Мусо Тожибоев. Муҳаммад Шайбоний ижодий мероси

Ўзбек мумтоз адабиёти қадимий ва бой анъаналарга эга. Унда ҳар бир адабий сиймо ёки адабий асарнинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Бу ранг-баранглик биринчи навбатда бевосита бадиий маҳоратда, сўзларга жило бериш санъатида намоён бўлади. Ижодкорнинг санъаткорлиги, бетакрор ўзига хослиги адабий тилнинг лисоний имкониятларидан қай даражада фойдалана олганлиги билан белгиланади.
XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI аср бошларида яшаб ижод этган Муҳаммад Шабоний (Шайбонийхон)нинг ўзбек миллий тарихи, мумтоз адабиёт ва адабий тил тараққиётида ўзига хос ўрни бор. Шабоний шоҳ — шоир сифатида Ҳусайн Бойқаро, Бобур сингари давлат ишларини бадиий ижод билан қўшиб олиб борди. Ўзига хос ижодий истеъдод, салоҳиятга эга бўлган бу шахс ўз даврида қатор фанлардан кенг ва чуқур билим олган эди. Шунингдек, у ҳаётий тажрибаси, қолаверса, меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги туфайли замонасининг кўзга кўринган сиймоларидан бирига айланган.
Шоирнинг ўзига хос ижодий маҳорати ва асарларининг бадиий савияси ҳақида қатор илмий-тарихий асарларда маълумотлар етиб келган. Шунга қарамасдан, тоталитар тузум даврида узоқ вақтларгача унинг ижодига бир ёқлама муносабат ҳукм сурди. Шоирнинг адабий мероси камситилди, ижодий маҳоратига шубҳа билдирилди.
Ўзбекистон миллий мустақилликка эришгандан сўнг адабий меросга муносабат жиддий ўзгаргани туфайли Муҳаммад Шабоний меросини холис ўрганиш ва адолатли баҳолаш учун шароит яратилди. Шоир девони Ўзбекистонга олиб келинди ва унинг адабий меросини адабиётшунослик ва бадиий тил нуқтаи назаридан бевосита биринчи манба асосида ўрганиш имконияти туғилди.
Муҳаммад Шабоний девони адабий анъаналар асосида тузилган йирик адабий мажмуа. Унда шоирнинг ғазал, қасида, рубоий, туюқ ва муаммо каби жанрларда ёзган шеърлари тўпланган. Девон мундарижаси ва асарларининг бадиий таҳлили шоир ижодининг ўзбек миллий адабиёти ва бадиий тили тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини белгилашга хизмат қилади.
Муҳаммад Шабоний 1451-1510 йилларда яшаб ўтди. Унинг фожиали тақдири борасида қатор манбаларда етарли маълумотлар мавжуд бўлгани учун бу борада ҳар қандай изоҳни ортиқча деб ҳисоблаймиз ҳамда унинг илмий-ижодий мероси таҳлили билан чегараланамиз.
Асарлари:
1. «Баҳр-ул-худо». Қўлёзма нусхаси Лондон, Бритиш Мюзем, Адд 7914 й., 16-22-б рақами остида Англияда сақланади. 1508 йилда ёзилган бу диний-ахлоқий мавзудаги маснавий арузнинг фоилотун-фоилотун-фоилотун-фоилун баҳрида битилган.
2. Фиқҳга оид рисола.
Турк олими Кўпрули Ислом қомусига ёзган «Чиғатой адабиёти» номли мақоласида Шабонийнинг фиқҳ илмига оид бир рисоласи мавжудлиги ва бу асар ўз кутубхонасида сақланаётганлиги ҳақида маълумот беради. Кейинги манбаларда ҳам бу рисола хусусида фикрлар мавжуд, аммо унинг аниқ манзили ҳақида маълумот берилмаган. Бу асар ҳақида «Музаккири аҳбоб»да ҳам маълумотлар бор.
3. Туркий тил қонун-қоидалари.
Ҳасанхожа Нисорий «Музаккири аҳбоб» тазкирасининг «Чингиз султонлар жамоаси зикрида» бўлимида «Шаҳид бўлган бахтли хоқон Абдулфатҳ Муҳаммад Шабонийхон ибн шоҳ Будоғ Султон бин Абулхайрхоннинг муқаддас ёди» номли мақоласида ёзади: «Дейдиларки, хон (Шабоний) Ҳазора қалъаси фатҳига отланганда бир ғазал битиб, Ҳири шайхулисломи қози Ихтиёрга юборибди. Қози Ихтиёр туркий тилни билмас экан, унинг учун «Туркий тил қонун-қоидалари» китобини битиб юборибди». Шу маълумотга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, Шабоний тилшунослик илми билан ҳам шуғулланган.
Бу асар ҳам илмга маълум эмас.
Муҳаммад Шабоний лирик меросининг мажмуаси бўлмиш Шабоний девони (Истанбулдаги Тўпқопи саройи музейида инв.2436 рақами билан сақланади) унинг ҳаётлик чоғида тартиб қилина бошланган, бироқ бевақт ҳалок бўлгани туфайли охирига етмай қолган. Шунга қарамасдан, девонга киритилган асарлар адибнинг ижодий дунёси, бадиий салоҳияти ва ўзига хос шоирона услуби борасида етарли маълумот беради. Шу боис биз шоир лирикасида бадиий тил муаммоларини девонда келтирилган шеърлар мисолида таҳлилдан ўтказамиз.
Шоир девонида шеъриятнинг тавҳид, наът, ғазал, рубоий, муаммо, тарих каби жанрларида ёзилган 416 та шеър мавжуд.
Шабонийнинг исми ва тахаллуси бугунга қадар турли шаклларда айтилмоқда. Шабоний, Шибон, Шибоний, Шайбоқ, Шайбек, Шоҳбахтхон каби. Аслида «Шабон» номи туркий «Шўбон» (чўпон) сўзидан олинган. Шўбонни «подшоҳ», «эл-юртни бошқарувчи инсон» маъносида қўллаш Навоийда ҳам бор. Абулғозий унинг исми ва тахаллуси ҳақида: «Ўзи шоир эди. Шайбонхон наслидан бўлғони учун Шайбоний тахаллус қилур эрди», деб ёзади. Бартольд Шайбонийхон исми ҳақида: Исмининг асли Жўчихоннинг кичик ўғли Шибондан келади ва мусулмон адабиёти кейинчалик бу исмни Шайбонга ўзгартиради. Бунинг натижасида XVI асрда Шайбоннинг авлоди, Туркистондаги ўзбек давлатининг қурувчиси Шайбоний шаклида шоирлик лақабини олди. Араб қабилаларидан бирининг номи бўлган бу лақаб халифа мазҳаби фақиҳларидан Абу Ханифа ва Абу Юсуф толабларидан бирининг нисбаси ўлароқ машҳурдир. Энг қизиғи, ислом оламида машҳур бўлган бу исм — Шибоннинг Шайбонга айланишига сабаб бўлганлигидадир, деб ёзади. Бартольднинг бу фикри Заки Валидий Тўғон томонидан ҳам қувватланади. Заки Валидий бу хусусда шундай ёзади: Шайбоқхоннинг исми тарихларда Шайбоқ, Шоҳибек, Шоҳбахт шаклларида ёзилгандир. Туркча талаффузга кўра, чўзиқ «шоҳ» сўзининг сўнгида келган «бак» (бек) сўзи қалинлашиб «бақ» тарзида айтилади. Ёки аксинча «шоҳ» сўзининг тил олди талаффузига сабаб бўлади. Зотан, Туркистон ўзбеклари ҳам Шоҳбахтни Шайбоқ шаклида айтишади. Ўзбек ва қозоқ талаффузида бахт сўзи «бақ», тахт сўзи «тақ» шаклини олади. Бу жиҳатдан Шайбоқ сўзини Шоҳбахтдан келиб чиққанлиги хусусида шубҳа йўқ. Шайбақхоннинг исми ўзи ва яқинлари томонидан Шоҳбахт, Шайбоқ шаклида ёзилган бўлганлиги учун бу шаклни қабул қиламиз. Тўғон давом этиб, Шайбонийхон ўз шеърларида «Шабоний» ва «Шабон» тахаллусларини қўллаганини айтади. Яна Тўғонга кўра: «бу сўзни муллалар арабча Имом Шайбонийнинг исми билан «Шайбонийхон» деб ёзганларки, бу хатодир, ҳатто бу хато европаликларга ҳам ўтгандир».
Рашид Раҳматий Арат «Бобурнома»га асосланиб, Шайбонийхоннинг отини Шайбоқ, Шайбоқхон, Шибони, Шоҳибек шаклларида ўқиган. Гулбаданбегим Шоҳибекхон, Муҳамад Шайбоқ отларини қўллайди. Айни шу асарнинг 116-саҳифасида Ўзбек хони Муҳаммад Шайбонийни Шайбоний, Шайбоқ, Шоҳибекхон ҳам дерлар, дея таъкидланади.
Шабоний девонида тахаллуслар қуйидагича қўлланган: девондаги 266 та шеърга Шабоний, 65 тасига Шабон, 7 тасига Шоҳбахтхон ва битта шеърга Шоҳбахт тахаллуси қўйилган.
Демак, шоирнинг девони «Девони Шабоний» деб аталиши ва тахаллуси Шабон ёки Шабоний тарзида қўлланилиши тўғридир. Аммо анъанага мувофиқ уни шоҳ сифатида «Муҳаммад Шайбонийхон» тарзида аташ ҳам тўғри бўлади. Зеро, тарихда Шабоний давлат арбоби ва саркарда сифатида шу ном билан машҳур. Бунга мувофиқ ўлароқ, Муҳаммад Солиҳ ҳам ўз асарини «Шайбонийнома» деб атади, бироқ унинг шеърларини таҳлил қилар экан, «Шабони», «Шабон», «Шабоний» тахаллусларини қўллаган.
Шабоний ўз даврининг маърифатли вакили сифатида араб ва форс тилларидан ҳам сабоқ олди, бу тиллардаги адабиётдан баҳраманд бўлди. У ўз истеъдодини тарбиялаш, маҳоратини ошириш борасида кўп изланган, ўқиган ва ўрганган бўлса керак, девондаги ғазаллар композицияси ва айрим ерлардаги изоҳлар, назира ғазаллар, талмеҳ санъатига хос услубларнинг кўп қўлланиши бундан далолат беради.
Шабоний ўз ғазалларида композицион бутунликни таъминлашга интилган. Байтларнинг мантиқан боғланиши, сюжетлилик шоирнинг шахсий кузатишлари, руҳий аҳволи тақозоси билан юзага келган ҳол. Шабоний шарқ шеърияти анъаналарига индивидуал ёндашишга ҳаракат қилади, натижада ғазалларида ўрни-ўрни билан бутунлай мавзудан узоқлашиш ҳоллари учраб туради. Масалан, ёр васфи, ҳижрон азобидан нолиётган шоир бирданига ғазални тарихий воқеаларга улаб кетади ёки аксинча.
Шабоний асарларининг асосий турлари таърифий, тавсифий, мадҳ ва шарҳи ҳолдан иборат. Шоир ёрнинг (маъшуқанинг) гўзаллигини, юзи, қадди, сочини таърифлайди ва бинобарин, лирик қаҳрамон (ўзи)нинг ҳолини баён қилади, таъриф ва тавсифни ёр тимсолида уйғунлаштиришга, уни мадҳ этишга, ёрнинг барча ташқи ва ички фазилатларини кўрсатишга интилади. Шоир ғазалларида шу нуқтаи назардан замондошларининг ғазаллари билан умумийлик бўлса-да, аммо таъриф ва тавсифда ҳеч бўлмаганда биргина тимсол ёки тафсилот ифодасида ўзигаа хосликка эришади.
Шабоний ғазалларининг мавзуи ранг-баранг. Албатта. У ўз салафларида куйланиб келинган мавзулардан узоқлашиб кета олмаса-да, аммо уларга ёндашишда оригиналлиги билан ажралиб туради. Ишқ мавзуси бошқа ижодкорларда бўлгани каби Шабоний лирикасида ҳам етакчи мавзу. Яна ёр ва диёр таронаси, меҳр-муҳаббат, вафо ва жафо, ихтилоф ва изтироб, ишонч ва имон мотивлари ҳам ғазалларнинг композицион қурилишида фаол иштирок этади. Шабоний ҳам Навоий ва унинг салафлари каби мажозий ишқни ҳақиқий ишққа (ишқи ҳақиқийга) бирлаштиришга ҳаракат қилади. Ёрни кенг маънодаги ёр маъносида қўллайди:

Бу Шабоний кўнглини ҳар неча тафтиш этар,
Ёрдин ўзга йўқтурур кўнглида бир зарра ҳузур.

Ғазаллар мундарижаси муҳаббат ёки фироқ, фурқат ва ҳижрон азобидан нолиш билан чекланиб қолмайди, шоир ўз ҳоли-зорини баён қилиш борасида инсон ва табиат фалсафасига қўл уради. Ҳаётнинг, турмушнинг мантиқини излайди, инсон ибтидоси ва интиҳоси ҳақида фикр юритади:

Эй, Хуросон аҳли, Шабон бир авуч тупроқ эди,
Кимга ҳақ қилса иноят хону ҳам султон бўлур.

Шабоний ғазалларининг мавзуси ранг-баранг. Шеърларида пейзаж тасвири, юртга, ватанга муҳаббат туйғулари бўртиб туради. Айниқса, Самарқанд, Туркистон, Ҳирот ва бошқа жойларга берилган таъриф, жойлардаги иқлим ва шароитларнинг ўзаро қиёси шоирнинг анъанавий мавзулар қобиғини ёриб чиқишга интилганидан далолат беради. Кузатишлар шуни кўрсатадики, девондаги кўпгина ғазаллар шоир умрининг сўнгги йилларида ёзилган. Шабоний, албатта, ўзининг ҳаётдан эрта кўз юмишини, фожиали ҳалок бўлишини билмаган, аммо ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, анча-мунча иссиқ-совуқни бошидан ўтказган киши сифатида атрофдагиларга, ўғилларига, жиянларига ва лашкарбошиларига панд-насиҳат тарзида дидактик ғазаллар ёзган. Муҳаммад Солиҳ «Шайбонийнома» достонида таъкидлашича, у сўзамол ва билимдон бўлганлигидан кўп вақт нутқ ирод қилганида йигитлар ҳатто, кўзларига ёш олган. Уларнинг кўнглига таъсир қиладиган сўз ва ибораларни топа билган. Девонни кузатиш кўрсатадики, шоир ва шоҳ Шабоний ўрни-ўрни билан ўз насиҳатларини, мулоҳазаларини шеърий услубда ифодалаган. Албатта, бу унга йигитларнинг руҳини кўтаришда, қўшиннинг интизомини сақлашда қўл келган бўлса керак.
Шабоний мумтоз адабиётимиздаги қатор шеър санъатларидан моҳирона фойдаланган. Жумладан, ташбиҳ, тансиқ ус-сифат, мурот ан-назир ёки эмоционал муболаға тасвир усуллари: таблиғ, мурожаат, риторик сўроқ, саволу жавоб каби. Шунингдек, тазод, тажнис ва яна кўпгина санъатлар шоир девонининг бадиийлигини таъминлаган.
Шоир талмеҳ санъатидан унумли фойдаланган. Унинг ғазалиётида ривоятлар, тарихий асарлардаги юксак ҳаётий лавҳалар, ишоралар кўплигини кўрамиз. Шоир ирсол-ул-масал санъатидан ҳам кўп фойдаланган. Масалан:

Не ғам ишқинг кўнгулни қилса вайрон,
Ким эрур доимо вайронада ганж.

байтида илонли вайронада хазина ётади, мақолини асар таркибига сингдириб юборган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Девондаги анъанавий мавзулар айрим ўринларда қофия ва радифларнинг ҳам шунга монанд бўлишини тақозо этади. Аммо кўнгул, келмади, бўлди каби анъанавий радифлар билан бир қаторда шоир ҳали шеъриятда қўлланилмаган (ёки кам қўлланилган) сўзларни радиф ўрнида ишлатади, бу ҳол шоирнинг анъанавийликдан чекинишга интилганини яққол кўрсатади. Чибин, бўлум, бўлолай, экин каби сўзларнинг радиф бўлиб келиши аввалги шоирларда учрамайди. Қофияларда ҳам оригиналлик кўзга ташланади, шоир жамлов сонларни қофия қилиб келтиради.
Шабоний асарларида ёр ва диёр муҳаббати, соғинч ва ишонч, илтижо ва илтифот, ҳайрат ва ҳасрат, алам ва шодлик туйғулари шу қадар усталик билан уйғунлик касб этадики, уларни ўқиганда шоирнинг маҳоратига тан бермасликнинг иложи йўқ. Ёрнинг юзи, кўзи, қомату зулфи тасвири, ақли, идроки, нозу карашмаси тавсифи кўпгина ғазаллар лейтмотивини ташкил қилади. Яна уларда ошиқнинг ёр фироқидан чеккан азоб-уқубати, ҳажр ўқидан олган дил яраси, бевафо фалакнинг мусибати, жабр-зулмидан нолиш ҳам лирик қаҳрамон кечинмаларидаги давомийликдан далолат беради. Бироқ барча сўз усталарида бўлгани каби Шабоний лирикаси ҳам фалсафий мундарижадан ҳоли эмас. Улардаги мантиқ ўзига хос, оригинал. Шоир илми зоҳир ва илми ботиндан олган ўзига хос тушунчаларини ғазаллари бағрига сингдириб юборади.
Шабоний лирикасининг бадиий-ғоявий жиҳатлари бир томондан шарқ мумтоз шеъриятининг энг илғор ва анъанавий хусусиятларини ўзида мужассамлантирган. Айни замонда уларда шоирнинг оригинал, ўзига хос образлар дунёси лирик сатрларда ўйноқи ва содда тил воситасида ифодаланган. Айни шу фазилат шоирнинг ўзига хос услубини белгилайди.
Муҳаммад Шабоний асарларида янги услуб, янги бадиий шакл яратишга бир қадар эриша олган бўлса ҳам XVI аср ўзбек мумтоз адабиётида туб бурилиш ясаган, деб айтсак, муболаға қилган бўламиз. Шоир ўз даврининг фарзанди сифатида бундай имкониятни юзага чиқара олмади. Шу сабабли унинг шеърларида шарқ адабиёти анъаналарига мувофиқ XV-XVI асрларда кенг қўлланган адабий қолиплар ва бадиий тил хусусиятлари акс этган.
Бадиий ижод, бадиий асарнинг оригиналлиги мавжуд лисоний воситаларни ишлатиш борасида янги услуб яратиш билан чегараланмайди. Шоир инсон онгининг ҳали очилмаган уфқларини кашф этиши керак. Шабоний бунга маълум даражада эришиб, ўз шеърларида бадиий санъатлардан унумли фойдалана олди. У шеърият тилини соддалаштириш, ҳаётга яқинлаштириш, янги мазмун билан бойитиш йўлида кўзга кўринарли хизматлар қилди. Жонли халқ тили бойликларидан дадил фойдаланар экан, сўз қатламларидаги нозик нуқталардан кутилмаган янги маънолар чиқаришга катта эътибор берди.
Шабоний она тилига хос маъно хусусиятларини мукаммал ўрганди ва турли ўринларда шаклдош сўзлардан қатор бадиий санъатлар яратишда фойдаланди. Масалан, шоир ғазалларида бир байт ичида шаклдошлик муносабатида бўлган сўзни қўллар экан, уларга моҳирлик билан чуқур маъно-мазмун юклашга – тажнис санъатига кўп мурожаат қилади. Бир сўзнинг икки хил маъноси матн доирасида юзага чиқади. Бадиий адабиётда тилимиздаги бу катта имконият – бойликдан тажниси томм санъатини ҳосил қилишда унумли фойдаланилади. Бунда биринчи сўз ўзлашма, иккинчиси эса ўз қатламига мансуб сўз:

Ҳар куни ғами ишқидин кўнглума сафар қилур,
Сад тавбани синдуруб, юз тавба асар қилур.

Шоир сўзларнинг маъно муносабатига нозик ёндашиш асосида бир байт ичида уч хил маъно ҳосил қила олган: 1) ҳар куни ишқнинг ғами билан кўнглимга сафар қилади, тавба деворини (арабча сад(д)-девор) бузиб, гўзаллиги олдида юз (сон) тавбага бош эгдиради; 2) ўйламасликка юз (форсча сад-юз) тавба қилдиргани ҳолда ғами қошида яна юз (бет ва сон) тавбани дийдорлашув учун қилдиради; 3) иймон воситасидаги тавба деворини бузиб, юз сифатининг таъсири билан юз бора тавба қилдиради.
Бу ўринда байтнинг маъносига мувофиқ ўлароқ сад (девор ва сон), юз (сон ва бет) сўзларининг ҳар бири икки хил маънода келиб, тажниси томм санъатини ҳосил қилмоқда.
Шоирнинг шаклдош сўзлардан мукаммал фойдаланиш маҳорати яна шунда намоён бўладики, у омоним сўзларни матнда бир жойда ёнма-ён келтиради ва икки хил маъно ҳосил қилади.
Шаклдош сўзларни бир ўринда икки хил маъно билан қўллаш нутқнинг зийнатли чиқиши ва маънонинг кучайиши учун замин яратади. Шоир ўз асарларида сўзларнинг янги лексик-семантик, стилистик шаклларини излаб топиш борасида маълум бир ижодий юксакликка кўтарила олган. Хусусан, етти сўзининг сон ва феъл маънолари бир мисра доирасида маънони таъкидлаш ва кучайтириш учун хизмат қилади:

Етти оҳимнинг тутуни етти айвониғача.

Биринчи етти: етмоқ феъли, етти сони, яъни оҳим етти ёки еттинчи оҳим, иккинчи етти ҳам феъл ва сон: айвонга етди ёки еттита айвонига етти.
Шаклдош сўзлар воситасида радд ул қофия-қайтариқ қофия санъатини ҳосил қилишда ҳам Шабоний ўз маҳоратини кўрсатади. Шоир туркий сўзларнинг қатор шаклдошлик маъноларидан бир асар давомида сатр охирида фойдаланиб, тўлиқ аллитерация, қолаверса, тўлиқ радд-ул-қофия, омонимияга эришади. Шеърнинг тили ва услубида оригиналлик ҳосил қилади, маънони жилолантиради, кучайтиради.
Ўзбек мумтоз адабиётида кенг қўлланувчи туюқ сўзлардаги шаклдошликка асосланган жанрдир. Шабоний бу жанрда ҳам муваффақиятли ижод қилади, сўзлардаги шаклдошлик асосида гўзал туюқлар яратади:

Неча дилбар жонима ўт ёқадур
Жонимунг дардина дармон ёқадур
Оқ тўнунг кўрганда ёнмоқ хуштурур
Ҳошиясинда билмадим не ёқадур.

Асарнинг биринчиси мисрасидаги ёқадур — ўт ёқади, олов қалайди, жонимни ёндиради маъноларида. Иккинчи ёқади — хуш ёқади, роҳат беради, завқлантиради ва ниҳоят сўнгги мисрадаги ёқадур от — ёқа, кийимнинг ёқаси маъносида.
Муҳаммад Шабонийнинг лирик мероси ўзбек мумтоз адабиёти тарихида ўзига хос ўринга эга. Унинг миллий адабий муҳит доирасида ёзган шеърлари мумтоз адабий тил тараққиётига хизмат қилган. Шабоний истеъдодли сўз санъаткори сифатида асарларида ўзбек тили луғавий имкониятларидан муваффақиятли фойдаланди, ижодий оригиналлик доирасида шевага хос сўзларни маҳорат билан қўллади, сўзларнинг шакл ва маъно хусусиятларидан мукаммал фойдалангани ҳолда янги услуб, тимсол ярата олди.

Мусо Тожибоев, филология фанлари номзоди, доцент
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 12-сон