«Броненосец»нинг нималигини биласизми? Бу зирҳни эслатувчи суяк косага ўралган, ҳажман унча йирик бўлмаган сут эмизувчидир.
Америка Қўшма Штатлари жанубидан Жанубий Америка жанубигача бўлган ҳудудда броненосецнинг ўнта тури яшайди. Броненосецнинг уст томони суяк коса билан қопланган, у бошда битта ва орқасида иккита ясси қаттиқ жисмдан иборат бўлади. Бу иккала қисмни ҳаракатчан тасмалардан иборат эгилувчан марказий қисм бириктириб туради. Бу броненосецнинг айланиши ва у ёқ-бу ёққа қарашига имкон беради.
Коса маркази бўйлаб ўтган мана шу тасмалар сонидан баъзида бу ҳайвонларни таснифлашда фойдаланилади. Масалан, етти тасмали, саккиз тасмали, тўққиз тасмали броненосецлар мавжуд. Америка Қўшма Штатларида тўққиз тасмали броненосецлар яшайди. Барча броненосецлар думи суяк билан қопланган бўлади. Бундан уларнинг битта тури мустасно, табиийки, у юмшоқ думли деб юритилади!
Қизиғи шундаки, эмалсиз оддий ўсимталар броненосец учун тиш вазифасини ўтайди. Бу табиатда беҳисоб бўлган зиддиятлардан биридир. Танаси қаттиқ — тишлари юмшоқ. Ҳайвонларнинг кўпчилиги дастлабки тишлардан бутун умр бўйи фойдаланади.
Шундай тишларга эга бўлган броненосец юмшоқ озиқ — чумолилар, қирчумолилар, қуртлар, чувалчанглар ва қўнғизлар билан кифояланишга мажбур. Сизга маълумки, бундай озиқ барглар орасида ёки юмшоқ ерда бўлади, шунинг учун броненосец уни кавлаб олиши керак. Табиат броненосецга берган юмшоқ тишлар ҳиссаси бақувват тирноқлар ва кучли олдинги оёқлар ҳисобига қопланган. Броненосец итдан кўра тезроқ кавлай олади! Бундан ташқари, у тирноқлари ва кучли олдинги оёқларидан душманларидан тезликда яшириниш учун уя кавлашда ҳам фойдаланади.
Броненосецларнинг кўпчилиги ўз душманидан қочиб ёки кавлаган уясига яшириниб жон сақлайди. Броненосецларнинг фақат бир тури — уч тасмали броненосец ғужанак бўлиб олиб жон сақлайди. Мазкур броненосецнинг косаси бошқаларникига нисбатан пишиқроқ бўлиб, бу унинг учун ҳимоянинг энг ишончли усулидир.