Тиш милки йиринглаб шишган пайти сиз оғзингизни мармарак дамламаси билан чаясиз. Мармарак, сиртдан қараганда, оддий ўсимликдай туюлади. Уни дилкушо ўтлар орасидан ажратиб олиш ҳам қийин эмас. Бинафша гуллар билан қопланган тик пояси пастак ўтлар орасидан худди соқчилар минорасидай баланд ажралиб туради.
Мармарак гули шаклан илоннинг очилган оғзига ўхшайди. Юқори «лабининг» тагидан ҳатто «тили» чиқиб тургандай — иккита чўзиқ гул чангчиси ана шундай қиёфа касб этади. Гул ичидаги жимитдай воронкаси тубида ширин нектари томчиси ялтираб туради. Мана шу нектари билан мармарак ўзига тукли арини чорлайди. Тукли ари — зўр ширинтомоқ, айнан у мармаракни чанглатади. Тукли ари нектар учун гул ичига кириши билан юқори гултожи тагидан узун оёқли иккита чангчи отилиб чиқади ва тукли ари елкасига тегиб, гулчанги билан буркаб ташлайди. Сўнг тукли ари бошқа мармаракка учиб ўтади, ичкарига киради ва елкасидаги гулчанг тўғри уруғчининг оғзига тушади. Гулга айнан шу нарса керак. Тукли ари ўзининг хуштаъм нонуштасини шу тахлит узади. Бироқ қайси бир ўсимликда чангчини гулчанг билан туртиб чиқарадиган механизм бор? Аён бўлишича, улар ўзига хос пишанг билан ҳаракатга келар экан. Мармарак гули уруғчисининг ўзагидан иккита узун ва қисқа елка чиқиб тураркан. Узун, обкашдай эгик елкаси учида гулчанг қопчиғи осилиб тураркан. Қисқа елкаси эса ботиқ бўлиб, у гул ичига кириш йўлини бекитаркан. Тукли ари тумшуғини нектарга чўзади ва муқаррар қисқа елкани туртиб юборади. Қисқа елка шу заҳоти узун елкани ҳаракатга келтиради. Узун елка ўз навбатида, тукли ари елкасига ўз чангдони билан уради. Пишанг ана шу тахлит ҳаракатланади.