Қамчибек Кенжа. Эрон бўйлаб (лавҳалар)

МАСЖИДДА ТУНАЛГАН КЕЧА

Соат бизнинг вақтимиз билан кечки олти ярим, Эронда беш (ўн етти) бўлаётган эди. Раҳбарлар кетиб қолишган экан. Навбатчилар паспортларимизни шошилмай, синчиклаб, анча муддатда текширувдан ўтказишди. Энг асосийси, автоуловни расмийлаштириш кўп фурсат талаб этарди. Шунинг учун автобусимиз божхонада қоладиган бўлди. Оқсоқоллар ва уларнинг маҳрами асрорларини Сарахс шаҳарчасига кузатдик. Қолган уч оғайни ботир «Отайўл» ичида тамадди қилгач, Илҳомжон машинада қолди, бошқа гапга зинҳор кўнмади (унга юклатилган масъул вазифалардан бири — автобусни кўз қорачиғидай асраш эди). Муҳаммад Содиқ иккимиз сафар тўшакларимизни кўтариб, ҳовли ўртасидаги ҳайбатли масжидга кириб кетдик. Деворларга Эрон халқи ва ҳукуматининг бузурглари Оятилло Ҳумайний билан Муҳаммад Ҳотамийларнинг йирик суратлари осилган, полга бир хил қаймоқранг гулли, қалин шерозий гиламлар тўшалган. Кун чиқиш тарафида театрларнинг орқа ложасига ўхшаган болохона бўлиб, унинг олди кулранг мато билан тўсиб қўйилган, бу хонаи хос — аёллар намозгоҳи эди…
Саҳар туриб қарасак, автобус ойналарини оппоқ, қалин муз-қиров қоплабди, мотор ишлатиб қўйилгач, анчадан кейин эриди.
Сарахсга кетган ҳамроҳларимиз келишди.
Божхоначилар бизнинг вақт билан соат тўққиздан иш бошлашлари керак эди, анча ўтди, бизга зарур кимсалардан дарак йўқ. Кутаяпмиз. Сарахс, демакки, Машҳад томондан юк ортилган улкан ва поезд вагони каби узун машиналар қаторлашиб кириб келмоқда.
Таниш дашт оралаб Машҳад сари кетдик. Афғонистонда кўрганим — тепа қисми қалъани эслатувчи тоғлар силсиласи бу ёқда ҳам бор эди. Даврдош, қисматдош тоғлар бўлса керак, деб ўйладим.
Кўча соз ва озода, тоғлар, адирлар гиёҳли, истарали. Ёнбошдан яна янги, ғоят пухта йўлга ҳозирлик кўрилмоқда эди.
Ҳар ўн чақиримда йўл кўрсаткич лавҳалар, устунлар.
Шунча узоқ — икки юз километрдан зиёд масофада солярка бўлмади. Бир ёнилғи қуйиш шахобчаси учради-ю, у ҳам берк экан.
Ҳар сафаргидай, Машҳадга оқшом тушганда, аммо чироқлар кўчаларни, шаҳарни чароғон қилиб турганда кириб бордик.

МАШҲАД. ИМОМ РИЗО ВА УНИНГ ҲАРАМИ

2004 йил, 24 декабр, чоршанба

Эрталаб машварат, яъни қисқа мажлис бўлди. Умумий тартиб-қоидалар, келгусидаги режалар, хусусан, шу бугунги дастур, иқтисодий-молиявий масалалар яна бир карра муҳокама қилинди, фикрлашиб олинди.
Опалар меҳмонхонада қолишди. Бошқаларимиз Имом Ризо ҳарамига жўнадик.
Ҳамма кўчаларнинг икки бетидаги зич дўконлар янада қалинлашган, бинолар чиройли пештоқларидаги ном-лавҳалар, рекламалар қуюқлашган, гўзаллашган. Дўкон ичларида мол бисёр, ранг-баранг ва хилма-хил.
«Машҳад»нинг асли луғавий маъноси «шаҳидлар қони тўкилган жой», «шаҳид бўлган жой» дегани, аммо эндиликда у мулки тижоратга айланган, шаҳар катта бозору, аҳли фақат олди-сотди билан шуғулланадигандай таассурот уйғотади одамда.
Машҳад — ҳайратлар шаҳри! Зеро, у мамлакат вилоятлари ичида энг каттаси ва машҳури бўлмиш Хуросон музофотининг марказидир.
Шаҳар ҳақида аввалги сафарномаларда қисман тўхталиб ўтган эдим. Китобхонларимиз эътиборига яна шуларни ҳавола қилиш мумкин: Машҳад ҳам анча қадимий шаҳарлардан бўлиб, бу ном дастлаб X аср араб жуғрофиюнларининг асарларида тилга олинган. Ундан аввал Машҳад ўрнида Санобод деган қишлоқ бўлган. XI-XII асрларда ғазнавийлар ва салжуқийлар ҳукмронлик қилишган. XIII аср охирларида шаҳарга мўғуллар ҳужумидан жиддий шикаст етган. Темурийлар, сафавийлар даврида Машҳад ҳар жиҳатдан равнақ топган. 1736-47 йилларда Нодиршоҳ давлатининг пойтахти бўлган. 1795 йили шаҳарни кажорлар эгаллаган. Шаҳарда Имом Ризо ҳарамидан ташқари, Гавҳаршодбегим масжиди, Мадраса, карвонсаройлар, Нодиршоҳ мақбараси ва бошқа археологик ёдгорликлар, тарихий обидалар сақланиб қолган.
Дарвоқе, «Бобурнома»да келтирилишича, Машҳадда бир қанча муддат Султон Ҳусайн Мирзо (Бойқаро)нинг ўғли, Бобур Мирзонинг яқин жигарларидан Ҳайдар Мирзо ҳам ҳокимлик қилган.
Алалхусус, Имом Ризо ким бўлган? Аввало, мазҳаб ҳақида. Шариатимиздаги мазҳаблар диний ҳуқуқлар, йўналишлар, вазифаларни белгилаб берадиган оқим, таълимот мазмунидан вужудга келган. Ҳозир суннийликда тўртта – ҳанафия (асосчиси Абу Ҳанифа -Имоми Аъзам), моликия (асосчиси Молик ибн Онас), шофиъия (асосчиси аш-Шофиъий), ҳанбалия (асосчиси Ибн Ҳанбал), шиаликда эса битта — Жаъфария (асосчиси Жаъфар ас-Содиқ) мазҳаблари мавжуд.
Суннийлик «сунна» сўзидан олинган бўлиб, анъана, хатти-ҳаракат тарзи деган маъноларни ифодалайди ва Муҳаммад пайғамбаримиз сўзлари, яъни ҳадислари, саъй-ҳаракатларига асосланган йўналишдир. Мутахассисларнинг ҳисобларига кўра жаҳон мусулмонларининг қарийб тўқсон фоизини суннийлар ташкил этади. (Суннийликда чорёрлар (тўрт дўст) — Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб Муҳаммад пайғамбаримиз давлатининг қонуний ворислари, давомчилари ҳисобланади). Қолган ўн фоиз ҳам суннийлар каби Қуръони каримни илоҳий деб эътироф этсалар-да, халифалар даврида унинг айрим қисмлари тушириб қолдирилган деб ҳисоблайдилар ва фақат Ҳазрати Али ва унинг авлодларини, шу жумладан, ўн икки имом ҳокимиятини тан оладилар. Халифа Али билан Фотима (Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизи)дан тарқалган, исломнинг қонуний раҳнамолари деб ҳисобланувчи имомлар сулоласи қуйидагилардир: 1. Али ибн Абу Толиб. 2. Ҳасан. 3. Ҳусайн, 4. Зайн ал-Обиддин Али. 5. Муҳаммад ал-Бакир. 6. Жаъфар ас-Содиқ. 7. Мусо ал-Козим. 8. Али ар-Ризо. 9. Муҳаммад ат-Тақий. 10. Али ан-Нақий. 11. Ҳасан ал-Аскарий. 12-имом Муҳаммад ал-Маҳдийни яширинган (дунёвий илм китобларида ғойиб бўлган) дейилади ва замона охирида ерга қайтиб келиб, адолатли тузум ўрнатади, деб ҳисоблайдилар.
Машҳад шаҳрининг муқаддас зиёратгоҳга айланишининг асосий сабабчиси, ўн икки имомнинг тартиб бўйича саккизинчиси, мана шу, биз ҳарамини ҳайрат билан томоша қилаётганимиз Али ар-Ризо (Али ибн Мусо ҳам дейилади) саккизинчи аср охири ва тўққизинчи аср бошларида Мадинада яшаган. Китобларда ёзилишича, халифа ал-Маъмун шиалар билан яқинлашиб, улар ёрдамида ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида Али ар-Ризони тахт вориси деб эълон қилади. Суннийлар бунга қарши чиқадилар. Кўп ўтмай Али ар-Ризо Хуросоннинг Тус шаҳри яқинида заҳарлаб ўлдирилган ва Санобод қишлоғига дафн этилган. Кейинчалик унинг қабри устига мақбара барпо этилган ва қишлоқ унинг шарафига Машҳад Али Ризо (Али ар-Ризо шаҳид бўлган жой) деб атала бошланган, орадан йиллар ўтиб Машҳад номидаги йирик шаҳарга айланган.

Илҳомжоннинг Машҳадга, Имом Ризо ҳарами остонасига бешинчи бор қадам ранжида этиши, лекин бирор марта ёдгорлик ичига кирмаган, зиёрат қилмаган экан. (Бояқиш машинани пойлайди-да). Бу гал ҳам шундай қарорга келинаётган эди, мен кўриқчиликдек шарафли вазифани зиммамга олиб, ўз ваколатимни камтарин ва камсуқум сафардошимизга бердим. Унинг чеҳрасига мамнунлик ранги югурганини кўриб, ўзим ҳам хушнуд бўлдим.
Машина кўп, қатнов, тиғиз, ҳайдов шитоб — ҳарамга кириб-чиқувчилар оқимининг охири йўқ. Хусусан, аёллар кўп — бари қора ридода. Бояқиш ожизалар… камига қўлқоп ҳам кийиб олишган.
Мажмуа ҳудуди катта — бир неча гектар бўлса керак. Уни хотиржам, астойдил айланаман десангиз, Машҳадда бир неча кун қолиш керак бўлади.
Зиёратгоҳ билан ёндош Имом Ризо майдони мавжуд. У ҳам кенг, ундан чор атрофга йўллар кетган. У ёқдан-бу ёққа ғизиллаб юрган машиналарни кўриб бошингиз айланади. Майдон тагидаги ер ости кўчаларида эса ақлингиз шошади: тепадаги каби доира йўл, ҳар ер-ҳар ердан ўнгга юриб, худди спортлото коптогидай четга — юқорига чиқиб кетилади. Орқага қайтиш мумкин эмас, бунинг иложи ҳам йўқ. Биз ҳам уч мартача айланиб ўтиб, ҳарамнинг асосий кириш дарвозасига олиб чиқадиган бурилишни аранг топиб олдик. Чунки қатнов бир неча қат, тез, шиддатли, форс ва инглиз ёзуви ва тилларидаги осма лавҳаларни — йўл кўрсаткичларни ўқиб, англашга улгуриш қийин.
Ҳарам теварагида қад кўтарган темир ҳавозалар зиёратгоҳ кенгайтирилаётганидан далолат беради.
Назорат расталари аввалги сафар кўрганимиздай: «деворлари» матоҳдан, чор бурчакли чодирсимон «хона»чалар. Эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида «хона»дан ўтишади. Текширувчилар қўлтиғу чўнтакларингизни пайпаслаб туришади. Фотоаппарат, видеокамера олиб кириш қатъиян тақиқланган.
Автобус атрофида айланиб юрибман — вазифа ўта масъулиятли. Хийладан кейин Муҳаммад Содиқ ҳарамнинг бир ходими билан чиқиб, coвғa-саломлар ва «Усмон қуръони» китобининг микрофильмини олиб кириб кетди.
Ҳарам зиёратидан чиқиб, Жом қишлоғига жўнадик — «Шоҳнома» асарининг муаллифи Абулқосим Фирдавсий қабрини — «Оромгоҳи Фирдавсий»ни зиёрат қилгани. Илгари икки ёни асосан тутқатор бўлган йўл кенгайиб, ўзгариб кетибди, қурилишлар, янги бинолар кўп эди. Дарвоқе, Жомни эндиликда Тус шаҳарчаси дейилади — у Машҳаднинг ғарб томонида.
Фирдавсий бир замонлар ўз юртига сиғмай, дарбадарлик ҳирқасини елкасига ташлаб чиқиб кетган эди, энди унинг шарафли номини улуғ шоир қабр-мақбарасини тавоф айламоққа келган минг-минглаб инсонлар ёд этмоқда.
Муҳаммад Содиқ тележурналист дўстимиз Фаррух Расуловдан ҳам синчковроқ чиқиб қолди. У қўлига тушган нарса борки, обдон кавлаб, ички сир-асрорини тўла ўрганиб, тузукни ишдан чиқариб, бузуқни ўнгламагунча қўли ҳам, кўнгли ҳам тинчимасди. Раҳбарнинг фотоаппаратини бузиб, хийла таъзир еб эди, аммо этаги ҳазил-ҳузулга (кўпчилик яхши-да) айланиб, танбеҳ тиғининг дами ўтмаслашди. Қолаверса, у беғараз, самимий инсон, дили кибру ғубордан холи, югуриб-елиб хизмат қилиб юрибди. Биргина шахснинг таржимони бўлишлик қанчалар оғиp, заҳматли юмуш. Олти кишига тилмочлик қилишни айтинг. Яна, ҳаммаси ҳар хил тоифа… Бунинг устига, у аввал ҳам экспедициянинг бир неча сафарида иштирок этгани учун раҳбарнинг феълу одатларини, унинг жаҳли кўпга чўзилмаслигини тушуниб қолган эди.
Сафарда юзни қаттиқроқ, ориятни сал юмшоқроқ тутиб юрган маъқул. Акс ҳолда, узоққа бориш қийин. Сафардаги аския, ҳазил-ҳузулларда ёш унча инобатга олинавермайди, амал, мартаба ҳам…
Опалар палов дамлашди. Бир лаззатли бўлибди. Эрон турпи ҳам Андижон ошига хўп айтаркан-да!
Режамизда атоқли туркман шоири Махтумқулининг қабрини зиёрат қилиш мўлжали ҳам бор эди. Бобур экспедицияси учун буюк зотларнинг миллати, туғилган жойлари эмас, уларнинг маърифий-ижодий фаолияти, илму фан ривожига, Шарқ, умумжаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси муҳим! Қолаверса, билим ва заковатини мукаммаллаштириш мақсадида Мовароуннаҳру Хуросоннинг кўпгина маълум ва машҳур шаҳарларида бўлган адибнинг ёшлигида Хива, Бухоро билан бир қаторда Андижондаги мадрасалардан бирида таҳсил кўрганлиги ҳам биз учун алоҳида эътиборга молик далилдир. Шоирнинг бадиий тасвир воситалари Фарғона водийсига хос иборалар, рамзлар, кўчиримлар билан бойитилган айрим шеърлари Андижонда истиқомат қилган вақтларида ёки ўша даврларнинг хотиралари, таассуротлари асосида ёзилган, деб тахмин этиш мумкин.
Хуллас, Махтумқули ҳам ўз ватани, элидан мосуво бўлиб, маърифат ва зиё излаб юртма-юрт кезган сиймолардан. Шоир қабрини Эроннинг машҳур Мозандарон шаҳрида, Машҳаддан етмиш чақирим нарида, деб эшитган эдик, ундоқ эмас экан, 500-550 километр атрофида экан. Суриштирганимизда у ерга Гургон (Астробод) шаҳри яқинидаги Оқ қалъа орқали ҳам бориш мумкин, дейишди. Оқ қалъанинг имом-хатиби Муҳаммад Содиққа таниш экан, меҳмонхона телефонидан мулозимлар ёрдамида қўнғироқ қилиб гаплашди.
Масофа ҳам, вақт ҳам кетмоқда — Машҳадгача икки минг километр юриб, муддатнинг, умрнинг беш кунини сарфлаб кўйган эдик. Йўналишларни ўрганиш муаммоси туғилиб, менга Эрон харитасини топиб келиш топширилди. Кўчага чиқдим — йўл билмайман. Харита сотадиган дўкон қайда, харитани нима дейишади — сўролмайман — гунгман. Хуллас, анча қидириб, дўконни топдим, имо-ишора билан харитани сотиб олдим.
1 доллар –830-840 туман — 8300-8400 риёл, яъни 1 туман — 100 риёл.
Меҳмонхонанинг унча катта бўлмаган қабулхонаси — кутиш зали деворларида ҳам эронликлар даҳоси, пири Руҳулло Ҳумайний, мамлакатнинг ҳозирги диний, олий раҳбари Саид Али Ҳаменийнинг улкан суратлари осиб қўйилганди. Президент Саид Ҳотамий расми негадир камроқ.
Кеча чарчаб, донг қотиб, ухлаб, туни билан машина қатнови тинмаслигини билмаган эканмиз, шекилли. Безовта бўлиб ухладим. Эрталаб Муҳаммад Содиқ билан Илҳомжон ҳам (учовимиз хонадош эдик) вужудларининг эзилиб кетганидан шикоят қилишди. Менимча, шароитнинг азбаройи яхшилигидан. Автобусда тош йўлларда силкиниб юрган баданларга бу ердаги парқу тўшаклар ўта юмшоқлик қиляпти, чоғи.

2004 йил, 25 декабр, пайшанба

Кеча Зокиржон ака Имом Ризо мажмуасидаги «Остони қудс» («Муқаддас остона») кутубхонасида «Хатти Бобурий»дан нусха олишни илтимос қилганида кутубхона мутасаддилари юқори маҳкамалардан сўраб кўрамиз, дейишган экан, бугун яна бордик.
Назорат масканларидан чиқилган жойда, ҳарамга кираверишда ичкарига ўтган зиёратчиларга бир-икки донадан конфет улашиб туришарди. Суриштириб билсак, бугун Имом Ризо синглисининг таваллуд куни экан.
Китобхонада 2000 йили бизни Қуръон музейигача кузатиб қўйган, шахсан менга ҳамроҳ, бўлиб, ғалча-назоратчи ҳузурига борган одамни кўриб қолдим — уни пастак, ғўласимон гавдасидан, олди томони сийраклаша бошлаган, калта кузалган мошгуруч сочидан танидим. У ҳам бизни эслаганди, жилмайганича қўл узатиб: «Шомуродий, сизларчасига Шомуродов», деб ҳазиллашди.
Лекин, бу ташрифимизнинг ҳам самараси нақд бўлмади.
«Қисқа фурсатда китобдан нусха кўчириб бериш имконимиз йўқ, агар Машҳадда кўпроқ турсаларингиз тайёрлаб қўйишимиз мумкин», — деди кутубхона мудири оғои Миржова гўё таассуфланган оҳангда.
Ҳаётий тажрибаси мўл, нозик ҳолатларни нозик ҳис қиладиган Зокиржон акада ҳамиша эҳтиёт шарт фикр, чора бўларди.
– Хўп, неча кун муҳлат берасизлар бизга? — деб сўради у буюртмачилик ҳуқуқини кутубхоначиларга инъом этиб.
– Кам деганда ўн беш-йигирма кун… — дейишди.
– Ваъдаларингизга умид қилса бўладими? — сўради раҳбар сал бўшашгандай.
– Бизнинг сиёсатимиз — айни диёнат, диёнатимиз — айни сиёсат, — деб ўзича лутф қилди Миржова жаноблари. У ҳар қандай экспедиция ҳам бир шаҳарда шунча узоқ муддат туролмайди, деб ўйларди.
– Бир ой десангиз ҳам кутамиз, — деди Зокиржон ака қатъий. Зеро, раҳбарнинг ушбу экспедициядан кўзда тутган асосий мақсадларидан бири ҳам Бобур Мирзонинг ана шу табаррук асарини қўлга киритишдан иборат эди. Қолаверса, биз кейинги мамлакатларни айланиб келгунимизча бир ойдан ҳам кўпроқ фурсат ўтиши аниқ эди.
Кутубхонанинг илтифотли фармонбардорлари бир-бирларига қарашди. Улар раҳбарнинг дангаллиги, қайтмаслигига ҳайратларини ёки «энди бу ёғи нима бўлди?», деган саволни бир-бирларига сўзсиз изҳор этишди, чамаси. Зокиржон ака худди шу жойда мубоҳасага нуқта қўйилганига шама қилгандай, мезбонлар билан тезгина хайрлашди.
Хуллас, пешиндан кейин, соат учларга яқин отландик. Меҳмонхонанинг иш юритувчиси Муҳаммад Носир шаҳар ташқарисигача олиб чиқиб, йўлни кўрсатиб юборди.
Нишопурнинг эски йўли янги кўча билан анчагача ёнма-ён борди-да, кейин ўнгга бурилиб, бир боғ ичига кириб кетди.
Ёмғир севалай, йўқ, зарралай бошлади, кейин савалашга ўтди ва бир кучайиб-бир сусайиб, охири қорга айланди.
Дарахтзор ичидан бошланган йўл дашт, тоғлар оралаб давом этди. Тоғликдан тушганимизда қор йўқ эди, яна озгина юрганимизда булутларни йириб-йиртиб қуёш йилтиллади-да, кўп ўтмай чарақлаб кетди. Хуллас, бир йўлда, бир неча соат мобайнида қиш ва куз ҳаволарига шоҳид бўлдик.
Бевазан (тул хотин), Машҳад, Алиобод, Муҳаммадобод, Ишратобод, Ҳусайнобод қишлоқларидан ўтдик. Чиндан-да, обод, саришта масканлар эди. Аммо, ҳар тўкисда бир айб деганларидай, ёнилғи қуйиш шохобчаси учрамасди. Нишопурга кираверишда бор-у, навбат катта экан, ўзбекчасига «ёнбош»дан бориб қуйдириб олдик.

НИШОПУР

Эроннинг шимоли-шарқий қисмида, Хуросон остонасида жойлашган ушбу шаҳарга учинчи аср ўрталарида асос солинган, номи Шопур-1 ёки Шопур-2 исми билан боғлиқ дейилади манбаларда (тарихий асарларда «Найсабури» ҳам ёзилади). Еттинчи аср ўрталарида уни араблар эгаллаган. Тўққизинчи асрда Тоҳирийлар, X асрда Сомонийлар давлатига қараган, XI-XII асрларда Салжуқийлар қароргоҳи бўлган. Сўнг шаҳарни ўғузлар вайрон қилишган.
Ҳа, Нишопур ҳам Балх каби, Бомиён каби жабрдийда шаҳар. Манбаларда битилишича, ёвуз мўғул босқинчилари 1221 йилнинг айни баҳорида боғу гулзорлар чаман-чаман гул очган, ердан ризқу рўз тафти кела бошлаган бир паллада Нишопурга бўри галасидек ёпирилиб киради. Шаҳарни ишғол этиш пайтида ҳалок бўлган ҳар бир саркарданинг ўчи, қасоси учун тўрт юз ҳунарманддан бошқа ҳаммани тиғдан ўтказадилар, шаҳарни ер билан яксон этиб, ўрнини шудгорлаб ташлайдилар.
XIV-XV асрларда шаҳар қайта тикланади.
Шуҳрати Балхдан қолишмайдиган, бир замонлар Хуросон пойтахти бўлган Нишопур ва унинг атрофида табиий ва қўл меҳнати билан бунёдга келадиган бойликлар кўп, масалан, шаҳарга яқин жойда феруза кони мавжуд. Аммо, биз — маънавият кишилари учун Нишопурнинг энг катта бойликлари — Умар Хайём ва Фаридиддин Аттор каби буюк сиймолари азиз ва қадрлироқдир. Шунингдек, бу файзли шаҳарда юртдошимиз — шоир, олим ва мусаввир Адиб Собир Термизий (XI аср) ҳам кўп йиллар истиқомат қилган, таниқли давлат арбоби, маърифат ҳомийси, ал-жабр ва илми нужум олими Абулқосим Али бинни Жаъфар томонидан қурилган расадхонада ишлаган.

УМАР ХАЙЁМ

Ҳаким, файласуф, риёзатчи-мунажжим, шоир Умар Хайём — Fиёcuддин Абдулфатҳ Умар ибн Иброҳим (XI асрнинг иккинчи ярми, XII аср бошлари) Нишопур, Балх, Бухоро, Самарқанд, Исфаҳон шаҳарларида ўқиган, илму фаннинг жуда кўп соҳалари билан изчил шуғулланган. Масалан, Исфаҳон расадхонаси олимларига раҳбарлик қилиб, бу ерда ал-жабр, фалакиёт бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган. «Ал-жабр ва ал-муқобала исботлари ҳақида рисола» асарида сонлардан бутун мусбат илдиз топишнинг умумий қоидасини математика тарихида илк бор исботлаган, Григорий тақвимидан ҳам аниқроқ қуёш тақвимини яратган, афсуски, бу ихтиро ўша пайтда соҳа билимдонларининг камлиги ва халқаро миқёсда оммалашмагани боис ҳаётга татбиқ этилмаган.
У «Коинот ва унинг вазифалари ҳақида рисола», «Борлиқ ҳақида рисола», «Борлиқнинг умумийлиги ҳақида рисола» ва бошқа ўнлаб фалсафий асарларида Пифагор, Арасту, Птоломей, Ал-Хоразмий, Ибн Сино каби улуғ мутафаккирларнинг қарашларини ёқлайди, шарҳлайди, муносабат билдиради, табиат сирлари, ҳаёт ҳақиқатини излайди, ўз кузатишлари, мулоҳазаларини баён этади.
Умар Хайёмнинг «Наврўзнома» асари Шарқ халқларининг Янги йил байрами бўлмиш Наврўз, унинг келиб чиқиш тарихи, аждодларимизнинг шу баҳор, шодлик айёми ила боғлиқ таомил, урф-одатлари тўғрисида муфассал маълумот бериш билан бирга, форс адабиёти тарихида наср жанри тараққиётига маълум даражада хизмат қилган.
Аммо Умар Хайёмга унинг дунёдаги кўп тилларга таржима қилинган рубоийлари оламшумул шуҳрат келтиради. Шоирнинг ҳажман ғоят сиқиқ, фалсафий теран, инсон ва ҳаёт, умрнинг ғаниматлиги, уни хуш, мазмунли ўтказишга даъват этадиган, бадиий жиҳатдан юксак рубоийлари ҳали-ҳануз турлича талқин этилади. Бир замонлар (ҳатто ўзи ҳаётлигида ва энг кейинги шўро даврида) файласуф шоирни даҳрийга чиқардилар. Ҳолбуки, унинг асарлари муқаддимасидаги Оллоҳга ҳамду санолар ва Муҳаммад алайҳиссаломга салому саловотлар баёни, умри охирида Бухорога келиб саҳиҳ, ҳадислар тўплами муаллифи Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилиб, сўнгги рубоийларидан бирида Тангрига истиғфор айтгани, шундоқ исломий юрт — Эронда шоир шаънининг шунчалар иззату икромга буркалиб, хотирасига муҳташам ёдгорликлар бунёд этилгани бу ғалат фикрларнинг аксини исботлаб турибди. Ижодкор истеъдодининг кучи, сири ҳам шундаки, унинг асарларини ўқиган ҳар бир китобхон ўзича маъно ва ғоя топади, ақли ва дунёқараши доирасида хулоса чиқаради.
Қисқаси, Умар Хайём тўрт сатрдан иборат бўлган шеърият тури — рубоийнинг мумтоз адабиётимизда мустақил асар — жанр сифатида шаклланишига ва такомилига мислсиз ҳисса қўшган. Унинг бу борадаги ўзига хос анъаналари кейинчалик кўплаб аҳли қалам томонидан давом эттирилди ва давом эттирилмоқда. 1912 йили уммонга чўкиб кетган машҳур «Титаник» кемасида Умар Хайёмнинг рубоийлари қўлёзмаси ҳам бўлганлиги ва унинг қиммати ниҳоятда юқори баҳоланганлиги бежиз эмас, албатта.

Кўҳна Нишопур кўчалари бўйлаб борар эканмиз, беихтиёр Умар Хайём рубоийлари ёдга тушади:

Сен-мендан олдин ҳам тун-кун бор эди,
Айланган фалак ҳам бутун бор эди.
Тупроққа авайлаб қадамингни қўй,
Бу тупроқ қаро кўз бир нигор эди….

Шаҳар марказида бир неча тарихий обида бўлиб, энг содда, камтарона, айни вақтда кўркам қурилган, Умар Хайём хотирасига бағишлаб бунёд этилган, расмий маълумот-китобларда «Павильон-ротон» деб номланувчи сағана-ёдгорликдир. Одатдаги мақбаралардан батамом фарқ қилувчи мазкур қурилма бир қарашда қабр устига тикланган иншоотга ҳам ўхшамасди: қабр тоши атрофида салобат, виқор билан кўкка бўй чўзган, узун ромб шаклидаги ўнта гулдор, нақшли мармар-бетон устун ярим йўлда бир-бири билан кесишиб, rўё ҳандасавий бурчаклар ҳосил қилиб, учлари гумбазсимон кўринишда туташиб кетган. Бир қарасангиз, илми нужумга ишоратдай, тўгарак жаҳон — фалакиёт рамзидай… Яна бир боқсангиз, гулчамбарни ҳам эслатиб юборади. Сарасаф солиб кузатсангиз, ўтовга, томи баланд қилиб кўтарилган чодирга ҳам менгзаш мумкин. Зеро, шоирнинг тахаллуси «Хайём» ота касби чодирдўзликдан олинган-ку.
Менинг назаримда эса, даҳма Умар Хайёмнинг рубоийларига қиёсан, тақлидан яратилгандай: сиртдан соддага ўхшайди — кам сўз сарфланган, лекин улардан турфа маъно жилваланиб туради.

РИВОЯТ. Мактабдош уч дўст — Низом-ул-мулк, Ҳасан Саббоҳ ва Умар Хайём бир-бирларига бир умр садоқатли бўлишга, қай бирлари юксак мартабага кўтарилса, бошқаларига ҳомийлик қилишга ваъдалашадилар. Воқеан, Низом-ул-мулк мансаб пиллапояларидан юқорилаб, салжуқийлар сулоласининг подшоҳи Маликшоҳга вазир даражасига етишади. Ҳасан Саббоҳ йирик руҳоний бўлиб кетади. Умар Хайём эса илму ижод йўлидан бориб, қашшоқликда кун кечиради. Бир куни у Низом-ул-мулкка болаликдаги онтларини эслатганда: «Сенга Нишопур ҳокимлигини бердим», дейди вазир. «Улусга ҳокимлик қўлимдан келмас, — деб эътироз билдиради Умар Хайём. — Яхшиси, буюр, менга йилда бир бора нафақа берсинлар, бир пиёла сариқ сув, бир бурда нон билан куним ўтар, илм чўққиларини эгалласам бас». Низом-ул-мулк Нишопурдан келадиган солиқлардан дўстига 10 минг динор нафақа тайин қилади.
Умар Хайём ёдгорлиги рўпарасида жойлашган Имомзода Муҳаммад Moҳpyҳ номидаги ҳашаматли, аммо эски мақбара-масжид остонасида хуфтон намозини ўқиб чиқаётганларга дуч келдик. Менинг эътиборимни аксарият кекса эркакларнинг қотмалиги ўзига тортди. Таажжубки, қора ҳижоб ёпинган аёллар ҳам шундай эди.

ФАРИДИДДИН АТТОР

Форс-тожик мутафаккири, тасаввуф шеъриятининг йирик намояндаларидан бири, «сирлар жавоҳирини тузувчи» (Навоий) Шайх Фаридиддин Аттор — Муҳаммад ибн Абубакр бинни Иброҳим ўн иккинчи аср ўрталарида, ҳижрий 513 йилда Нишопур яқинидаги Хадкана қишлоғида таваллуд топган. Сўфийликнинг таниқли тарғиботчиларидан Боязид Бистомий (IX acp), Ҳусайн ибн Мансур ал-Халлож (IX-X асрлар) ғояларини давом эттирган. У ўз асарларида инсон ва табиат хусусиятлари, ахлоқ ва маданият, яхшилик ва ёмонлик, камтарлик ва такаббурлик, олижаноблик ва худбинлик ҳақидаги эзгу қарашларини рамзий кучлар, тимсоллар воситасида ифодалаб, дўстликни, вафо, садоқат, сахийлик каби одамий фазилатларни улуғлайди, ижтимоий иллатларни қоралайди.
«Султон-ул ҳақиқатёр» деб ном қозонган шайх ва шоир Фаридуддин Атторнинг турли соҳа ва мавзуларда «Мухторнома», «Хисравнома», «Асрорнома», «Булбулнома», «Гул ва Хурмуз», «Уштурнома», «Васиятнома», «Илоҳийнома», «Меърожнома», «Мусибатнома», «Жавоҳирнома» ва бошқа ўнлаб асарлари маълум. Шулар жумласига кирувчи «Тазкират ул-авлиё» ислом оламида мўътабар, «Мантиқ ут-тайр» эса маънавият, бадиият аҳли ўртасида машҳуру мукаррамдир.
«Буюк тилшунос, юзларга боқиб юракларни ўқувчи», ўзи ҳам авлиё мақомини олган бу улуғ зотнинг «Гўзал ахлоқ битиги» дея таърифланмиш «Тазкират ул-авлиё» («Авлиёлар китоби») рисоласида пировард мақсад-мазмуни имон-эътиқод собитлиги, маънавий-руҳий поклик, комил инсонликка эришиш йўллари, валийларнинг ибратли ҳаётлари, ҳайратомуз кароматлари, ўгитлари, ҳис-туйғулари мисолида кўрсатилади.
«Тазкират ул-авлиё» («Ўзбекистан миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, Мирзо Кенжабек таржимаси), асарининг таржимаси иловасида нақл этилишича, шоир аллома 29 йил Нишопурда, 85 йил Шодибах шаҳрида яшаган.
Жалолиддин Румий Балхдан қувғин қилинган отаси Баҳоуддин Валад билан Маккаи мукаррамага бораётганида Нишопурда Фаридуддин Аттор ҳузурига киришган ва бўлғуси улуғ донишманд пир, устоз дийдори, суҳбатидан баҳра олган. Мавлоно у маҳал ёш бола, Аттор эса кексайган эди. Жалолиддинга «Асрорнома» асарини ҳадя қилади. У китобни ёнидан қўймай, доимо ўзи билан олиб, ўқиб юради.
Фаридиддин Аттор вафоти билан боғлиқ бир ривоят машҳурдир. Шайх Аттор умрининг охирида узлатни ихтиёр этган. 114 ёшга етганда мўғул Чингизхон аскари қўлига асир тушада ва бир муштарий-харидор уни минг дирҳамга сотиб олмоқчи бўлади. «Ўз асарларида инсоннинг камолот йўлини чизиб берган, ўнлаб шеърий китоблари ила дунёга донг таратган, лекин ҳеч қачон давлатдорлар ва сарватдорлар мадҳида қаламини булғамаган бир сиймо» (Радий Фиш) бу ҳимматни рад этади:
– Сотма, — дейди душман аскарига, — менинг нархим бундан баланддир.
Охири яна бир мўғул навкари шеригини масхара қилиб:
— Бу пирни бир қоп сомонга сотасанми? — деб сўрайди. Шунда Шайх:
— Энди сотгил, менинг нархим шудир, — дейди.
Ғазабланган мўғул навкари қари, заиф чолнинг бўйнига қилич тортади ва ҳазрати Аттор шу тариқа кофирлар қўлида шаҳид кетади.
Тасаввуф мулкининг дурдоналаридан бири саналмиш «Мантиқ ут-тайр» асари бутун Шарқ маданияти оламида беқиёс шуҳрат қозонган. У Жалолиддин Румий, Маҳмуд Шобистарий ва бошқа йирик шоирлар ижодига кучли таъсир кўрсатган. Ўша руҳда, ўша мавзуда яна бир қанча асарлар вужудга келган.
«Бу дунёнинг энг тоза гавҳарларини бағрига жо этган» (Р.Фиш) «Мантиқ, ут-тайр»ни ёд олган, унинг таассуротлари ва таъсиротларини бир умр онгида, юраги қатида сақлаб юрган Алишер Навоий ҳам ниҳоят, умри поёнида у мўътабар асарга жавоб, тазмин тарзида «Лисон ут-тайр» («Қуш тили») асарини ёзган.
Фаридиддин Аттор мақбараси, шаҳардан бир неча чақирим кунчиқиш томонда боғсимон, хиёбонсифат жойда бўлиб, яқин-атрофида бир-икки тижорат дўкончасию чоққина емакхонадан бошқа бино йўқ, унга олиб борадиган йўл ҳам алоҳида, кенг, текис, икки бетида дарахтлар саф тортган, шинам эди.
Афсуски, кечиккандик. Ёдгорликнинг ишчи-хизматчилари кетиб қолишганди, ҳатто қоровулни ҳам топиб бўлмади. Мақбарани теварагидан — темир панжара орасидан ва устидан томоша қилиш билан чекланишдан ўзга чорамиз йўқ эди. Зиёратчилар учун рус тилида чиқарилган «Нишабура» сарлавҳали, тўғрироғи русчага нўноқларча ўгирилган суратли букламда (уни бизга Хайём сағанаси олдида беришди) шундай фикр ва далиллар битилган эди: Шайх Фаридуддин Аттор Нишопурийнинг мақбараси дастлаб шаҳар бош қозисининг саъй-ҳаракати билан барпо этилган. Мазкур сағана бузилиб кетгач, Алишер Навоий Аттор қабри устига чиройли бир даҳма қурдирган. Аммо у мақбара ҳам Кажорлар ҳукмронлигининг сўнгги даврларида вайрон бўлган. Ҳозирги ёдгорлик 1341 (ҳижрий-қамарий бўлса керак – Қ. К.) Миллий мерос жамияти томонидан буржи мусамман усулида икки гумбазли қилиб тикланган.
Фаридуддин Аттор ёдгорлиги яқинида яна бир тарихий обида — ўз даврининг етук ижодкорларидан бўлган Камололмулк сағанаси ҳам бор. У мумтоз меъморчилик билан замонавий биносозлик анъаналарини ўзида мужассамлантирган кўркам иншоот ҳисобланади.

ОДАМЛАР ВА ОТЛАР

Вақт кеч бўлишига қарамай Нишопурдан жўнаб кетдик. Икки соатча юриб, дурустроқ жойда тунамоқчи эдик. Биз адашдик. Шу адашиш жараёнида Сабзавор бикинидан ҳам ўтдик.
Сарбадорлар давлати вужудга келган, ўн тўртинчи аср охирларида Амир Темур ўз мамлакати ҳудудига қўшиб олган бу таниқли шаҳарга маълум муддат Алишер Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина ҳокимлик қилганини эсладик.
Сабзавор билан боғлиқ, хотирлашга муносиб яна бир далил, тарихий шахс бор эди — бу қадимий шаҳарда теран маъноли, нозик қочиримлар, лутфларга мўл ҳикоятлар устаси, кўҳна ва бой Шарқ адабиётида биринчи бўлиб ўзидан аввал ўтган буюк тарихий шахслар, адиблар ҳақидаги нақлу ривоятларни тўплаб, катта адабий-илмий қимматга эга бўлган «Латоиф-ут-тавоиф» («Турли тоифалар тўғрисидаги латифалар») деган китобига жамлаган ва Алишер Навоийнинг юксак баҳосини қозонган Мавлоно Фахриддин Али Сафий таваллуд топган. Бўлажак адиб ёшлигида Ҳирот мадрасаларида ўқиб, Абдураҳмон Жомийдек устоз таълимини олган, кейинчалик Самарқандга келиб, Хожа Убайдулла Аҳрорга котиблик қилган.

САФИЙ ҲИКОЯТЛАРИДАН:

— Шўрвани араб тилида нима дейдилар? — сўрашибди бир арабдан.
— Сахун! — жавоб берибди араб.
— Совуғини-чи? — яна сўрашибди.
— Биз шўрвани совутмасдан ичиб қўямиз, — дебди у ҳозиржавоблик билан.

* * *

Ота-бола айбдорни ҳоким олдига келтиришиб, аввал отани юз дарра урдилар — ота вой, демади. Аммо ўғлини ётқизиб, бир дарра уришлари ҳамон «оҳ!», деб юборди.
— Ўзинг юз дарра калтак еганингда ғинг демадинг, нега энди бунга бир дарра уришимиз билан фарёд чекасан? — деб сўрашибди.
— Аввалги калтаклар менинг танамга ботганди, бу зарба жигаримга тегди, — дебди падари бузруквор.

Узоқ юриб, Султонобод, Феруз, Бузғон, Чаканд шаҳарчаларидан ўтиб, Эрон вақти билан кечки ўн бир, бизда тунги ўн икки ярим — кечанинг деярли қоқ белида Кучан шаҳрига етиб бордик. Меҳмонхона излаб чорак кам бир соат кўча кездик. Ниҳоят, бир мусофирхона (бундан бошқа сўз билан таърифлаб бўлмайди) топдик. Уйқусираб эшикни очган мулозим — пастак бўйли кекса киши бизни хушламайгина қарши олди, тезроқ киришга даъват этиб, остона ҳатлаб ўтишимиз билан анча путурдан кетган ёғоч эшикни шарақлатиб ёпди, ҳатто автобусда қолаётган Илҳомжонга «яхши ётиб туринг» дейишга ҳам улгурмадик.
Отахон бизни кичкина, бесаришта ҳовлидаги бинонинг иккинчи қаватига тор, ғирчиллайдиган лиқилдоқ зиналардан бошлаб чиқди-да, икки хонани кўрсатди. Бирига опалар киришди, иккинчисига — биз. Кўнглимизга унча ўтиришмади, бошқа кенгроқ, дурустроқ хона йўқми, деб сўраб эдик, чол жуссасига ярашмаган қўрслик билан:
— Йўқ, хоҳласанглар шу, — деди, — ярим кечада келишади-ю, тағин жой танлашади, — деб тўнғиллади яна.
— Ҳай, майли, — дедик ноилож. Чарчаганимиз учун апил-тапил ечинишга киришдик. Тавозе юзасидан бир оз пойгаҳ ҳам талашдик. Лекин энди уйқуси очилиб кетган жиккак қария каравотлардан бирига астойдил ўтириб олиб, бизни суриштиришга ва гапга солишга тушди. Уй эгасини чиқиб кетинг, дейиш ноқулай, бунинг устига, сиркаси сув кўтармайдиганроқ кўринди. Тўнини тескари кийиб олмасин, шу жойдан ҳам маҳрум бўлиб қолмайлик, деб эснаб-эснаб ўтирдик. «Очилган қўриқ» рўмонидаги Шукар бобони эслатадиган ҳожи Қуломон бобо етмиш саккиз ёшда экан. Асли амали нима билмадиг-у, ўзини худди хўжайиндай тутарди. Икки йўл ҳаж қилибди. Лекин у Маккаи мукаррамани назарда тутдими, Машҳад (Имом Ризо ҳарами)ними — сўрамадик. Соч-соқоли бир хил ранг — кумушсимон, бир хил қалинликда — қисқа; соқоли махсус қўйилмасдан, шунчаки ўсиб кетганга ўхшарди.
Мўйсафид қувгина, шайтонгина эди. Гапириш асносида эҳтиросга берилганида бармоқларини силтаб қисирлатар, гоҳ-гоҳ тишлари орасидан ҳуштак чалиб қўярди. Аслида ёшига номуносиб бу бачкана қилиқлар ўзига ярашиб турар, лекин азбаройи толиққанимиздан унинг алмойи-алжойи гапларини кесишга мажбур бўлдик.
Шундай қилиб, бир-бирига тегиб турган каравотларга тўртовлон жойлашдик. Каравотлар тахтали экан. Энг басавлатимиз Зайнобиддин аканинг бели оғpиp эди, қаттиқ ва тор ўрин фойда берди шекилли, саҳар анча дадил турди. Ҳатто бомдодни ҳам каравот устида бошлари пастак шифтга тегай-тегай деб, бироз энгашиб ўқидилар (ерда ўқишга жой ҳам йўқ эди-да).
Илҳомжон ювингани кирди. Яхши ухлай олмаганми, машқи пастроқ эди. Бояқиш автобусда совқотган бўлса керак. Кеча рулда узоқ юриб чарчаган эди. Бунинг устига раҳбар:
– Илҳомжон, қалайсиз, совқотмадингизми? — деди баланд, тантанавор овозда, гўё шу оҳанг билан унга далда, руҳ бермоқчи бўлгандай.
– Ҳм, — деб қўйди Илҳомжон. Бошқа нимаям десин. Бомдо䬬дан кейин йўлга чиқдик.
Ширвондан ўтдик. Йўлга гап йўқ. Икки томон даштликлар, ҳайдалган, ҳайдалмаган, нимадир экилган, экилмаган бепоён ерлар. Аммо дарахт дегани жуда кам. Яқин-узоқ тоғлар бепоёнликка қандайдир руҳ, файз бағишлаб тургандай…
Машина ичи совуқ.
Шаҳар ва шаҳарчалар тартибли, озода. Дўконлар сероб. Шаҳру йўлларда кундузгию тунги чироқлар беҳад кўп: чекка, хилват жойларда ҳам ҳадиксиз юриш мумкин.
Божурга яқинлашяпмиз. Кўчадаги оқ ҳошия-чизиқлар, улар ўртасидаги сариқ рангли тунги ёритгичлар йўлнинг безагидек. Турли кўрсатгич-белгилар беҳисоб.
Паст тоғ ёнбошлари ва қиршовларида бир-бирига ўхшаш уйлар… Ажабки, томлари текис – шиферли, тунукалиги йўқ. Қандайдир шийпоннамо бинолар тепаси эса оқ тунука билан ёпилган эди.
Божурга кираверишда, шаҳар ичида ҳам, йўлнинг икки тарафи, ўртадаги хиёбонларда турли дарахтлар, хусусан, қарағай ва арча кўп эди.
Шаҳарни кесиб ўтадиган кўчада нон ёпишаётган экан. Зобитлар камаридан энлироқ, узун-узун тасма нон деса ҳам бўлади. Ўн дона олдик. Пул берсак, меҳмон экансизлар, деб қайтаришди. Салдан кейин бир ошхонада 1 термос доғ сув учун 150 туман тўладик! Жойлар банд экан, қўшни ошхона столида (йўл бўйидаги бундай емакхоналар ниҳоятда тор, ташқарига икки ё учта стол қўйилган эди) ўтириб тамадди қилаётганимизда эгасининг ғаши келиб, тўнғиллади. Ўзи ҳам тунд одам эди…
Бир оз юрганимиздан кейин автобусга солярка қуймоқчи эдик, навбат катта, машиналар уч саф эди, нотўғри туриб олган эканмиз, бир ҳайдовчи ўз ўрнини бериб, манави қаторга кириб олинглар, бўлмаса, сизларга ҳали-вери навбат етмайди, — деди.
Ҳа, шунақа дунё-да бу!..
Бир тепаликдаги чиройли тулпор от сурати ҳаммамизнинг диққатимизни тортди. Унинг ёнига йирик ҳуснихат билан «Туркман оти — дунёда энг олий зотли отдир» деган ёзувли улкан панно ўрнатилган эди.
— Демак, шу яқин-атрофда туркманлар яшайди ва уларнинг йилқичилик хўжалиги бўлса керак, — деди Зокиржон ака.
Шу муносабат билан отлардан гап кетди. Ҳайвон турларидан инсонга энг яқин ва садоқатли бўлган бу ақлли жониворнинг турлари, фазилатлари тўғрисида ҳар ким ўқиган, эшитганини ўртага ташлади.
Отларнинг келиб чиқиши хусусида тахминий мулоҳазалар бор-у, аниқ далиллар йўқ. Аммо аввалда ёввойи ҳайвонлар сирасида эркин юрган бу жониворларнинг хонакилаштирилиб, тизгин урилганига беш минг йилдан ошган, деб ёзадилар. Уларнинг зоти икки юздан ортиқ бўлиб, оғиp юк тортадиган, йўртоқи (йўрға), аравакаш, спорт отлари, бўрдоқига боқиладиган, пойгага мўлжалланган ва бошқа турларга бўлинади. Уларнинг номлари ҳам ранг-баранг ва ўзига хос: владимир, першерон, голланд йўрғалари, америка стандартбереди, фин, немис, венгер, латиш отлари, шунингдек, қирғиз, кабарда, лақай, қopaбоғ, ахалтака, араби, кариб, ёвмут, барбари ва ҳоказо…
Ўзбекистонда эса отларга уларнинг туси, ташқи алоҳида белгиларига, феъл-атворига қараб исм қўядилар: жайрон, саман, кўкқашқа, қорабайир, тўриқ, захча кўз… Отларнинг ақллилиги, инсон зотига дўстлиги, эгасига садоқати ва бошқа сифатлари акс эттирилган ҳужжатли, бадиий асарлар, фильмлар кўп. Чингиз Айтматовнинг «Алвидо, Гулсари» қиссаси эса заҳматкаш от (аслида рамзий, албатта) таржимаи ҳоли, умрлик фаолияти, инсоният, жамият ҳаётида тутган ўрни, чеккан азобу уқубатлари, аламли кексалик қисматига бағишланган, яъни от йирик ва зўр бир асарнинг бош қаҳрамони тимсолида гавдалантирилган.
От ҳақидаги ривояту ҳикматларнинг caноғи йўқ.
Мен сохт-сумбатидан мардоналик, шиддат, жўшқинлик ёғилиб турадиган бу гўзал махлуқнинг, айниқса, бир хислатига қойил қоламан. Айғир қариндош байталга «яқинлашмас» экан. Мабодо зот олиш мақсадида онаси ё бошқа авлодига кўзини боғлаб қочиришса ва кейин айғир ўша бияни таниб қолса, баландликдан жарга сакраб, ўзини ҳалок қиларкан!

ГУРГОН — ҚАДИМИЙ АСТРОБОД

Оппоқ қор билан қопланган бу ҳудудларда қуёш чарақлаб турарди.
«Сафарингиз бехатар бўлсин!», «Оҳиста юринг!» каби ёзув-шиорлар кишида қандайдир илиқ кайфият ҳосил қиларди. Унча баланд бўлмаган, «чиғаноқ»лари нисбатан кам довонларда ҳам «Эҳтиёткорлик — саломатлигингиз гарови» деган лавҳа ҳайдовчи ва йўловчиларни ҳушёрликка, сергакликка даъват этарди.
Узоқдаги баргсиз дарахтлар ва ҳар турли ҳандасавий шаклларни эслатувчи пастак тоғлар ҳайратни оширади.
Йўлда «ДАН» назоратчилари борлигидан огоҳлантириб чироқ ёқиб ўтиш бу ёқларда ҳам бор экан, демак, бу борада бутун дунё ҳайдовчиларининг тили бир, якдил, шекилли-да.
Салдан кейин исиб, тўнларни ечдик, телпакларни дўппига алмаштирдик.
Озод шаҳрига ўн чақирим қолганда тоғлар йириклашиб, йўлни қуршаб олди. Уларнинг туси, шакл-шамойили ўзгача — қалин дарахтли тоғлар. Йўл ёқалаб кетган дарасимон пастликдаги дарахтларнинг бир дона ҳам япроғи йўқлиги учун қуриб қолганга ўхшаб кўринарди. Шунчалар зички, уларни барги билан тасаввур қилиб, ёпирай, дейсиз.
Минудашт шаҳридан чиқаверишдаги манзара гўзал эди. Ўнгдаги текис қора тупроқли ерлар, чапдаги адирлар, паст тоғларнинг ёнлари шудгорланган, пушта тортилиб, экишга тахт қилиб қўйилган эди. Ора-орада, катта-катта майдонларда қаричга келган ям-яшил буғдой гўё оламга ҳусн бериб турибди.
Тутзор, пўртаҳол ва бошқа мевали боғлар…
Қиршовлари арчазор тоғлар…
Томлар асосан шийпоннамо…
Шу йўлда Алиобод деган учта қишлоқ ва бир шаҳар бор экан. Бу — шиаларнинг тўртинчи халифаси Ҳазрат Али ибн Толибни ниҳоятда улуғлашларидан нишонадир (Аммо, Муҳаммадобод деган жойлар ҳам кам эмас).
Бу ҳудудларда, хусусан, айланма йўл ўртасидаги майдонлар, хиёбонларда танаси йўғон, барглари ингичкароқ турдаги чиройли пальмалар кўп эди.
Йўл бўйларида болалар боқиб юрган қўй сурувларига дуч келдик.
Яна бир Алиобод деган манзилга етмай тушлик қилдик. Овқатларнинг нархи хийла қиммат эди: етти ҳисса гуруч-палов 14500 туман — 18 доллар!.. Лекин қатиқхўрлик зўр бўлди. Бир банка қатиқ ва бир термос қайнаган сувни олижаноблик қилиб, бепул берворишди!
Шаҳардан чиққанда норанж, турунж боғлари бошланди: бўлак-бўлак, кўргазма учун махсус экилгандай; зангор япроқлар орасидан кўзга ташланадиган, деярли бир хил ҳажмдаги тўқ-сариқ мевалари гўё қўл билан териб чиқилган каби эди. Бу ёқларда ҳатто ҳовлиларда ҳам нуқул пўртаҳол ва мандарин етиштириш урф экан — бизнинг Гуркировда фақат анор экилгандай.
Илгарироқ Хуросон остони (вилояти)нинг бўш ётган бепоён ерларини кўриб, қишлоқ хўжалигига эътибор мундайроқ, шекилли, деб ўйлаб эдим. Гулистон вилоятидан, хусусан, Алиобод шаҳридан ўтгач, фикрим ўзгарди. Ерлар ниҳоятда текис ҳайдалган, чиройли эгатлар олинган эди. Шудгорланган ерларни яна қайта ҳайдашмоқда эди. Демак, булар «куз ҳайдасанг юз ҳайда», деган ақидага амал қилишади чоғи…
Катта-катта пайкалларга карам, помидор ва бошқа полиз, сабзавот экинлари экилган, экилмоқда эди. Нибу зотли ўсимликлар, гул кўчатлари pacтa-раста бўлиб улғаймоқда, умуман, қаровсиз ер йўқ ҳисоби.
Тошкент вақти билан кечки соат бешларда Гулистон вилоятининг маркази Гургонга кириб борганимизда ҳаво анча илиқ, одамлар енгил кийимда юришар, аксарияти бош яланг эди.
Дарахтларнинг кўплиги, уларнинг йўл бўйларига, хиёбонларга тартиб билан экилганлиги шаҳарга чирой бағишлаб турарди.
Ҳозирги Эроннинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган йирик шаҳарлардан бири Гургоннинг аввалги номи Астробод бўлиб, бронза давридаёқ жануби-шарқий Каспий бўйининг йирик марказларидан эди. Шаҳар яқинида олиб борилган қазишмаларда қўлга киритилган қадимшунослик топилмалари Астрободнинг милоддан аввалги 3–2-минг йилликлар давомида юксак тараққиётга эга бўлганлигидан шоҳидлик беради, дейилади манбаларда.
Астробод узоқ йиллар темурийлар салтанати таркибида бўлиб, айниқса, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги пайтларида энг бой ва муҳим вилоятлардан, умуман, мулки Хуросонда ҳар жиҳатдан пойтахт Ҳиротдан кейинги кент, таянч нуқта ҳисобланади, шу боисдан у ерда асосан подшонинг хос, содиқ кишилари, валиаҳд шаҳзодалар ҳоким бўлганлар.
Жумладан, мумтоз адабиётимизнинг кўкка бўй чўзган пойдор, сержило устуни, ғазал, нафақат ғазал, бадиият мулкининг султони — шоҳи, Ҳирот маданият-маърифат гулшанининг ўктам боғбони Навоий ҳам…
Астробод Туркман давлати билан чегарадош эди, мана шу ҳудудни мустаҳкамлаш, қўшнилар билан муносабатни яхшилаш зарурати туғилади. Академик Азиз Қаюмовнинг «Ажойиб кишилар ҳаёти» туркумидаги «Алишер Навоий» номли илмий-бадиий биографик асарида ва бошқа адабиётларда ёзилишича, туркман давлатининг ҳукмдори Ёқуббек Навоийни ғоятда ҳурмат қиларди.
Тарихий ва замонавий китобларда Алишер Навоийнинг Астрободга юборилиши сабаби борасида турлича фикрлар мавжуд. Яъни, Навоийнинг инсонпарварлиги, ҳалолу ростгўйлиги Султон Ҳусайн саройидаги айрим вазиру вузаролар қалбида ғашлик, ҳасад оловини ёқиб, улар адолатпарвар амир ва шоир устидан подшога такрор-такрор арз этадилар. Масалага яна ўзгача тус берувчилар — Ҳусайн Бойқаро ўз дўсти-қадрдони, улкан истеъдод эгаси, нозик кўнгил шоири алломани ғаламис аъёнлар қутқуси, ғаразидан эҳтиёт қилиш мақсадида уни Ҳиротдан вақтинча узоқлаштириб туришни маъқул кўради, дегувчилар ҳам бор. Бизнингча, фаразларнинг бари ҳам маълум асосга эга эди. Ҳарнечук, аксарият тадқиқотчиларнинг қарашларида, бадиий асарларда Навоийнинг Астрободга ҳукмдор этиб тайинланишини Мир Алишернинг хоҳиш-иродасисиз юз бергандай, бу ҳодиса, бу даврни шоир умр дафтарининг зерикарли, зорлиғу изтиробларга тўла саҳифалари сифатида талқин қилишга мойиллик яққол сезилади.
Навоийнинг Астрободга юборилиши тафсилотлари улуғ шоир билан замондош атоқли муаррихларнинг китобларида ҳам қисман ёритилган. Жумладан, саховатпеша аллома ҳомийлигида камол топган Хондамир бобоси ва устози Мирхонднинг тарихий маълумотларини такрорлаб, давом эттиради: «…Олий- макон хоқон (Султон Ҳусайн Бойқаро — Қ. К.) Журжонда ҳоким бўлиб турган амир Mўғулни пойтахтга чақириб олиш, султон ҳазратларининг яқин дўсти Низомуддин Алишерни дорулфатҳ Астрободнинг ҳокимлиги билан сарафроз қилишга майл қилди, равшан дилидаги сирни тўғри тадбирли амир олдида ўртага қўйганда, Тангрига шукрким, аввал тариқат сулукига муҳаббати ортиқлигидан муаттар хотирига хоқонийнинг муҳим ишларига кафил бўла олиши ва бу амрни қабул қилиши хусусида оғиз очмади. Лекин хоқон ўтиниб сўрагандан ва муболағадан кейин рози бўлди»
Тарихчи олимнинг таъкидлашича, адолат хислатли Амир (Навоий)нинг келиши муносабати билан уламою фузалолар бағоят мамнун бўладилар, раият, деҳқонлар амну омонликка, фароғат ва осудаликка эришадилар. Мозандарон, Рустамдор, Ғилон вилоятларининг ҳокимлари Астрободга туҳфалар билан элчилар юбориб, мулки Хуросон пешволаридан бирини ҳокимият тепасига келганлиги билан муборакбод айлашиб, унинг амру фармони адосига, яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкам тутишга ҳозир эканликларини маълум қиладилар. Султон Ёқуб Мирзо ҳам бир неча бор улуғ шоир-ҳокимга ишончли кишилари орқали шарафли либослар, тансиқ таомлар, Астробод раҳбарияти ва аҳли манфаатларига мос келадиган фармон ва ёрлиқлар жўнатиб, юксак илтифот кўргизади, камоли муҳаббат ва яқин дўстлик туйғуларини изҳор этади.
Китоблардаги тасвирларга қараганда, Астробод табиатида ўша замонда ҳам сўлим ва тароватли, шоирга илҳом бергувчи манзаралар мўл бўлган.
Хуллас, Навоий Астрободда илму ижод билан ҳам, давлат юмушлари билан ҳам жиддий шуғулланади: идора ишларида тартиб ўрнатади, халққа зулму озор етказаётган айрим мансабдорларни вазифасидан четлаштиради, олиму уламолар, шоиру фузалолар, аҳли санъат билан гурунглар, ижодий суҳбатлар уюштириб, уларга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатади. Шаҳар ободончилиги борасида бир талай тадбирларни амалга оширади, «гул сочувчи Астробод ул кишининг шарофатли қадами баракотидан гулистони Эрамнинг рашкини келтиради»ган даражага етади. Айни вақтда Навоий Ҳирот билан узвий алоқада бўлиб, Ҳусайн Бойқаро ва бошқаларга бот-бот мактублар ёзади, пойтахтдан олисда туриб ҳам подшо ва унинг амиру аъёнларини адлу инсофга, имону эътиқод мустаҳкамлигига, халқпарварлик ва маърифатпарварликка даъват этади.
Мутафаккир, адиб ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг Астрободда бор-йўғи икки йилга яқин (1487-88 йиллар) ҳокимлик қилиши музофот номининг кенг ёйилишига, янада равнақ ва шуҳрат топишига катта ҳисса қўшди. Раҳбаримизнинг узоқ бўлса ҳам, бу йўналишни танлаши боиси ҳам шу — бобокалонимиз, фахру ифтихоримиз қадами теккан заминни кўрмоқ, зиёрат қилмоқ орзуси эди. Аввалги сафарлар Эрон ҳудудидан ўтганимизда бу кўҳна ва тарихий воқеаларга бой масканга йўлимиз тушмас ва Навоий қадамжоларини тавоф этиш армон бўлиб қолар эди. Оллоҳга шукрки, шул орзу-ниятимиз мустажоб бўлди, буюк армонларимиздан яна бири ушалди. Фақат Гургон замонавийлашиб, тарихий жойлар камайиб кетгани учунми, бино ва йўлларда, арчаларнинг ям-яшил япроқлари қатида ҳазрат Навоий бўй-басти, нафаси сезилиб турган, шахсан менинг тасаввуримдаги шаҳарга унчалик ўхшамасди. Лекин, барибир ёрқин туйғуларга тўлаётган кўнглимнинг таскин топаётганини аниқ ҳис қилардим.
Шаҳар марказидан тўғрига — Теҳронга, ўнгга — Оқ қалъага кетилар эди. Биз шу тарафга бурилдик…

ТЕҲРОНДА

Теҳронга яқинлашяпмиз. Қор ҳамон бўраламоқда.
Шаҳар остонаси (катта бир мамлакат бўсағасидай туюлди менга)га етдик. Икки томондаги адирсимон тоғларнинг ёнларида, тепаларида, пастликларда, йўл четидаги жамики бўш майдонларда боқий яшиллик тимсоли бўлмиш арчалар қорни, совуқни писанд этмай, қунишмай, эгилмай, мағрур яшнаб турарди. Шунча катта ва ноқулай ҳудудларга кўчат ўтқазиб чиқишни эса тасаввур қилиш қийин эди!
Йўлда четроққа аранг чиқиб тўхтадик. Раҳбар билан таржимонимиз ўша атрофдаги маҳкамадан элчихонамизга қўнғироқ қилдилар. Элчихонамизда бизни, яъни Бобур халқаро экспедициясини кутишмокда экан.
Такси ёлладик. Таксичи ҳам Ўзбекистон элчихонаси манзили — Настарон кўчаси жойлашган Фармония мавзеини яхши билмас экан, адашиб-адашиб, сўраб-сўраб (бир хиёбон ёнидан тўрт марта ўтдик), сал кам икки соатда ваколатхонамизни топдик. Элчимиз Икромжон Акрамов ва унинг ёрдамчилари кутиб олишди.
Такси ҳайдовчининг адашувига сабаб, у «Настарон»ни «Пастарон» деб (нарироқда шу номдаги кўча ҳам бор) эшитган экан.
Бизни бир неча кўча нари Ниоворон боғи яқинидаги Эрон ташқи ишлар вазирлиги меҳмонхонасига олиб боришди. 3-қаватдаги рўпарама-рўпара бўлмаларга жойлашдик. Гап йўқ: хоналарда телевизор, магнитофонли катта радиоприёмник, ўриндиқлар, якка ва жуфт каравотлар, ювиниш хоналари… Полнинг очиқ ери йўқ — қалин палос тўшалган. Совутгичда турли-туман ширинликлар, анвойи идишларда салқин ичимликлар… Шулар орасида Бавариянинг спиртсиз пиволари ҳам маржондек териб қўйилганди.
Оқшом телевизорда шу куни Эроннинг Бом шаҳрида содир бўлган табиий офат — кучли зилзила туфайли юз берган вайронгарчилик, талафотларни намойиш этиб қолди. Аҳвол ўта нохуш ва аянчли эди. Зокиржон ака шитоблик билан Андижонга, ўғли Зоҳиджонга қўнғироқ қилди. Зоҳиджон Москва телевидениеси мазкур офатда аввал йигирма беш минг, кейинроқ қирқ минг киши ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берганини, биздан жуда хавотирланишаётганини билдирди. Раҳбар бизнинг зилзила бўлган шаҳардан анча олисда, Теҳронда эканлигимизни айтиб, унинг кўнглини тинчитди.

2004 йил, 28 декабр, якшанба

Эрталаб элчимиз, консулхонамиз котиби Низомиддин, элчихонамиз ходими Бобур ҳамроҳлигида Эрон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Сиёсий ва ҳалқаро тадқиқотлар институтига бордик. У ерда биз билан учрашув мўлжалланган эди.
Анжуманни институтнинг тарих ва маданият департамента раиси жаноб Назар Оварий очиб, бизга мезбонларни (улар етти-саккиз киши эди) таништирар экан, бинонинг институт ҳузуридаги хорижий мамлакатлар билан алоқадор ҳужжатлар архиви эканлиги, унда қирқ миллиондан ортиқ қимматли далил-ашёлар мавжудлигини таъкидлаб ўтди. Кейин элчимиз Икромжон Акрамов Бобур халқаро фонди ва унинг илмий экспедицияси, уларнинг ташкилотчиси, раҳбари, Ўзбекистан Республикаси Олий Мажлиси депутати Зокиржон Машрабов фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.
Раҳбаримиз аввало Бом шаҳридаги зилзила туфайли Эрон халқи бошига тушган оғиp мусибат муносабати билан ҳамдардлик изҳор қилди. Бобур фондининг аждодларимиз қолдирган бой маданий меросни тўплаш ва ўрганишдан иборат мақсад ва режалари, экспедициянинг ўтган гал кўҳна ва бой тарихга эга бўлган Эрон мамлакати заминига қилган сафари чоғида амалга оширилган ишлар, изланишлар натижалари асосида яратилган фильмлар, китоблар ҳақида қисқача ахборот берди. Мустақиллик туфайли Ўзбекистонда халқнинг маданий бойликларини, қадриятларини тиклаш, улуғ аждодларимиз хотирасини абадийлаштиришга эътибор мислсиз даражада кучайгани, Ал-Фарғоний, Исмоил Бухорий, Имом Термизий ва бошқаларнинг юбилейлари халқаро миқёсда нишонлангани, уларнинг қабр-мақбаралари батамом қайта таъмирланиб ободонлаштирилгани тўғрисида жўшиб гапирди. Эрон Ислом Республикасининг аввалги элчиси жаноб Наракиён илтимосига кўра, ноёб Усмон Қуръонининг фотонусхасини бир неча кун аввал Машҳаддаги Имом Ризо ҳарами мажмуининг Қуръон китоблари мозийгоҳига топширганини алоҳида қайд этиб, деди:
— Бизнинг илтимосимиз, мақсадимиз иккита: Теҳрондаги миллий кутубхонада сақланаётган «Куллиёти Бобур» ва Имом Ризо ҳарами музейидаги «Хатти Бобурий»дан нусха олиш. Бу борада кўрсатажак ёрдамларингиз, ўйлайманки, Ўзбекистон билан Эрон мамлакатлари ва халқлари ўртасидаги маданий алоқалар, ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига ва кучайишига хизмат қилади.
Сўзи ниҳоясида Зокиржон ака «Бобурнома»нинг Бобур фонди томонидан чоп этилган гўзал нашрини институт кутубхонасига ҳадя этди.
Назар Оварий ўрта бўйли, буғдойранг, қошлари керилган одам эди.
У сўзининг якунида ўн олти жилдга мўлжалланган «Ислом қомуси»нинг ҳозирга қадар нашр этилган олти китобини (Бобур Мирзога оид саҳифалари алоҳида белгилаб қўйилган эди) экспедициямизга туҳфа қилди.
Зокиржон ака Назар Оварийни Андижонга лутфан таклиф қилди.
— Бизда, меҳмонга чақирсанг, у ўша заҳоти етиб келади, деган мақол бор, — деб кулди раис.
— Бош устига, — деди раҳбар ва раисга қарсаклар остида Бухоро зар чопонини кийгизди.
Мулоқот мобайнида ёнимда ўтирган Муҳаммад Содиқ пичирлаб: «Зокиржон аканинг фотоаппаратини тузатиб қўйдим», деб суюнчилади. У фотоаппаратни Машҳадда бузиб қўйган, шундан бери бояқиш хижолатда эди.
Қайтишда бир ҳол эътиборимизни жалб этди.
Бомдаги зилзиладан зарар ва жабр кўрганлар учун Қизил Ярим ой жамияти томонидан муюлишларда, хиёбонларда хайрия қутилари, чодирлари ташкил этилган, уларга кимдир пул, кимдир кийим-бош, адёл ва бошқа нарсалар ташлаб кетишарди. Чунки Кермон (маҳаллий аҳоли, шу жумладан, теҳронликлар «Герман» деб талаффуз қилишади) вилояти маркази, пойтахтдан минг чақирим шарқи-жанубда жойлашган Бом — сайёҳлик ва маданий аҳамиятга молик катта, нуфузли шаҳар ер билан яксон бўлган, Эрон телевидениеси воқеа юз берган жойларни, ўлганлар, ярадорлар, девор-ғиштлар, бетонлар остида қолган кексалар, аёллар, болаларни, уларнинг фарёд уриб йиғлаётган жигаргўшаларини, бошқа аянчли манзара-ҳолатларни ҳеч яширмай, хаспўшламай дам-бадам кўрсатиб турарди. Юрт мотамда эди.
Низомиддин ва Бобурнинг айтишича, Эрон аҳолисининг сони кейинги йигирма икки йилда ўттиз миллиондан олтмиш миллионга етган. 1970 йилларнинг охиридан урушлар туфайли мамлакатда, хусусан, қишлоқларда яшаш даражаси пасайиб кетгач, кўплар шаҳарга — марказга интила бошлаган. (Ҳамма жойда, барча замонларда шундай бўлади, чунки шаҳарда пул топиш имкони, йўллари кўп). Ўшанда Теҳрон нуфуси икки миллион бўлган, айни вақтда эса ўн-ўн уч миллион орасида экан.
Собиқ шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида пойтахт аҳолисининг ортиб кетиши устидан назорат бор эди, ҳозир унчалик эмас, дейишди улар.

ЭЛЧИХОНАДАГИ МУЛОҚОТ

Оқшом элчимиз бизни меҳмонга чақирди.
Элчихонамиз маҳкамаси мўъжазгина ҳовлили, қўш қаватли бинода эди. Фойеда икки мамлакат раҳнамолари биргаликда тушган суратлар, шунингдек, Ислом Каримов, Муҳаммад Саид Ҳотамий ва Ҳамид Карзайнинг Теҳрондаги учрашувлари (2003 йил) тасвирлари, Ўзбекистон манзаралари, Соҳибқирон Амир Темур портрети, Алишер Навоий сиймоси туширилган пахта гулли ликоб, кўҳна Бухоронинг чинни буюмларга солинган расмларидан жонажон ватанимиз таровати уфуриб тургандай эди.
Фойе тўрига — расмий ва норасмий мулоқотларга мўлжалланган жойдаги диван, ўриндиқларга энди ўтирган эдик, Икромжон Акрамовни телефонга чақиришди. Тошкентдан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Норов эртага самолётда Бом зилзиласидан жабр кўрганлар учун ёрдам келаётганини хабар қилибди. Президентимиз болаларга кўпроқ эътибор бериш лозимлигини тайинлабди.
Бироздан кейин Эроннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси жаноб Муҳсин Покойин кулимсираб кириб келди ва ҳаммамиз билан эски танишлардай (Зокиржон ака билан, шубҳасиз қадрдон эди) бағирлашиб кўришди. Уни раҳбаримиз хоҳишига кўра элчимиз таклиф қилган экан.
Жаноб Покойин ҳақида кўп эшитгандим-у, ўзини кўрмагандим. У ўрта бўйли, бурун, соч-соқоли мошкичири киши эди.
Зокиржон ака гапни Бобур Мирзодан, унинг «Хатти Бобурий» асаридан бошлади.
— Бу китоб нусхасининг маълум бир қисмини шахсан ўзим Бобур ватанига олиб бориб берганман, — деди Муҳсин Покойин ўз ишидан мамнун бўлиб.
Зокиржон ака мазкур парча ҳозир Бобур Миллий боғидаги «Бобур ва жаҳон маданияти» музейининг энг эътиборли жавонида сақланаётганини айтди.
Даврада форсийзабон дўстлар билан бемалол тиллашиб ўтирган ҳамроҳимиз Муҳаммад Содиқ ҳожи Шайх Саъдий ҳақида сўз кетганда, Машриқу Мағрибда буюк сўз санъаткори сифатида шуҳрат қозонган шоир шеърларидан ёд ўқий бошлади:

Баний одам аъзои якдийгаранд,
Ки дар офаринаш зи як жавҳаранд.

Чу узве бадард оварад рўзгор,
Дигар узв хоро номонад қарор…

Покойин жаноблари давом эттирди:

Ту кас меҳнати дийгарон беғамий,
Нашоядки номат ниҳанд одамий…

— Улуғ алломамизнинг мана шу байтлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси пештоқига битиб қўйилган, — дея таъкидлади мезбон ғурурини яширмай. Ҳикматлар дури бўлмиш ушбу шеърнинг ўзбекча матни бундай:

Бани одам аъзои бир бадандир,
Ҳаммаси бир моя, бир гавҳардандир.
Танангда бир аъзо гар бўлса бемор,
Ҳаммасида қолмас сабр ила қарор.
Ўзгалар ғамини чекмаса одам,
Анга нолойиқдир инсон деган ном.

Бадиий мероси башариятнинг барча маданиятли аҳлига тегишли бўлган Саъдий Шерозийнинг фалсафий сатрлари бутун дунё тинчликсеварлари, эзгу ниятли кишилари қадами узилмайдиган халқаро мўътабар бир даргоҳнинг шиорига, панд-даъватномасига айланиши, чиндан-да, ҳар бир шарқлик учун фахр ва ифтихордир.
Мулоқот-зиёфат охирида Зокиржон ака азмойиш олиш ниятида Ироқдаги ҳолат, Эрон билан Ироқ алоқалари, Эрон ҳукумати ва халқининг жанггоҳ бўлиб турган қўшни мамлакатдаги воқеаларга муносабати тўғрисида сўради.
Америка ракеталарининг Ироққа ҳужуми нисбатан сустлашган, Саддам Ҳусайн қаёққадир ғойиб бўлган, хуллас, жанг олови бир қадар пасайган палла эди. Экспедициямиз дастурида умрининг сўнгги йилларида Бағдодда яшаган ва ўша ерда вафот этган яна бир буюк юртдошимиз Мусо Хоразмий қабрини излаш тўғрисида ҳам алоҳида банд қайд этилган эди.
Раҳбаримиз дангалчи, лекин ҳар бир тадбир, сафар, қидирувга вазиятни ҳар томонлама ўрганган ва ҳисобга олган ҳолда пухта киришадиганлардан.
– Ироқдаги вазият ҳозир бирмунча дуруст, — деди Муҳсин Покойин мужмалроқ қилиб.
– Имкон бўлса, Ироққа, ундан Қувайтга, сўнг Саудияга ўтиб, қайтишда Иордания, Сурия, Туркия билан юрсакмикин, деган ниятимиз бор эди, — дея мақсадга аниқлик киритди Зокиржон ака.
– Ҳали сафарда беш-олти ой юрасизлар экан-да. Бунақада Марко Поло рекордини синдирасизлар-ку, — деб кулди жаноб Покойин.
Каминанинг «Бобурийлардан бири» номли китобимда собиқ элчининг сурати бор эди, Зокиржон ака иккимиз дастхат ёзиб, туҳфа этдик. У кўп мамнун бўлганлигини айтиб, ташаккур билдирди.

2004 йил, 29 декабр, душанба

Эрталаб Алишер ва ҳайдовчи Янгибой ҳамроҳлигида, элчихонамиз машинасида шаҳар айлангани чиқдик.

Теҳрон… Элбрус тоғининг жанубий этагида, денгиз сатҳидан 1100–1300 метр баландликда жойлашган бу шаҳар қарийб саккиз юз йиллик тарихга эга бўлиб, XII асрда Рей яқинида барпо этилган, икки юз йиллардан сўнг йирик савдо маркази сифатида довруғ қозонган. 1722 йили шаҳарни афғонлар вайрон қилади, лекин яна тезда тикланади. 1786 йили Кажорлар султони Теҳронни ўз давлатининг пойтахти қилиб олади. 19-аср охирларида шаҳар кенгайтирилади. Йигирманчи аср бошларида Теҳрон мамлакат меҳнаткашларининг инқилобий ҳаракатлари ўчоғига айланади.
Теҳрон билан боғлиқ дунёвий аҳамиятга молик воқеалардан бири шуки, 1943 йили бу ерда уч иттифоқчи давлат — собиқ СССР Халқ комиссарлари раиси И.В.Сталин, АҚШ президенти Ф.Рузвельт, Англия Бош министри У.Черчилл иштирокида Халқаро конференция ўтказилиб, унда Германияга қарши урушда биргаликда ҳаракат қилиш, уч давлатнинг урушдан кейинги даврдаги ҳамкорлиги ва бошқа масалалар бўйича декларация қабул қилинади.
Йигирманчи аср форс насрининг асосчиларидан бири, таниқли Эрон ёзувчиси Мушфиқ Козимийнинг «Қўрқинчли Теҳрон», арман адиби Гарегин Севунцнинг «Теҳрон» романларини эслайман. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаги форс халқининг ҳаёти, жамиятдаги тушкун ҳолатлар, мамлакат, шу жумладан, пойтахт аҳлининг миллий-озодлик ҳаракатлари ифодаланган мазкур асарларда Теҳрон шаҳрининг маҳобати бугунги даражада эмас, зеро, у китоблардаги воқеалар содир бўлган даврда бунчалик катта ва салобатли, кўркам бўлмаган, албатта.
Шаҳар марказида илгари қурилган ва янги қад кўтарган замонавий иншоотлар — маъмурий идоралар, меҳмонхоналар, истироҳат боғлари, катта-кичик хиёбонлар сероб эди. Одамлари асосан оқ, буғдойранг юзли, калта соқолли ва, албатта, мўйловли.
Теҳрон атрофида ва пойтахтнинг ўзида яшовчиларнинг чеҳраси кавказликларга — озарбайжон, гуржиларга ўхшаб кетарди. Бир заминда турли улус ва элатларнинг истиқомат қилиши, хилма-хил элатларнинг аралашиб, алмашиниб туриши тарихнинг ҳамма даврларига, деярли барча мамлакатларга хос табиий жараён. Лекин гоҳида бу ҳолат баъзи ҳукмдорлар хоҳиш-иродаси, сиёсати туфайли сунъий равишда, зўрма-зўракилик билан амалга оширилган замонлар ҳам кўп бўлган. Шўро даврида месхети турклари, қрим-татарлар ва бошқа айрим миллат вакилларининг Сталин сиёсати ва тазйиқи билан тубжойларидан мажбурий равишда кўчирилганлигини эслайлик. XVIII асрда курдлар Хуросонга (бир қисми Онадўлига) сургун қилинган. XVI асрда эса Эронга арманлар билан гуржилар ғайриихтиёрий тарзда кўчирилган.

ФОРС АЁЛЛАРИ

Аёлларнинг деярли тўқсон тўққиз фоизи узун чодрада. Асли улар аввалдан чодра ёпинишган. Мамлакатда хотин-қизларнинг ҳол-аҳволи йигирманчи аср бошларида ҳам жудаям ночор, эрксиз бўлганлигини айрим ижодкорларнинг асарларидан билиш мумкин. Жумладан, жасоратли шоира Бадеъ Жоланинг шундай сатрлари бор:

Эй, сен Эронимнинг хандон аёли,
Бу гўзал боғимнинг гули, чиройи.
Истиқбол онаси, мардонасисан,
Сен меҳру вафонинг дурдонасисан.
Сен у нокасларга қул токайгача?
Бўлмоғинг хасларга гул токайгача?
Гул юзингни чимматинг токай тўcap?
Дунёдан токай юрарсан бехабар?
Ҳур жамолингни ёпарсан не учун?
Hyp сочувчи ойни беркитдинг нечун?
Чўрилик, бу зорликлар энди бас,
Нотавонлик, хорликлар энди бас!

Албатта, энди Эронда ҳаёт бутунлай бўлакча, бинобарин, шоирларнинг мавзулари, услублари, мақсад-ғоялари ҳам тамоман ўзгача. Мамлакатнинг ҳозирги замон шоирлари ичида Машриқзаминнинг орифмашраб, ошиқ бир шоири Суҳроб Сипеҳрийни алоҳида тилга оладилар. «У сўз санъати сеҳри орқали сизни илоҳий нурлар тажаллийси бўлган Борлиқ ва Инсон сирлари билан ошно этади», — деб ёзади форс адабиётшуноси, филология фанлари доктори Иброҳим Худоёр. Биргина далил: Сипеҳрийнинг «Саккиз китоб» номли куллиёти — девони Эронда 17 маротаба қайта нашр қилинибди!
1920 йили тузилган коммунистик партия ва мамлакатга суқилиб кирган инглизлар таъсирида 1935 йили кийим-бош ислоҳоти ўтказилиб, хотин-қизларнинг чодрани ташлашлари тўғрисида махсус декрет қабул қилинган эди. 1979 йилдаги инқилобдан кейин Ислом республикаси мақомини олган ҳукумат томонидан Эрон мусулмон аёлларининг миллий кийими — ёпинчиғи сифатида қора чодра қайта, қатъий жорий этилган.
Дастлабки пайтларда тирноғига лак суркаганлар эговлаб жазоланган. Ҳозир аста-секин чодралар тарк этилиб, оқ ва бошқа рангдаги рўмол, калтароқ кийимлар пайдо бўлмоқда, кўпаймоқда экан. Чодрада юрганларнинг ҳам дадил, шаҳдамлиги сезилиб туради. Қолаверса, уларнинг ҳарқалай юзлари очиқ, зипиллаб машина ҳайдаб кетаётган форс қиз-жувонларини ҳам тез-тез учратиш мумкин. Бу аломатлар умумий тараққиёт, ижтимоий ҳолат поғонасининг юқорилиги билан боғлиқ бўлса керак.
Умуман олганда, Эроннинг бугунги фаровон, осуда кунларга етиб келиши ҳам осон кечмаган. Турли империалистлар тазйиқи, сиқувларидан, ички бош-бошдоқликлар, тўғри тузум излаб довдирашлардан кушод бўлиб, ҳар жабҳада эркин қулоч ёзиб, тараққиёт сари юз тутганига энди чорак аср бўлди.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон