Қишлоқ мен учун ҳикояси ярим қолган одамлар яшайдиган макон эди. Ҳар куни ўнлаб, юзлаб одам ўз ҳикоясининг давомини қидириб гавжум шаҳарларга кетиб боради, деб ўйлар ва ўйларимнинг тўғрилигига ишонардим. Мен учун қишлоқ лойсувоқ томли уйлардан бошқа нарса эмас эди. Дарвозасининг устига болахона қурилган уйлар осмонўпар бино бўлиб кўринарди кўзимга. Йўл десанг, йўл эмас ғирт душман. Тўрт фасл мобайнида йўл билан олишиб чиқасан. Баҳор ва кузда лойгарчиликдан безиб кетасан. Ёзда тупроқлар қизиб оёқларингни пўрсилдоқ қилиб ташлайди. Иссиқда ариқ четидаги ажриқлар устида юришга мажбурсан. Қишда сирпанчиқ, тойғоқ. Айниқса, қишлоқнинг қиши азобнинг ўзгинаси. Каллакаланган тутлар сўппайиб шундоқ ҳам хунук манзарани баттар кўримсизлаштириб юборади. Бир китоб ўқигандим, унда қишлоқ билан чинорнинг бутунлашиб кетгани ҳикоя қилинган. Қишлоқдаги бутун ҳаёт, барча суҳбатлар, ўй-хаёллар шу чинор билан боғлиқ ҳолда кечиши ёзилганди. Бизнинг қишлоқнинг бори йўғи эса тутлар эди…
Тутлар қишлоқ одамларига ўхшайди. Жони қирқта. Баҳорда ипак қурти учун олдин баргини териб олишади, кейин навдасини кесишади. Сал ўтиб бечора тутлар яна навда чиқаради, барг ёзади, мева беради. Одамлар тагига этакларни ёзиб мевасини қоқиб олади. Кимдир тутдан шинни қилади, кимдир томга ёйиб қуритади. “Қишда нонга қўшиб есанг маза қиласан, совуқ ҳам ўтмайди”, деб таъкидлашдан чарчамайди катталар. Тутмайизлар бўз халталарга солиниб баландда, болалар қўли етмайдиган жойда сақланади. Етса ҳам болалар олиб еб тугатмайди-я, ҳар эҳтимол эҳтиёт шарт. Айниқса, халтани аёллар тугса кўраверинг, гўё тугунагига бармоқ изини танийдиган қурилма жойлаб қўйишгандек, ўзидан бошқаси ечолмайди. Қишда сандалга оёқларини тиқиб, тутмайиз еб ўтириб, дунёнинг ғийбатини қилади аёллар. Тутмайиз ва ғийбат суҳбатнинг мағзи бўлади. Уларсиз гап-гапга қовушмайди. Шинни пиширишни уддалолмаган қишлоқ келинларидан сўз очилади, дастлаб. Кейин тутни амаллаб майиз қилолмай увол қилган келинларга ўтилади. Бу ғийбатларда “мен шиннини ҳам боплайман, майизакни ҳам, рўзғорни ҳам” деган қишлоқча ғурур “камтаргина” бўлиб бўй кўрсатиб туради. Болалар энг зўр майизнинг ўзлариники эканлигига ишониб, шундай оналари борлигидан қувониб ўтиришади. Эрлар хотинининг эпли эканига, тутни увол қилмаганига шукр айтиб қўйишади.
Тутлар қишлоқ одамларига ўхшайди. Меҳнатдан қўллари қотиб кетган, юзи офтобда куйиб ялтираб кетган. Буларнинг пойчўкирлиги-чи? Неча марта каллаклашса ҳам қулингман деб тураверади.
Тутлар қишлоқ одамларига ўхшайди. Фақир ва мағрур. Ўзгалар корига яраганидан хурсанд, бахтиёр. Ҳаётининг мазмунини шунда деб билади, қишлоқ тутлари. Жазирамада сояси билан жонингга оро киради. Қишда олов бўлиб, чўғ бўлиб иситади. Барги ипак қуртингни, мол-қўйингни боқади. Меваси қорнингни тўйғазади. Кексалар баҳорда тут пишиғига етиб олганига шукроналар айтишади. Уларнинг шукри беморларникидан фарқ қилади. Касаллар тут пишиғига етганда “энди соғайиб кетаман, ўлмайман” деб ўйлашади. Кексалар эса тупроқ кўпчиганидан хомушгина севинишади. Навда буталганда болалар чўзма отар учун айри қидиришади. Энг яхши айрилар тут навдасида бўлади. Толники нимжон, тор ва эгилувчан бўлади. Тут айрисининг ораси кенг, қаттиқ бўлади. Тош отганда толникига ўхшаб ортга қайтармайди. Тут бутоқ маҳали ҳамма болаларнинг қўлида чўзма отар, ҳамма ўзининг лапшаси билан мақтанади. Эътибор ҳам лапшангга яраша бўлади. Сариқ, кенг ва қалин лапшали чўзма отарларга хавас билан қаралади. Қора, ингичка лапша арзон, чидамсиз бўлади. Сал қаттиқроқ тортсанг узилиб кетади. Атторлар битта лимонат шишасига бир жуфтини бераверади. Сариқ лапша қиммат туради. Лапшаси йўқлар иштон чўзмасидан кесиб боғлашарди. Лекин бундай чўзмалар икки-уч марта тош отишга зўрға ярайди. Чўзма отарда чумчуқ ургани ҳақида ҳамма болалар оғиз кўпиртириб мақтанишарди аммо ҳеч ким бир-бировининг овини кўрган эмасди. Қизлар оқ, қизил, пушти тутларни шишага солиб ингичка новда билан кўпиртириб эзишади. Кимники ширин ва қипқизил чиққани билан мақтанишади. Ўғил болаларнинг кўзини куйдириб маза қилиб ичиб ўтиришади. Хуллас, қишлоқ одамларининг ҳаёти ҳам хотираси ҳам тутлар билан боғлиқ…
Баҳорда ариқдаги сувлар сариқ лойқа бўлиб оқади. Қирғоқларидан тошиб йўлларни сарғайтириб юборади. “Тоғдан катта сув тушиб, каналларга сиғмаганидан бу ёққа буриб юборганмиш” деб маълумотфурушлик қилишади эркаклар. Катта ариқда молларнинг ўлиги ҳатто одам жасади ҳам оқиб келганини айтишади. Бундай маҳалда чўмилиб бўлмаслиги, касаллик юқтириб олиши мумкинлигидан огоҳлантирилади. Атрофидаги эзилавериб қалинлашиб кетган ажриқлар кўзга хунук кўринади. Илонизи йўл ва пастак тартибсиз уйлардан иборат қишлоқ кулранг бўёқда чизила бошланган аммо тугалланмай қолган сурат тасаввурини беради…
Шаҳар-чи, шаҳар бутунлай бошқача. Манави тутларни қаранг. Жуда бежирим қилиб шакл берилган. Кераксиз навдалари бутаб ташланган. Устдаги шохлари бир-бирига ёйсимон қилиб боғланган. Япроқлари орасидан ранго-ранг мевалари кўриниб қолади. Кўринишидан қора балхи тут бўлса керак аммо ҳали яхши етилмаган. Осмонўпар биноларига боқиб бошинг айланади. Тартибли уйлари, тошйўлакли кўчалари, парклари, ям-яшил майдончаларини кўриб хавасинг келади. “Ана ҳаёту мана ҳаёт” дегандим ҳайратга тушиб. “Биз ҳам қишлоқда мол боқиб ўтказибмиз-да умрни” дея надомат қилгандим. Тунгги чироқларнинг шуъласидан ақлим шошганди. “Кечалари кўкдаги юлдузлар дам олгани шаҳарга тушаркан-да” деб ажаблангандим. Одамлари-чи?! Тонггача кўчада тентирашади. Улар ним қоронғи кўчаларда ортидан узун-узун соялар қолдириб нималарни қидиришаркан деб хайрону лол бўлгандим.
Шаҳарга биринчи марта ўқишга ҳужжат топширгани келгандим. Йўлда “шаҳарда-ям тут бормикан, ишқилиб” деб ўйлагандим. “Тут нима қилади шаҳарда, роса қишлоқисан-да” деб кулгандим ўзимга-ўзим. “Тут бўлмагандан кейин каллакланмайди-ям, каллакланган дарахтлар жуда хунук кўринади” деб хаёлдан ўтказгандим. Тут бўлмаса қуртга нима беришади? Болалар чўзма отар учун айрини қаердан олишади? Келинлар шиннини нимадан қилишади? Касалларга тутни қаёқдан топиб беришади?.. Хуллас, адоқсиз саволлар билан шаҳарга йўл олгандим. Бугунги болалар учун бундай саволлар кулгили. Биз жуда содда бўлган эканмиз…
Қидириб-қидириб ижарага бир уй топдим. Тўрт қаватли уйнинг тўртинчи қавати. Одатда, ижарага бериладиган уйлар ё биринчи қават ё энг устки қават бўлади. Ёзда шифтдан қуёш уриб беради, уйнинг ичи аламазак бўлади. Қишда совуқдан хонани иситиб бўлмайди. Лекин барибир тўртинчи қаватдан шаҳарга қараш маза, айниқса эрта тонгда. Катта кўчанинг икки ёнига экилган арчаларнинг ҳиди димоққа урилади. Унда-бунда олмахонлар учраб қолади. Уларнинг шохдан-шохга учиб ўтишини кузатиш мароқли. Шаҳар аҳли уйғонгунча ёнғоғини териб бўлишади. Кўчада одамлар қатнай бошлагач, улар ҳам инларига кириб кўринмай кетишади. Ҳар тонг қарши томондаги кўп қаватли уйдан бир кекса одам чиқиб келади. Шапкасини бостириб кийган, оппоқ соқоли кўксига тушган бу қария менга қишлоғимиздаги табиб Ҳаким отани эслатади. Ҳамма уни ота дерди. Қишлоқдагилар нима дарди бўлса, Ҳаким отага югуришади. Отанинг уйига кираверишда тарвақайлаб кетган кекса оқ тут дарахти бўларди. Одамлар камида икки юз йиллик дарахт дейишади. Уни отанинг энг катта бобоси эккан экан, дейишади. Отанинг боболари ҳам машҳур табиб ўтгани, подшоҳларни даволагани ҳақидаги ривоятлар тилдан тушмайди. Баъзилар Чингизхон аскарлари қишлоқдан ўтиб кетаётиб ҳамма ёқни ёқиб кетгани ва битта шу дарахтнинг ёнмагани ҳақидаги ривоятни айтишни яхши кўрадилар. Бу ривоятнинг чин ёки ёлғонлигини биров билмайди. Аммо ҳамма бунинг тўғрилигига ишонгиси келади. Қишлоққа келган меҳмонга ўша тут билан боғлиқ ривоятни айтиб бериб ҳайратда қолдиргиси келади. Агар меҳмон бу ривоятга ишонмаса, бошқа ривоятларни қаторлаштириб ташлайди. Балхи тут ичида бир пари бўлармиш. Ҳар ой тўлган кечада чиқиб отага келаси бир ойда келадиган касалларнинг исми билан шифосини айтиб кетармиш. Беморлар отани уйига шифо излаб келганида унинг номи ёзилган тайёр дориларни олиб чиқиб берар экан. Касаллар ўша дориларни ичиб тузалиб кетаркан…
Талабалик йилларимда халқ табобати билан боғлиқ курс иши ёзиш мақсадида қишлоққа бордим. Ота билан суҳбатлашиб даволаш усулини ўрганишга бел боғладим. Нима бўлганда-ям отанинг тиббий илми йўқ. Одамларни психологик жиҳатдан алдаб даволайди, деб ишонардим. Берадиган дориларининг шунчаки кам дозадаги оғриқ қолдирувчилардан эканини таҳмин қилардим. Уйига борганимда ховлидаги супада бир нималарни ховончада эзиб ўтирган экан. Кўринишидан анча ёшга борган эди. Мункайиб кичкинагина бўлиб қолибди. Соқоллари ҳам аввалгидек кўркам эмас. Бир тутам қолган. Кўзлари киртайиб чўкиб қолибди. Кийиб олган чопони минг ямоқ бўлиб кетган. Эшигидан одам аримаса, эл топган-тутганини бериб кетса, шунча пулни нима қиларкан, деб ўйладим. Яхши еб-ичиб, яхши кийиниб ўтирса бўлмасмикан…
Ота кулимсираб мени кузатгандан кейин: “Хуш келибсан, ўғлим. Кийим-кечак ёшларга ярашади. Айбга буюрма, менга шу эски чопонда ишлаш ёқади, отамдан қолган-да” деб қўйди. Мен ҳам хижолат бўлиб манзират қилдим. Кийимига эътибор билан қараганимга шундай деяпти, деб ўйладим. Энди савол бермоқчи бўлгандим “дўхтир болам, сен шу сўрида ўтириб тур, касалларни куттирмайлик, кейин саволларингга жавоб бераман” деб қолди. Четга ўтиб кузатиб ўтирдим. Беморларнинг томирини йўқлаб нималардир деяпти, аллақандай дориларни беряпти.
Одамларимиз жуда оми-да, қанақа касали бўлса ҳам шу ерга келишади. Ҳозирги кунда тиббиёт ниҳоятда ривожланган бўлса, ҳали-ям эски замонларда қолиб кетган усуллардан мадад кутишади. Бу чол нима биларди? Қанақанги касаллик билан келса ҳам қўрқмай дори тайёрлаб бераверяпти. Аслида бу жиноят, одамларни алдашдан бошқа нарса эмас. Саратонга йўлиққани ҳам шу чолни ёнига келаверишганига нима дейиш мумкин? Мен буни жиддий масала сифатида кўтариб чиқаман. Газетага, телевидениега олиб чиқаман. Халқни кўзини очиш керак, ахир…
Олий ўқув юртида таниқли профессорлардан тинглаган маърузаларим асосида бу табибни мот қилиш пайида эдим. Қаттиқ гапирмайман, фақатгина ташхис қўйишда ва дори-дармон тайёрлашда қандай метод ҳамда технологияларга асосланишини сўрайман, деб хаёлдан ўтказдим. Уни мот қилиш учун шунинг ўзи кифоя. “Дўхтир болам” дегани бежиз эмас. У менинг кўринишимдан мақсадимни англади. Энди шунга яраша ўзимни тутишим керак. Билимим билан унга таъсир ўтказишим керак…
Ота ишларини тугатиб, беморларни кузатиб бўлгач, ичкаридан бир косада оппоқ тутни кўтариб сўрига келди. Дастурхонга тутни қўйиб “ол, болам, еб ўтир, бугун саҳарда тергандим” деди. Бир дона тутни чўпидан тутиб оғзимга солдим. Чайнашга эҳтиёж йўқ. Оғзингда болдек эриб кетади. Мазаси томоқдан ўтгунча болалик онларим кўз ўнгимдан ўтди.
Бир марта қаттиқ касал бўлганимда отам уч кун тонг саҳарда шу тут остига олиб келиб юмалатганди. Шундан кейин сира касал бўлмаган эканман. Болалигимдан бери тутни чайнаб ейишни ёқтирмайман. Тилимга қўйиб танглайим билан эзганимда шираси бутун оғзимга ёйилади. Буни ҳузури бошқача бўлади. Яна, тут остидаги кичик дўнгликдан пастга юмалатганида худди тоғдан юмалаб тушаётгандек бўлганим ҳам ёдимда. Фақат бу эмас, ерга тўкилган тутларни эзиб, ширасини тирқиратиб юмалаб борар эканман, устимга тўкилаётган тутларнинг харсанг тошлардек эканини ҳам аниқ-тиниқ кўргандек бўлавераман…
– Ота, тилни ёрадиган бўпти бу тут, биз болалигимизда ҳам худди шундай ширинмиди? – дедим.
– Авлиё тут болам, авлиё тут дегин. Ота-боболаримни кўрган, авлиё тут бу, болам. Шоҳни шоҳ, гадони гадо демай дардига малҳам бўлган авлиё тут бу. Урушда бутун қишлоқни очликдан асраб қолган ҳам шу авлиё тут бўлади…
Айб иш қилиб қўйгандек, сергак тортиб “авлиё тут” дедим отага эшиттириб. Ҳаким ота табассум билан соқолларини силаб қўйди.
– Ота, сиз касалликни қандай аниқлайсиз? Мен шу соҳада ўқияпман. Мана-ман деган профессорлардан таълим оляпман. Лекин сизнинг касалликни аниқлаш усулингиз мени ҳайратга соляпти. Даволашингизга-ку…
– Болам, сен Тўхтавойни ўғлисан-а… Биламан, “яхши ўқийди” деб мақташади сени. Яхши ўқи, одамларга нафинг тегади. Менинг йўлимни тафтиш қилмай қўяқол. Менинг дардим касалликни аниқлаш, уни енгиш учун курашиш эмас. Мен дўхтир эмасман, болам.
– Унда қандай қилиб одамларни даволаяпсиз? Буни, буни қандай…
– Ўзингни қийнама, болам. Хаёлингдан ўтказганларингни биламан. Ҳаммасига жавоб беришим мумкин. Аммо билиб қўй, мен одамларга кайфият улашаман. Шифони қаердан излаш кераклигини айтаман. Ташқаридан эмас, ўз ичидан куч топишни ўргатаман. Берганларим шу тут пўстлоғидан, япроғидан ё томиридан қилинган дамламалар, холос. Касалига қараб шинни ё майизидан аралашма қилиб бераман. Ҳаммаси шу авлиё тутдан.
– Сизга ишониб касаллигини ўтказиб юборишади, кейин чорасиз қолганида касалхонага югуришади…
– Мен оталаримдан нимани кўрган бўлсам шуни қиламан. Мендан кейин бу амални давом эттирадиган меросхўрим йўқ. Дўхтирларинг ҳамма нарсани мураккаб қилиб ташлашади. Касалликни душман деб ўйлашади. Уни ўзларидан бошқа енга олмайди, даволай олмайди деб билишади. Улар касалингни аниқлашади, улар дори беришади, улар тузатишади. Касал бечора ҳеч нима қилмай дўхтирнинг тажрибасини кутиб ўтираверади. Аслида касалликнинг шифоси беморнинг ўзида. У ишонса ҳар қандай дардни енга олади…
Мен бир неча кун қатнаб отага ёрдамлашдим. Ҳақиқатан ҳам ҳар дардга дорини шу тутдан оларкан. Янги туғилган болани олиб келишди. Кечаси билан ухламас экан. Ҳаким ота унга тут ёғочидан қилинган бешикка белашни тавсия қилди. “Бешикнинг гавронидан сумагигача тутдан қилинглар” деди. Йиқилиб хотирасини йўқотган беморга тут ёғочидан қилинган дўмбирани бериб “чалишни ўргатинглар, шифоси шунда” деди. Сути кам аёлга тут баргидан дамлама берди. Оғзи чақа бўлган болага шотут барги дамламасини бериб оғиз чайишни тайинлади. Тиши оғриганга ҳам шундан берди. Ичбуруғга ҳам қайнатма, бавосилга тут япроғидан малҳам. Сочи эрта оқаришидан шикоят қилиб келган беморга тут, ток ва қора анжир баргларини қўшиб тайёрлаган дамламасини берди. Териси куйиб йиринглаган беморга тут пўстлоғидан малҳам қилиб берди. Дармонсизга қувват дея тутмайиз эзмасидан берди. Кўзи оғриб келганини ҳам, буқоқдан музтариб бўлганини ҳам, шамоллагани-ю қон босимидан шикоят қилиб келганини ҳам кўрдим.
Хуллас, Ҳаким ота ҳар дардга давони шу тутдан олар экан. Курс ишимни тамомлаб домламга кўрсатдим. Домла ўқиб кўриб “қизиқ, худди ўрта асрларга тушиб қолгандек бўлдим. Мактаб йўқми, қишлоғингизда” деди истеҳзо билан. Шундан кейин мен ҳам авлиё тут ҳақда ҳеч кимга оғиз очмадим.
Шаҳарда муқим яшай бошлаганимга ўн йилдан ошди. Тиббиёт университетидан кейин шу ерда қолиб кетдим. Уйландим, икки фарзандим бор. Шаҳар поликлиникасида ўзимга яраша ўрним бор. Кеча анхор бўйида балхи тут кўрдим. Бу кўчадан кўп ўтганман лекин негадир эътибор қилмаган эканман. Қуёш нурида мевалари биллурдай товланади. Баланд шохларидаги бошмалдоқдай тутлар кўзни куйдиради. Пастки шохларида ғўралари қолибди холос. Ерга тўкилганлари эзилиб қорайиб кетибди. Асфальт ҳам ширадан қорайиб ялтираб кетган. Қўлимни чўзиб бир шохни эгдим. Дув этиб устдаги шохлардан тут тўкилди. Бошимга, елкамга, кўксимга тегиб, устимни шира қилиб ерга тўкилди. Кўзимни қисиб тепага қарадим. Қочмоқчи бўлгандим ердаги тутларни эздим. Шираси тирқираб атрофга сачради. Оёғимни нотўғри ерга босдим шекилли, йиқилиб пастга юмалаб кетдим. Тут остидаги дўнгликдан пастликка бир-икки одим юмаладим. Худди тоғдан юмалаб тушаётгандек бўлдим. Фақат бу эмас, ерга тўкилган тутларни эзиб, ширасини тирқиратиб борар эканман, устимга харсанг тошлар тўкилаётганини ҳис қилдим… Ўзимга келиб ўрнимдан турдим. Уст-бошимни қоқдим. Уйга қайтиш ўрнига узоқ муддат тут остида ўтириб қолдим. Шу тобда шаҳардан зерикканимни, қишлоқни қанчалар соғинганимни англадим.
Бу пайт Ҳаким отанинг асрларни қаритган тутидан бошқа ҳамма тутлар каллаклаб бўлингандир. Навдаларидан болалар аллақачон айрилар қилиб чўзма отарлар ясаб олишгандир. Қизлар ҳам шишаларида тут ўрнига эндигина бўзарган олчаларни эзиб сувини чиқариш билан оворадир. Кимники ширин ва қипқизил чиққани билан мақтанишиб, ўғил болаларнинг кўзини куйдириб, маза қилиб ичиб ўтиришгандир…
Ҳаким ота ўтиб кетган, ажаб, унинг тутига ким қараётган экан? Меросхўрим йўқ деганди. Ишқилиб қуриб қолмадимикан? Кесиб ўтин қилиб ташлашмадимикан? Ҳар ҳолда, қишлоқдагилар парили тут, дерди, кесишмагандир. Агар кесиб ташланган бўлса ё қуриб қолган бўлса қишлоқнинг ўзлиги қолмайди. Ҳаким отанинг тути қишлоқ билан, одамлар ва уларнинг тақдири билан бирлашиб, ўзлашиб кетган. Усиз қишлоқ жуда ғариб, жуда хунук бўлиб қолади. У бўлмаса ҳикоясининг давомини излаб катта шаҳарларга тарқаб кетган одамлар қишлоғини унутишади. Қишлоғини унутган кишилар шаҳарларда ортидан узун-узун соялар қолдириб кечалари тентираб юришади. Зиёлилари баланд уйларнинг айвонидан арчаларга маҳлиё бўлиб ўз ҳикоясининг давомини унутади. Ҳикоялар чала қолиб кетади…
Авлиё тут омонмикан?…
2016 йил. Измир, Туркия