Ёзда барча дарахтларнинг ранги бир хил — яшил бўлади. Албатта, яшил рангнинг ҳам нозик турлари бўлади, аммо барча япроқларга битта чўтка билан бўёқ сурилганга ўхшайди. Кузга бориб эса яшил япроқлар турли рангларга бўялади. Бу ранглар қаердан пайдо бўлади?
Япроқларнинг ранги яшил бўлишига сабаб уларнинг таркибидаги хлорофилл моддаси эканини эсга олайлик. Хлорофилл ҳар бир япроқдаги озуқа ишлаб чиқарувчи ҳақиқий қурилмадир. Япроқларнинг ранги (пигментацияси)нинг 2/3 қисми уларнинг таркибида мавжуд хлорофилл билан боғлиқ. Япроқларда рангнинг бошқа нозик турлари ҳам бор, аммо улар хлорофилл миқдори кўплиги учун кўзга ташланмайди.
Улар қанақа ранг турлари экан? Масалан, углерод, водород ва кислороддан таркиб топган ксантофил моддаси япроқларга сариқ тус беради. У япроқ рангининг, тахминан, 23% ини ташкил қилади. Сабзига ранг берадиган каротиннинг япроқлардаги миқдори 10% га яқиндир. Қандли заранг ва қизил эманга ёрқин қизил тус берадиган антоницианин ҳам бор.
Ёзда бу пигментлар кўзга ташланмайди. Биз фақат яшил хлорофиллни кўрамиз. Совуқ тушиши билан япроқларда йиғилган озуқа моддалар дарахт шохлари ва танасига ўтади. Қишда озуқа моддалар ишлаб чиқарилмагани учун хлорофилл қурилмаси ёпилади, хлорофиллнинг ўзи эса парчаланиб кетади. У йўқолиши билан япроқда мавжуд бўлган, аммо кўзга ташланмаган пигментлар кўриниб қолади ва биз дарахтларнинг турли рангга бўялганини кўриб қувонамиз.
Япроқлар хазон бўлишидан олдин унинг бандида ҳужайраларнинг юпқа қатлами ҳосил булади. Шамол япроқларни юлқийди. Новданинг япроқ узилиб тушган жойида чандиқ қолади.
Кўпгина доимий яшил дарахтлар совуқ тушиши билан ҳам ўз баргларини тўкмайди. Бу жараён уларда йил буйи, навбатма-навбат кечади ва шунинг учун ҳам ҳамиша яшил тусдалигича қолаверади.