Қушлар тангачасимон рептилиялардан ривожланган. Миллион йиллар олдин тангачалар патга айланган, олд оёқлари эса қанотга айланган.
Қушларнинг тузилиши ҳам ажойиб. Уларнинг скелети учишига мос тарзда кавак суяклардан таркиб топган. Қанотларининг ҳаракатланишига кучли кўкрак мушаклари ёрдам беради. Айрим қушларнинг катта ва кенг қанотлари ҳаво оқимида қанотларини секин силкитиб, узоқ туришини таъминлайди. Бироқ майда қушлар ҳавода туриши учун қанотларини тез-тез қоқишига тўғри келади.
Аксарият қушлар яхшигина тезучардир ва уларнинг айримлари минглаб чақирим масофани уча олади. Аммо учолмайдиган қушлар ҳам бор, улар фақат ерда юради.
Туяқуш — дунёдаги энг йирик қуш. Унинг оғирлиги 150 килограммдан ошади, баландлиги икки метр келади. Энг кичкина қуш колибридир, кафтга сиғадиган бу қушнинг оғирлиги икки граммдан ошмайди.
Қушларнинг ҳаммаси тухум қўяди. Уларнинг аксарияти тухум босиш ва полапонларини катта қилишга жуда кўп куч сарфлайди, ғамхўр ота-она бўлади.
Ўз тухумини ташлаб кетадиган, бошқа қушлар уясига қўядиган қушлар ҳам бор. Бунга какку мисол бўла олади. Қушларнинг кўпчилиги уя қуради, айримлари эса тухумларини иссиқ жойларга қўяди ва уларни холи қолдиради.
Қушларнинг аксарияти ёввойи, аммо уларнинг айримларини инсон қўлга ўргатган ва улар насли асосида уй қушларини етиштирганлар. Улар орасида товуқлар, каптарлар, канарейкалар бор. Баъзи қушларни гўшти ва тухуми учун ҳатто фермаларда парваришлашади.
Бироқ инсон табиатда учрайдиган қушлардан фойдаланишни ҳам ўзлаштириб олди. Масалан, бедана тухуми жуда мазалидир. Қадим замонларда одамлар ов қилиш мақсадида йиртқич қушларни ўргатишган.
Қушларнинг ҳарҳолда турли-туман тузилишга эга тумшуғи ҳам ғалатидир. Ўлжасини тимдалаш учун йиртқич қушларнинг тумшуғи қармоқсимон бўлади. Қаттиқ озуқлар билан озиқланадиган қушларнинг тумшуғи, одатда, кичик бўлади. Мовий читтакнинг, масалан, тумшуғи қисқа ва мустаҳкам, шу боис у ёнғоқ, уруғ ва ҳашаротларни ейишга ўнғай. Ўрмаловчилар кучли ўткир тумшуққа эга бўлиб, пишган ёнғоқ ва дарахтлар пўстини бемалол ёради.
Дарахт пўсти ёриқларидаги чувалчанг ва шиллиққуртларни кавлаб олиш учун қораялоқникига ўхшаш ўткир ва учли тумшуқ жуда қулайдир. Тўқайчумчуқнинг тумшуғи анча ғалати кўринишга эга. Аммо унинг чатишма учлари ўзларининг суюмли овқати булган нинабарг дарахтларнинг сўтасимон тўпгули уруғини пўчоғидан тозалашга яхши мослашган.
Тентакқушнинг калта ва кенг тумшуғи учиб бораётган пашша ва тунги ҳашаротларни тутиб олишга жуда қулайдир. Ботқоқлик қушлари, масалан, балиқчи қуш узун ва ингичка бурни билан балчиқ ва лойни бемалол чўқилайди.
Кўп қушларнинг тумшуғи бир хил овқат ейишга мослашган, аммо айримлари, масалан, қалдирғоч аралаш-қуралаш овқатни еб кетаверади.