Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Ҳабибий мумтоз шеъриятимизнинг энг яхши анъаналарини давом эттирган ва ривожлантирган шоирдир. У ўз ғазаллари билан халқимизнинг умид ва интилишларини, руҳий камолотини ифодалаб келди. Ҳабибий 1890 йили Андижон вилоятининг Пахтаобод туманига қарашли Қўқон қишлоқда деҳқон оиласида туғилди. У эски мактабда, Андижон ва Қўқон мадрасаларида таълим олди. Навоий, Фузулий, Муқимий ва Фурқат ғазалларини мутолаа қилди, уларга эргашиб, шеърлар ёзди, Шарқ адабиёти анъаналарини давом эттирди.
1919 йилда Ҳабибий Андижоннинг Бўтақора қишлоғида яшаб, деҳқончилик билан шуғулланган. 20-йилларда халқ қўшиқлари услубида кўплаб шеърлар яратган. Ҳабибий ўз замонаси мавзулари, колхоз тузуми, каналлар қурилиши, чўлларни ўзлаштириш, Фарҳод ГЭСининг бунёд этилиши ва бошқа ўзгаришларни қаламга олади.
Шоир ижодида она-Ватан ва халқимиз ҳаёти, кураши ва интилишлари ҳақидаги шеърлар етакчи ўринни ишғол этади. Шу ғоя унинг «Ўлкам», «Фарҳод қўшиғи», «Муборак ёш», «Инсон азиз», «Улуғ бурч», «Че-варлар», «Муддао билан» каби шеърларида ўз маромига етказилди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида шоир қаламини найзага айлантирди. Унинг бу даврдаги ғазаллари орасида «Жанг-чи йигит қўшиғи», «Боладан ота-онага хат», «Онадан болага хат» каби ғазаллари, айниқса, характерлидир. Шунингдек, Ҳабибийнинг «Кўнгил тароналари» (1957), «Танланган асарлар» (1967), «Девон» (1971) каби шеърий тўпламлари ҳам халқ эътиборига сазовор бўлди.
Ҳабибий 1974 йили 85 ёшга тўлиши арафасида Ўзбекистон халқ шоири унвони билан тақдирланган. У ўзбек шеъриятининг ғазал ва қўшиқчилик бобида ўзига хос мактаб яратиб, аруз вазнидан муваффақиятли фойдаланган катта истеъдод соҳибидир.
Шоир 1980 йил 16 апрель куни Тошкент шаҳрида вафот этди.