Ғорлар нима?

Гарчи иккита бир хил ғорни топиш мумкин бўлмаса-да, дунёдаги энг катта ғорлар бир хил йўл билан пайдо бўлади. Бунинг учун ишқорли сувлар оҳактош (ёки шунга ўхшаш тоғ жинслари)ни ўйиб, тешик ҳосил қилади. Шу тариқа ғорлар пайдо бўлади. Улар тузли ғорлар ҳам деб аталади.

Айрим катта ғорлар бундан 60 000 000 йил муқаддам вужудга кела бошлаган. Ёмғир қуйиши, дарёлар тошиши натижасида метин тоғлар ҳам дарз кетиб, нурай бошлаган.

Ғор ҳосил бўладиган тоғ жинси оҳактошдир. Бу юмшоқ тоғ жинсини кучсиз ишқор ҳам эритиб юбориши мумкин. Оҳактошни емирадиган ишқор (кислота) ёмғир билан келади. Ёғаётган ёмғир томчилари ҳаводан ва тупроқдан карбонат ангидрид газини ювиб, ерга туширади. Карбонат ангидрид гази сувни карбонат кислотасига айлантиради.

Шунинг учун оҳактош устига миллион йиллар давомида ишқорли ёмғирлар ёққан. Улар доимий равишда тоғларга ёғиши оқибатида ёриқлар пайдо бўлган. Ёмғирлар ёғаверган. Сув оқими ёриқларга тушавериб, уларни кенгайтирган. Бу оқим ҳатто метиндан ҳам янги ёриқлар топиб кириб кетаверган. Ёриқлар туннел даражасигача кенгайган. Туннеллар кесишиши натижасида ўйиқлар ҳосил бўлган. Миллион йиллар ўтиб, ғорлар вужудга келган. Сув эса уларни тобора кенгайтириб борган.

Ғорлар фақат тоғларда бўлмайди. Бундан ташқари, денгиз ғорлари ҳам бор. Улар тўлқинларнинг соҳил бўйларидаги тош қояларга келиб урилиши натижасида ҳосил бўлган. Тўлқинлар урилавериб, қояларни емириб ташлаган. Қояларнинг йилдан-йил нураб боришига майда тош ва қумлар ҳам таъсир кўрсатган.

Бир қанча ғорлар вулқон отилиши ва тоғ жинсларининг силжиши ёки қайноқ лаванинг оқиб чиқиши натижасида ҳам ҳосил бўлган. Америка Қўшма Штатларидаги ғорларнинг аксарияти оҳактош қатламларининг нураши, айниқса, унга таркибида углерод икки оксиди бўлган сув таъсири натижасида вужудга келган. Индиана, Кентукки ва Теннесси штатларида қалинлиги ўртача 53 метр бўлган оҳактош қатламида кўплаб ғорлар ҳосил бўлган.

Айрим ғорларнинг шифтида тешиклар бор. Улар йиғилиб қолган сувнинг ғорга тешиб ўтиши натижасида пайдо бўлган. Ғорларда устма-уст галерея қаторларини учратиш мумкин. Айрим ғорларда ҳалиям сув оқиб ётади, бошқаларида, ғор ҳосил бўлгач, сув қуриб қолган.

Кўпчилик ҳолларда ғор шифтидан томаётган ҳар бир томчи сув таркибида оҳактош ёки бошқа минераллар заррачалари бўлади. Сув буғлаб кетганида, бу минераллар қолади. Натижада аста-секин, шифтда осилиб турувчи, сумалаксимон сталактитлар ҳосил бўлади. Сталактитлардан оқиб тушаётган сув ерда сталагмитларни ҳосил қилади.