Сталактитлар ғорларда ҳосил бўлади. Улар қандай ҳосил бўлишини билиб олиш учун ғорлардан бирини — Нью-Мексико штатидаги Карлсбад ғорини тадқиқ қилиб кўрайлик. Карлсбаддаги тоғ жинси оҳактошдир. Оҳактош кучсиз ишқорда ҳам эриши мумкин бўлган юмшоқ тоғ жинсидир. Оҳактошни эритадиган ишқор ёмғир суви таркибида учрайди. Ёмғир томчилари ерга ўзи билан бирга ҳаводан углерод икки оксидини олиб тушади. Углерод икки оксиди ёмғир сувини карбонат кислотасига айлантиради.
Бундан миллион йиллар чамаси бурун ёмғирнинг бир томчиси ерга томмасдан шифтда ушланиб қолди. Сув буғланиб кетгач, оҳакнинг майда ҳалқаси шифтда кристаллга айланди. Ундан кейин иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳ.к. томчилар ҳам ўша ерда оҳакни қолдираверди. Вақт ўтиши билан оҳак ҳалқалари майда бўртик — «сумалак» ҳосил қилди. У чўзилиб бораверди…
Бошқа бир сув томчиси эса ғор ерига томди. Буғланиб кетгач, унинг ўрнида ҳам оҳак қолди. Вақт ўтиши билан ўша жойга минглаб томчилар тома борди. Оҳак зарралари йўғон тош шамга ўхшаш бир нарса ҳосил қилди. «Шам» ўсиб бораверди…
Ғор шифтидаги тош сумалак сталактит, ердаги «шам» эса сталагмит деб аталади. Сталактит ва сталагмитларнинг турлича катталикда бўлиши ғордаги намлик даражаси, ғор устидаги оҳактош қатламининг температураси ва қалинлигига боғлиқ. Айрим сталактитлар йилига 2 см чўзилиб боради. Бошқа сталактитларга эса бунинг учун юзлаб йиллар керак.
Кўпинча ўсаётган сталагмитлар чўзилаётган сталактитлар билан қўшилиб, устун ҳосил қилади. Карлсбаддаги энг катта устуннинг баландлиги 30 метрдир. Айрим ғорларнинг шифтлари шокилага ўхшаб кўринадиган қисқа сталактитлар билан қопланган. Бошқа ғорлар деворидаги тош игналар эса ярқираб кўринади. Айрим сталактитлар паст ва баландга ўсиши билан бир қаторда ёнга қараб ҳам ўсади.
Ғорга сув тушмай қолгач, сталактитлар ҳам ўсишдан тўхтайди. Бундай ғорлар эса ўлик ғорлар деб аталади.