Отто Брам: Исёндан инқилобгача

 “Янги санъат бу – айни кунда содир бўлаётган, табиату жамиятнинг ажралмас узвига айланган ҳодисадир, у доимо янги ҳаёт ва замонни акс эттиради, тараннум этади. Пировардида эса ҳақиқат юзага чиқади. Назаримда, ҳақиқат объектив тушунча эмас, балки эркин руҳиятни куйловчи, борлиқни ҳеч қандай пардозсиз, борича тасвирловчи, жуда нозик ва чуқур моҳиятга эга индивидуал атамадир. Бугунги замонавий санъат учун ҳақиқат – муҳим мезондир…”

Ушбу фикрлар ХIX асрнинг охирида “Озод саҳна” номли театр ташкил этиб, илғор қарашлари, фавқулодда ислоҳотлари билан жаҳон саҳна санъатини шакл ҳамда мазмун жиҳатидан янгилаган машҳур немис режиссёри ва назариётчиси Отто Брамга тегишли. Брамнинг театрдаги қисмати осон кечмади, барча новаторлар каби унинг ижоди ҳам турфа зиддиятларга учради, бироқ у ҳар қандай вазиятда хам ўз сўзи ва дастхатини қолдиришга интилди ва бунинг уддасидан чиқди.

Отто Брам 1856 йил Германиянинг Гамбург шаҳрида яҳудий оиласида дунёга келади. Ёшлигидан санъатга ошно тутинган Брам университетни филология йўналиши бўйича тамомлаб, профессионал фаолиятини журналист ва театр танқидчиси сифатида бошлайди. Унинг театрга бағишланган мақолалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотади ва замонавий немис театрининг шаклланишига жиддий таъсир кўрсатади.

Отто Брам ижодини ХIX асрнинг иккинчи ярмида вужудга келган, немис театри орқали бутун дунё саҳна эстетикасини янгилаган мейнингенчилар театрисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Зеро, Брам ҳам шу оқимнинг йирик намояндаларидан бири саналади. Мейнингенчилар янги ижодий тамойиллар, фавқулодда режалар, юксак ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқди. Улар спектакль яратаётганда, аввало муайян тарихий давр, замону макон, қаҳрамонларнинг туриш-турмушини чуқур ўрганар, шунингдек, тасвирланаётган муҳитнинг табиий ва ҳаққоний чиқишига эътибор қаратишарди. Мейнинген театри – режиссёрлик театри эди, бинобарин спектаклда ҳам режиссёр қарашлари, мақсаду маслаги устуворлик қилар, натижада, актёр шахси кейинги поғоналарда қолиб кетарди. Мутахассислар айни шу омилни театрнинг энг ожиз нуқтаси сифатида қайд этишади. Гарчи бу театр етук актёрлари билан мақтана олмасада, Людвиг Кронег, Макс Рейнхардт, Отто Брам сингари улуғ режиссёрлари билан ҳар қанча фахрланса арзирди.

Мейнинген театри сайёр труппа бўлиб, Германия ва Европанинг кўплаб мамлакатлари бўйлаб гастроль сафарларини ташкил этар, табиийки, бунда томошабин эҳтиёжи ва қизиқишидан келиб чиқиб, репертуар ранг-баранглигини таъминлаш, хусусан, давр руҳияти акс этган спектаклларни саҳналаштириш асосий вазифа эди. Буни яхши ҳис қилган Брам театр жамоатчилиги нигоҳини Ибсен драматургиясига қаратади. Асосан, классик  асарларга кўникиб қолган мейнингенчилар учун бу кутилмаган танлов эди. Брамнинг фикрича, “Ибсен драматургиясида инсон руҳиятининг инқилобий характери мужассам”. У “Аугсбург газетаси”,  “Миллий газета” ва бошқа нашрларда чоп этилган мақолаларида ушбу фикрни бот-бот таъкидлайди. “Хеббел[1]нинг вафотидан сўнг ҳеч ким немис драмасининг эртанги тақдири ҳақида ўйлаб кўрмаяпти. Чор-атрофимизда умидсиз, мубҳам бўшлиқ ҳукмрон. Биз кутаётган халоскордан эса ҳануз дарак йўқ. Афсуслар бўлсинки, мамлакатимизда бирор кимса Ибсен ижоди немис театрини қай даражада ўзгартириб юборишини фаҳмлаб кўрмайди. Ҳатто энг закий театр арбобларидан бири Генрих Лаубе[2] ҳам “Нора” (Ибсеннинг “Қўғирчоқ уй” асари қаҳрамони) нинг муаллифидан муроса ила якунланувчи финални талаб қилаётир” – дея куюнчаклик билан ёзади Брам. Мазкур сўзларининг амалий тасдиғи сифатида режиссёр Генрик Ибсенга оламшумул шуҳрат келтирган “Арвоҳлар” асарини саҳналаштиради.

Спектакль эҳтиросу кечинмаларга бой бўлиб, немис халқининг мудраган шуури, лоҳасланаётган фикратини яшиндек чақнатиб юборади, кутилмаган бу ҳайқириқ ҳаммани бирдек ҳушъёр торттиради. Томоша теграсида турфа мунозаралар авжига чиқади, кимларнингдир наздида бу худди онгни эксплуатация қилишга ўхшарди. Охир-оқибат полиция аралашуви билан спектакль намойиши тўхтатиб қўйилади. Таъқибга учраганлар орасида бир гуруҳ ёш журналистлар ва анча-мунча номи чиққан адиб Герхарт Гауптман ҳам бор эди. Тез орада шу издиҳомда йиғилган зиёлилар Брам ва Гауптман бошчилигида “Шиллер қаҳвахонаси” номли гурунг тузишади, бу ерда адабиёт ва театр ҳақида қизғин мунозаралар, тонготар суҳбатлар авжига чиқар, янги-янги фикрлар, таклифу режалар ўртага ташланарди. “Озод саҳна” театрини яратиш ғояси ҳам шу ерда туғилади.

Ташкилотчилар наздида, янги театр “цензура ва тижорий мақсадлардан холи бўлиши” лозим эди. Бу борада театр ташаббускорларидан бири, журналист П.Шлентер шундай ёзади: “Озод саҳна” – фақат ва фақат бадиийятга хизмат қилиш керак. Театрга тушган ҳар қандай маблағ беистисно шу мақсад йўлида сарфланади”.  Маблағ ва цензурага қарам бўлмаслик учун театр аъзолик бадалини жорий қилади, бу эса жамоага бепул гастроллар уюштириш ва томошабинлар аудияториясини кенгайтириш имконини беради.

Бахтга қарши театрнинг биноси йўқ эди, шу боис спектаклларни саҳналаштириш учун дастлаб “Лессинг театри”,  кейинроқ эса “Резиденц театри” бинолари ижарага олинади. “Озод саҳна”ҳар ойда камида тўртта спектакль тайёрлаб, кенг оммага намойиш этарди. Кўпчилик театрнинг ижодий тамойиллари ва репертуар сиёсатини Францияда яна бир донгдор режиссёр Андре Антуан томонидан ташкил этилган “Озод театр” га қиёсларди.  Дарҳақиқат, Отто Брам ва Андре Антуаннинг режиссёрлик кредоси, ижодий тутумларида ўхшаш жиҳатлар мавжуд бўлиб, бу ҳолат икки театр ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтирган десак, хато бўлмайди. Фарқли жиҳати шуки, Брам ўз театрига профессионал актёрларни таклиф қилган бўлса, Антуан ҳаваскорлар билан иш бошлаган эди.

Брам театрга оид илғор қарашларини турли давралар, манифестларда баралла айтади. У оммага “Озод саҳна”нинг мақсад ва вазифаларини батафсил тушунтириб, шу орқали ўз тарафдорларини кўпайтиришга интилади. Шунингдек, театрга истеъдодли режиссёр ва актёрларни жалб қилиш, энг муҳими, аниқ репертуар йўлини белгилаб олишга жиддий аҳамият қаратади. Режиссёр театр репертуарини қатъий мезонлар асосида юритади,  “даврга лоқайд қаровчи, ҳаётий ва саҳнавий сезимдан йироқ, схематик муроса ёки сунъий конфликтга қурилган асарлар” га қарши курашади. Эътиборлиси, “Озод саҳна” нинг репертуарида “Озод театр”да Андре Антуан саҳналаштирган деярли барча муаллифлар мавжуд эди: Ибсен, Толстой, Гауптман, ака-ука Гонкурлар, Золя. Брам эса буларга қўшимча тарзда замонавий мавзуда ижод қилувчи Анценгрубер, Гольц, Шлаф, Гартлебен, Кайзерлинг каби немис ва австриялик адибларнинг асарларига ҳам мурожаат қилади. Репертуардаги бундай янгилик, бундай ёндашув маданий жамоатчиликни ҳайратга солади.

“Арвоҳлар” дан сўнг ўз руҳияти ва дунёқарашига мос асарлар излаган Отто Брам яқин маслакдош дўсти Герхарт Гауптманнинг “Ҳаёт шоми” пьесасини саҳналаштиради ва бу спектакль ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлади. Гауптман асарида етмиш ёшли қария Маттиас Клаузен ва унинг оиласи тимсолида инсон руҳиятидаги эврилишлар, маънавий таназзул оқибатлари кескин зиддиятлар ва психологик ифода орқали очиб берилади. Бир қарашда оилавий-маиший мавзуга бағишланган асар мағзидаги ўткир ижтимоий руҳ, фалсафий моҳият, бадиий ҳарорат томошабинларни тўлқинлантириб юборади. Спектакль атрофида турли можаролар бошланади, томошабинлар икки оқимга ажралади: бир тоифа янги муаллифни қўллаб-қувватласа, иккинчиси азбаройи қаршилик кўрсатади. Бир тарафда қарсак садолари, бир тарафда эса ҳуштакбозлик авжига чиқади. Матбуотда ҳам пайдар-пай мақолалар босилар, янги театрнинг ижодий мезонлари обдон муҳокама қилинарди. Ҳатто айрим нашрлар ошкора мазаҳ йўлига ўтади,  хусусан “Кладдерадач”  номли сатирик журнал “Озод саҳна”ни ахлат қутиси кўринишида тасвирлайди.

Шундай мураккаб вазият ва тўхтовсиз босимга қарамай, Брам танлаган йўлидан чекинмайди ва  Гауптманнинг навбатдаги “Тўқувчилар” номли драмасини саҳналаштиради. Асарда фабрика эгаларига қарши бош кўтарган оддий ишчиларнинг манфаати ҳимоя қилинади, инсонларни табақага ажратиш қанчалик ёвуз иллат экани рўйи рост фош этилади. Табиийки, бу томоша мухолиф кучларнинг баттар ғазабини келтиради, оқибатда улар ўз мақсадига етади. 1892 йил “Озод саҳна”нинг фаолиятига чек қўйилади, уч йиллик саъй-ҳаракат, бетиним курашу муҳорабалар якун топади. Гарчи театрнинг умри узоқ бўлмаган эса-да, мутахассислар Отто Брам ижодининг энг ёрқин даврини айнан шу театр билан боғлайди. Қолаверса, мазкур театр немис профессионал саҳна санъатининг шаклланиши ва оёққа туришида муҳим пойдевор вазифасини бажаргани эътироф этилади.

Отто Брам нафақат режиссёр, балки театр танқидчиси сифатида ҳам фаол ижод қилади. У 1890 йил “Озод саҳна”га ҳамоҳанг тарзда шу номли журнални ташкил этади. Қисқа фурсатда мазкур журнал омма эътиборига тушиб, Мюнхенда нашр этиладиган нуфузли “Жамият” журналининг асосий рақобатчисига айланади. Ўша даврда “Жамият” мухбирлари Брам театри ва шахсиятига дахл қилувчи танқидий мақолалар босиб, шу йўл билан янги нашрни матбуот майдонидан сиқиб чиқаришга интилади. Брам эса журнални “ўч олиш” воситаси эмас,  асл театрал ҳодисаларнингмоҳиятига етувчи, халқни саҳна билан яқинлаштирувчи жонли минбар бўлишини хоҳлайди.

Отто Брам 1894 йил яна катта саҳнага қайтади, у “Немис театри”га режиссёр этиб тайинланади. Брам бу театрда ўн йил фаолият кўрсатиб, унинг ижодий қудрати, репертуарини юксалтиришга катта ҳисса қўшади. У, аввало, замонавий мавзудаги асарлар, биринчи навбатда, Гауптман ва Ибсен пьесаларини саҳналаштиради. Шунингдек, Иоганн Вольфганг Гёте, Фридрих Шиллер,  Генрих фон Клейст сингари мумтоз адибларнинг асарларини ҳам саҳнага қўйиб, миллатнинг чинакам шахсларига эҳтиром кўрсатади. Мухтасар айтганда, Брам “Озод саҳна”да рўёга айланган орзу-мақсадлари, ижодий режаларини шу театрда амалга оширади. 1904 йилдан то умрининг поёнига қадар режиссёр “Лессинг театри” ни бошқаради.

Отто Брам 1912 йил Берлинда вафот этади.

Шубҳасиз, Брам жаҳон режиссёрлик санъатида инқилоб ясаган улуғ санъаткордир. Шу ўринда атоқли француз адиби Ромен Ролланнинг машҳур ибораси ёдга тушади: “Халқчил театрни яратиш учун, аввало, ўша халқни яратиш керак”.  Отто Брам ҳам ўз спектакллари ва назарий қарашлари билан театрнинг халқ учун нақадар зарурлигини исботлади ва миллионлаб инсонлар руҳияти, онгу шуурини ўзгартириб юборди.

Шоҳрух Абдурасулов, ЎзРФА Санъатшунослик институти таянч докторанти

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 3-сон

___________________

[1] Фридрих Кристиан Хеббель (1813-1863) – Фридрих Шиллер, Гуго фон Гофманстальбилан замондош бўлган таниқли немис драматурги. “Мария Магдалина”,  “Юлия”,  “Сицилия фожиаси”,  “Ирод ва Марианна”,  “Гиг ва унинг узуги”,  “Агнеса Бернауэр”,  “Нибелунглар” каби асарлар муаллифи.

[2] Генрих Лаубе (1806-1884) – немис ёзувчиси ва театр арбоби. Унинг саҳна санъатига доир мақола ва хотиралари немис театрини ўрганишда муҳим манба саналади.