Сомдев. Достонлар уммони (биринчи китоб)

РИВОЯТГА МУҚАДДИМА

Бир замонлар Мандар тоғи билан пишиб чайқатилган баҳри уммондан абадият оби ҳаёти – амрит ажралиб чиққандайин, ушбу ривоят олийжаноб Гириндрнинг қизига ошиқи беқарор бўлиб қолган Ҳарнинг лабларидан вужудга келмиш. Унинг мазасидан ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмай тотиб кўрганлар барча бало-офатлардан халос топгайлар, нусрату шон аларга ёр бўлғай ва Бҳавнинг фазлу карами ила ёруғ дунёдаёқ маъбудлар рутбасига ноил бўлгайлар.

БИРИНЧИ ДОЛҒА

Илоё Шамбҳунинг тим-кўк гардани сизга бахт ато этгай. Ёрининг кўксига чиппа ёпишганда ишқ тўла нигоҳлари билан Парватий уни сиртмоқдек чирмаб олсин.
Илоё сизни бало-қазолар кушандаси ўз паноҳида асрагай. Субҳу содиқда у байрам рақсига тушар ва хартуми билан осмондаги юлдузларни супурар экан, шодиёна қийқирган чоғида оғзидан учиб чиққан қатралардан бамисоли янги юлдузлар пайдо бўлаётгандек туюлиб кетарди.
Бамисоли машъаладек бутун борлиқни чароғон қилиб турган Нутқ маъбудасига таъзим бажо этурмен-да, «Буюк достон»нинг қоқ юрагини ташкил этувчи ушбу китобимни оғоз қилурмен.
Мен ривоятни муққадимадан бошлагаймен, сўнгра қиссанинг ўзига киришгаймен, ундан сўнг эса Лавнак ҳақидаги китобимни эътиборингизга ҳавола этгаймен. Шундан кейин Нарваҳндаттнинг туғилиши ҳақидаги мароқли ривоятимни бошлагаймен. Бешинчи китобда беш ҳурлиқо қиз ҳақида сўз юритурмен, олтинчиси Мадноманчук ҳақида бўлса, еттинчиси гулчеҳра Райнирабҳа, саккизинчиси офтобжамол Сурйапрабҳа борасида ҳикоя қилур. Унинг ортидан зебу зийнат шайдоси Аланкарвати ҳақидаги китоб, ундан кейин ҳирсу ҳавас бобида донг чиқарган Шактияш ҳақидаги китоб келади-да, шу ўринда Вел ҳақидаги ривоятга Шашанкаватий ва иштиёқ ўтидан масту мустағриқ Мадиравати саргузаштларига гал етиб келгай. Ўн тўртинчи китобда эса буюк бўёқ суртиш маросими таърифу тавсиф этилгай. Панч ҳақида, хушбўй тутатқи кофур Суратманжарий, нилуфармонанд Падмаватий ҳақида ва шундан кейингина Вишнаншашил ҳақида сизларга хабар беришга жазм этурмен.
«Буюк достон»даги ҳамма нарсани мен ўз китобимда сақлаб қолганман. Гунадҳйа нима ҳақида ривоят қилиб берган бўлса, ҳеч бир истисносиз барчасини мен қайтадан айтиб берганман – фақат жуда ҳам узун ҳикояларни бир оз қисқартирдим, боз устига мен уларни бошқа тилда ёзганман: саховатпешалар пешвоси Гунадҳйа пайшачийда ёзган эди, мен эса уни санскрит тилида «сайратдим». Қўлимдан келганича «Буюк достон»да мужассам топган мақбуллик қоидасига риоя қилдим, борди-ю ривоят асносида битта-яримта янги ҳикоят киритишга журъат этган бўлсам, унинг услубиётига заррача нуқсон етказмайгина адо этдим. Буни мен алломалик шон-шавкати кетидан тушганимдан эмас, балки турли-туман ҳикоя ва қиссалар замиридаги коса тагида нимкосани англаш осон бўлиши учунгина қилдим.
Ёнбағирларида киннарлар, гандҳарлар ва видйадҳарлар истиқомат қилувчи пурвиқор тоғ тизмаларининг ҳукмдори, Ҳимолай тоғларининг шоҳи азал-азалдан шон-шуҳратнинг адл тахтида нишимандур. Унинг улуғлиги шу қадар бепоёндурки, ҳатто ҳар учала оламни йўқдан бор қилган малак Парватий ҳам унга қиз тутинмоқни ўзи учун шараф деб билди.
Ҳимолайнинг шимолида замин бўйлаб неча минг йўжан масофада ястанган машҳур Кайлас тоғи гердайиб турибди. У, гарчи пойида сут баҳри муҳити чайқалиб, у қадар оппоқ ва мафтункор бўла олмаган Мандар тоғи қаршисида ўзининг кумушдай чарақлаши билан ғурурланар эди. Кайласда бутун жонлию жонсиз хилқатнинг ҳукмдори, сиддҳлар ва видйадҳарлар галаси қуршовида маҳбубаси Парватий билан бирга буюк шаҳаншоҳ Шива яшарди.
Унинг ажибу ғариб қилиб ўрилган, баланд қилиб турмакланган, заррин-заррин товланиб турган сочлари орасидан янги ой балқиб, сўлим оқшом қўйнида ором олаётган баланд тоғ чўққилари унинг гулфом нуридан мунаввар эди. У ўзининг уч тишли найзасини биргина Андҳак асурининг юрагига санчди-ю, – во ажабо! – ўша заҳоти ҳар учала оламнинг қоқ юрагидан даҳшат нишини суғуриб ташлади. Маъбудалар ва асурлар бошини безаб турган олмосларда Шива оёқларининг тирноқлари жилваланар ва бу билан у гўё асурларнинг барчасини ўз ҳилоли билан тақдирлаётгандай бўларди.
Кунларнинг бирида у танҳо ўтирар экан, жонидан ҳам яхши кўрадиган суюкли хотини Бҳавоний эрининг олдига келди-да, уни кўкларга кўтариб мақтай кетди.
Хотинининг мулойим сўзларидан мойдай эриб кетган хужастафол Шива уни тиззасига ўтқазди-да, сўради: «Хўш, жонгинам, чироқдай порлоқ кўнглинг нима тусайди?» – «Агар мени яхши кўрсангиз, бегим, менга биронта қизиқ, аммо жуда ҳам янги бир ривоят сўйлаб беринг», жавоб берди Бҳавоний. «Аммо дунёда ўтмиш, ҳозир ва келажак – учала замонда сен билмаган бирон нарса борми ўзи?!» Бироқ хотини битта қизиқ ривоят сўзлаб беринг деб туриб олди – зеро, рашкчи аёлларнинг кўнгли ҳамиша эрининг эркалашига муштоқ бўлади. Хотинининг ривоят тинглашга беқарорлигини кўриб, эр унинг ўзи ҳақидаги бир ихчамгина ривоятни сўзлаб берди:
«Алқисса, Браҳма ва Нароян мени ажзи ниёз қилгани бутун ер юзини босиб ўтишибди-да, охири Ҳимолай этакларига етиб келишибди. Шунда учи осмони фалакка етган лингга кўзлари тушибди ва галма-галдан бир-бирининг елкасига чиқиб, лингнинг чўққиси сари кўтарила бошлашибди. Аммо улар кўзлаган мақсадларига ета олишмабди, лекин биз ғалаба қилдик дея келиб менга мақтана бошлашди. Шунда мен уларнинг рўбарўсида пайдо бўлдим-да, «Тиланг тилагингизни!» – дедим. Биринчи бўлиб Браҳма сўзлади: «Менга ўғил бўлгил, эй ҳукмдор!» Ўзининг бу шаккоклиги эвазига эришган мартабаси шу бўлдики, ҳеч ким унга атаб қурбонлиқ қилмайди, ҳеч ким унга сиғинмайди. Шундан сўнг Нароян сўз қотди: «Эй ҳукмдор, шундай қилки, мен ҳар доим сенинг хизматингда бўлай!» Ана шунда Нароян сенинг қиёфангда дунёга келди ва шу қиёфада менинг ярмимга айланди. Мен қодирман, аммо менинг куч ва қудратим сенинг қаърингда, сенинг вужудинг замирида Нарояннинг ўзи яшайди. Бунинг устига – сен менинг биринчи туғилишимдаги хотинимсан».
Шу ривоятни сўзлаб бўлгандан кейин Партавий ундан сўради: «Биринчи туғилишда қандай қилиб мен сенга хотин бўлган эдим, шуни марҳамат қил»,
Шунда Бҳарг деди: «Жуда қадим замонларда, эй хотин, Пражапати Дакш сени ва жуда кўплаб бошқа маъбудаларни яратган эди. Сени у менга берди, бошқаларни эса Дҳарм ва ўзга илоҳларга улашди. Кунларнинг бирида у қурбонлиқ маросими ўтказмоқчи бўлди ва маросимга барча куёвларини чорлади. Лекин бир мени чақирмади. Шунда сен ундан сўрадинг: «Ота, нега сиз менинг эримни чақирмадингиз?” Отанг жавобан сенга бундай деди: «Эрингни қандай чақирай, ахир? Бўйнига одам бош чаноқлари шодасини тақиб олибди-ку. У нопок, гуноҳкордир». Отангнинг сўзлари қулоғингга қайноқ қўрғошин қуйган билан баравар бўлди. «Вой шўрим қурсин! — фарёд чекдинг сен.– Ёруғ дунёда яшагулигим қолмади!» Шунда сен, жонгинам, заминий қобиғингни тарк этдинг. Сенинг ўлимингдан азбаройи қаҳру ғазабим тошиб, мен Дакшнинг қурбонлиқ маросимини буздим, сен эса бамисоли баҳри муҳит қаъридан тулуъ қилган янги ҳилолдек, Ҳимолай хонадонида таваллуд топдинг.
Мен дарвешлик фарзу суннатларини пок виждон ила оқлаш ниятида тоғ музларидан либос кийиб, бош олиб кетдим. Отанг бўлиб сенга мени бир меҳмон сифатида иззат-икромимни жойига қўйишингни амр этганим эсингдами? Бу орада фалакдаги фаришталар ҳузуримга Ишқ маъбуди Комни .юбордилар, зеро улар Торак деган иблисни асфаласофилинга жўнатишга қодир бир азамат ўғлонни дунёга келтиришимни хоҳлашган эдилар. Мен ўз инон-ихтиёрим ила Комни кулга айлантирдим. Аммо сен анойи эмасдинг, ўзингнинг дарвешона зафарларинг билан шахдимни синдирдинг, улар безурриёт қолишмасин деган андешага ҳам бордим-да, сенинг раъйингга қарадим, жонгинам. Сен менга бу туғилишда ана шу тариқа хотин бўлиб қолган эдинг».
Шива сукутга чўмди, аммо аччиғи чиққан хотини зарда билан унга бундай деди:
«Ёлғончи! Асли менга қизиқроқ бир нарса айтиб бериш ниятингиз йўқ. Нима, мени гоҳ Гангага ялтоқланиб, гоҳ Сандҳйага тилёғламаликлар қилиб юрганингизни билмайди деб ўйлайсизми?»
Буни эшитиб Ҳар (Шива) хотинига мароқли бир ҳикоя сўзлаб беришга рози бўлди, шундагина Парватий сал ҳовуридан тушди. Ўзи бориб, хобхоналарига ҳеч кимни қўймасликларини тайинлади. Ҳар эса Нандин исмли ҳўкизини эшик олдида қоровулликка қўйиб келди-да, хотиржам эртагини бошлади.
«Маъбудлар ҳар доим дориламон, хушбахт яшайдилар, одамларнинг чекига эса нуқул бахтсизликлару азоб-уқубатлар тушган. Азбаройи қийинчиликлар тортаверганидан бандаларнинг ҳаёти қизиқ кечмаслиги аниқ, шу боис мен сенга бандалар эмас, вужудларига ҳам инсоний, ҳам илоҳий табиатни сингдириб олган иблислар – видйадҳарлар ҳақида ҳикоя қилиб бераман»,
Ҳар эндигина ривоятини бошлаган ҳам эдики, хобхонага унинг эркатойи, ганлар ичида энг аълоси Пушпадант кириб келди. Нандин исмли ҳўкиз уни тўхтатиб қолишга ҳарчанд уринмасин, азбаройи қизиққанининг зўридан Шива хобгоҳида нелар бўлаётганини билгиси келмоқда эди. Ўзининг кўзга кўринмай қоладиган сеҳрли қудрати билан у хобгоҳга кириб олди-да, Ҳарнинг етти видйадҳарнинг ғаройиб ҳаёти ҳақида ҳикоя қилаётганини эшитди. Айнан мана шу ҳикояни у хотини Жайага сўзлаб берди. Жайа эса субҳи содиқда Ҳимолай қизи уйқудан турганида унинг ҳузурига етиб келди-да, эридан эшитганларини оқизмай-томизмай, миридан сиригача етти видйадҳар саргузаштларини айтиб берди. Хотин зоти қачон тилини тийган! Парватийнинг жон-пони чиқиб кетди ва эрига қараб қичқирди: «Қаёқдаги алмисоқдан қолган гапларни гапирасиз! Буни ҳатто Жайа ҳам билади-ку!” Шива чуқур хаёлга толиб қолди ва узоқ таҳаммулдан сўнг ким айбдорлигини англади, зеро, дунёда ҳеч бир нарса ҳукмдорнинг ҳаётидан пинҳон қолмаган. «Пушпадантгина ўзининг соҳир қудрати ила хобхонамизга кириб олган ва ҳамма нарсадан воқиф бўлган! Ахир Жайага ундан бошқа ким ҳам айтиб бериши мумкин?» – овоз чиқариб деди у.
Шунда ғазаб отига минган маъбуда қичқириб деди: «Ҳой Пушпадант, сен энди бандалар орасида яшагайсан!» Ган Малйаван Пушпадантнинг тарафини олмоқчи бўлиб сўз қотган эди, уни ҳам Парватий одамлар орасида яшашга маҳкум этди. Парватий пойига бош уриб, ганлар Жайа билан биргаликда уни афв этишини ёлвориб сўрашган эди, шунда Шарв (Шива)нинг хотини уларга деди: «Қалин ўрмон қоплаган Виндҳйа тоғида иблис қиёфасида умр кечиришга дуойи бад олган Канбҳути исмли Супратик деган дев яшайди. Эй Пушпадант, бориб Канбҳути билан учраш, унга ўғринча тинглаб билиб олган ривоятни сўзлаб бер, шундагина гарданингга тақилган тавқи лаънатдан халос топгайсан. Эй Малйаван, сен ҳам Канбҳутидан бу ривоятни бошдан-оёқ эшитиб ол, шунда ҳар икковингга айтилган қарғиш ўз кучини йўқотгай».
Шу сўзларни айтиб, тоғ ҳукмдорининг қизи жим бўлди, иккала ган эса кўз очиб-юмгунча у ердан ғойиб бўлди.
Бироқ кейин Парватий афсус-надоматлар чекди ва Шивадан сўради: «Менга айтинг-чи, бегим, қарғишимга гирифтор бўлган анови иккала бадбахт қайтадан қаерда оламга келади?»
Бунга жавобан Янги ой ўроғидан манглайига жиға қўндирган маъбуд Шива деди: «Гўзалликда тенги йўқ буюк Каушанби деган шаҳар бор, шу шаҳарда Пушпадант Вараручи деган, Малйаван ган эса Супратиштҳий деган шаҳарда Гунадҳйа деган исм билан оламга келгай. Уларнинг қисмати ана шундай кечгусидир!» Кайлас тоғи ёнбағридаги чирмовуқларга чулғанган хилват гўшада Вибҳу (Шива) ривоятига бепарволик билан қулоқ солган хизматкорларидан жаҳли чиққан Парватийга ана шу тариқа тасалли берди.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга муқаддима» китобининг биринчи долғаси ана шундан иборат.

ИККИНЧИ ДОЛҒА

Айтишларича, Пушпадант Вараручи ёки тўғрироғи, Катяян қиёфасида оддий банда жисмида дунёга келди. Илму фан бобида энг олий даражаларга етиб, у Нанд шоҳига вазир бўлди. Кунларнинг бирида у Виндҳйа тоғида истиқомат қилувчи маъбуда ҳузурига маъюс равона бўлди. Унинг нусратафзо аъмолларидан лутфу карам ҳиссига тўлиб-тошган маъбуда унинг тушига кирган ва унинг маслаҳати билан Канбҳутини қидириб топгани Виндҳйа ўрмонига йўл олган эди. Шер ва маймунларга тўла, сувсиз, қовжироқ дарахтлардан иборат қалин чакалакзор оралаб борар экан, у бир баланд ва шохлари тарвақайлаган банйан дарахтига дуч келди. Дарахтдан сал нарида бир гала иблислар қуршовида сал деган дарахтдай баҳайбат бир иблис турар эди. Канбҳути дегани айни шу эди.
Катяянга кўзи тушиб, Канбҳути унга югуриб пешвоз чиқди ва эгилиб, унинг хоки пойини олди. Катяян ундан сўради: «Ҳой Канбҳути, сендай бир хайру саховат бобида ягона ҳисобланган зотнинг бу янглиғ афтода бир ҳолга тушиб қолиши боиси недур?» Буни эшитиб, ҳозир бўлган меҳмонга қарата Канбҳути бундай деб жавоб берди: «Буни ўзим ҳам билмайман, тақсири олам, аммо Ужжайини шаҳридаги ўликлар куйдириладиган жойда истиқомат қилувчи одамлар оғзидан не гаплар эшитганимни билсангиз эди! Биласизми, нималар бўлган эди? Бир куни Парватий Шивадан сўради: «Менга айтинг-чи, олампаноҳ, сизда қабристону одам суякларига бундай ўчлик қаёқдан зоҳир ўлмиш?» Шива унга жавобан деди: «Қадим замонларда бутун ер юзини сув босибди ва биронта ҳам тирик жон қолмабди. Шунда мен битта қобирғамни кесиб олдим ва бир томчи қоним баҳри муҳитга тушди. Сувга тушиб, ҳалиги бир томчи қон бир дона тухумга айланди, тухум ёрилиб, ичидан бир эркак чиқиб келди, у пайдо бўлиши ҳамон мен унинг учун Пракрити ни яратдим, ундан Пражапатилар униб чиқди ва одам насли вужудга келди. Шу боис бўлди-ю, ўша одамни ҳамма Питамаҳ, Буюк Ота деб атай бошлади. Питамаҳ жонлию жонсиз оламни яратгач, ғурур отига минди: «Мана, кўрдиларингми, мен қандай буюк иш қилдим!» – деди. Шу ғурури учун унинг бошини танасидан жудо этдим.
Мен ўзимнинг қилган ишимдан қаттиқ пушаймон едим ва бўйнимга калла суяклари шодасини тақиб, қабристонда истиқомат қилишдек буюк риёзатга берилдим – уларга бу янглиғ ўч бўлишим сабаби шундан. Эй маъбуда, мен сенга айтсам, яна битта сабаб ҳам йўқ эмас: бош суягини қўлимга олганимда гўё бутун оламни ушлаб тургандай бўламан! Мен сенга ҳикоя қилган тухум ва мана бу бош чаноғи ер ва осмон деб аталади!»
Шамбҳу жим бўлиб қолди, маъбуданинг хаёлидан эса бундай ўйлар кечмоқда эди: «У менга яна бирон нарса айтиб берсин. Ахир бу қизиқ-ку!» ва сўради: «Пушпадант ҳузуримга қачон қайтиб келади?» Саволни эшитиб, буюк маъбуд завжаи мукаррамасига бир воқеани сўзлаб берди: «Бир вақтлар Стҳулширас деган ракшас билан ўртоқ тутинган Вайшрован деган якш яшар эди. Бу дўстликдан хабар топган Бойликлар ҳукмдори (Кубер) ғазабга келди ва уни алвасти қиёфасида Виндҳйа ўрмонида сарсон-саргардонликка маҳкум этди. Шунда якшнинг акаси Диргҳжангҳ Кубернинг пойига йиқилиб, укасини бу дуойи баддан халос этишини сўраб ёлбора бошлади, бироқ Кубер шундай жавоб берди: «Уканг одам бўлиб туғилишга маҳкум этилган Пушпадант оғзидан буюк ривоятни тингласин ва уни Малйаванга сўйлаб берсин, шунда уларнинг ҳар иккаласи ҳам дуойи баддан халос топгай». Шу тариқа Бойликлар ҳукмдори дуойи бад қилиш одлатига чек қўйди. Бу Пушпадантга ҳам тааллуқлидир. Шуни эсингдан чиқарма, жонгинам!»
Шамбҳунинг гапларини эшитиб, суюниб бу ёққа чопдим. “Пушпадант билан кўришаман-да, шу билан дуойи баддан халос бўламан!» Канбҳути жим бўлиб қолди ва ўша заҳоти бир вақтлардаги Вараручи эсига тушди-ю, бамисоли уйқудан уйғонгандек, оғзидан шу сўзлар учиб чиқди: «Ўша Пушпадант менинг ўзимман-ку! Мен буюк ривоятни сўзлай, сен қулоқ сол!»
Шунда Катяян Буюк ривоятни сўзлай кетди, еттита қисмнинг ҳар бирида юз минг мисра бор эди, шундан сўнг Канбҳути ундан сўради: «Тақсири олам, сиз ҳақиқатан ҳам Рудрнинг тажассуми экансиз, зеро, бундай ривоятни ундан бошқа ким ҳам биларди?! Сизнинг лутфу карамингиз туфайли мен дуойи баддан халос бўла бошладим! Энди, муҳтарам зот, ўзингиз ҳақингизда сўзлаб беринг, дунёга келган пайтингиздан бошланг, мени гуноҳи азимдан қутқаринг!» Канбҳути азбаройи эҳтиром ила сўраганидан Катяян унга ўз ҳаёти ҳақида сўзлаб берди, гапни ўзининг ёруғ оламда бино бўлган дамдан бошлади.

КАТЯЯННИНГ ҲИКОЯСИ

«Каушанби деган шаҳарда Агнининг коҳини, Сомдатт исмли браҳман, яшарди, унинг хотинининг исми Васудатта эди. Васудатта асли пайғамбарнинг қизи бўлиб, дуойи бад олганидан одамлар орасида яшашга маҳкум этилганди. Мен ана шу иккаласининг ўртасида дунёга келганман. Отам ўлиб кетганида мен жуда ёш бола бўлганман ва мени боқиш ва ўқитишга онамнинг қурби етмаган. Кунлардан-бир кун узоқ саргардонликдан кейин чарчаб, икки браҳман бизнинг уйимизга келиб қўнди ва бир кеча тунагани рухсат сўради. Улар бизникида меҳмон бўлиб қолишди. Шунда узоқдан мриданг6нинг тарака-турум овози қулоққа чалиниб қолди ва онамнинг эсига тан маҳрамлари отамни тушириб юборди, шўрлик онам кўзларига ёш олиб, ҳазин товушда шундай деди: «Болажоним, ноғора чалаётган отангнинг дўсти бўлади, раққос Нанд рақс тушаяпти!» Шунда мен дедим: «Бориб, унинг қандай рақс тушаётганини томоша қиламан, қайтиб келиб, унинг рақсларини сизга ўйнаб, кўрганларимни сўзлаб бераман!» Гапимни эшитиб, ҳалиги икки браҳман ҳайрон бўлди. Уларнинг ҳайратланганини кўриб, онам деди: «Ҳайрон бўлманглар! Бу бола бир марта эшитганини ёдида маҳкам тутиб қолади! Мени имтиҳон қилиш мақсадида улар қадимги ҳинд муқаддас китоблари Ведалардан айрим сатрлар – пратишакҳйа ўқишди, мен ўша заҳоти улар нимани ўқишган бўлса, битта қўймай такрорладим. Шунда улар мен билан бирга Нанднинг томошасини кўргани боришди. Кейин уйга қайтиб келгач, мен у ёқда нимаики кўрган бўлсам, ҳаммасини битта қўймай ўйнаб кўрсатиб бердим. Бир кўришда ҳаммасини ёдимда сақлаб қолганимни кўриб, ҳайратда қолган браҳманлардан Вйадий деган бири таъзим билан онамга шундай мурожаат қилди:

ВЙАДИЙНИНГ ҲИКОЯСИ

«Ветас деган шаҳарда Девсвамий ва Кармбҳак деган икки ака-ука яшарди. Улар бир-бирини жонидан яхши кўрарди. Улардан бирининг ўғли – у қаршингда турибди – Индрдатт бўлиб, менинг исмим эса Вйадийдир. Мен туғилганимда отам ўлган экан. Бу ўлим Индрдаттнинг отаси бошига катта мусибат бўлиб тушади ва у акаси кетидан осмони фалакка қараб бош олиб кетади. Уларнинг бевалари ҳам бу жудоликка бардош беролмайдилар ва олдинма-кейин улар ҳам ёруғ олам билан видолашадилар.
Шу тариқа биз иккала ака-ука ғирт етим бўлиб қолдик ва билим ва бойлик қидириб, жасоратларимиз билан Кумарнинг илтифотига ноил бўлгани йўлга чиқдик. Бизлар қаттиқ риёзат чекиб, дарвешлик расму қоидаларини қойилмақом қилиб адо этганимиздан кейин тушимизга Кумар кирди ва шундай деди: «Шоҳ Нанд салтанатида Паталипутра деган шаҳар бор. У ерда Варш деган браҳман яшайди, сизлар ундан барча илму фан сирларини эгаллашингиз мумкин. Ўша ёққа боринглар». Бизлар Паталипутрага йўл олдик. Шаҳарга бориб етгач, ҳалиги браҳманни сўраб-суриштира бошладик. Одамлардан бири деди: «Шу ерда бир Варш деган аҳмоқ яшайди».
Бу сўзлардан биз қаттиқ саросимага тушдик, бироқ барибир Варшнинг шарти кетиб, парти қолган яримвайрона уйини қидириб топдик. Уй қаёқда, деворлари ўйилиб-тешилиб кетган, сичқон инларидан ғалвирга айланган, болорларини қурт еган бир кулбаи вайрона, худди кўп замонлардан буён одам зоти йўламагандай ташландиқ бир жой. Бу ерда одам эмас, фақат жин-ажиналару бойқуш қузғунларгина яшай оларди, холос. Биз ичкарига бош суқиб қарадик, қарасак, унда Варш чуқур тафаккурга бурилиб, сукут сақлаб ўтирибди. Унинг қоқ суяк, қорайиб кетган, эгнига жулдур ва кир-чир бир нималарни илиб олган, ғарибликнинг яққол тимсолига айланган хотини биз меҳмонларга жой кўрсатиб, ҳурматимизни ўрнига қўйди. Энг аввал шу хотинга таъзим бажо айладик ва бутун шаҳарда сизнинг эрингизни аҳмоқ деб аташар экан дедик. Гапимизни эшитиб, у бизга қараб шундай деди: «Сиз икковингиз ҳам ўғлим қатори экансиз. Сизларни хижолатга қўйишим яхши эмас!» ва бундай ҳикоя қила кетди:
«Бир вақтлар Паталипутра шаҳрида Шанкарсвамин деган бир браҳман яшарди, унинг иккита ўғли бор эди. Улардан бирининг исми Варш, иккинчисиники эса Унварш эди. Каттаси, менинг эрим Варш нодон ва қашшоқ эди, кичиги эса бой ва айёр эди.
Бир куни Унваршнинг хотини ун ва шакардан беўхшов ва бадшакл кулча пиширди-да, устидан кулгани уни аҳмоқ браҳманга тортиқ қилди. Ақли бор одам бундай инъомни ўла қолса олмайди. Аммо Варш кулчани жон-жон деб олди. У кулчани уйга кўтариб олиб келганида, мен уни тоза уришдим. Шунда у ўзининг аҳмоқлигидан қаттиқ хижолат чекиб, Картикейга сажда қилгани кетди. Тавба-тазаррулар билан маъбуднинг марҳаматига ноил бўлди, мукофотига барча илму фан сирларидан огоҳлик рутбасига етишди.
«Фақат шундай бир браҳманни қидириб топгинки,– амр этди унга Картикей, – бир карра эшитгани хотирасида маҳкам сингиб қолсин!» Бу топшириқни эшитиб, Варш оёғини қўлига олиб уйига шодон чопди.
Уйга келиб, кўрган кечирганларини оқизмай-томизмай менга айтиб берди. Шундан буён у кечасию кундузи тафаккурга берилиб, дуолар ўқийди. Сизлар ҳам бир эшитганини зеҳнида маҳкам ушлаб қоладиган бир ўсмирни топсангиз яхши бўларди. Сизларнинг дилингиздаги барча эзгу ниятларингиз шунда ўз-ўзидан рўёбга чиқар эди, бунга сира шубҳа қилмаса бўлади».
Варшнинг хотини оғзидан бу ривоятни эшитиб, одамлардай сал ўзларини ўнглаб олишга етгулик юз олтин тангани унга инъом қилдик-да, ўша заҳоти Паталипутра шаҳридан чиқиб кетдик. Ўшандай бир ўсмирни қидириб топиш учун ер юзини узоқ айландик ва ҳориб-толиб бугун биз сизнинг ошиёнингизга келдик. Бир эшитганини кўнглига муҳрлаб қўядиган йигитчани ҳам топдик – бу сизнинг ўғлингиз. Уни бизнинг ихтиёримизга топширинг ва биз у билан билим ва бойлик қидиришга киришайлик».
Вйадий нима ҳикоя қилган бўлса, муҳтарам она барчасини диққат билан эшитди ва унга шундай деб жавоб берди: «Ҳаммаси сиз айтганча бўлсин. Мен сизларнинг лафзингизга ишонаман! Ишонишимнинг эса сабаби бундай: ҳали у туғилмасидан илгари, қорнимдалигидаёқ осмондан менга ваҳий келган эди, гўё менга фалакдан жисм қобиғидан ажралиб чиққан Сарасватий нозил бўлганмиш, ўша ваҳий ушбудир: «Бу бола зеҳндор бўлиб туғилажак, мураббий Варшдан барча фанларни қунт билан эгаллаяжак-да, одамларга ҳисоб илми – риёзиюнни тақдим этажак. Унинг исми Вараручи бўлажак, унга нимаики ёқиб қолса, ҳаммаси унга насиб этажак». Менга фалакдан ана шундай сўзлар эшитилди. Энди эса ўғлим вояга етгач, кечаю кундуз бир ўй менга сира тинчлик бермайди – мураббий Варш қаерда яшаркин?! Сизнинг ҳикоянгизни эшитиб, бошим кўкларга етди. Ана, олинг ўғлимни, ўзингизга ини қилиб олинг. Худо йўлларингизни ойдин қилган бўлсин».
Онамнинг гапларини Вйадий ва Индрдатт жуда зўр мамнуният билан тинглаб туришди, тун ҳам гўё бир лаҳзадек ўтди-кетди. Бу қувончли дамларни вақтичоғлиқ билан ўтказишимиз учун онам Вйадийга пул берди ва менинг ведаларни қунт билан ўзлаштиришим учун упнаян маросимини адо этди. Менга оқ йўл тилар экан, онам кўз ёшларини зўрға тутиб турарди. Бироқ мендаги илмга бўлган иштиёқни билгани уни сал юпатарди. Онам билан сидқидилдан хайр-хўш қилиб – ахир кўзининг оқу қораси бўлган жигарбанди билан ажрашиш осонми – Вйадий ва Индрдатт мени ўзлари билан олиб, шаҳардан чиқиб кетишди. Бирмунча муддат ўтди ва биз донишманд Варш истиқомат қиладиган уйга етиб келдик, мени Сканднинг чинакам тажассуми бўлмиш донишмандга таништиришди. Эртасига мураббий бизларни қаршисидаги супуриб-сидирилган ерга ўтқазди ва илоҳий ун билан «Оум!» деб хониш қилди. Ўша заҳоти кўз ўнгимизда ўзининг барча бобу абвоби билан муқаддас веда китоблари намоён бўлди ва у бизни ўқитишга киришди. У бир карра айтган нарсаларни мен ўша заҳоти ёдлаб қолардим, икки марта такрорлаганда Вйадий ушлаб оларди, учинчи марта такрорлаганда эса Индрдатт шуурига сингдирарди. Ҳар гал эшитганимда, худди машғулот аввалидагидек. Варшнинг илоҳий товуши янграрди, унинг ошиёни олдига ҳар тарафдан браҳманлар тўда-тўда бўлиб кела бошлашди, унга офаринлар ўқиб, қўлларидан келганча ҳурмат-эҳтиромларини изҳор этишди.
Булар барчасини кўриб турган мураббийимизнинг укаси Унварш тобора тунд тортиб бормоқда эди. Бироқ Паталипутранинг бутун аҳолиси улуғвор тантана ичида яшамоқда эди. Тоғлар ҳукмдори ўғлининг мўъжизавий қудратини кўриб, шоҳ Нанд севинганидан ўзини қўйгани жой тополмасди, у Варшнинг уйини бир-биридан башанг кийим-кечаклар, дуру жавоҳирлар ва барча зарурий ашёлар билан тўлдириб ташлади».
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга муқаддима» китобининг иккинчи долғаси ана шундан иборат.

УЧИНЧИ ДОЛҒА

Ўрмонда Вараручи ана шундай ҳикоя қилди, Канбҳути эса биронта сўзни тушириб қолдиришдан қўрқиб, ҳаммасини диққат билан тинглади. Вараручи ривоят сўзлашда давом этди:
«Бирмунча муддат ўтгач, бир куни, биз сабоқларни ниҳоясига етказганимиздан, қуёш эса ўз вазифасини адо этиб бўлгандан кейин мураббийдан сўрадик: «Эй устоз, бизга бир нарсани айта оласизми: бу шаҳар иккала маъбуда – Лакшмий ва Сарасватийнинг маконига айланиши сири нимада?» – «Сизлар қулоқ беринглар, – деди у,– мен ҳозир сизларга бу ҳақда ҳикоя қилиб берай».

ПАТАЛИПУТРА ШАҲРИ ҲАҚИДА ҲИКОЯ

Гангадворда ғусл қиладиган бир табаррук жой бор, уни Кажкҳал дейишади. Худди шу ерда илоҳий фил Канчанпай Ушинар тоғи чўққисини дарёга ағдариб, Ганга дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб олган.
Шу ерда жанубдан келиб, хотини билан бир браҳман қаттиқ риёзат чекмоқда эди. Вақт-соати билан хотини унга учта ўғил туғиб берди. Браҳман ёруғ дунёдан кўз юмиб, сўнг хотини ҳам унинг изидан кетгач, ўғиллар ўқиб, билим олгани Ражгриҳ шаҳрига йўл олишди.
Улар барча илмларни сув қилиб ичиб олгандан кейин бу учала шўрлик етим ҳукмдор Кумарга топингани жанубий ўлкаларга боришди. Ака-укалар баҳри муҳит соҳилида жойлашган Чинчиний деган шаҳарга келишди ва Бҳўжик деган бир браҳманникига қўнишди. Бҳўжик ўзининг учала қизини ака-укаларга никоҳлаб берди, бисотида нимаики мол-дунё бўлса, ҳаммасини уларга инъом этди, ўзи эса Ганга соҳилларига бош олиб кетди-да, дарвешлик тариқатини ихтиёр қилди. Қизларидан бошқа унинг ҳеч қандай қариндош-уруғи йўқ эди. Йигитлар қайната уйида дориламон истиқомат қила бошлашди. Бироқ узоқ вақт ёмғир ёғмаганидан у ерда даҳшатли қурғоқчилик бўлди. Очликка бардош беролмай, учала браҳман йигит эрларига садоқатли хотинларини ташлади-да, номаълум ёқларга бош олиб кетди. Зеро тошбағир эркакларнинг юрагида наинки ўзга, ҳатто ўз одамига ҳам меҳр бўлмайди!
Бева қолган опа-сингиллар оталарининг Яжнядатт деган дўстиникидан бошпана топишди. Мен сизларга айтсам, ўртанча сингилнинг қорнида ўша вақтда гумонаси бор экан. Ҳатто мусибат дамларида ҳам вафодор хотинлар ўз бурчларига содиқ қоладилар! Ой-куни етиб, ўртанча сингил бир ўғил туғди. Опа-сингиллар бири олиб, бири қўйиб, чақалоқни папалаб парвариш қила бошлашди. Кунларнинг бирида осмони фалакдан тиззасига Сканднинг Онаси (Парватий)ни ўтқазиб, Шива ўтиб қолди. Чақалоққа кўзи тушиб, она азбаройи раҳми келганидан деди: «Қаранг, ҳой бегим, анови учала хотин бир кун келиб бизларга суянчиқ бўлсин деган ниятда боланинг атрофида гиргиттон. Шу боис, эй ҳукмдор, шундай бир иш қилингки, токи бу ўғлон учала мунглуқ аёлнинг қариб-қартайганларида жонларига ора кирсин». Бу саволга жавобан ҳар истакни раво қилгувчи маъбуд ўз завжаи муҳтарамасига қараб бундай деди: «Айтганинг сўзсиз бажо бўлғувсидир. Олдинги туғилишида йигитча ўз қайлиғи билан мени қаттиқ суюнтирган эди ва шу боис ҳаётдан бекадар лаззат олгани энди ерда дунёга келди. Унинг қайлиғи Паталий эса бу гал шоҳ Маҳендраварманнинг қизи бўлиб туғилган. У яна шу йигитга қайлиқ бўлгай».
Завжаи бокирасига шу сўзларни айтиб, Шива ҳалиги учала мушфиқ опа-сингилнинг тушида намоён бўлди ва шундай деди: «Ўғлингизнинг исмини Путрак деб қўйинглар. Ҳар гал уйқудан уйғонганида унинг ёстиғи остида юз минг олтин танга ётган бўлади ва бориб-бориб у шоҳлик рутбасига етишади».
Эртасигаёқ бола уйғониб қарасаки, ёстиғи тагида юз минг олтин танга ётибди. Бундан Яжнядатт қизларининг қанчалик қувонганини не сўз билан айтай – уларнинг эрга садоқатли бўлишлари ўз мевасини берганди! Уларнинг бойлиги кундан-кун ортиб бораверди ва Путрак охири шоҳ бўлиб, тахтга минди. Дарҳақиқат, қаттиқ риёзат туфайли бойлик кўпайгандан кўпаяди! Бир куни Яжнядатт унга шундай маслаҳат солди: «Эй марҳаматли шоҳ, сенинг отанг ҳозир аллақаерларда сарсон-саргардон юрибди. Шу боис ҳузурингга бош уриб келган браҳманларга ҳамиша хайру саховат эшигини ланг очиб қўй. Сен менга қулоқ бер, мен сенга Браҳмадатт ҳақидаги ривоятни сўзлай:

ШОҲ БРАҲМАДАТТ ҲАҚИДА ҲИКОЯ

Қадим замонларда Варанасий шаҳрида шоҳ Браҳмадатт ҳукмронлик қилар эди. Бир куни тунда у осмони фалакда юзлаб ғозлар қуршовида нару мода қизил ғоз учиб кетаётганига кўзи тушди. Улар заррин қанотларини ҳар силкиганда бамисоли оппоқ булут орасида чақин чаққандай бўлар эди. Шунда шоҳ бу мўъжизавий ғозларни яна бир бора кўришга шу қадар иниқиб, интиқ бўлдики, ҳатто шоҳлик фараҳу фароғатлари ҳам татимай кетди. Вазирлари билан машварат қилиб, ажойиб ҳовуз барпо этишни амр этди ва салтанатдаги бирон кимса биронта ҳам тирик жонзотга зарар етказмасин деб фармон чиқарди. Бирмунча муддат ўтиб, ҳовузга ҳалиги ғозлар учиб келди ва шоҳ уларнинг ишончини қозониб, нега қанотларингиз олтиндан, деб сўради. Ғозлар унга жарангдор овозда шундай жавоб беришди: «Олдинги туғилишимизда биз, эй олийжоҳ шоҳ, оддий қузғунлар бўлган эдик. Бироқ бир куни Шиванинг ҳувиллаган ибодатхонасида ўлаксалар қолдиғини талашиб, ўзаро жиққамушт бўлиб қолдик ва ҳовузга қулаб тушиб, чўкиб кетдик. Шу боисдан биз олтин ғозлар бўлиб дунёга келдик». Ғозларнинг гапларини шоҳ диққат билан тинглади ва уларга қараб юраги шафқат ҳиссига тўлди.
«Борди-ю, сен ҳам браҳман қондошларингга шафқатли ва саховатли бўлсанг, мартабанг осмондай сарбаланд бўлгай».
Яжнядатт қандай айтган бўлса, Путрак ҳам худди шундай қилди. Унинг хайру саховат бобидаги аъмолларини эшитиб, ҳузурига браҳман қавм-қариндошлари танда қўя бошлади, барчалари туман-туман бойликларга эга бўлганларидан бошлари кўкка етиб, хотинлари олдига хушнуд қайтиб кетар эдилар.
Ёруғ дунёдаги баъзи ишларни кўриб, ажабланмай иложинг йўқ одамнинг. Шундай нодонлар бўладики, ўз нодонликлари туфайли бошларига бало сотиб олганларини кўриб, охир-оқибат ҳалокатга гирифтор бўлишларини билиб турсалар ҳам ўз нодонликларидан қайтмайдилар. Путракнинг осойишта ва сердавлат салтанатига ҳасад қилиб, нафси аммораларини тиёлмай қолган риёкор браҳманлар уни ўлдиришга қасд қилдилар. Бу мақсадларини амалга ошириш учун улар шоҳни ўзлари билан Виндҳйа ўрмонларида истиқомат қилувчи маъбудани зиёрат қилгани боришга кўндирдилар. Улар қотиллар ёллаб, маъбуда ибодатхонасидаги пана жойга беркитиб қўйишди ва ёш шоҳга қараб шундай дейишди: «Қани, зиёратни аввал сиз бошлаб беринг, шоҳим, марҳабо!» Оқкўнгил шоҳ ибодатхонага кириб келди-ю, ажали етганини кўрди. Путрак қароқчилардан сўради: «Мени нега ўлдирмоқчисизлар?» Улар эса шундай жавоб беришди: «Қариндош-уруғларинг бизни ёллашди ва олтин-кумушлар беришди!» Шунда маъбудадан ўрнак олган Путрак ҳалиги қутурган қароқчиларга қараб деди: «Мен сизларга барча бебаҳо тақинчоқларимни бераман. Мени қўйиб юборинглар. Сирларингизни ҳеч кимга айтмайман ва бу ерлардан узоқларга гумдон бўламан», – «Сен айтганча бўла қолсин!» дейишди қароқчилар ва унинг бисотидаги бор буд-шудини шилиб олиб, браҳманларга рўпара бўлишди. «Путрак ўлди!» – деб ёлғонлашди улар браҳманларга. Ниятлари амалга ошганини билгач, браҳманлар салтанатни тезроқ эгаллаш учун шоша-пиша изларига қайтишди. Уларнинг хиёнаткорликларидан хабар топган вазирлар уларни қатл этишга ҳукм чиқардилар.
Бу орада қариндош-уруғларидан ҳафсаласи пир бўлган Путрак хилват Виндҳйа ўрмонининг тобора ичкарисига қараб кетаверди. Шу тариқа адашиб юра-юра у икки шумтакага дуч келди. «Кимсизлар?» – деб сўради у. Шумтакалар жавоб беришди: «Бизлар асур Майанинг ўғилларимиз. Отамиз ўлиб кетиб, бизга меросликка битта товоқ, битта таёқ ва бир жуфт бошмоқ қолди. Биз шуларни талашиб, жиққамушт бўлаётган эдик. Ким кучли бўлса, шу нарсалар ўшаники бўлади!» Бу сўзларни эшитиб, Путрак кулиб юборди: «Шу ҳам бойлик бўлди-ю!» Шунда шумтакалар бир овоздан шундай дейишди: «Бу бошмоқларни кийган одам осмони фалак бўйлаб уча олади, таёқ билан нимани ёзиб-чизса, ўша рўёбга чиқади, қандай овқатни ўйласа, ўша овқат товоқда пайдо бўлади!» Бу гапларни эшитиб, Путрак уларга деди: «Муштлашиб нима қиласизлар, ундан кўра кимўзарга югуринглар. Ким маррага биринчи бўлиб етиб келса, бу нарсаларнинг ҳаммаси ўшанга тегади”. «Бўпти, сиз айтгандай бўла қолсин», – рози бўлди икки шумтака ва югуриб кетди-ю, бу ёқда Путрак таёқ, товоқ, товоқни қўлига олди, бошмоқларни оёғига илди-да, осмонга кўтарилди. Кўз очиб-юмгунча у талай кунлик йўлни босиб ўтди, Акаршик деган кўркам бир шаҳарга кўзи тушиб, осмони фалакдан пастга инди ва ўша шаҳарга келиб қўнди. «Энди қаерга бориб турсам экан? – ўйлади у. – Сатанг хотинлар ўлгудай маккор бўлади, браҳманлар – қариндош-уруғларимдан баттар бўлса бордирки, улардан дуруст эмас, савдогарлар илоннинг ёғини ялаган бўлишади, очкўз, хасис». Шундай ўй-хаёллар билан у бир ташландиқ уйга бориб қолди, ичкарига кирди ва у ерда бир озғин, муштдеккина кампир ўтирганини кўрди. Путрак дарҳол ёнидан пул чиқариб, кампирнинг чиройини очди. Кампир уни меҳмон қилганидан кейин шу ерда одамлар кўзидан панада яшашга қарор қилди. Шу тариқа бирмунча муддат ўтди ва йигитдан мамнун кампир унга қараб шундай сўзлар билан мурожаат қилди: «Гапимга қулоқ сол, болажоним! Бошдан-оёқ зеб-зийнатга кўмилган қайлиғинг йўқ. Аммо бу ердаги шоҳнинг Паталий деган қизи бор. Қизни саройнинг энг юқориги қаватида сақлайдилар ва қимматбаҳо дур каби асраб-авайлайдилар!» Кампирнинг гапларини эшитар экан, сўзлар чўғ каби унинг дилида муҳаббат оловини ёқмоқда эди. «Мен бу офатижон дилбарни бугуноқ кўрмасам бўлмайди»,– ўзича қатъий қарорга келди йигит ва тун чўккач, бошмоқларини оёғига илди-да, осмонга шувиллаб чиқиб кетди. Бамисоли тоғ чўққисидек баланд сарой деразасидан ичкарига кириб, тўрдаги хобгоҳда бир ўзи маст уйқуда ётган Паталийни кўрди. Ой нурлари тушиб турганидан бу оддий малика эмас, гўё дунёни забт этган муҳаббат тангрисининг маликаи олияси ётгандек. «Уни қандай уйғотсам экан?»– сўради у ўзидан, шу топ гўё атайлаб қилгандай хобгоҳ ташқарисидаги эшик оғаси уйғониб қолди. Эшик оғаси шундай шеърни ўқиди:

Чақалоқдай тамшаниб ширин
Маст уйқуда ётар жонона.
Йўқ, уйғотмоқ уни зўр гуноҳ,
Савоб эрур қучмоқлик ёна.

Бу шеърни эшитди-ю, азбаройи иштиёқдан аъзойи бадани титраганча у гўзални қучди ва қиз ўша заҳоти уйғониб кетди. Шоҳга кўзи тушиб, қизнинг қалби ҳаё ва ҳайратга тўлди, ҳаёга тўлгани шундаки, рўпарасида нотаниш бир номаҳрам турарди, ҳайратга тўлгани шунданки, шундай бемаҳалда, ярим тунда қаёқдан пайдо бўлди экан? Бироқ улар ўртасида дарҳол ишқий суҳбат бошланди ва гандҳарвлар одатига кўра никоҳ иқди боғланди. Муҳаббат олови кучайгандан-кучайиб борарди, ҳадемай ошиқ-маъшуқлар тун қандай ўтганини ҳам билмай қолишди. Мана, тун оғиб, тонг ота бошлади, йигит севгилисини ҳижрон оташида танҳо қолдириб хайрлашди-да, қайси йўлдан келган бўлса, ўша йўлдан кампирнинг уйига қайтиб кетди. Шу тариқа у ҳар куни тунда қизнинг олдига ўғринча кириб келар, тунни ўйин-кулги ва хушчақчақлик билан ўтказар, кейин яна қайтиб кетар эди. Бироқ эшик оғалари Паталийнинг баданида элас-элас тиш излари, эҳтирос ила қучишлар чоғида тирноқлардан қолган чизиқлару ишқий эркалатишларнинг бошқа турли аломатларини пайқаб қолишди ва бу ҳақда дарҳол қизнинг отасига хабар беришди. Ота бир аёлга Паталийнинг хобгоҳига яшириниб олиб, тунлари у ерда нималар бўлишини кузатишни буюрди. Ошиқ йигитнинг кимлигини аниқлаш учун ҳалиги аёл ухлаб ётган Путракнинг кийимига бўёқ суртиб қўйди.
Эрталаб Паталийнинг отаси уйқудан турганида аёл унга кўрганларини биттама-битта ҳикоя қилиб берди, ота ўша заҳоти бутун шаҳар бўйлаб ўз жосусларини юборди ва улар ҳаял ўтмай кампирнинг кулбасидаги Путракни топиб келишди. Улар йигитни дарғазаб шоҳ ҳузурида ҳозир қилишганда Путрак яна бошмоқларни оёғига илди-да, ҳавога парвоз қилиб, Паталийнинг хобгоҳига кириб келди. «Бизни пайқаб қолишибди,– қичқирди у қизга қараб.– Тур тезроқ. Сеҳрли бошмоқларимиз ёрдамида жон сақлаб қолайлик!» У қизни бағрига олди-да, яна осмонга кўтарилиб, йўлга тушди. Сўнг улар осмони фалакдан Ганга соҳилига келиб тушишди ва Путрак ҳолдан тойган қизни сеҳрли товоқ инъом этган хилма-хил тансиқ таомлар билан сийлади. Йигитнинг кароматларидан қойил қолган қиз унинг қўлидан тағин нималар келишини сўраган эди, Путрак ерга бир шаҳар тарҳини чизди, шаҳар ичига пиёда жангчилар, сарбозлар, жанг аравалар ва филлардан иборат бутун бир қўшин расмини чекди. Ўша заҳоти сувратдаги шаҳар ҳақиқий шаҳарга айланди, Путрак эса унда шоҳлик маснадига ўлтирди, қудратли салтанат барпо этди ва адолат билан юрт сўрай бошлади. Қайнотаси ҳам унга тан бермай иложи қолмади ва йигит то баҳри муҳитгача бўлган жамики сарзаминда ҳукмронликни ўз қўлига олди. Сеҳрли йўл билан бунёд бўлган шаҳар ўзининг барча фуқаролари билан бениҳоя мислсиз чиройга ва битмас-туганмас бойликка эга бўлди: шаҳарнинг Паталипутра дейилиши шундан келиб чиққан, ундан бахт маъбудаси Лакшмий ва фан ва гўзал нутқ ҳомияси Сарасватий бир зум ҳам аримайди».
Эй Канбҳути, мураббий Варш оғзидан биз бу ғайриоддий ва бағоят мароқли ривоятни ана шу тариқа эшитдик, ҳам чексиз ҳайратга тушдик, ҳам кўнглимиз чоғ бўлди»,– деб сўзини тугатди Вараручи.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга муқаддима» китобининг учинчи долғаси ана шундан иборат.

ТЎРТИНЧИ ДОЛҒА

Виндҳйа чангалзорида Вараручи ана шундай ривоятни сўзлаб берди-да, яна гапнинг бошига қайтди. «Бирмунча муддат мен Паталипутрада Вйадий ва Индрдатт билан яшадим ва вақти-соати келиб барча фанларда етук алломага айландим. Бир куни биз Индр байрамини томоша қилгани бордик ва Муҳаббат маъбудининг қуроли бўлмиш гул ёйи монанд бир қизга кўзимиз тушди, фақат бу ёйда пайкон етишмас эди, холос. Шунда мен Индрдаттдан сўрадим: «Бу соҳибжамол қиз ким бўлди?» У менга жавоб бердики, унинг исми Упкоша бўлиб, Упваршнинг қизи экан. Қизнинг дугоналари ёрдамида мен у билан танишиб олдим, бироқ қиз эҳтирос тўла нигоҳлари билан юрагимни тиғдай поралаб, уйига равона бўлди. Унинг рухсори бамисоли ўн тўрт кунлик ойдай эди, кўзлари ложувардранг нилуфар тароватини йўққа чиқарарди, нозик ва бежирим қўллари шу гулнинг поялари каби силлиқ, ғўч сийналари эса ишқ ўтида ёнган оташин оғушлар эҳтиросини дучандон қилиб юборгудек. Қизнинг томоқлари бамисоли нафис бурама чиғаноқдай латиф, қонталаш дудоқларининг оби-тоби қизил маржон рангинлиги билан бас бойлашган, соҳир вужуди муҳаббат маъбуди ҳомийлик қилган нафосат эҳтиромининг ҳукмфармо бекачи янглиғ мўъжизакор. Қалбим Комнинг сонсиз пайконлари зарбидан минг пора бўлмай иложи қанча эди?! Бимбнинг ширадор мевалари янглиғ унинг ёқут дудоқларидан биргина бўса олиш армони билан ўша тунда кўзимга қатра уйқу инмади. Шу тариқа туни билан юлдузларга тикилганча тонг отарга яқин кўзим оппоқ либосга чулғанган илоҳий бир аёлга тушиб қолди-ку. У менга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди: «Аввалги туғилишингда Упкоша сенинг хасми ҳалолинг бўлган эди ва у сендан бошқа ҳеч кимни ўз эри деб билишни зинҳор истамайди. Шу боис бекорга ташвиш қилиб, ўзингни ғам ботқоғига ботирмагил, эй йигит. Мен — сенинг жисмингга жо бўлган Сарасватийман ва сенинг қайғуга ботишингга асло тоқат қилолмайман!» Шундан кейин аёл кўздан ғойиб бўлди. Мен уйғониб кетдим ва эрталаб севгилимнинг уйига йўл олдим-да, анбаҳ дарахти тагига бориб ўтирдим. Унинг дугонаси яқинимга келиб айтдики, шўрлик Упкоша муҳаббат дардидан изтироб ўтида қоврилмоқда экан. Шунда менинг изтиробларим дучандон бўлиб кетди. Мен унга дедим: «Ота-оналарининг розилигисиз мен Упкошани қандай хотинликка оламан? Маломатга қолгандан ўлганим афзал эмасми! Отаси ва онаси қизларининг менга қайлиқ бўлишига розими ёки йўқлигини билгил. Ҳа, шундай қил, эй латофатли қиз! Бу билан сен мени ва дугонангни ҳаётга қайтарурсен». Гапларимни эшитиб, қиз уйга кирди ва бор гапдан севгилисининг онасини воқиф этди, онаси эса бу хабарни эрига етказди. Упварш акасининг ҳузурига борди ва акаси бу таклифга рози бўлди. Тўй куни тайин бўлгандан кейин мураббий Вйадийга Каушамбага менинг онамни олиб келишни амр этди. Шундан сўнг Упкошанинг онаси уни менга хотинликка беришга қарор қилди. Онам рўзғорга бекалик қила бошлади ва биз бахтли яшаб кетдик.
Вақти билан Варш шогирдларининг сафи ортиб бораверди. Улар орасида ўзининг аҳмоқлиги билан донг чиқарган Панини деган биттаси бор эди.
Унинг ҳардамхаёллиги ва қўполлигини кўриб, Варшнинг хотини унга Ҳимолай тоғларига йўл олиб, дарвешлик ихтиёр этишини маслаҳат берди. У ҳам билимга чанқоқлиги туфайли у ёқ-бу ёғини ўйлаб ўтирмай, йўлга тушди.
Ўзининг тиришқоқлиги билан у манглайини яримой безатиб турган маъбуднинг кўнглини олди ва маъбуд уни фанлар ичида энг олийси ҳисобланган янги сарфу наҳв билими билан сарафроз этди.
У ёқдан қайтиб келгач, Панини мени мубоҳасага чорлади. Етти кун мубоҳаса бўлди, бироқ ғолиб аниқланмади, саккизинчи куни осмон қаъридан Панининг ғалабасига муштоқ Шиванинг даҳшатли овози келди. Шунинг шарофати билан биз ўрганган Индр арфу наҳфи ер юзидан ғойиб бўлди ва Панинидан мағлуб бўлган бизлар икки қўлимизни бурнимизга тиқиб қолавердик. Шунда жаҳолат ботқоғига ботган кўйи мен уйдаги бор пулимни савдогар Ҳиранйагуптга қўш қўллаб топширдим ва Упкошага дедим: «Мен Шанкарга сажда қилгани ва риёзату тоатларим билан унинг марҳаматига ноил бўлгани Ҳимолай тоғларига бош олиб кетаяпман». Вафодор қайлиғим мен кетгандан кейин ҳар куни Ганганинг табаррук сувида ғусл қилар ва эҳромда сидқидилдан тоат-ибодат ила машғул бўлар эди.
Менинг фироғимга чидолмай, у озиб-тўзиб борарди, рангида-ранг қолмаганди, бироқ ботаётган ой сингари эркаклар кўзини мафтун этувчи жозибадорлигини йўқотиб улгурмаганди. Бир куни баҳорда у ғусл қилгани Гангага борди ва сарой коҳини, шаҳзоданинг мураббийи ва шаҳар доруғасининг кўзи унга тушди. Ўша заҳоти учала амалдор ҳам Муҳаббат тангриси пайконининг нишонига айланди. Ўша куни хотиним Гангада узоқ қолиб кетди, кечқурун шоша-пиша уйга қайтаётганида эса шаҳзоданинг мураббийи уни зўрлашга ҳаракат қила бошлади. Бироқ соҳибжамол жувон унга қараб шундай деди? «Марҳаматли шаҳзода, ҳозир сиз нимани хоҳлаётган бўлсангиз, мен ҳам шуни хоҳлаб турибман, аммо мен олийнасаб хонадонда таваллуд топганман ва завжам ҳозир мусофир юртларида юрибди. битта-яримта кўриб қолса нима бўлади? Мен ҳам, сиз ҳам таъна-маломатлар тагида қолиб кетамиз! Шу боис ҳозирча сабр қила туринг, баҳор айёми келганида ва байрамдан чарчаган бутун шаҳар аҳли уйқуга кетганида туннинг биринчи паҳар1 ида ҳузуримга чопиб келинг». Шундай ваъдалар бериб, хотиним шайдо шаҳзодадан қутулди-да, уйга равона бўлди. Сал нарига борган эди, унга сарой коҳини ёпишиб олди. Упкоша унга ҳам учрашув ваъда қилиб, ўша куни туннинг иккинчи паҳарида келишини айтди. Уйига тезроқ етиб олиш учун жон-жаҳди билан югуриб кетаётган эди, бу гал унинг йўлини шаҳар доруғаси тўсди. У ҳам соҳибжамол жувонга ошиғу шайдо бўлиб қолганини, унинг васлига муштоқлигини, бир гал муродини ҳосил қилмаса туролмаслигини айтиб, ҳеч қўйиб юборай демасди. Жувон бунга ҳам ўша баҳор кечасини ваъда қилди ва фақат доруғага туннинг учинчи паҳарида келишини тайинлади. Тақдири худонинг иродаси билан уч бирдай балодан бир амаллаб қутулгач, ҳаллослаб-ҳансираганча у уйига етиб келди ва чўриларни ҳузурига чорлаб, уларга шундай деди: «Агар тагли-зотли хотиннинг эри мусофир юртига кетса, унинг чиройига ошуфта бўлган номаҳрам кўзига тик боқишдан кўра бундай хотиннинг ўлгани дуруст экан!» Мени ўйлайвериб-ўйлайвериб хотиним тун бўйи мижжа қоқмади, туз ҳам тотмади. Эрталаб у браҳманларга овқат қилиш учун пул олиб келгани савдогар Ҳиранйагуптга одам юборди. Бироқ у борган одамдан пул бериб юбормай, жувоннинг ҳузурига ўзи келди ва танҳо қолганларида шундай деди: «Сен ўзингни менга бахш эт, шундагина эринг қолдирган пулларни бераман». Бу сўзларни эшитиб, Упкоша ичидан қаттиқ хафа бўлди, бироқ начора, эрининг Ҳиранйагуптга сақлаш учун омонат қолдирганига битта ҳам гувоҳ йўқ эди. Бироқ жувон сир бой бермади, албатта, савдогарга ҳам ўша туннинг тўртинчи паҳарида келишини айтиб, ваъда берди. Бундан оғзи қулоғига етиб, савдогар кетди. Упкоша чўриларни мой, кофур ва турли хушбўй тутатқилар ҳамда мум келтиришга жўнатди, кейин эса буларнинг ҳаммасини қўшиб, қориштирди. Ғусл қилганда баданни артгани яна тўрт бўлак мато тайёрлаб қўйишни ва устидан қулфланадиган катта сандиқ ҳозирлашни ҳам буюрди.
Ҳаш-паш дегунча баҳор айёми ҳам келди ва бало-қазодек шаҳзоданинг мураббийси ҳозир бўлди. Унинг келганинин ҳеч ким билмади ҳам, кўрмади ҳам ва хотиним унга қараб деди: «То ғусл қилмагунингча сенга яқин йўламайман. Бор, ювиниб кел». Содда-баёв одам эмасми, дарҳол «хўп» деди-да, чўрилар ҳамроҳлигида қоп-қоронғи ҳужрага кириб кетди. Чўрилар унинг эгнидаги барча либосу шалоп-шулупларни ечиб ташлади-да, баданига тим қора мум ва қурумларни суркай бошлашди. Бошидан оёғигача қоп-қора мойга беланганини бечора ошиқ қоронғида қаёқдан ҳам билсин. То у шундай «ғусл» қиламан дегунча туннинг иккинчи паҳари ҳам етиб келди ва Упкошанинг уйига сарой коҳини ташриф буюрди. «Вой! — деб чуввос солиб юборишди чўри қизлар. — Ахир бу сарой коҳини-ку, Вараручининг дўсти келибди!» — ва ўша заҳоти шаҳзоданинг мураббийини сандиққа жойладилар-да, устидан маҳкам қулфлаб қўйдилар.
Коҳинни ҳам худди шундай қилишди, унинг бор кийимию шалоп-шулупларини ечиб ташлаб, баданига бошдан-оёқ қора суртишди. Учинчи паҳарда шаҳар доруғасининг ўзи қадам ранжида қилди. Шунда гўё юраклари ёрилгудек қўрқиб кетган чўри қизлар коҳинни ҳам сандиққа жойлаб, устидан қулфлаб қўйишди. Доруғани ҳам ана шундай «чўмилтиришди», бошдан-оёқ қорага бўяшди ва худди ўшандай, туннинг тўртинчи паҳарида эшикни савдогар келиб тақиллатганда ўзларини қаттиқ қўрқиб кетганга солиб, чўрилар доруғани ҳам ҳалиги сандиққа жойлаб, устидан қулф солишди. Учаласи ҳам битта сандиқ ичида бамисоли дўзахнинг энг ёмон сақар деган жойида ётгандек типирчилар, оҳ-уҳ қилар эдилар-у, аммо бир-биридан қўрққанидан чурқ этиб, оғиз очолмасдилар.
Упкоша шамни ёқди-да, савдогар Ҳиранйагупт кириб келгач, унга қараб деди: «Қани, эрим сенга омонат қолдирган пулларни чўзиб қўй-чи!» Муттаҳам савдогар у ёқ-бу ёққа қараб, уйда ўзларидан бошқа ҳеч ким йўқлигига иймони комил бўлгач, жувонга қараб деди: «Ахир сенга айтдим-ку, эринг омонат қолдирган пулларни ўзингга қайтараман деб!» Упкоша эса сандиққа қараб мурожаат қилди: «Ҳиранйагуптнинг сўзларини эшитдиларинг-а, ҳой маъбудлар?» Шундан сўнг хотиним шамни ўчирди-да, чўриларига савдогарни ҳам «чўмилтириб», қорага бўяб қўйишни амр этди. Бу орада тун оғиб, тонг яқинлашиб қолганди. Чўрилар: «Ана тун оғиб қолибди», — деб савдогарни уйдан ҳайдаб солдилар, у эса ўламан саттор кетмайман деб оёқ тирар эди. Кетмай ҳам нима қила оларди, аллақандай латта-путталар билан уят жойларини яшириб, итларга таланиб, қоп-қора мумга беланиб, уят ва шармандаликдан ўтдай ёниб, бир амаллаб уйига етиб келди. Дарҳақиқат, ёмонлик қилган ёмонлик кўради-да!
Упкоша эса чўрилари ҳамроҳлигида билдирмайгина шоҳ Нанд саройига йўл олди ва унга мурожаат қилиб шундай деди: «Савдогар Ҳиранйагупт эрим унга омонатга бериб кетган пулларни қайтиб бергиси келмаяпти». Шоҳ ҳаммасини миридан-сиригача билмоқчи бўлиб, савдогарга одам юборди, уни олиб келишгандан кейин эса савдогар: «Йўқ, шоҳим, у менга бир чақа ҳам омонатга пул қолдирган эмас!» — деб туриб олди. Упкоша эса пинагини ҳам бузмай деди: «Шоҳим, менинг гувоҳларим бор. Эрим хонадон паноҳкорлари бўлмиш илоҳларни сандиққа жойлаб кетганди. Шуларнинг ҳузурида савдогар пул омонат қолдирилганига ўз оғзи билан иқрор бўлганди. Буюрсинлар, шоҳим. Сандиқни шу ера келтирсинлар, улардан ўзимиз сўраб кўрайлик!» Хотинимнинг гапларини эшитиб, шоҳ жилмайди ва сандиқни олиб келгани одам юборди. Ҳадемай ичига илоҳлар солиб қўйилган сандиқ ҳам муҳайё этилдию шунда Упкоша деди: «Ростини айтинглар, илоҳлар, савдогар ўз уйида эримнинг қўлидан омонатга пул олганмиди, йўқмиди? Гапирсангиз. сизларни уйга жўнатиб юбораман, гапирмасангиз, ҳозироқ қопқоқни очаман-да, барчаларингни аъёнлар ҳузурида намоён қиламан!» Буни эшитиб. сандиқ ичидагилар азбаройи юраклари қинидан чиқиб, бараварига қичқира бошлашди: «Тўғри, тўғри, биз гувоҳмиз: савдогар бизнинг олдимизда омонатга пул олганига иқрор бўлганди!» Савдогар лом-мим деёлмай қолди ва ҳаммасини бўйнига олди.
Сандиқ ичида нима борлигини билишга сабри чидамай, шоҳ Упкошадан уни очишни сўради. Жувон аҳли аъён юз-кўзича сандиқ қопқоғини очиб юборди ва худди алвастиларга ўхшаб, унинг ичига беркитиб қўйилган ҳалиги учови бирин-кетин ташқарига чиқди. Шоҳ ва аъёнлар уларни зўрға танишди ва ичаклари узилгудек кула-кула нечук бундай аҳволга тушиб қолишганини суриштира бошлашди. Шунда олийҳиммат Упкоша нима ва қандай бўлганини бир бошдан сўзлаб берди ва мажлисда ҳозир бўлганларнинг барчаси унинг хулқ-атворига қойил қолишди: «Олийҳиммат, оқкўнгил ва иффату исмат соҳибаси бўлган аёлларга чинданам қийин!» Шоҳ эса ўзгалар хотинига кўз ола қилган бу учала хотинбознинг мол-мулкини мусодара қилдирди-да, ўзларини мамлакатдан ҳайдаб чиқарди. «Менга сингил бўлгил», — деди у Упкошага ва кўп пул инъом қилиб, уни қўйиб юборди. Варш билан Упварш унинг эрига содиқлиги, бир сўзлигидан жуда суюнишди, бундан хабар топган шаҳар аҳли ҳам ака-укадан кам суюнмади.
Бу орада мен Парватийнинг содиқ ёри, барча истакларни рўёбга чиқарувчи Буюк Маъбуд — Шиванинг марҳаматига ноил бўлдим — чексиз риёзатлар билан Панини сарфу наҳфини эгаллашга, Шиванинг иродасию хоҳиши ила унга қўшимчалар киритишга муваффақ бўлдим. Шундан сўнг, тақдири илоҳий иродаси ила билимга бўлган чанқоқлигимни қондиргач, уйга равона бўлдим ва йўл бўйи чарчоқ нималигини билмадим. Шундай қилиб, ўз ўлан тўшагимга қайтиб келдим ва онам билан мураббийларим хоки пойларини олиб, Упкоша бошидан кечирган мароқли воқеалардан воқиф бўлдим.
Севинчимнинг чеки йўқ эди ва туриб-туриб ўзимдан-ўзим ҳайратга чўмар эдим: ҳайратга тушган сайин хотинимга бўлган олдинги муҳаббатим чандон-чандон ортар эди.
Шундан кейин мураббий Варш менинг ўз оғзимдан сарфу наҳвни эшитишни жуда хоҳлар эди, бироқ ҳукмфармо Кумар ўзи уни унинг зеҳнига жо этди. Кейин Вйадий ва Индрдатт ўз устозларидан унга қанча ҳақ тўлаш жоизлигини сўрашди ва мураббий Варш бундай жавоб берди: «Менга ўн курур (ўн миллион) олтин танга беришингиз лозим бўлади!» Улар бунга рози бўлишди. Ва менга қараб дейишди: «Дўстим, юр, шоҳ Нанд ҳузурига борайлик ва ундан пул сўрайлик. Бўлмаса, шунча олтин тангани биз қаёқдан оламиз? Ҳозир шоҳ Нанднинг бисотида тўққиз юз тўқсон курур олтин танга бор. У Упкошани ўзига сингил қилиб олди, сен эса ўз-ўзидан унга қайни бўлиб қолдинг. Шу боис сенинг ёрдам сўрашинг зинҳор айбга кирмайди». Шундай хаёллар билан биз учовлон ўша вақтда Айодҳяга ташриф буюрган Нанднинг ҳузурига кирдик. Биз Айодҳяга етиб келганимизда, шоҳ Нанднинг оламдан ўтганини айтишди. Ғам-қайғумизнинг чеки йўқ эди, мамлакатда эса ғалаёнлар бошланганди.
Шунда Индрдатт бизга шундай мурожаат қилди: «Менинг афсунгарлик сирларидан огоҳлигим бор ва марҳум шоҳнинг вужудига жо бўла оламан. Вараручи, сен ҳузуримга талабгор бўлиб кирасан-да, мен сенга олтин бераман. Сен эса, Вйадий, то қайтиб келгунимча, менинг жисмимни эҳтиёт қилиб тур». Шундай деб, Индрдатт Нанднинг танасига жо бўлди ва шоҳ тирилгач, бутун мамлакат шод бўлди. Вйадий ташландиқ эҳромда Индрдаттнинг танасини қўриқлаб қолди, мен эса шоҳ ҳузурига равона бўлдим.
Мен саройга кириб бордим, шоҳга таъзим бажо келтирдим ва устозимга мукофот тарзида сохта Нанддан ўн курур олтин танга сўрадим. Шунда у ҳақиқий Нанднинг вазири Шактални чорлади-да, амр қилди: «Бу одамга ўн курур олтин танга бериб юбор!»
Мўъжиза билан тирилган шоҳни ва унинг ҳузурида пайдо бўлган муддаийни кўриб, вазир бунинг тагида бир гап бўлса керак, деб ўйланиб қолди. Дарҳақиқат, ақлли одамнинг фаҳми етмаган нарса бор эканми! У деди: «Бош устига, олампаноҳ!» Кўнглидан эса бундай ўйлар кечарди: «Нанднинг ўғли ҳали ёш бола, мамлакатнинг эса ғанимлари бисёр. Ҳозирча бу сохта шоҳдан эҳтиёт бўлиб турмоқ лозим». Шундай дея у бутун мамлакатдаги барча жасадларни куйдиришга фармон берди. Айғоқчилар мамлакат бўйлаб изғиб кетишди, жасадларни қидириб топиб, битта қўймай куйдира бошлашди. Улар Вйадий Индрдаттнинг танасини қўриқлаб турган эҳромга ҳам киришди ва ундан жасадни тортиб олиб, ёқиб юборишди.
Шактал ўзига етган айёр эди, шоҳ олтинларни тезроқ бериб юбор деб шоширганда, унга шундай деб жавоб айтди: «Барча мулозимларингиз байрам тараддуди билан овора, шоҳим. Айтинг, браҳман бироз сабр қилиб турсин — мен унга олтинларни албатта бераман!» Шу аснода шоҳнинг ҳузурига нолаю афғонлар билан Вйадий кириб келди: «Яхши иш бўлмади, шоҳим. Сиз тирилдингиз-у, мулозимларингиз жонини бошқа биров танасига бағишлаган браҳман танасини ёқиб юборишди». Буни эшитиб, сохта Нанд ўйланиб қолди: «Энди менга нима бўлади?» Доно Шактал эса жасад куйдирилиб, сохта Нанд ҳеч қаёққа қочиб қутулолмаслигини англади ва шундай деди: «Мен браҳманга олтинлари бераман». Шунда сохта Нанд алам билан Вйадийга қараб шундай деди: «Ҳой браҳман, энди мен шудра1 га айланиб қолдим-ку. Шоҳона ҳашамлар энди менга татирмиди?» Унинг аҳволини чуқур ҳис этган Вйадий шоҳга тасалли берган ҳолда шундай сўзларни ирод этди: «Шактал сизнинг сирингизни пайқаб қолди. Энди шу ҳақда бош қотирмоқ керак бўлади. Энди у сени ўлдириши ва тахтга олдинги Нанднинг ўғли Чандрагуптани ўтқазиши мумкин. Шу боис сен бундай қил — Вараручини вазири аъзамлик тахтига ўтқаз, у эса ўзининг ўткир ва кенг фаросати ила умрингни узайтира олади». Шундан кейин Вйадий устозга Шактал олиб келган жоиз олтинларни топширгани кетди, сохта Нанд эса мени вазири аъзамлик маснадига ўтқазди.
Шунда мен унга бундай маслаҳат солдим: «Эй шоҳ, сизнинг браҳманлик қадрингиз ер билан яксон бўлди ва то Шактал тахт ишларини бошқарар экан, салтанатингизда тинчлик бўлиши даргумон. Уни йўқ қилмоқ усулини топмоқ лозим». Хуллас, менинг маслаҳатим билан шоҳ Шактални чуқур қудуққа ташлаш ҳақида фармони олий чиқарди, айблов — ҳалиги тирик браҳманни ёқиб юбориш. Унга қўшиб унинг юзта ўғлини ҳам қудуққа ташлаттирди. Ҳар куни қудуққа бир товоқ қовурилган ун ва бир товоқда сув туширишар эди. Шунда Шактал фарзандларига деди: «Болаларим, бу бир кишига ҳам етмайди, бизлар эса кўпчиликмиз. Шу боис таомни сохта Нандни тахтдан ағдаришга кимнинг кучи етса, ўшанга берайлик.» «Бу иш фақат сизнинг қўлингиздан келади, ота, — деб жавоб беришди ўғиллари. — Овқатни фақат сиз енг». Дарҳақиқат, ғанимдан ўч олишга келганда ориятли одамларнинг жонлари ҳам кўзига кўринмайди! Улар шундай қарорга келишди. Шактал унни бир ўзи еб, сувни ўзи ича бошлади. Ўзи азалдан шундай, ғанимдан ўч олмоқчи бўлган одамнинг юраги тошдан қаттиқ бўлиб кетади.
«Агар одам ўзига рўшнолик истаса, ҳукмдорининг кўнглини тушунмай ва унинг ишончини қозонмай туриб, бирон-бир ишга қўл урмаслиги керак экан», — деб ўзича мулоҳаза қиларди Шактал, қийналаётган, очликдан бирин-кетин жон бераётган ўғилларини кўриб. Барча юз ўғли унинг кўз ўнгида бир-бир жувонмарг бўлди ва бир гала жасадлар орасида яккаю танҳо Шакталнинг ўзи қолди.
Қудуқ ичида шу ҳол юз берар экан, сохта Нанд тахтда маҳкам ўрнашиб олди, мураббийига лозим олтинларни топшириб, Вйадий Айодҳяга қайтди. Қайтиб келиб, шоҳга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди: «Салтанатингиз узоқ йиллар бардавом ва хушқисмат бўлсин. Қўлимдан келганча маслаҳатларим билан сизга хизмат қилдим, энди эса зуҳду тақво йўлини ихтиёр этгум». Азбаройи қайғурганидан шоҳнинг сўзлари бўғзида туриб қолди ва Вйадийга эътироз билдириб деди: «Салтанатимда қол, дунё ҳузур-ҳаловатларидан баҳраманд бўл. мени ташлаб кетма!» Бунга жавобан дўсти шундай деди: «Эй олампаноҳ, бу жисм кўз очиб-юмгунча йўқ бўлиши ҳеч гап эмас. Ақли бор одам бахт маъбудасининг саробий севинчларига алданмайди!» Шундай қилиб, Вйадий дарвешлик тариқатига боши билан шўнғиб кетди.
Шундан кейин, эй Канбҳути, тахту тож лаззатларидан баҳраманд бўлгани сохта Нанд ва мен бугун қўшин билан Айодҳйадан ўзининг доруссалтанаси Паталипутрага қайтиб келди. У ерда мен ўз вазирлик мажбуриятларимни адо этишга киришдим. Упкоша атрофимда гиргиттон, мен билан ғам-андуҳ нималигини билмай онам ва мураббийим доруламон умргузоронлик қиляпмиз. Фалакдан айқириб тушаётган дарё Паталипутрадаги ишларимдан мамнун эди ва ҳар куни менга олтин инъом қиларди, руҳимга жо бўлган Сарасватий эса ўзининг фойдали маслаҳатлари билан мудом жонимга оро киргани-кирган».
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга муқаддима» китобининг тўртинчи долғаси ана шулардан иборат.

БЕШИНЧИ ДОЛҒА

Бу ҳикояни тугатиб, Вараручи сохта Нанд вақти келиб ишқ, ғазаб ва шу каби бошқа ҳиссиётлар қурбонига айлангани ҳақидаги воқеаларга кўчди:
«Бамисоли қутурган филдай Нанд қаёққа бош уришини, нима учун ва нимага бош уришини билмай, ўзини қўйгани жой тополмай қолди. Ҳеч кутмаганда келиб қолган бахт кимнинг ҳам бошини айлантириб қўймайди дейсиз! Шунда мен дўппимни ерга қўйиб ўйладим: «Шоҳ давлат ишларини бутунлай ташлаб қўйди, қийин-қийин, ҳамма оғирликни ўз гарданига олган менга қийин. Шу Шактални ўзимга ёрдамчи қилиб олсам, нима қилибди? Борди-ю, у шоҳга қарши бирор иш қилмоқчи бўлганда ҳам, токи бу ерда мен бор эканман, унинг қўлидан нима келарди?»
Шундай қилиб, шоҳдан бир амаллаб рухсат олдим-да, мен Шактални қоп-қоронғи ва чуқур қудуқ ичидан тортиб олдим. Шакталнинг кўнглидан эса шундай ўйлар кечмоқда эди: «Токи Вараручи шу ерда экан, мен сохта Нандга бас келолмайман. Шу боисдан ҳам қулай пайт келди дегунча ўзимни ҳар қандай қаттиқ шамолда эгиладиган, аммо синмайдиган қамиш пояси монанд тутишим керак».
Тағин вазирлик маснадига ўтиргач, Шактал барча салтанат ишларини менинг рухсатим билан адо этиб юрди. Бир куни сохта Нанд шаҳар ташқарисига, Ганга бўйига чиқди-да, шундай манзаранинг гувоҳи бўлди: дарёнинг қоқ ўртасида сув тагидан бир-бирига қаттиқ жипслашган бешта бармоқли қўл чиқиб турибди. «Бу нима бўлди экан?» — дарҳол сўради шоҳ. Мен дарёга назар солдим ва фақат иккита бармоқ чиқиб турганини кўрдим, кейин эса қўл ғойиб бўлди. Шоҳнинг ҳайрати баттар ортди ва мендан бунинг сирини сўради. Шунда мен унга жавоб бердим: «Агар бешовлон баҳамжиҳат ҳаракат қилса, бу дунёда уларнинг қўлидан келмайдиган биронта иш бўлмайди. Борди-ю, икковлон баравар ҳаракат қилса, улар учун ер юзида кўп нарсага эришса бўлади!»
Аломат тагида яширинган сирнинг маъносини изоҳлаб берганимдан шоҳ беҳад хурсанд бўлди, Шактал эса менинг зеҳнимнинг закийлигидан юзи тундлашди, мендан ўтиб бир иш қилолмаслигини англаб етди.
Бир куни сохта Нанд хотинининг дарвозадан бошини чиқариб, бир мусофир браҳманга маҳлиё бўлиб қолганига кўзи тушди. Шугина нарсадан ғазабга минган шоҳ ҳалиги браҳманни қатл этишга фармон берди. Ғазаб билан ақл ҳеч қачон чиқишолмайди!
Браҳманни қатл этиш учун бозордан олиб ўтишаётганда аллақандай бир ўлик балиқ қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Бу ҳақда шоҳга хабар етказишди ва шоҳ қатлни тўхтатиб, балиқ нега кулди, деб мендан савол сўради. Ўйлаб олай деб мен ундан муҳлат тиладим, хилватда ўтирганимда вужудимга жо бўлган Сарасватий менга мана бундай маслаҳам берди: «Тунда тол тагига бориб шундай ўтириб олки, биров сени сезмасин”. Шундай қилдим ҳам, тунда тол тагига бориб яшириндим ва у ерга болалари била бир ракшас хотин учиб келганини кўрдим. Болалари унга овқат беринг деб ялинар, у эса жавобан уларга шундай деди: «Сабр қилинглар, эрталаб мен сизларга браҳманнинг гўштидан ажратиб бераман. Лекин ҳозирча уни ўлдиришгани йўқ». — “Нега уни ҳалигача ўлдиришмаяпти?» — қизиқсиниб сўрашди болалари. — «Унга кўзи тушиб ҳатто балиқ ҳам кулиб юборди». — Балиқ нега кулди?» — тиниб-тинчимасди болалари. Шунда она ракшас жавоб берди: «Шоҳнинг барча хотинлари уни алдайдилар. Унинг ҳарами ичида аёллар кийимини кийиб олган бир қанча эркак одам яшайди. Уларнинг балиқдай сирпаниб қутулиб қолгани-ю, аллақандай бегуноҳ браҳманнинг қатл этилаётганидан кулганди балиқ». Бу гапларни эшитдим-да, оёғимни қўлга олдим, эрта азонда саройга бориб, балиқнинг нимага кулганини шоҳга айтиб бердим. ҳақиқатан ҳам ҳарамдаги аёллар либосини кийиб олган бир қанча эркакни тутиб кетдик. Шоҳ мени янада кўпроқ ҳурмат қила бошлади. Браҳманни эса афв қилди-да, қатлдан сақлаб қолди.
Шоҳнинг бундай қилиқлари жуда тинкамни қуритиб юборганди. Бир куни унинг ҳузурига бир ёш мусаввир ташриф буюрди. У сохта Нанд ва хотинининг сувратини чизди, суврат шунақанги яхши чиққан эдики, улар тирикка ўхшарди, фақат гапирмасдилар, холос. Шоҳ бағоят хурсанд бўлди ва мусаввирга кўп инъомлар тортиқ қилди, сувратни эса ўзининг хобгоҳи деворига осдириб қўйди. Бир куни йўлим хобгоҳга тушди-ю, сувратдаги маликаи олия тасвирига разм солдим, унда малика ўзининг бор ҳусну таважжуҳи билан қараб турарди. Бироқ кўпгина аломатлар орасида биттагина нарса етишмай турарди, у ҳам бўлса малика белидаги кунжут донасидай келадиган битта хол эди. Сувратни олдим-да, ана шу холни ўзим чизиб қўя қолдим, маликанинг тасвири энди ҳамма жиҳатлари билан мукаммал тарзда жилва қилиб турарди. Мен энди шу нарсани ўринлатиб бўлган эдимки, хобгоҳга сохта Нанднинг ўзи кириб келди ва сувратдаги холни дарҳол пайқади.
«Уни ким чизди?»— қичқирди у посбонларга, улар эса буни Вараручи, яъни мен қилганимни айтишди. Шунда шоҳ ўйланиб қолди: «Бу пинҳоний жойда хол борлигини мендан бошқа ҳеч ким билмас эди-ку. Вараручи буни қаёқдан била қолди экан? Мана, менинг ҳарамим осойишталигига ким путур етказаётгани ўз-ўзидан маълум бўлди-қолди. Аёллар кийимидаги эркакларни қандай билиб олганининг сири бу ёқда экан-да». Шундай ўйлар билан сохта Нанд ғазабидан тутақиб-ёнди. Дарҳақиқат, нодонга қандай гап айтма, у ҳаммасига бирдай ишонади. Шоҳ зудлик билан Шактални чақирди-да, унга хитоб этди: «Сен Вараручини ўлдиришинг керак. У маликаи олияни йўлдан урган!»
«Бош устига, ҳукмдор», — ҳозиржавоблик билан деди Шактал ва чиқиб кетди. Энди Шактал ўйлай бошлади: «Вараручини ўлдиришга менинг қурб-қудратим етмайди. Унинг заковатига ҳеч ким бас келолмайди. Бу ёғини сўрасанг, мени қудуқдан олиб чиқиб, ўлимдан сақлаб қолган ҳам — у. Бунинг устига у браҳман ҳам! Яхшиси, мен уни яшириб қўяман-да, шоҳга ўлдирдим деб айтаман». Шундай тўхтамга келиб, Шактал ҳузуримда пайдо бўлди, шоҳнинг сабабсиз ғазабга минганини сўзлаб берди ва менга қараб деди: «Мен бошқа бировни ўлимга ҳукм қиламан-да, сен менинг уйимда яширинча тураверасан, ахир сени шоҳ ғазабидан сақлаб қолмасам бўлмайди-да». У қандай айтган бўлса, худди шундай қилди ҳам: мен унинг уйида яшай бошладим, у эса тун қоронғулигида бошқа бир одамни қатл этдирди-да, мени қатл этгани ҳақида юртга жар солдирди.
Шактал мана шу ишларни бажариб бўлгандан кейин бир кун мен унга қараб сўз қотдим: «Сен ҳақиқатан ҳам бемисл вазирсан, чунки мени ўлдиришингга қўлинг бормади. Лекин аслида мени ҳеч ким ўлдиролмайди, зеро менинг бир қудратли ракшас дўстим бор. Уни хаёлимга келтириб чақирсам, бас, у ўша заҳоти қаршимда пайдо бўлади ва агар мен изн берсам, у бутун дунёни остин-устун қилиб ташлайди. Лекин шоҳ — менинг дўстим Индрдатт бўлади, бунинг устига у браҳман ҳам, шунинг учун ҳам мен уни ўлдиролмайман».
Шунда Шактал, ўша ракшасни бир кўрсам бўладими, деди. Мен уни хаёлан чақирдим ва ракшас ўша заҳоти Шакталнинг рўпарасида пайдо бўлди. Вазир ракшасни кўриб ҳам ҳайратдан донг қотди, ҳам юраги ёрилгудек қўрқиб кетди, ракшас ғойиб бўлгандан кейин мендан сўради: «Сен ракшас билан қандай дўст бўлиб қолдинг?»
Мен унга мана бу воқеани ҳикоя қилиб бердим: «Бир вақт шундай бўлдики, ҳар куни тунда шаҳар қўриқчилари бирин-кетин изсиз йўқола бошлади. Бундан сохта Нанд хабар топиб қолди-да, мени чақирди ва шаҳарни муҳофаза қилишни топширди. Тунда шаҳар кўчаларини айланиб юриб, шаҳарда бир ракшас изғиб юрганини кўрдим. У менга қараб деди: «Айт-чи, шаҳарда энг чиройли аёл ким?» Мен кулдим-да, унга шундай дедим: «Эҳ нодон, кимга қайси аёл ёқса, ўша энг чиройли бўлади-да!» У эса менга жавобан деди: «Сен менинг саволимга тўғри жавоб берган ягона одамсан». Шу боис бўлиб, у мени ўлдирмади ва шундай деди: «Сен мени хурсанд қилдинг. Энди сен менинг дўстим бўлдинг. Мен ҳақимда ўйлаганинг заҳоти рўпарангда пайдо бўлурман». Шу сўзларни айтди-да, у ғойиб бўлди, мен эса йўлимда давом этдим. Шу дамдан бошлаб ракшас иккимиз дўст тутиниб қолганмиз».
Мен шуларнинг барчасини ҳикоя қилиб берганимдан сўнг Шактал яна менинг ақл кучимни кўрсатиб қўйишимни илтимос қилди ва мен унинг олдида фикр кучи билан Ганга Маъбудаси тажассумини чақирдим. Мен унга таъзим бажо келтирдим, бундан у хурсанд бўлди ва кўздан йўқолди. Шактал эса шундан кейин менга яна кўпроқ меҳр қўйиб қолди. Бир гал у менинг мажбурий маҳбусликдан азият чекаётганимни пайқаб қолди-да, менга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди: «Эй қудратли билим соҳиби, нега бекорга афсус-надоматлар ўтида жизғинак бўласан? Ахир наҳотки шоҳлар фикри доим беқарор бўлишини билмасанг? Сенинг халос бўлишингга кўп қолгани йўқ. Бир воқеани айтиб берай, қулоқ сол».

ШИВАВАРМАН ҲИКОЯСИ

Жуда қадим замонларда Адитйаварман деган шоҳ яшаган экан, унинг жуда ҳам ақлли Шиваварман деган вазири аъзами бўлган экан. Бир куни шундай воқеа юз берибди: шу ҳукмдорнинг хотини бўйида бўлиб қолибди, бундан хабар топган шоҳ аёллар хобгоҳини қўриқловчи посбонлардан сўрабди: «Мана икки йилдирки, аёллар хобгоҳига қадам изи қилганим йўқ. Қани, жавоб беринглар, малика қаёқдан ҳомиладор бўлиб қолди?» Посбонлар унга шундай жавоб беришибди: «Бу ерга биронта эркак зоти кира олмайди. Аммо вазири аъзамингиз Шиваварман бу ерга танда қўйган». Буни эшитиб, шоҳ ўйланиб қолибди: «Мана, душманим ким экан менинг! Аммо уни ўлдирсам, қайтанга ўзим балога қоламан!» Бироз хаёл сурибди-да, у вазири аъзамини ўзининг вассали ва дўсти Бҳўгварманнинг ҳузурига юборибди. Шиваварманнинг ортидан эса хат билан яширинча бир чопарни ҳам юборибди ва ўша хатда Бҳўгварманга вазири аъзамни ўлдир, деб амр қилибди. Бироқ вазири аъзамнинг кетганидан бир ҳафта ўтар-ўтмас бирдан ҳомиладор малика ҳарамдан қочиб кетибди, бироқ қоровуллар уни ва у билан аёл кийимидаги бир одамни тутиб олишибди. Бундан воқиф бўлган Адитйаварман афсус-надоматлар билан дебди: «Нимага ҳеч бир гуноҳи бўлмаган шундай яхши вазиримни ўлимга ҳукм этдим?!»
Бу орада вазири аъзам Бҳўгварман салтанатига етиб келибди, мактубли чопар эса ҳали келиб улгурмаган экан. Хат келгач, Бҳўгварман вазири аъзамни ҳузурига чорлабди-да, мактубнинг уни қатл этиш ҳақида айтилган жойини ўқиб берибди. Шунда Бҳўгварманнинг таърифдан ташқари вазири аъзами унга шундай сўзлар билан мурожаат қилибди: «Амр қилинганидек, сиз мени қатл этдиринг. Агар фармонни бажармай, мени ўлдирмасангиз, мен ўзимни ўзим ўлдираман». Бундан ҳайрон бўлган Бҳўгварман ундан сўрабди: «Бу нима деганинг, браҳман? Айтсанг айтганинг, бўлмаса мен сени дуои бад қиламан!» Бунга жавобан, Шиваварман шундай дебди: «Мен ўлдирилган мамлакатда тангри роса ўн икки йил бир қатра ҳам ёмғир ёғдирмайди».
Буни эшитиб, Бҳўгварман ўз вазирлари билан кенгаш ўтказибди: «Бу қанақанги бадкор шоҳ бўлди?! У бизнинг мамлакатимизни хонавайрон қилмоқчи шекилли? Йўқса қатлни ижро этиш учун унда махфий жаллод қуриб қолганми? Ўз оёғимизга ўзимиз болта урмаслигимиз учун биз вазири аъзамни эҳтиёт қилимоғимиз лозим. Уни ҳеч бир ҳолатда ўлдириб бўлмайди!» Маслаҳатлашиб, қўриқчилар тайинлашибди ва ўша заҳоти Шиваварманни ўз мамлакатларидан чиқариб юборишибди. Шундай қилиб, ўзининг ақлу фаросати билан вазири аъзам жон сақлаб қолибди ва айбсизлигини исботлабди.
Шунга ўхшаб, сен ҳам гуноҳингдан фориғ бўласан ва шоҳ пушаймон бўлиб қолаверади, сен эса Катяян, ҳозирча менинг уйимда тура тур!»
Шу тариқа Шакталнинг маслаҳати билан мен қулай пайтни пойлаб ва зерикканимдан кунлар санаб, унинг хонадонида қолдим.
Бу орада, эй Канбҳути, сохта Нанднинг Ҳиранйагупт исмли ўғли бир куни шикорга кетди. Оти уни қалин ўрмонга олиб қочди. Йўлдан адашиб, энди у тунаш учун жой қидиришга мажбур бўлди, зеро кун тугаб, тун кирмоқда эди. Тунни бир амаллаб ўтказиш учун у бир дарахт устига чиқди. Бирмунча муддатдан сўнг арслондан қочиб, бир айиқ ўша дарахтга чиқиб олди. Шаҳзоданинг қўрқувдан дағ-дағ титраётганини кўриб, айиқ унга деди: «Мендан қўрқма, мен сенга дўст бўламан». Бу гапдан хотиржам бўлиб, Ҳиранйагупт ухлаб қолди, айиқ эса ухламай, уни қўриқлай бошлади. Дарахт тагида айланиб юрган арслон унга қараб шундай деди: «Ҳов айиқ, анови одамни итқитиб юбор ва мен кетурман!» Айиқ унга ғазаб билан жавоб айтди: «Йўқ, ёвуз, мен дўстимга хиёнат қилмайман!» Бирмунча муддатдан сўнг айиқ ухлаб қолди, шаҳзода эса уйғониб кетди ва шунда арслон унга мурожаат қилди: «Ҳой йигит, менга дарахтдан айиқни итариб юбор!» Шаҳзода эса бир чети ўз ҳаётини ўйлаб ва бир чети арслоннинг кўнглини олмоқ бўлиб, айиқни итара бошлади. Бироқ тасодиф туфайли айиқ уйғониб қолди-ю, шаҳзодани дуои бад қилди: «Эй дўстига хиёнат қилгувчи нобакор, илоё, ақлдан жудо бўлғил!» Кейин шаҳзода Ҳиранйагупт бошидан нелар кечганини эшитинг. Эртасига тонгда у уйига ақлдан бегона бир алпозда қайтди, унинг бундай бадқисмат бир тарзда келганини кўриб, сохта Нанд андуҳ ила деди: «Оҳ, қани энди Вараручи тирик бўлса! Бундай бўлишини билганимда, унинг ҳамма гуноҳларидан ўтган бўлардим. Оҳ, шўрим қурсин!» Бу аламли сўзларни эшитиб, Шактал ўзича ўйланиб қолди: «Вараручини қайтариб келиш учун бундан яхши фурсат борми! У ғурурли-орли одам, бу ерда қололмайди, шоҳ эса бир менга ишонадиган бўлади». Шундай фикрлар билан у Вараручининг барҳаётлигини ва салтанат ичида яшаётганини қўрқмасдан ҳикоя қилиб берди. Сохта Нанд ўша заҳоти унга деди: «Дарҳол ҳузуримга келтиринглар уни!»
Шу тариқа Шактал мени иложи борича тезроқ шоҳнинг кўз ўнгида ҳозир қилди ва шоҳнинг ақлдан озган фарзанди аржумандини кўрдим. Ўша заҳоти оғзимдан шу сўзлар чиқди: «У дўстига хиёнат қилган». Сўнг Сарасватий фазлу карами ила мен сал аввал ўрмонда юз берган воқеани шоҳга ҳикоя қилиб бердим. Ўша аснода шаҳзода тавқи лаънатдан мосуво бўлди ва шоҳ мени чин дилдан муборакбод айлади. «Бу ҳақда сен қандай билдинг?» — сўради мендан шоҳ. Мен унга шундай жавоб бердим: «Эй султони бокарам, аломатларидан, ифодасидан, ўй-фикрларидан фаҳмли инсон ҳаммасини ўзи билиб олаверади. Ҳалиги ҳолни қандай билган бўлсам, буни ҳам ўшандай билдим». Сўзларимдан шоҳ ер ёрилмади-ю, кириб кетмади. Шоҳона тортиқлару тансиқ таомлардан кўра ҳам гуноҳдан тезроқ фориғ бўлиш ниятида мен уйга чопдим. Ақлли одамлардаги энг катта бойлик — бу саховатдир!
Уйга келганимда барча қариндош-уруғларим бор овозларича ҳўнграб йиғлашга тушдилар, фиғонлари фалакка кўтарилди, қайнотам Упварш чексиз ғам-қайғуларга ботган кўйи олдимга келди-да, деди: «Сенинг қатл этилганингдан воқиф бўлгач, Упкоша ўзини оловга ташлаб, ёниб кетди. Муштипар онанг қазо қилди, ғамга юраги бардош беролмай, тилка-пора бўлди». Буларнинг барчасини эшитиб ва янги-янги мусибатлар юкидан тобора қаддим дол бўлиб, довул учирган дарахтдай, ҳушимдан жудо бўлганча гуп этиб ерга қуладим. Ўзимга келгач, телбаларга ўхшаб бўлар-бўлмас нарсаларни валдирай бошладим. Маъшуқасидан жудо бўлган ошиқ ғам-алам алангасида куйишдан бошқа нима ҳам қила оларди? Мураббийим Варш менга таскин берар эди: «Нега бунча ўзингни йўқотмасанг? Ахир, бу беқарор дунёда фақат беқарорликкина барқарор эканини наҳотки билмасанг?» Унинг сўзлари кор қилдими, ҳарқалай сал ўзимга келдим, бироқ қалбим тилка-пора эди, мен ёруғ олам лаззатию ҳою ҳавасларидан бирйўла этак силкидим-да, тавба-тазарру ва риёзатга берилмоқ учун қалин ва кимсасиз ўрмонга бош олиб кетдим.
Кунлар бир-бирини қувлаб ўтаверди; бир куни масканимга аллақандай браҳман келди ва мен ундан сохта Нанд салтанатида не ишлар бўлаётганини суриштирдим. У менга мана бу гапларни айтиб берди: «Нималар бўлди дейсанми? Сен мамлакатни тарк этганингдан кейин Шактал орзиқиб кутган воқеа содир бўлди. Сохта Нандни ўлдириш пайида юриб, бир куни ер чопиб турган Чанакйа исмли браҳманни кўриб қолди. «Нега ерни чопяпсан?» — деб сўради у, браҳман эса шундай жавоб берди: «Дарбҳ деган ўтни кавлаб ташлаяпман, зеро у оёғимни жароҳатлади». Шунда Шакталнинг кўнглида сохта Нандни ўлдириш учун шу браҳмандан фойдаланиш фикри пайдо бўлди.
Унинг исмини сўради-да, унга мурожаат қилди: «Эй браҳман, шоҳ Нанд саройида ўн уч кунлик шраддҳ расмини адо этишингга изн бергайман. Эвазига катта мукофот олгайсан — юз минг олтин танга, дастурхоннинг тўри сеники бўлади ва анвою ақсом таомлардан баҳра олгайсан. Ҳозир, юр, сени ўзим бир меҳмон қилай». Чанакйа Шактални уйига олиб келди, қурбонлиқ куни эса уни саройга олиб борди-да, қурбонлиқ расмини адо этишга фармон берди. Қурбонлиқ расму қоидалари тўлиқ адо этиб бўлингач, меҳмонларга овқат тортилди,–Чанакйа эса ҳаммадан тўрда ўтирмоқчи бўлди. Бироқ Субандҳу деган бир браҳман ҳам тўрдан жой олмоқчи бўлиб турган эди. Шактал бу можаронинг боиси нелигини шоҳга маълум қилди ва Нанд шундай қарорга келди: «Тўрга Субандҳу чиқиб ўтирсин, зеро ундан муносиброқ ҳеч ким йўқ». Шунда юрагини ҳовучлаб Шактал Чанакйанинг олдига борди-да, унга шоҳнинг хоҳишини етказди ва қўшиб қўйди: «Бунда менинг ҳеч қандай айбим йўқ!»
Чанакйанинг ғазаби аланга олди ва бошидаги турмакланган сочларини юзига тушириб, онт ичди: «Роса етти кундан кейин мен Нандни ўлдираман! Шундан кейингина сочимни бошқатдан турмаклайман!»
Буни эшитиб, сохта Нанд қаттиқ дарғазаб бўлди ва уни ҳайдаб юборди. Шактал эса Чанакйани уйига яшириб қўйди. У браҳманга барча зарурий нарсаларни муҳайё қилди ва Чанакйа бир пана жойда яшириниб олиб, Нандни ўлдириш учун туркана дориларни тайёрлашга киришди. Еттинчи куни бу туркана дорилар сохта Нандни қаттиқ тумовга гирифтор қилиб, ўлар ҳолатга келтирди, Шактал эса Ҳиранйагуптни ўлдиришга ҳукм этди ва тахтга ҳақиқий Нанднинг ўғли Чандрагуптни ўтқазди.
Шундан кейин у ақлу заковатда Бриҳаспатидан қолишмайдиган Чанакйадан Чандрагупт саройида вазири аъзам бўлишни илтимос қилди, ўзи эса барча ҳалок бўлган ўғиллари туфайли фарзанд доғида куйиб, аммо улар учун ўч олиб, қалин ўрмонга бош олиб кетди».
Оҳ Канбҳути, ўша браҳмандан нелар бўлганини эшитганимда қаттиқ қайғуга чўкдим, чунки бутун мавжудотнинг беқарорлигини ўз кўзим билан кўрдим. Ана шу қайғу туфайли бу ерга келдим, бу ердаги тоғларда истиқомат қилувчи маъбудага сиғинай дедим ва унинг марҳамати билан мен бу ерда сени учратди ва олдинги туғилишларимда бошимдан ўтканларнинг барчасини эсладим.
Менга илоҳий билим қайтгач, мен сенга «Буюк достон»ни сўзлаб бердим ва энди, тавқи лаънатдан халос бўлгач, бандалик жисмимдан ҳам қутулишга ҳаракат қилаяпман. Сен эса, Канбҳути, то учта қотилини йўқотган браҳман Гунадҳйа ўз шогирдлари билан ҳузурингга келмагунча шу ерда қол.
Ганлар ичида энг сараси бўлган у ҳам мен каби дарғазаб маъбуда қарғишини олган ва мен каби бандалар орасида умр кечиришга маҳкум этилган эди. Унинг ҳақиқий исми Малйавандир. Бир вақтлар Шива айтиб берган «Буюк достон»ни унга ҳикоя қилиб беришинг керак ва шунда у ҳам, сен ҳам дуои баддан халос топгайсанлар».
Шундай қилиб, Вараручи ўз ҳикоясини тугатди ва фоний жисмидан халос бўлиш учун Бадрикнинг муқаддас манзилгоҳига йўл олди. Йўлда унинг кўзи Ганга соҳилида куш ўтининг илдизларини еяётган бир браҳманга тушди ва ўтнинг барги билан қўлини кесиб олганини пайқади. Шунда браҳман жўрттага шундай қилмаётганмикан деган ўйда фикр кучи билан оқаётган қонни ўсимлик шираси томон бурди. Бу эврилишни кўриб, дарвеш азбаройи ғурури жўшиб қичқириб деди: «Мен сиддҳ бўлдим!»
Шунда Вараручи кулиб туриб унга деди: «Буни сени синаш учун мен қилдим, қонингни куш шарбатига қараб оқиздим. Сен ҳали найрангбозликларингдан халос бўлганингча йўқ, дарвеш! У эса ҳақиқий билим йўлидаги оғир тўсиқдир, ҳақиқий билимга эга бўлмай туриб минг риёзату ибодат қил, бари бир пул. Саховати йўқ одам фалакка чиқиш йўлини тополмайди. Фақат хоҳлаган билан халоскорлик ўзи келмайди. Шу боис энг аввало найрангбозликдан фориғ бўлмоғинг лозим!» Донишманд итоаткорлик билан «хўп» деди ва Вараручига ташаккур айтди, Вараручи эса Бадрик манзилгоҳи томон йўлида давом этди ва ниҳоят унинг дориламон сарҳадларига қадам қўйди. У ерда эса бандалик жисмидан халос бўлиш ниятида чуқур ихлос ила маъбуда паноҳига ноил бўлди.
Рўбарўсида намоён бўлган маъбуда унга кучли тафаккур олови билан фоний жисмингни кулга айлантирибгина бунга муяссар бўлгайсен, деди. У «хўп» деди-да, маъбуда қандай айтган бўлса, худди шундай қилди. Шунда у яна ганга айланди. Канбҳути эса ҳамон Гунадҳйа билан эзгу учрашувини армон қиларди.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга муқаддима» китобининг бешинчи долғаси ана шулардан иборат.

ОЛТИНЧИ ДОЛҒА

Бу вақтда Малйаван оддий банда қиёфасида Гунадҳйа исми билан ўрмон кезиб юрарди. У Сатваҳн деган шоҳ хизматида эди. Ичган онтига кўра санскрит илми ва яна иккита тилни сув қилиб ичиб, дилгир бир ҳолатда Виндҳйа ўрмонларида истиқомат қилувчи маъбудага сиғингани йўл олди. Маъбуда инояти ила Малйаван Канбҳути билан мулоқот қилди ва ўша заҳоти илгари бошидан нелар ўтган бўлса, ҳаммасини эслади. Шунда бошқа биронта ҳам тилдан фойдаланмаслик учун у Канбҳутига пайшачий деган тилда мурожаат қилди, ўзини танитди ва унга қараб шундай деди: «Пушпадантдан эшитган достонни менга сўзлаб бер ва шунда сен билан икковимизни мушкул аҳволга солиб турган қарғишнинг муддати тугайди».
Хурсанд бўлган Канбҳути таъзим бажо этди-да, шундай деди: «Бу достонни сенга сўзлаб берганим бўлсин. Лекин аввал бир нарсани билмоқчи эдим, сен туғилганингдан кейин ва ундан олдин нималар бўлган эди?» Шунда Гунадҳйа ҳикоясини бошлади:
«Пратишбҳанда Супратиштҳит деган ном илан шуҳрат қозонган бир шаҳар бор эди. У ерда браҳманлар тоифасининг зийнати бўлмиш Сомшарман деган киши яшарди. Унинг бир дўсти, Ватс ва Гулм исмли икки ўғли ва Шрутартҳа исмли қизи бор эди. Вақти-соати етиб, Сомшарман ва хотини бандаликни бажо келтирди ва кулга айланди, қизгинага эса акалари ғамхўрлик қила бошлашди. Бир куни Ватс билан Гулм сингилларининг бўйида бўлиб қолганини кўришдию у ерда ҳеч қандай учинчи эркак бўлмагани боисидан улар бир-биридан гумонсирай бошлашди.
Акаларининг ўзаро шубҳаланаётгани сабабини англаган Шрутартҳа эса қилмишига иқрор бўлиб, қуйидагиларни ҳикоя қилиб берди.
Ноглар шоҳи Васук акасининг бир ўғли бўлиб, унинг исми Киртисен эди. Бир куни чўмилгани борганимда унинг кўзи менга тушди-ю, ошиғи беқарор бўлиб қолди ва ўз исми ва қабиласи номини айтиб, ўшанда гандҳарвлар расм-русуми билан мени ўзига хотин қилиб олди. Менинг эрим — браҳман, қорнимдаги гумонам ўшандан». Сингилларининг сўзларини эшитиб, акаларининг шубҳаси тарқамади, «Бу ерда бошқа гап бор!» Тун чўккач, қиз ноглар шаҳзодасини чақирди, у пайдо бўлди-да, Ватс билан Гулмга қараб шундай сўзлар билан мурожаат қилди: «Ҳа, фалакдаги малаклар ичида энг аълоси бўлган бу қизни мен хотин қилиб олдим, бўйнида қарғиш юки бўлганидан у сизларнинг синглингиз қиёфасида заминда дунёга келган. Сизлар ҳам ўша дуои бад туфайли оддий бандалар қиёфасига эга бўлгансизлар. У ўғил бола туққандагина, шубҳасиз, унинг ва сизларнинг гарданингиздаги қарғиш юки тушиб кетади».
Шу сўзларни айтиб, йигит ғойиб бўлди. Бирмунча муддатдан кейин Шрутартҳа ўғил фарзанд кўрди. Ўша ўғил менман! Мен дунёга келганимда, осмондан илоҳий сас келиб, дунёга келган браҳман ганлардан бири ва исми Гунадҳйа эканини эълон қилди.
Тавқи лаънатдан халос бўлгач, менинг онам ва иккала тоғам бирмунча муддатдан сўнг ердаги ҳаёт билан видолашдилар ва мен ғирт етим бўлиб қолдим. Қайғу-аламга ботган кўйи мен ўқиб билим олгани жанубий ўлкаларга равона бўлдим, чунки ўзинг учун ўл етим дегани бошимга тушган эди. Вақт ўтавериб, мен барча илмлардан етук аллома даражасига етдим ва ўз қобилиятимни намоён қилгани ватанга қайтдим.
Узоқ йўл юриб, йўл юрсам ҳам мўл юриб, Супратиштҳитга етиб келдим. Шогирдларим билан унинг сарҳадларига оёқ босар эканман, унинг нақадар гўзал эканлигини кўрдим. Бир жойда Сомведа мадҳларини бутун қоидаларига риоя қилиб куйлар эдилар. Бошқа бир жойда эса олимлар Ведалар устида масъала тортишар эдилар. Бу ерда қимор ўйинларида пих ёрганлар битмас-туганмас бойликка эга бўлсалар, анави ерда савдогарлар ўтириб олиб, бир-бирлари билан топган-тутганларию фойда-зиёнлар ҳақида гап сотар эдилар. Шундайлардан бири, масалан, мана бундай ҳикоя қиларди:

САВДОГАР МУШАК ҲИКОЯСИ

«Ҳамма ҳузур-ҳаловатлардан воз кечиб, фақат бойлик йиғиш билан андармон бўлганни кўриб, ажабланманг! Мен ўзим бутун бир хазинани қўлга киритдим, бисотимда аввал ҳемири ҳам йўқ эди. Мен ҳали она қорнидалик пайтимдаёқ отам ўлиб кетган, очкўз ва бахил қариндош-уруғларимиз эса у қолдирган ҳамма бойликни талашиб-бўлашиб олган эдилар. Шунда онам ҳам ўзининг, ҳам менинг жонимни омон сақлаб қолиш ниятида отамнинг Кумардатт деган дўстиникига бориб жойлашади. Эрининг руҳини шод қилган онамнинг ёруғ дунёда яккаю ягона умиди бўлиб мен туғилдим. Эртадан кечгача қора меҳнатдан боши чиқмай мени боқишга қўр-қут топарди. Мен вояга етгач, у мени кимгадир саводимни чиқаргани топширди ва мен ҳисоб ва саводни мукаммал эгалладим. Бу билимларни ўзлаштириб олганимдан кейин онам менга деди: «Сен — савдогар ўғлисан! Шу боис, болажоним, сен савдо ишини бошлаб юбор. Шу ерда Вишакҳили деган бой савдогар яшайди. Айтишларича, у тагли-тугли камбағал оилаларга савдо қилгани мол бериб тураркан. Бор, ўшандан илтимос қил, сенга ҳам дастмояга молидан бериб турсин».
Мен унинг олдига бордим, борсам Вишакҳили жаҳл билан қандайдир савдогар болага гап уқдириб турган экан: «Кўрдингми, ерда ўлик каламуш ётибди. Агар чинакам савдогар бўлса, у шундан ҳам пул ишлайди. Мен эса сендай бир нобакорга қанча олтин танга бердим?! Сен бўлсанг, ундан фойда орттириш у ёқда турсин, ҳатто ўзини сақлаб қола олмадинг!» Шу гапларни эшитиб, мен Вишакҳилга мурожаат қилдим: «Савдосини бошлаш учун менга шу каламушни олишимга изн беринг!» Ўлик каламушни олдим-да, савдогарга тилхат қолдирдим ва йўлимга қараб кетдим. Вишакҳил эса орқамдан кулганича қолаверди. Мен ҳалиги каламушни бошқа бир савдогарга мушугига емиш учун икки ҳовуч ловияга алиштирдим. Ловияни қовурдим-да, бир идишда сув олиб, шаҳар тушдим. Чорраҳада бир дарахт тагида ўтириб олиб, ўша ердан ўтин кўтариб ўтаётган, ҳориб-чарчаган ўтинчиларга ловиядан еб, сувдан ичиб олинглар деб иззат билан таклиф қилдим. Ҳар бир ўтинчи ўтинидан биттадан тараша бериб, эвазига ҳордиғини чиқарди. Тарашаларни мен бозорга олиб бордим ва сотиб орттирган пулимга яна ловия сотиб олдим. Эртасига худди шундай ўтинчилар менга лўвия ва сув ҳақига бутун бир боғлам ўтин беришди. Ҳар куни ана шундай савдо қилдим ва тўплаган пулимга уч кун ичида ўтинчиларнинг ҳамма ўтинини сотиб олдим.
Нима бўлди-ю, шаррос ёмғир қуйиб, ўрмондан ўтин олиб келишнинг иложи бўлмади. Шунда мен ўтинимни каттагина пулга сотдим. Ўша пулга дўконча очиб олдим ва топар-тутаримни изга солдим, савдонинг шарофати билан қадам-бақадам бойлигим ортиб, омадим чопаверди. Мен олтиндан каламуш ясаттирдим-да, Вишакҳилдан қарзимни уздим, у эса менга қизини бериб, ўзига куёв қилиб олди. Одамлар мени Мушак дейишларининг сабаби шунда. Ана шунақа гаплар, бисотимда сариқ чақа ҳам бўлмай, бойиб кетдим».
Буни эшитган савдогарларнинг Сомведани сув қилиб ичган бир браҳман турарди, у аллақаердан саккиз мош олтин ундирган эди. Аллақандай бир даллол унга шундай деди: «Ўзинг браҳман бўлсанг, тирикчилик учун жон койитиш сенга зарур келибдими. Бу пулларга айшингни суриб қолсанг-чи». Нодон браҳман лаққа тушиб деди: «Қанақа қилиб айшимни сурай?» Даллол унга деди: «Шу ерда бир Чатурика деган ҳаржойи бор. Сен унинг уйига бор!» «У ерда мен нима қиламан?» — деди нодон браҳман ва даллол жавоб айтди: «Олтинларни унга бергин-да, одоб-ахлоқинг билан уни ўзингга ийдиришга уриниб кўр». Бу гапларни эшитиб, Сомведа билоғони Чатуриканинг уйига қараб чопиб кетди. У ҳаржойининг уйига кириб борди ва ҳаржойи уни яхши кутиб олди. Браҳман унга қараб деди: «Менга айш-ишрат йўлларини ўргат!» Шундай дея браҳман олтинларини ҳаржойининг қўлига тутқазди. Ҳаржойининг уйида ўтирган даллоллар кулиб юборишди. «Бунинг қандай кулгили жойи бор экан?» — деди браҳман қўлларини ҳар икки томон кенг ёзиб. Сўнг аҳмоқлигини намоён қилганча у дағал овозда Сомведа оятларини хониш қила кетди. Текин томоша ишқибозлари бўлган барча даллоллар уни ўраб олишди ва унинг қилиқларидан энсалари қотиб, бир-бирларига дейишди: «Бу чиябўри қаёқдан келиб қолди ўзи? Унинг гарданига «ярим ой»дан тамға босиб, тезроқ гумдон қилмасак бўлмайди! Нодон браҳман бўлса, бу «ярим ой» деганлари найзанинг ўроқсимон учи бўлса керак, деб ўйлади-да, тағин бошимни чўрт узиб ташлашмасин деганча: «Ҳа, айш-ишрат йўлини ўрганиб олдим!» деб қичқирди ва у ердан ўқдай учиб қочиб қолди. У ҳаржойининг уйига юборган қўшмачи олдига келди-да, ҳамма гапни оқизмай-томизмай айтиб берди. Унга жавобан қўшмачи деди: «Айтмаганмидим сенга ўзингни одобли тут деб! У ер сенга оят ўқийдиган жой эканми?! Браҳманнинг устидан кулганча у ҳаржойининг олдига борди ва унга деди: «Анови икки оёқли ҳайвонга олтинларини қайтариб бер!» Ҳаржойи кулиб қўйди-да, олтинларини қайтиб берди, браҳман эса онадан бошқатдан туққандай уйига равона бўлди.
Шаҳар кўчаларида ҳар қадамда ана шундай томошаларни кўриб-кўриб, ниҳоят буюк Индр кошонасига ўхшаш шоҳ саройига етиб келдим. Сарой ичкарисига қадам қўйдим ва шогирдлари даврасида ўтирган шоҳ Сатваҳнга кўзим тушди. Шу ўтиришда у Шарваварман бошлиқ вазирлар қуршовидаги Васавнинг ўзгинаси эди. Мен офаринлар ўқиб, келганимни маълум қилгач, ўлтиргани жой кўрсатишди, айниқса, шоҳнинг илтифоти кўнглимни тоғдек кўтариб юборди, зеро Шарвавармандан тортиб барча вазирлар мен ҳақимда унга шундай деган эдилар: «Бу илоҳий, ер юзида донғи кетган, барча илму фанлардан огоҳ браҳман Гунадҳя бўлади. Унинг бундай номга эга бўлиши бежиз эмас. Зеро, ҳақиқатан ҳам хайру саховатда яккаю ягонадир!»
Вазирларнинг мени алқаб айтган таърифу тавсифларини эшитиб, шоҳ мени ҳам вазирлик рутбаси ила сарафроз этди. Ўшандан буён мен унинг даргоҳида хизмат қилиб келмоқдаман. Давлат ишлари борасида жон куйдираман, шогирдларга таълим бераман ва оилам билан беғам-беқайғу умргузаронлик қиламан.
Бир куни мен Годаврий дарёси соҳилига тушдим ва «маъбуда карашмаси» деган боққа дуч келдим, у, ерга кўчириб ўтқизилган илоҳий Нандан боғидан асло фарқ қилмасди. Мен боғбондан бу боғни қандай бино бўлганини сўрадим. У менга шундай ҳикоя қилиб берди: «Кекса одамларнинг айтишларича, эй муҳтарам зот, қачонлардир жуда қадим замонларда бу ерга оғзига на бир калима ва на бир луқма олишга онт ичган бир браҳман келиб қолган экан. Ибодатхонаси билан биргаликда ушбу боғни ўша браҳман барпо этган экан. Барча браҳманлар шу ерга тўпланишибди-да, қавмдошларининг сўраб-суриштираверганларига жавобан браҳман ўз бошидан ўтганларни ҳикоя қилиб сўзлаб берибди. Ўша ҳикоя мана бундай: «Нармада дарёсининг бўйида Браҳукаччҳ деган ер бор. Мен ўша ерда туғилганман. Ўзим қашшоқ ва дангаса бўлганимдан ҳеч ким менга садақа бермасди. Минг дарду ҳасрат ичида мен уйдан бош олиб чиқиб кетдим ва азбаройи ҳаётдан кўнглим қолиб, муқаддас жойларни айланиб юравердим. Юриб-юриб, охири Виндҳйа тоғларида истиқомат қилувчи маъбуда қошига бош уриб келдим. Уни зиёрат қилиб шундай ўйладим: «Одамлар унинг кўнглини овлаб, хурсанд қиладилар, унинг ҳақига жонлиқ сўйиб, қурбонлиқ расмини адо этадилар. Мен эса ўзимни қурбон қилиб унга бахшида этсам ҳам мол каби ўша-ўша нодон, ўша-ўша ақли ноқисман!» Шундай ўйлар билан шартта ўткир пичоқни олсаму бошимни чўрт узиб ташласам экан, дердим аламимга чидолмай. Бироқ шу пайт менинг ихлосимдан мамнун бўлган маъбуданинг овози қулоғимга чалинди: «Болажоним, жонингга қасд этма! Шу ерда, менинг даргоҳимда қол!» Шу тариқа маъбуда инояти ила ҳаётга қайтдим ва ҳузур-ҳаловатга ноил бўлдим, ўшандан буён мени на очлик ва на чанқоқлик азоби қийнайди.
Бир куни маъбуда менга шундай амр қилди: «Бор, болажоним, Пратиштҳанга боргин-да, у ерда ажойиб боғ барпо эт». Шундан кейин у менга илоҳий уруғ берди ва унинг иродаси ила бу ерга келиб, шу боғни барпо қилдим. Уни кўз қорачиғингиздек асраб-авайлангиз!» Шу сўзларни айтиб, у кўздан ғойиб бўлди. Боғимиз маъбуда иродаси ила ана шу тариқа дунёга келиб қолган, ҳазрат!»
Боғ ҳақидаги ривоятни эшитиб ва ундан беҳад ҳайратларга кўмилган ҳолда мен уйга равона бўлдим».
Гунадҳйа шуларни ҳикоя қилар экан, Канбҳути унга яна бир савол билан мурожаат қилди: «Шоҳни Сатваҳн деб аташларининг боиси недур?»
Бунга жавобан Гунадҳйа шундай деди: «Сен қулоқ сол, мен сенга бу ҳақда ҳам ҳикоя қилиб берай».

САТВАҲН ҲИКОЯСИ

Бир вақтлар шоҳ Дипкарни ўзининг мардоналиги ва ботирлиги билан донг чиқарган эди, унинг Шактимати исмли хотини бор эди. Шоҳ Шактиматини жонидан ҳам азиз кўрарди. Бир куни хотини боғда ухлаб ётганда, уни илон чақиб олди ва Шактимати дунёдан кўз юмди. Уни жонидан яхши кўрган шоҳ, гарчи бефарзанд бўлса-да, бошқа уйланмасликка онт ичди. Бир кун меросхўри йўқлигидан дили маҳзун бўлиб юрган шоҳнинг тушига ярим ой тамғасини бошига қўндирган маъбуд кирди ва шундай деди: «Сенга ўрмонда асрлонга эгар уриб минган бир чақалоқ учрайди, уни уйингга олиб кел ва у сенга меросхўр бўлади». Уйғониб кетган шоҳ кўрган тушини эслади-да, ўзида йўқ суюнди. Бир куни у шикорда ўрмоннинг энг қалин жойига бориб қолди ва куппа-кундузи нилуфарлар қийғос очилган ҳовуз бўйида бир арслонни миниб олган ёш бола қуёшдай порлаб ўтирганини кўрди. У ўйлаб-нетиб ўтирмай камонидан бир ўқ узиб, сув ичаётган арслонни ер тишлатди. Пайконнинг учи арслонга келиб тегар-тегмас у бирданига одамга айланди ва шоҳ ҳайрат ичида ундан: «Бу не сир бўлди?» деб сўраган эди, у жавобан деди: «Эй ер юзининг ҳукмдори, мен дунёга бойлик улашувчи Кубернинг дўсти якшман, исмим Сатдир. Бир куни чўмилаётган риши қизига кўзим тушиб қолди ва юлдузимиз юлдузимизга тўғри келиб, гандҳарвлар одати бўйича мен унга уйландим ва у менга хасми ҳалол бўлди. Бироқ буни эшитган қариндош-уруғлари қаттиқ ғазабга келдилар ва уларнинг ҳар иккаласини баравар қарғадилар: «Илоё сиз бандалар арслонга айланиб қолинглар-да, ҳеч ерда қўним топмасдан сарсон-саргардон бўлинглар». Хотинимни то ўғил фарзанд кўрмагунча урғочи арслон қиёфасида юришга авлиё қаландарлар фатво бердилар, мен эса то баданимга пайкон келиб тегмагунча шундоқ қоладиган бўлдим. Шу тариқа иккимиз бир жуфт асрлонга айланиб қолавердик.
Вақти-соати етиб, хотинимнинг бўйида бўлди ва ўғил фарзанд туғиб, ўзи оламдан ўтди. Мен эса ўғлимни бошқа мода арслонлар сути билан боқиб, парвариш қила бошладим. Бугун камоннинг пайкони зарби туфайли, эй шоҳ, мен тавқи лаънатдан халос топдим. Сен менинг бегуноҳ ўғлимни ўзингга ол, зеро қарғишга гирифтор қилган донишмандларнинг кароматларида шундай айтилган».
Шу сўзларни айтиб, якш Сат кўздан ғойиб бўлди, шоҳ эса болани олиб уйига қайтди. У Сатни миниб юрганидан шоҳ уни Сатваҳн деб атай бошлади. Вақти-замони келиб, Дипкарни уни салтанати тахтига ўтқазди, ўзи эса тавба-тазаррулар қилгани ўрмонга узлатга кетди. Сатваҳн эса салтанатга ҳукмронлик қилишга астойдил бел боғлади».
Канбҳутининг илтимосига биноан Гунадҳйа нима учун шоҳга Сатваҳн исми берилганинин ана шу тариқа ҳикоя қилиб берди, кейин эса яна ўз ҳикоясига қайтди.
«Баҳор байрами етиб келди, шоҳ маъбуда иродаси ила Пратиштҳанда барпо этилган боққа йўл олди ва Нанданинг мўъжизавий боғида сайр қилиб юрувчи буюк Индрга ўхшаб, у ерда узоқ қолиб кетди.
Шоҳ ўз маликалари билан боғда кўнгилчоғлик қилар ва улар ҳовузда биргаликда чўмилар эди. У маликаларга ва маликалар унга кафти билан уриб, бамисоли нару мода филлар сингари бир-бирларига сув сачратар эдилар. Гулранг сурмаси тортилган қўллари билан уларнинг ҳўл кийимлари чиппа ёпишган гулай нафис баданларига хумор-хумор тикилганча олам-жаҳон ҳузур оларди. Ўрмондаги чирмовуқларни юлқиб ўйнаган шамол каби шоҳ улар билан чарх уриб қувлашмачоқ ўйнарди. Ўрмонга кираверишда чирт-чирт узгандайин шоҳ ҳам маликаларнинг манглайларидаги япроқнусха тоифа нишонлари — тийлакларини шаррос қуйган ёмғирдек тўкилаётган сув тўзони билан ювиб ташлади. Ана, қадди-қомати нафис шириши гулни эслатувчи ва ғўч сийналарини кўтариб юриш ҳам малол келгандек кўринувчи маликалардан бири ўзини аста ўйин-кулгилардан четга олди. Сатваҳн сачратган сувлардан азбаройи безор бўлганча у йигитга қараб деди: «Қўй, менга сув сепма!» Буни эшитиб шоҳ модака деб аталадиган ширинликлардан кўпроқ олиб келишни буюрди. Бунга малика кулиб юборди-да, шоҳга бундай деди: «Бу қанақаси, шоҳ? Сувда мен ширинликларни бошимга ураманми? Мен фақат «сув сепма» дедим, холос. Сен бўлсанг, бу ерда икки сўз: «ма» ҳамда «удакайе» деган сўзлар қўшилиб келганини англамадинг. Эҳ нодон шоҳ, наҳотки шугина қоидани ҳам билмасанг?» Сарфу наҳв илмини сув қилиб ичган маликанинг бу гапини эшитиб ҳамма гурр этиб кулиб юборди ва шоҳ уятдан ерга киргудек бўлди. У қаттиқ ранжиган ва юзлари бир оқариб, бир қизарганча ўйин-кулгини ҳам йиғиштирди-да, саройга қараб кетди. Унинг миясини ёмон ўй-фикрлар чулғаб олди, томоғидан на бир луқма таом, на бир қултум сув ўтар эди, гапирган одамга чурқ этиб оғиз очмас, саволига жавоб бермасди — гўё чизиб қўйилган жонсиз бир суратга айланган-қолганди. У шундай деб ўйларди: «Ўқиб, илм ахтарганим маъқулми ё ўлиб кетганимми? Нима қилсам бу аросат ҳолатдан халос бўламан?» На кўзида бир чимдим уйқу, на кеча-ю кундузида бир дам ҳаловат — у шу тариқа ич-этини егандан-ер эди. Шоҳнинг бу тахлит изтиробга тушганинни кўриб, унинг барча ақориблари бир-биридан сўрар эди: «Унга нима бўлган ўзи?» ва нима бўлганини билолмай ҳайрону лол қотар эди. Ниҳоят, шоҳнинг аҳволи мен ва Шарваварманнинг ҳам қулоғига етди. Биз уни тоб-поби қочган бўлса керак, деб ўйладик. Ражҳанснинг мулозимини чақирдик-да, ундан ҳукмдорнинг соғлиғи ҳақида сўрадик. У бизга мана шундай жавоб берди: «Мен шоҳни илгари ҳеч қачон бундай ачинарли ҳолда кўрмаганман. Маликаларнинг айтишича, шоҳ Вишнушактининг билимдонлиги билан мақтаниб юрадиган қизи уни шу кўйга солиб қўйди, ҳаммасига ўша малика айбдор».
Ражҳанснинг бу гапини эшитиб, биз турли тусмолларга бора бошладик. «Борди-ю, шоҳ бирон жисмоний касалликка йўлиққан бўлса, унда табиб-мабиб чақиришга тўғри келар эди. Борди-ю, бунга бошқа сабаб бўлса, унда чорасини топиш амри маҳол, албатта. Ахир, унинг салтанатида битта ҳам ғаним зоти қолмаган эди-да, ҳамма ғанимлар йўқ қилиб юборилган эди. Халқ шоҳини севади, унинг тахтига ҳеч ким таҳдид солмаётганди. Унда шоҳнинг бу ҳолга тушишига нима сабаб бўлди экан?» Бизни шундай саволлар қийнарди. Бироқ шу аснода доно Шарваварман сўз қотиб деди: «Мен биламан, шоҳ жаҳолат азобидан қийналмоқда. «Мен нодонман» деган ўй унинг ич-этини емоқда ва билимдон бўлишни қаттиқ қўмсамоқда. Тағин менга айтишларича, маликалардан бири бугун унинг устидан қаттиқ кулибди ҳам».
Шундай ўй-мулоҳазалар билан биз бир амаллаб тунни ўтказдик-да, тонг билан ер юзининг ҳукмдори хосхонасига йўл олдик. Ҳеч ким қўйилмасин деб буйруқ берилганига қарамай мен, менинг орқамдан Шарваварман шоҳнинг хосхонасига кириб бордик.
Мен шоҳга таъзим ила яқин бордим-да, мулойим оҳангда сўрадим: «Эй худо суйган банда, нима учун сабабсиз бунчалик изтиробга тушмишсен?» Сатваҳн сўзларимни эшитди-ю, бироқ ўша-ўша ҳар нарсага бефарқ ўтираверди. Шунда унга Шарваварман мурожаат қилиб, шундай сўзларни айтди: «Менинг гапларимга қулоқ солинг, марҳаматли шоҳ! Ахир илгари сиз мен билан қандай шакаргуфторликлар қилар эдингиз. Шу бугун тунда бир туш кўрдим: қарасам, осмондан нилуфар тушиб келди, бир худо ярлақаган йигит уни очган эди, ичидан оппоқ либосли бир бокира қиз чиқиб келди, қиз, мен сизга айтсам, эй шоҳ, юриб бориб тўғри сизнинг оғзингизга кириб кетди. Уйғониб кетдим-да, ўйлай бошладим: “Ҳеч шубҳасиз, шоҳимизнинг оғизларига кириб кетган бу ҳурилиқо Сарасватий бўлади». Шарваварман тушини айтиб бўлиши ҳамон Сатваҳн сукутини бузди-да, изтироб ичида мендан сўради: «Айт-чи, тиришқоқ шогирд етук олим бўлиши учун қанча вақт керак бўлади? Агар илм соҳиби бўлмасам, дунёда мендан бадбахт одам бўлмас. Мана бу шоҳона дабдабаю асъасаларнинг барчаси менга гўё эшакка мунчоқ таққандек бўлиб кўринмоқда. Ўша эшак салтанат эгаси шоҳ, яъни меман!» Шунда мен унга қараб дедим: «Одатда, эй мумсик шоҳ, барча илмлар ва илмлар шоҳи — сарфу наҳвни мукаммал эгаллаш учун ўн икки йил керак бўлади. Аммо мен сизларни атиги олти йилда олим қилишга қурбим етади». Бу сўзларимдан Шарваварманнинг қаттиқ ғазаби келди ва эътироз билдириб деди: «Кўзлаган бахтига муяссар бўлмоқчи бўлган одамга бунчалик жабр қилиш инсофдан эмас! Эй шоҳ, мен сизни бор-йўғи олти ойда мураттаб аллома қилмасам, отимни бошқа қўяман!»
Бундай катта кетишни кўриб, менинг чапараста жаҳлим чиқди: «Модомики сен шоҳни олти ойда мулла қилар экансан, мен санскрит, пракрит ва бу ердаги одамлар гаплашадиган тилни абадул-абад унутганим бўлсин!» Шарваварман эса менга эътироз билдирди: «Бу менинг қўлимдан албатта келади, борди-ю, келмаса, оёғингдаги бошмоғингни ўн икки йил бошимда кўтариб юрганим бўлсин!» — Шундай деди-да, у ердан кетди. Мен ҳам уйимга равона бўлдим. Шоҳ эса орамиздаги муноқашадан, демак ҳали билим олиб, донога айлана олар эканман-да, дея ўзича хулоса чиқариб, тинчланди.
Кўп ўтмай Шарваварман қандай оғир ишни зиммасига олиб қўйганини англади-ю, баданидан совуқ тер чиқиб, шубҳасини хотинига очиб солди. Бундан хотинининг ҳам руҳи чўкиб, унга шундай деди: «Бегим, олдингизда биргина йўл бор, у ҳам бўлса, ҳукмдор Кумар ҳузурига борасиз-да, ундан ёрдам сўрайсиз».
Тун оғиб, тонг ота бошлаганда Шарваварман емай ҳам, ичмай ҳам тўғри Кумар ибодатхонасига йўл олди. Мен айғоқчиларимдан Шарваварманнинг қаерга борганини билдим-да, бу ҳақда шоҳга маълум қилдим, у эса бундай деди: «Қани, кўрайлик-чи, бундан нима чиқар экан».
Шу топ Синҳгупт деган бир рожпут Сатваҳнга мурожаат қилиб деди: «Эй султони бокарам, сизнинг бундоқ ночор ва ночиз аҳволга тушганингизни кўриб, ғоятда ачиниб юрар эдим. Аввалбошдаёқ ибодатхона шаҳар ташқарисида жойлашган маъбуда Чандина ҳақига бошимни чўрт узиб қурбон қилишга аҳд этгандим. Ўша ёққа бордим ва ибодатхонага етар-етмас осмондан шундай наъра қулоғимга чалинди: «Бундай қилма! Шоҳнинг муддаоси албатта ҳосил бўлгай!» Шу боис, эй мурувватли шоҳ, бу ишда сиз албатта муваффақиятга эришгайсиз!»
Шоҳ билан келишиб олиб, Синҳгупт икки айғоқчисини Шарваварман ортидан жўнатди. Шарваварман эса бу вақтда фақат ҳаводан озуқланиб, дамини ичида сақлаб, ўша аҳду қарорида маҳкам туриб, Кумар ибодатхонасигача етиб борди. У ерда Картикей Шарваварманнинг қаттиқ риёзатларию тавба-тазарруларидан бағоят мамнун бўлди, ҳатто ўз жисмини қурбон беришга тайёрлигини кўриб, Шарваварманнинг илтижоларини ижобатга олди.
Синҳгупт юборган айғоқчилар буларнинг барчасини кўриб турар эдилар ва ҳатто ундан олдинроқ қайтиб келиб, Шарваварман қисматини чароғон этган омад ҳақида шоҳга сўзлаб бердилар. Бу хабардан шоҳнинг дили бирдан чарақлаб кетди, гўё булутни кўриб, чатак қуши сайраб, ғозларнинг дили хуфтон бўлгандай бўлди. Кумар саховат ила қулфи дилини очиб юборган Шарваварман эса ибодатхонадан қайтиб келди-да, шоҳга барча илмларни ўргатишга киришди, Сатваҳн ҳам қунт билан астойдил сабоқ ола бошлади. Худонинг марҳамати ила ҳар қандай мушкул иш ҳам осон ҳал бўлади!
Шоҳнинг илм эгаллашдаги ғайрат-шижоатидан хабар топган бутун мамлакатни шодиёна чулғади, ҳамма жойда байрам авж олди, ҳатто уйлар узра байроғу яловлар ҳилпиради. Бир устозга қанчалик ҳурмат-эъзоз жоиз бўлса, шоҳ Шарваварманга ўшандай иззат-икром кўрсатди, уни дуру жавоҳиротларга кўмиб юборди ва Нармада дарёсининг ҳар икки соҳили бўйлаб ястанган Бҳарукаччҳ деган вилоятга ҳоким қилиб кўтарди. Шарваварманнинг риёзат чекканлари ҳақида айғоқчилари ёрдамида хабар етказган Синҳгуптни ҳам шоҳ муносиб тақдирлади. Барча воқеаларга сабабчи бўлган Вишнушактининг қизига келсак, уни барча маликалардан энг юқориги рутбага кўтариб қўйди ва унинг суюкли хотини маликаи улёга айланди».
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга муқаддима» китобининг олтинчи долғаси ана шулардан иборат.

ЕТТИНЧИ ДОЛҒА

Шарваварман ўз сўзининг устидан чиқди, мен эса оғзимга қатиқ ивитиб олишга маҳкум эдим. Бир куни шоҳ ҳузурига келганимда, у ерда бир браҳман шоҳ тўқиган шеърларни ўқиб бермоқда эди. Шоҳ бу шеърларни санскрит тилига ўзи ўгирган эди ва браҳманнинг қандай ўқиганини диққат билан тинглаб туриб, ҳозир бўлганлар ўз хурсандчиликларини мамнуният билан изҳор этдилар. Шунда шоҳ Шарвавармандан ваъдасини адо этишда унга Картикей ёрдам берганини айтиб беришини илтимос қилди. Шоҳнинг изни билан Шарваварман содир бўлган воқеаларни бир бошдан ҳикоя қилиб берди.
«Оғзимга муҳр босиб ва рўза тутиб, мен бу ердан кетдим, манзилимга етай-етай деб қолганимда оғир ғалабадан бутунлай силлам қуриб, беҳуш ҳолда ерга қуладим. Шунда қўлида найза тутган қандайдир бир киши кўзимга кўринди, менга яқин келди-да, шундай деди:
«Тур ўрнингдан, ўғлим, омад сенга ёр бўлғай!» Шу сўзлар гўё вужудимга оби ҳаёт қуйгандай таъсир қилди-ю, даст ўрнимдан туриб кетдим, очлик ва ташналик азобидан ном-нишон қолмади ва мен ҳеч нарса кўрмагандай яна бардам ва тетик бўлиб қолган эдим.
Ўшанда ихлос ва миннатдорлик туйғусига ғарқ бўлганча мен эҳромгача етиб олдим, ғусл қилдим-да, юрагим дук-дук урганча унинг ичига оёқ қўйдим. Шунда рўпарамда ҳукмдор Сканда намоён бўлди ва унинг иродаси ила лабларимга Сарасватийнинг ўзи дохил бўлди. Сўнгра олтита рухсори ҳам нилуфарни эслатувчи Сканда олтита оғзи билан муқаддас оятлар — сутрларни қироат қила кетди. Унинг қироатини эшитиб, мен одамзотга хос енгилхаёллик ила иккинчи оятни ўзим тўқиб чиқардим-да, қироат қилдим. Шунда маъбуд менга деди: «Агар сен шуни қироат қилмаганингда, бу таълимот Панини сарфу наҳвини йўққа чиқарган бўлур эди. Энди эса ўзининг қисқалиги боисидан у мен миниб юрадиган товуснинг думи шарафига «Катантр» ёки бўлмаса «Калпак» деб аталади”. Менга сўз ҳақидаги янги бир фанни инъом этар экан, маъбуд яна ушбу сўзларни ирод қилди: «Олдинги туғилишингда сенинг шоҳинг қаландар Бҳардважнинг шогирди донишманд Кришна бўлган эди. Бироқ бир куни у қаландарнинг қизини кўриб қолади-ю, муҳаббат тангриси пайконига нишон бўлиб, қизга ошиғи беқарор бўлиб қолади, қаландарлар шўрлик йигитни дуойи бад қиладилар. Шу боис у бу гал ерда оламга келди. Қиз ҳам ерда яшашга маҳкум этилиб, унинг биринчи хотинига айланади. Сатваҳн деган шоҳ ўша Кришнанинг ўзидир.
Мана, у сен билан учрашди, сенинг хоҳишингга кўра у барча фанларни эгаллагусидир. Зеро, олдинги туғилишларидаги уларга хос юксак фазлу хислатлари туфайли бахтли одамларнинг барча саъй-ҳаракатлари муваффақиятли якун топгай». Шу сўзларни айтиб, маъбуд ғойиб бўлди, мен эса эҳромдан чиқдим ва коҳинлар менга ширгуруч олиб келишди. Мен изимга қайтдим, шоҳим, бироқ мана бу мўъжизани кўринг: ҳар куни ширгуруч ейман, бироқ ҳар гал идишда менга қанча ширгуруч берсалар, ўшанча ширгуруч қолаверади». Шарваварман жим бўлиб қолди, Сатваҳн эса ғусл қилгани мамнун чиқиб кетди.
Сукут сақлашга онт ичганим боисидан мен давлат ишларидан узилиб қолдим. Гарчи шоҳ мени қўйиб юборишни хоҳламаса-да, мен имо-ишоралар билан — ахир менинг гапиришим мумкин эмасди-да! — мени озод қилиб, марҳамат кўрсатишини ёлборардим.
Икки шогирдим ҳамроҳлигида мен шаҳарни тарк этдим ва бутунлай диний жасоратларга тўла ҳаётимга ишонган ҳолда Виндҳйа маъбудасига сажда қилгани равона бўлдим. У менинг тушимда намоён бўлди ва сени кўришим учун мана шу қўрқинчли Виндҳйа ўрмонига келишимни амр этди. Йўлда учраган йўловчилардан йўлни сўраб-сўраб, мен бу ерга келдим ва жуда кўплаб алвасти — пишачларни кўрдим. Уларниг ўзаро гап-сўзларига қулоқ солиб, тилларини ўрганиб олдим ва шу тариқа гунгликдан халос бўлдим, чунки уларнинг тили санскрит ҳам эмас, пракрит ҳам эмас, маҳаллий тиллардан бири ҳам эмасди. Уларнинг суҳбатларидан сенинг Ужжайинига кетганингни билиб олдим ва сени кута бошладим. Сенга кўзим тушиши ҳамон алвастига миннатдорона им қоқиб қўйдим ва дарҳол ўзимнинг олдинги туғилишимни эсладим. Бошимдан ўтган воқеалар мана шулардан иборат».
Гунадҳйа жим бўлиб қолганини кўриб, Канҳбути унга қараб деди: «Энди сенинг бу ерга келганингни қандай эшитганим ҳикоясини тингла.
Менинг Бҳутиварман исмли, ҳамма нарсани олдиндан билувчи бир ракшас дўстим бор. Уни кўргани Ужжайини шаҳри яқинидаги ўрмонга бордим ва ундан бўйнимга тақилган тавқи лаънат қачон соқит бўлишини сўрадим. У эса менга бундай жавоб берди: «Биз ракшаслар кундузи ҳеч нарса қилолмаймиз. ҳадемай кеч тушиб, тун чўкади, шунгача сабр қил, кейин ҳаммасини ўз кўзинг билан кўрасан». Кун ўтди, тун чўкиб кела бошлаганда мен ундан сўрадим: «Нима учун руҳлар зулмат чўкишидан ўзларида йўқ шод бўлишади?» — «Қулоқ сол, мен сенга Шанкарнинг Браҳмага нималар деганини сўзлаб бераман, — деб жавоб берди Бҳутиварман. — Чиндан ҳам ракшасларнинг кундузи кучлари қолмайди, чунки қуёш нури улардаги бор кучни сўриб олади, шу боис якшлар, ракшаслар ва пишачлар тун чўка бошлаши билан яйраб-яшнаб кетадилар. Улар гўшт емайдиган ҳалол-пок одамлар бор жойга яқин ҳам йўламайдилар. Соф, ботир ва оқил одамлар билан сира чиқиша олмайдилар». Сўзининг охирида Бҳутиварман шуларни қўшиб қўйди: «Қани, уйингга бор, Гунадҳйа келди, у сени гарданингдаги тавқи лаънатдан соқит қилади».
Оёғимни қўлимга олиб, бу ёққа чопдим ва сени кўрдим. Энди мен сенга Пушпадант менга ҳикоя қилиб берган қиссани айтиб бераман. Бироқ аввал менга бир нарсани айтиб бермасанг бўлмайди, хўш, уни Пушпадант, сени эса Малйаван деб аташлари боиси нимада?»

ПУШПАДАНТ ҲИКОЯСИ

«Ганга бўйида Баҳусуварник деган қишлоқ бор, айтишларича, ўша ерда қачонлардир Гўвиндатт деган бир браҳман яшаган экан, унинг вафодор хотини ҳам бўлиб, исми Агнидатта экан. Вақти-соати билан Агнидатта эрига бешта ўғил туғиб берди. Ўғиллар кун деса кун, ой деса ой дегулик экан-у, бироқ ҳаддан ташқари аҳмоқ ва такаббур экан.
Бир куни бир воқеа рўй берди. Гўвиндаттнинг уйига чиндан ҳам олов маъбудининг тажассуми бўлган Вайшванар деган бир бошқа браҳман меҳмон бўлиб келди. Гўвиндатт иш билан аллақаёққадир чиқиб кетган эди, меҳмон тўғри уйга кириб келди ва йигитчалар билан салом-алик қила бошлади. Бироқ йигитчалар саломга алик олиш ўрнига ҳиринглаб, тиржайиб қўйишди, холос. Шунда азбаройи ғазабга келганидан браҳман уйдан чиқиб кетишга аҳд қилди. Шу топ Гўвиндатт келиб қолди ва нима гаплигини сўради. Унга жавобан ғазабдан қалт-қалт титраб, браҳман шундай деди: «Ўғилларинг ғирт аҳмоқ экан, сен ҳам улардан қолишмайсан. Шу боис сеникидан оғзимга урвоқ ҳам олмайман, акс ҳолда мен кафорат қилишимга тўғри келади». Шўрлик Гўвиндатт ўғилларимнинг ғирт аҳмоқлигига шубҳа йўқ, аммо мени уларга аралаштирманг, деб тавба-тазарру қила бошлади. Меҳмонни тинчлантириб, кўнглини олиш ниятида эрига қўшилиб хотини ҳам ёлбора бошлади. Шундан кейингина браҳман Вайшванар минг нозу фироқ билан олдига қўйилган таомга қўл урди.
Ишнинг бундай ёмон тус олиб кетганини кўриб, ўғиллар ичидан Девдатт дегани ич-ичидан афсус қила бошлади. Ота-онасининг ундан кўнгли қолганини ҳис этиб, дунёга келганидан пушаймон бўлди, сўнг тавба-тазарру қилгани Бадрик эҳромига равона бўлди. У ерда у аввалига илдизу япроқлар билан озиқланиб яшай бошлади, сўнгра биргина тутундан қаноат қилишга ўтди, ўзининг узоқ муддатли қаттиқ риёзату ибодатлари билан маъбуда Уманинг эри кўнглини ола билди. Унинг рўбарўсида Шанбҳу намоён бўлди-да, қуйидаги сўзлар билан унга беҳад меҳру мурувватлар кўрсатди: «Дунёда сен билмаган илм сирлари қолмагай, ердаги барча фароғатлардан баҳраманд бўлғайсан ва неки орзу ниятларинг бўлса, барчасига етишгайсан!»
Шундан сўнг илм деса ўзини томдан ташлайдиган Девдатт Паталипутра шаҳрига борди ва мураббий Ведкумбҳ қўлида таҳсил ола бошлади. Бироқ Ведкумбҳнинг хотини йигитга шайдо бўлиб қолди ва уни жимо қилишга мажбурлай бошлади. Хотин кишининг миясига қанақанги ҳаваслар келмайди!
Охири Девдатт Паталипутрадан кетишга қарор қилди ва Пратиштҳан шаҳрига келди, у ерда Мантрсвамин деган бир шарти кетиб, парти қолган қўсқи мураббийга шогирд тушди, унинг хотини ҳам ўзидай қўсқи, исқирт эди. Йигитча шу мураббийдан дунёдаги жамики илмлар сирини эгаллаб олди.
Нима бўлди-ю, бир куни барча илмларни сув қилиб ичган Девдатт шоҳ Сушарманнинг Шри исмли қизини кўриб қолди. Қиз чиндан ҳам маъбуда Шри сингари гўзаллик ва бахтнинг ердаги тимсоли эди.
Девдатт қизни дераза олдида ўтирганида кўриб қолди, қиз бамисоли сеҳрли аравада само бўйлаб парвоз қилиб кетаётгандай, ой маъбудининг ўзидек туюлиб кетди. Эҳтиросли нигоҳлар бир-бирига шундай боғланиб қолган эдики, улар сира бир-биридан узилай демасди. Шунда шоҳ қизи йигитни бармоғи билан имлаб чақирди, гўё бу Ишқ маъбудининг амри билан ижро этилган ҳаракат эди. Йигит унга яқин боргач, қиз бир четини тиши билан узиб олган гулни унга отди. Девдатт қизнинг бу ишорасига ақли етмай, маслаҳат сўрагани мураббийи ҳузурига чопди.
Эҳтирос алангасида ловуллаб ёнган ва ҳаяжондан тили калимага ҳам келмай қолган бир алпозда у уйга келди. Мураббий шогирдининг ишқ домига гирифтор бўлиб қолганини дарҳол англади, бироқ сир бой бермай ундан мулойимлик билан нима гаплигини сўради.
Ҳамма гапдан хабардор бўлгач, мураббий унга маликанинг нима демоқчи бўлганини тушунтириб берди. «Бир четини тиши билан узиб олган гулни ташлаб, у сени гулларга сероб Пушпадант эҳромига келишингни ва ўша ерда кутиб туришингни айтган. Энди сен ўша ерга бормасанг бўлмайди».
Йигитча қизнинг нимага ишора қилганини билиб олгандан кейин ўша ибодатхонага йўл олди ва бориб, ўша ерда кута бошлади. Бир вақт шоҳ қизи келди, сўнг гўё ибодат расмини адо этмоқчидек эҳром ичкарисига қадам қўйди. Эшик ортида уни бетоқат бўлиб кутиб турган йигитча ўша заҳоти уни қучоқлаб олди. Шунда шоҳ қизи унга шундай саволни берди: «Менинг нимага шама қилганимни сен қандай билдинг?»
«Мен қаёқдан ҳам билардим,– деб жавоб берди Девдатт.– Буни менга устозим айтди». Шунда қиз бирдан жаҳли чиқиб деди: «Йўқол кўзимдан, нодон!»– шундай деди-ю, худди биров кўриб қолишидан қўрққандай, шоша-пиша эҳромдан чиқиб кетди. Девдатт эса ҳозиргина каптардай қўлига кирган ва ўша заҳоти яна учириб юборган маъшуқасини ўйлаб, дилидан оҳ уриб мунғайиб қолаверди, у азбаройи аччиқ фироқ алангасида ёнганидан жон таслим қилишига бир баҳя қолди.
Бироқ у ўзининг риёзатлари билан сарафроз этган Шамбҳу унинг қийналаётганини кўриб, Девдаттнинг ёнига ёрдам бергани хизматкори ган Панчшикҳни юборди. Инсофу адолатдан худо берган Девдаттга таскин-тасаллилар берди, унга аёл кийими кийдирди ва ўзи ҳам кекса браҳман либосига бурканиб олди. Сўнг улар ер юзининг ҳукмдори, соҳибжамол қизнинг отаси Сушарман ҳузурига йўл олишди ва ганларнинг аълоси биринчи бўлиб шундай сўз қотди: «Эй шоҳ, ўғлим аллақаёққадир ғойиб бўлди. Мен уни қидиргани кетаяпман, сендан биргина илтимосим шуки, қайтгунимча қайнонамни ўз паноҳингга олгин».
Бу сўзларни эшитиб, шоҳ бир чети браҳманнинг ғазабидан қўрққанидан Сушарман бу сохта жувонни уйида олиб қолди ва уни қизларининг хобгоҳига жойлаштириб қўйди. Панчшикҳ кетди, аёл кийимидаги Девдатт эса севгилиси билан қолди ва унинг энг яқин дугонасига айланди.
Бир куни тунда у қизга бор сирни очиб ташлади ва шоҳ қизи гандҳарвлар одати бўйича йигит билан никоҳдан ўтди. Қизнинг бўйида бўлгач, Девдатт ган Панчшикҳни чорлади ва Панчшикҳ уни билдирмасдан саройдан олиб чиқиб кетди. Шундан кейин йигит эгнидаги аёл либосини ечиб ташлади. Эрталаб Панчшикҳ олдингидай яна кекса браҳман қиёфасига кирди-да, Девдаттни ёнига олиб, Сушарман ҳузурига келди ва унга қараб илтижо билан шундай деди: «Шоҳим, мен ўғлимни топдим. Қайнонамни олиб кетгани изн берсангиз».
Тунда қайнонанинг аллақаёққа ғойиб бўлганидан хабар топган шоҳ браҳманнинг қарғишидан қўрқиб, жон ҳолатда вазирларини чорлади ва уларга қараб шундай деди: «Бу браҳман эмас, ҳойнаҳой бирон маъбуд бўлса керак, у мени синагани келган кўринади. Ахир бундай воқеалар одамзот бошидан озмунча ўтмаганми. Бир куни мана бундай бўлган экан:

ШОҲ ШИБИ ҲИКОЯСИ

Айтишларича, бир замонлар Шиби деган бир шоҳ яшаган экан. У ниҳоятда сахий ва мард экан, бунинг устига фидойи ҳам бўлиб, барча жонли мавжудотларга ҳомийлик қилар экан. Кунлардан бир кун уни синаш учун Индр лочин қиёфасига кирди, Дҳарм эса каптарга айланди. Лочиннинг олдида каптар жон ҳолатда ўзини Шибининг оёғига ташлади, шунда лочин тилга кириб, шоҳга шундай мурожаат қилди:
«Мен уни ейишим керак, шоҳим. Уни дарҳол қўйиб юбор, мен очман, акс ҳолда очимдан ўлишим ҳеч гап эмас. Менинг илтимосимни рад этадиган бўлсанг, эй шоҳ, саховатпеша деган номинг қаёқда қолди?» Шиби унга эътироз билдириб деди: «У паноҳ истаб менинг олдимга учиб келди, мен бу каптарни сенга беролмайман. Мен сенга егани бошқа гўшт бераман». Шунда лочин унга деди: «Ундай бўлса, сен менга ўз баданинг гўштидан берасан». «Хўп бўлади»,– рози бўлди шоҳ суюниб, бироқ шоҳ баданидан неча лахтак гўшт кесиб бермасин, ҳеч каптарнинг вазнига етмас эди. Шунда Шиби тарозига ўзи чиқиб туриб олди, паллага чиқиши ҳамон фалакдан бир овоз янгради: «Қойил!» Индр ва Дҳарм ўша заҳоти эгниларидан лочин ва каптар либосини ечиб ташладилар ва Шиби ҳам аввал қандай бўлса, яна ўшандай бус-бутун ҳолига қайтди. Улар шоҳга барча орзу-ниятларини рўёбга чиқишини тилаб, дуолар билан сарафроз этдилар-да, кейин ғойиб бўлишди.
Худди шундайин, ҳозир ҳам биронта дарғазаб илоҳ браҳман қиёфасига кириб, мени синагани келганга ўхшайди».
Қўрққанидан дағ-дағ титраб, шоҳ вазирларига ана шу сўзларни айтди ва кейин браҳман қиёфасига кириб олган энг аъло ганга қараб мурожаат қилди: «Менга шафқат қилинг, тақсирим, қайнонангизни кўз қорачиғидай сақлаб турганимизга қарамай, келиб-келиб шу бугун тунда уни йўқотиб ўтирибмиз», Шунда браҳман, гўё шоҳнинг бу ночор аҳволига юраги ачишгандай, жўрттага қовоқларини уйиб, шундай деди: «Бўлар иш бўлиб, бўёғи сингибди, шоҳим, майли, ундай бўлса эвазига сиз қизингизни ўғлимга хотинликка бериб қўя қолинг!»
Нима бўлса ҳам браҳманнинг қарғишидан омон қолиш учун Сушарман қизини Девдаттга берди ва Панчшикҳ ҳам ўз йўлига қараб кетди.
Девдатт эса ўз севгилиси билан турмуш қуриб, қайнотасининг давлату хазиналарини сарфлаб, айшини сура бошлади, зеро Сушарманнинг шу биттаю битта қизидан бошқа зурёди йўқ эди. Бирмунча вақт ўтгач, невараси, яъни Девдаттнинг ўғлини ўз тахтига ўтқазди-да, ўзининг ҳаётидаги бурчини адо этиб, ўрмонга равона бўлди. Уларнинг изидан Девдатт билан хотини ҳам ўрмон ҳаётини ихтиёр қилди, чунки энди ўғилларининг тахтни мустақил идора этишига уларда қилча шубҳа қолмаган эди-да. Уларнинг астойдил тавба-тазаррулари ва риёзатларидан мамнун бўлган Шамбҳу эр-хотинга катта марҳамат кўрсатди – ердаги қийин ҳаётларига чек қўйиб, ганлар қавмига қўшиб юборди. Девдатт севгилиси тишлари билан тишланган гулнинг қандай маъно англатишига ақли етмаганидан у ганлар орасида Пушпадант деган ном билан шуҳрат топди, хотини эса маъбуда Парватий дарвозаси олдида бош қўриқчилик вазифасини адо эта бошлади ва уни ҳамма Жая деб атар эди.
Пушпадант номининг келиб чиқиши тарихи ана шундай. Энди менинг лақабим қаердан келиб чиққани ҳақида икки оғиз гапириб берай.
Девдаттнинг отаси бўлмиш Гўвиндаттнинг яна бир ўғли бўлиб, унинг исми Сомдатт эди. Бу айнан менинг ўзим бўламан. Девдатт уйдан нима учун бош олиб чиқиб кетган бўлса, мен ҳам ўшандай сабаб билан уйни тарк этиб, Ҳимолай бағирларида мақом тутдим. У ерда қаттиқ риёзату гул садақалари билан Шанкарнинг мурувватига ноил бўлдим ва манглайини ҳилол ўроғи безаб турган бу маъбудадан мени хизматкор ғуломлари сафига қўшиб қўйишини ўтиндим, зеро мен ердаги ҳою ҳаваслар чангалидан озод бўлган эдим. Менинг ўтинчимдан бағоят мамнун бўлиб, Шива шундай деди: «Зулматли ўрмонда ўзинг териб келган чечаклардан ясаган гулчамбаринг билан мени иззату икром қилибсанми, эвазига менинг ганларим орасида сенинг исминг Мотаван бўлсин». Парватийнинг завжаи поки дилидаги эътирофини ана шу тариқа изҳор қилди ва мен фоний қиёфам билан видолашиб, ганларнинг мангу фароғатлар диёрига етишдим.
Аммо Тоғлар қизининг қарғиши боис мен, Мотаван яна заминда яшашга маҳкум этилдим ва бугун, эй Канбҳути, мени шу ерда кўриб турибсан. Энди менга Ҳар тўқиган ривоятни сўзлаб бер ва шунда икковимиз ҳам гарданимиздаги тавқи лаънатдан халос бўлгаймиз».
Буюк шоир Сомдевнинг «Ривоятлар уммони»даги «Ривоятга дебоча» китоби еттиинчи долғаси ана шулардан иборат.

САККИЗИНЧИ ДОЛҒА

Гунадҳйанинг илтимоси билан Канбҳути унга пайшачий тилида етти қисмдан иборат илоҳий достонни ҳикоя қилиб берди. Шунда Гунадҳйа ўша пайшачий тилида бу достонни ёзиб ола бошлади. Етти йил қоғоздан бош кўтармай етти минг шлок (байт)лик достонни иншо қилди, бу достонни видйадҳарлар ўғирлаб кетмасликлари учун у уни ўзининг қони билан ёзди, зеро ўрмонда сиёҳ қаёқдан ҳам бўлсин. Сиддҳлар, видйадҳарлар ва бошқа инс-жинслар унинг ривоятини тинглаш учун тўпланиб, бамисоли чимилдиқдай уни тўсиб олган эдилар.
Достонни Гунадҳйа битта қўймай ёзиб олганини кўрганида Канбҳути гарданидаги тавқи лаънатдан халос бўлган эди ва яна осмони фалакка парвоз қилиб, видйадҳарга айланиб олганди, ҳатто Канбҳутининг гирдида уймалашиб юрган пишачлар ҳам фалакка кўтарилиб олган эдилар, чунки улар илоҳий достонни бошдан-оёқ тинглаган эдилар-да.
Шунда буюк шоир Гунадҳйа ўйлади: «Мени қарғай туриб, Парватий бундай деганди: «Илоё бу достон бутун ер курраси бўйлаб шуҳрат топсин». Энди бу ишни мен қандай уддаладим? Уни кимга ҳикоя қилиб берсам экан?»
Шунда унинг ортидан изма-из келаётган Гундев ва Нандидев деган икки толиби илм ўз мураббийларига қараб шундай деди: «Бу достонни ҳикоя қилиб бериш мумкин бўлган ягона муносиб инсон – бу шоҳ Сатваъҳан бўлади. У бундай нарсаларнинг буюк билоғони ва шамол гуллар ҳидини чор атрофга ёйгани каби у ҳам бу достонни бутун ер курраси бўйлаб тарқатқусидир». – «Ўшанга насиб этсин!» – деди Гунадҳйа ва барча ёзганларини содиқ шогирдларига бериб, уларни шоҳ Сатваъҳан ҳузурига йўллади, ўзи эса улар билан изма-из келаверди-ю, бироқ шаҳарга кирмади. Балки маъбуда амри билан бино бўлган боғда кутиб ўтирди.
Толиблар Сатваъҳан ҳузурида пайдо бўлиб, шоҳга достонни кўрсатишди ва шундай дейишди: «Бу – Гунадҳйанинг ижодидир!» Бироқ шоҳ ўзига етганча калондимоғ ва билимим зўр деб мақтангувчилардан эди, пайшачий тилини эшитиб ва Гунадҳйанинг толиблари пишачларга ўхшаб кетишини кўриб, ғижиниб деди:
«Гарчи одам қони билан ети юз минг шлокда ёзилган бўлишига қарамай, пишачларнинг тилида ҳеч қандай маъно бўлмайди. Пайшачий тилида ёзилган бу достонни ҳозироқ кўзимдан йўқотинглар!» Гундев билан Нандидев қандай келган бўлсалар, ёзилган достонни кўтариб, ўшандай изларига қайтишди ва бўлган воқеани оқизмай-томизмай Гунадҳйага ҳикоя қилиб беришди.
Уларнинг гапларини эшитиб, Гунадҳйа қаттиқ қайғуга ботди. Доно, илмни қадрловчи шоҳ кўра-била туриб қутлуғ деб билган ишингни ерга ургандан кейин хафа бўлмай бўладими! Шогирдлари билан шоир сал наридаги бир тепалик устига кўтарилди ва у ёқ-бу ёқдан ўтин териб келиб, гулхан ёқдилар. Шогирдлар устозларининг достонни варақма-варақ ўрмондаги қуш ва ҳайвонларга ўқиб бериб, уларни бир-бир оловга ташлаётганини кўзларида шашқатор ёш билан кўриб турар эдилар. Шогирдлар Нарваъҳандатт ҳаёти ҳақидаги достонни ўз ичига олган юз минг шлокнигина омон сақлаб қолишга зўрға муваффақ бўлишди.
Юрагимнинг қони билан битилган бу достонни Гунадҳйа бобма-боб ўқиб ва варақма-варақ оловга ташлаб ўтирар экан, барча жониворлар – ғазолалар, қобонлар, ҳўкизлар ва унинг атрофини қуршаб олган бошқа ҳайвонлар кўзларида ғилт-ғилт ёш билан тинглар ва ҳатто майсадан чимдишни ҳам унутиб, қилт этмай тик турар эдилар.
Шу орада шоҳнинг тоби қочиб қолди ва табиблар бунга сабаб – қоқланган гўшт деб ташхис қўйдилар. Шунда ошпазларни сўка кетишди, ошпазлар: «Бунда бизнинг нима гуноҳимиз бор? Овчилар қандай гўшт олиб келсалар, шуни пишириб берамиз!»– деб жавоб қайтаришди. Бориб овчилардан сўрашган эди, улар бундай жавоб беришди: «Сал нарида бир тепалик бор, ўша тепалик устида бир браҳман шеър ўқиб ўтирибди ва ўқиганларини варақма-варақ оловга ташлайди. Ҳамма ҳайвонлар ўша ерга тўпланиб олган, ўтириб шеър тинглайди, ҳеч бири овқат емайди. Шунинг учун ҳам уларнинг гўшти қоқланиб қолган».
Буни эшитиб, азбаройи қизиққанидан шоҳ овчиларга уни Гунадҳйанинг олдига олиб боришларини амр қилди. Ўрмонда узоқ вақт яшаганидан соч-соқоллари ўсиб кетган шоирга кўзи тушди – соч-соқоллари маъбуда Парватий қарғиши оловидек унинг аъзои баданини чулғаб олганди.
Гунадҳйани кўзларидан дув-дув ёш оққан ўрмон ҳайвонлари қуршаб олганини кўриб, шоҳ аввал унга таъзим бажо келтирди ва сўнг нима гаплигини сўради. Шунда Гунадҳйа шоҳга Пушпадант қарғишидан тортиб ҳамма-ҳаммасини ҳикоя қилиб берди ва донишманд унга пишачлар тилидаги достонни қандай билиб олганини айтди.
Гунадҳйа ган тажассумидан ўзга ҳеч ким эмаслигини англаб, шоҳ унинг оёғига йиқилди ва Ҳарнинг лабларида дунёга келган илоҳий достонни унга бошқатдан сўзлаб беришини ёлбориб сўради. Бунга жавобан шоир шундай деди: «Эй шоҳ, мен олти ривоятни ёқиб юбордим, уларнинг ҳар бирида юз минг мисрадан шеър бор эди. Фақат биргина ривоят омон қолди ва унда ҳам юз минг мисра шеър бор, шуни ола қол. Шогирдларим уни сенга изоҳлаб бергайлар».
Шундай деди-да, у шоҳ билан видолашиб, ақлу зеҳнини ибодатга жам қилди ва инсоний жисмдан халос топди, сўнг фалак сари равона бўлди, зеро у теккач, олган қарғишидан фориғул-бол бўлган эди. Сатваъҳан эса «Буюк достон» номи билан шуҳрат топган бу машҳур ривоятни олиб, ўз пойтахтига қайтиб кетди. Ривоят Нарваъҳандатт деган шаҳзоданинг бошидан кечирган саргузаштлардан иборат эди. «Буюк достон»ни тўқиган шоирнинг шогирдлари Гундев ва Нандидевни у ер-мулк, мол-дунё, кийим-кечак, тахтиравон ва уй-жойлар билан маъмур қилди. Уларнинг ёрдамида достонни қайта тиклаб, Сатваъҳан унинг пайшачий тилида қандай вужудга келганини ҳикоя қилиб бериш учун «Ривоятга дебоча»ни тузди. Аста-секин хилма-хил маҳоратлар ила ижро этилган «Буюк достон» ўз жозибадорлиги билан маъбудлар ҳақидаги қадимги достонларни йўқликка маҳкум этиб, аввал пойтахтда, кейин эса коинотни ўзаро бўлашиб олган ҳар учала оламда машҳур бўлди.
Буюк шоир Сомдевнинг «Достонлар уммони»даги «Ривоятга дебоча» китобининг саккизинчи долғаси ана шулардан иборат.
«Ривоятга дебоча» номи остидаги биринчи китоб тугади.

Ҳиндий тилидан Амир Файзулла таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 11-сон