БЕҲБУДИЙНИНГ ОТА-БОБОЛАРИ ВА ЎЗИНИНГ ВАЛОДАТИ
Маҳмудхўжа бин Беҳбудхўжа бин Солиҳхўжа бин Ни-ёзхўжа, Беҳбудийнинг юқори боболари. Насаб жиҳатидан туркистонлик Хўжа Аҳмад Яссавийга бориб етади (?)
Беҳбудийнинг 2нчи бобоси Ниёзхўжа ўзи модарзод кўр (сўқур) бўлуб, ёшлиғидан Қуръонни ёдлаб қори (ҳофизи Қуръон) бўлди. Бу зот Урганждан бўлуб, тақрибан бир аср илгари Самарқандға келиб, шунда ўрунлашиб қолди. Шунинг учун бу киши Самарқандда халқ орасида Қори Ниёзхўжа Урганжий исми билан шуҳрат чиқарди. Бу кишининг Самарқандға қайси равишда келганлиги тўғрисида бу кунги болалари орасида ушбу йўсунда ривоят бор:
12нчи асри ҳижрий ўрталарида Туркистон ўлкасидаги амир ва хонларнинг ўзаро қилишғон урушлари натижасила Самарқанд шаҳри хароб бўлуб, халқи ҳар томонға тарқалишиб кетган. Амир Шоҳмурод Самарқандни қайтадан обод этарга киришган. Самарқанд музофотидан ва Туркистоннинг баъзи шаҳарларидан анча одамларни ва бир неча муллоларни (оилалари билан) келтуруб шаҳарда ўрунлаштурғон. Булардан шаҳарда айрим гузар (маҳалла)лар ташкил этдурган. Шул чоғларда Урганжнинг машҳур қориларидан саналғон Ниёзхўжани Самарқандға келтуруб янгидан қорилар етиштуриш ҳаракатида бўлғон.
Ниёзхўжадан Солиҳхўжа отли бир ўғул қолди. Бу киши ҳам қори бўлуб, улуми арабия ва диниядан хабардор эди. Ўзи қорилиқ ва имоматчилик билан тирикчилик этиб, руслар Самарқандни олмасдан бурун ўлди. Бу зотдан Беҳбудхўжа отли бир ўғул, Ҳуринисо ва Нажиманисо исмларида икки қиз қолди. Солиҳхўжа ўзининг тириклик чоғида ўғли билан қизи Ҳуринисони ўзи ўқутди. Хат ва савод чиқаргонларидан сўнг аларға Қуръон ёдлатиб қори қилдурди. Ҳатто қизи Ҳуринисоға бир миқдор арабий ва диний илмлар ўргатди, Қуръони каримни бутун ёдлағондан кейин Ҳуринисоға «қорибегим» лақаби берилиб, ўзининг қариндошлари ичида ҳам халқ орасида шул лақаб билан шуҳрат чиқарди. Отаси ўлгандан сўнг Ҳуринисо унинг бир неча шогирдларини Қуръонни тамом ёдлағонлариғача ўқутуб юрди. Унинг учун ўшал замондағи амир ҳукумати томонидан ўн йидда 96 пуд ғалла вазифа берилиб турди. Беҳбудхўжа ҳам ушбу синглиси ҳузурида қорилиқни такмил этди. Бу хотун 1921нчи йидда 98 ёшида вафот этди.
1868нчи йидда рус аскарлари Самарқандға киргач, Беҳбудхўжа ўзининг оиласини олиб Самарқанд уезининг Сияҳи об бўлусидаги Бахшитепа қишлоғиға кўчуб чиқци ва шунда етти йил чамаси имом ва хатиб бўлди. Маҳмудхўжа шул қишлоқда 1291нчи ҳижрий йилида Юнчи зулҳижжа ойида оқшом (1874 йил мартда) дунёға кедди.
Беҳбудхўжа 1875нчи йидда яна шаҳарға кўчуб кириб Фоний маҳалласида тура бошлади. Бу зот умрининг охириғача қорилиқ ва шаҳарнинг баъзи масжиди жомеъларида имоматчилик ва хатиблик қилиб турди.
Беҳбудхўжанинг асл оти Султонхўжа бўлуб, «Беҳбудхўжа» унинг лақаби эди. Бора-бора исмға айланиб, асл оти унутилуб кетди. Беҳбудхўжа ўзининг тирик чоғида беш хотун олди. Унинг иккинчи хотуни муфти мулла Одил Мансур ўғлининг синглиси бўлуб, шундан Маҳмудхўжа дунёға кедди.
БЕҲБУДИЙНИНГ ИБТИДОИЙ ТАҲСИЛИ, ҚОРИЛИҚ ВА ДАРСХОНЛИҚ ЧОҚЛАРИ
Беҳбудий афанди 6-7 ёшға киргач, ўзининг катта тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида ўқуб хат ва савод чиқарди. Сўнгра ўзининг отаси Беҳбудхўжа қори қилдурмоқ мақсади билан унга оз-оз Қуръон ўргатиб ёдлата бошлади. 3-4 йил ичида Беҳбудий афанди Қуръонни бутун ёдлади ва рамазон кечаларида хатмларға ўтуб юрди. Беҳбудий афанди уч кечалик бир хатмда ёлғуз биргина хато қилғон, дерлар. Бу эса унинг қувваи ҳофизаси на даражада эканлигини кўрсатади.
Беҳбудий афанди ёлғуз қорилиқ билан қаноатланмай, 15 ёшларида ўзининг тоғаси муфти мулла Одил ҳузурида дарс ўқурға киришди. Арабий сарф, наҳвдан «Кофия» ва «Шарҳи мулло»ни, мантиқдан «Шамсия»ни, фиқҳдан «Мухтасар ул-виқоя»нинг биринчи дафтарини ва бир оз «Ҳошия»ни мазкур зотнинг ҳалқаи тадрисида ўқуди. Ҳисоб илмини ҳам (масоҳатғача) шул кишидан ўрганди.
Ўшал чоғда Беҳбудийнинг дарс шериклари мулла Салим мулла Назир ўғли, мулла Аҳмад қори Ёрмуҳаммад ўғли[1], мирзо Зайниддин Назриддин ўғли ва бошқалар эди.
Беҳбудий афанди дарс жамоасининг қориси эди. Тоғаси ҳам устози муфти мулла Одилнинг сўзига кўра, Беҳбудий афанди ёшлиқ чоғида ўткур зеҳнлик ва ўқушға жуда ҳаваслик бўлғон. Устозининг бир қатла ўргатиши билан сабоқини ўргана экан. Ўзи ғоят ҳалим, адаблик, оз сўзлик ва ўйун-кулгуни севмайтурғон бўлғон.
Беҳбудхўжа Маҳмудхўжани уйлантуруб орадан кўб вақт ўтмай ўзи 1311нчи йил 19нчи зулҳижжа ойида 54 ёшида ўлди (қабри хўжа Абди Дарун қабристонидадур)[2].
БЕҲБУДИЙНИНГ МИРЗОЛИҚ ҲАМ МУФТИЛИК ДАВРИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий отаси ўлгандан кейин ўқушни тарк этиб бирон касб-кор қилишға ва ўз маишатини ўзи таъмин этишга мажбур бўлди. Самарқанд музофоти Чашмаи об бўлусида янгигина қози бўлғон тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг қошида мирзолиқ хидматиға кириб ишлади. Бунда қилғон икки йиллиқ хидмати чоғида ул қозихона ишлари билан ошно бўлди. Масоили фиқҳия, мерос тақсими ва бошқа муфтиликка тегишлик нарсалардан хабардор бўлди. Икки йилдан сўнг тоғаси Муҳаммад Сиддиқ қозилиқдан бекор бўлғонда, Беҳбудий афанди Кобуд бўлусининг қозиси мулла Забирнинг қозихонасиға мирзолиққа кириб, бир-икки ой ўтмай, муфтиликка ўтди. 1916нчи йилгача шул ерда фатво ишлари билан машғул бўлди.
Ўзи оиласи билан шаҳарда турса ҳам, ҳафтада бир неча қун мазкур бўлус қозихонасиға бориб кела эди. Шул чоғларда даладан бир неча таноб ер олиб деҳқончилиқ қилиб юрди.
ҲАЖ САФАРИ ВА ФИКРИНИНГ ОЧИЛИШИ
Беҳбудий афанди 3-4 ёшдағи биринчи (тўнғич) ўғли ўлгани учун жуда хафаланиб, бир ёқдан, қайғусини таскин этмак, иккинчи ёқдан, адои ҳаж қилмоқ мақсади билан 1317(1899)нчи йилда ўзининг дўсти бухоролик ҳожи Бақо билан сафарға чиқци. Бориш-келишда йўлда Истанбул, Миср каби катта шаҳарларға кириб, ундаги баъзи эски-янги мактабларни, айнуқса, Мисрдағи «Жомеъ ул-Азҳар»ни зиёрат этди. Қайтишда Миср ва Истанбулдан турлик газета ва янги китоблар олиб келди. Бу муборак сафар Беҳбудийға анчагина ибрат ва интибоҳ берди. Сафар рафиқи ҳожи Бақо янги фикрлик бир зот бўлғони учун Беҳбудий унинг йўлдошлиғидан хейли истифода қилғон, дерлар.
Ҳижоз сафаридан кейин Беҳбудий афанди Боғчасаройда чиқатурғон «Таржумон»[3] газетасини олдуриб ўқуй бошлади. Иккинчи томондан, турлик илмий, фанний китобларнинг мутолааси билан маълумотини кенгайтура берди.
Беҳбудий афанди ҳаж сафаридан бурун бир неча йил қозихона ва ҳукумат идоралариға келмакда бўлғон миссионер Остроумовнинг «Туркистон вилоятининг газети»ни ўқуб юрган бўлсада, бу газета унинг фикрини очмайди. Балки «Таржумон»ни ўқуй бошлағондан сўнг фикри очилиб, «Туркистон» газетасининг мусулмонларни ағфол этиш мақсади билан ёзатурғон сўзларини тушуна бошлайди ва ўзиға учрағон ёру дўстларини мустабид ҳукуматнинг бузуқ мақсадидан огоҳлантуради. Ҳар вақт ҳар ерда йўлуққан ва мусоҳиб бўлғон ошноларини саёҳатға тарғиб ва газета ўқушға ташвиқ этиб юрди. Шу билан баробар аларға ўзи ўқуб чиққан газеталарини тарқатди.
Беҳбудий афанди ҳаж сафаридан келгандан сўнг Хўқандбой Абдухолиқ ўғли деган самарқандлик бир зиёли билан танишиб унинг илм ва фикридан истифода этди. Фанний ва фалсафий масалаларда у билан муколама қилишиб маълумотини кўпайтурди. Бошқа ёқдан, ўшал вақтдағи газета ўқуғувчилардан соатчи Бадриддин билан танишиб, бунинг билан ҳар кун деярлик кўрушди ва фикр олишди.
Мана ушбу йўл билан Беҳбудий афанди дунёдан, сиёсатдан ва замона аҳволидан хабардор бўлуб, сўнгра ўзи халқни уйғотиш фикрига тушди ва қалам хидматиға киришмакни ўзиға лозим билди.
Беҳбудий афанди бир неча йил фикрий инқилобға учраб эътиқодсизланиб юрган бўлса ҳам, сўнгра кўб мутолаа соясида ва ҳар бир диний, фалсафий масалаларни текшириш натижасида эътиқодини тасҳиҳ ва табдил этди. Тараддуд ва шубҳалардан чиқиб, диндор ва маҳкам эътиқодлик бўлди.
1906нчи йилда Зокиржон Алихонуф деган бир татар муаллими Самарқандға келиб, Беҳбудий ҳовлисида бир неча ой ётиб-тургонида, бу зот билан Беҳбудий афанди хейли вақт мусоҳиб бўлуб диний, ижтимоий ва фалсафий кўб масалалар хусусида мубоҳаса ва мунозара этишди. Бу муҳим мубоҳасалар натижасида Беҳбудий гоҳ ғолиб ва гоҳ мағлуб бўлар эди. Беҳбудийнинг кенграк суратда фикрий очилишиға ва баъзи шубҳалардан чиқишиға шул мунозаралар зўр ёрдам берган дерлар.
(Битмади).
«Учқун» журнали, 1923 й., 1-сон
[1] Мулла Салим билан домла Аҳмад афандилар бу кунда Самарқанднинг очиқ фикрлик мударрисларидан саналадилар.
[2] Беҳбудийнинг онаси 1310нчи йилда 5нчи зулҳижжада вафот этди.
[3] Самарқандда ерлик мусулмонлардан бошлаб 1892нчи йилда «Таржумон» газетасини олдируб ўқуғон киши ҳожи Абдулқодир (меъмор) бўлуб, ундан кейин Хўқандбой Абдухолиқ ўғли, ундан сўнг татарлардан соатчи Бадриддин афанди эди, дерлар. Демак, Беҳбудийдан илгари Самарқандда ёлғуз 3 нафаргина газета ўқуғувчи бор эмиш.