Паруйр Севак (Պարույր Ռաֆայելի Սևակ) 1924 йили бир томонида қуёш, бир томонида Арарат ярқираб турган Чанахчи қишлоғида Рафаэл Казарян оиласида дунёга келди. Севак унинг тахаллуси бўлиб, талантли шоир Рубен Севак фамилиясидан олинган.
П.Севак ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, университетга ўқишга киради. Сўнг Саят-Нова ижодидан номзодлик диссертациясини ёзади. Ҳимоя пайтида унга тўғридан-тўғри филология фанлари доктори унвони берилади.
П.Севакнинг илк шеърий тўплами “Яшасин нур!” дея номланган. У ушбу тўпламидаёқ дунёга янги новатор шоир келганлигини кўрсата билди, зеро у ўз шеърияти билан арман поэзиясига У.Уитмен, Маяковский, П.Неруда руҳи сингари янги руҳ билан кириб келди.
П.Севак қисқа умри давомида кўпдан-кўп ўлмас шеърлар ҳамда “Сўнмас қўнғироқ” номли шоир ва композитор Комитас ижодига бағишланган достонини яратди.
У 1971 йили ҳаётдан бевақт кўз юмди.
УЧ ОВОЗЛИ ҚЎШИҚ
БИРИНЧИ ОВОЗ
О, Ватан!
Ўттиз йилки такрорлайман сенинг тилингни
ва бари бир сен ҳақингда сен ўзинг билан
гаплашмоққа қийналаман —
довдирайман, йўқотаман айтар сўзимни
ҳаяжоннинг зўридан ҳар гал!
Эрта баҳор
сайраганда ҳамиша какку
туюлади менга — гўё у
ушбу онлар тўлиқиб-тошиб,
юрагимнинг таржимонидек —
туйғуларим ифода айлаб,
қутлар сени менинг номимдан
Яна қайтган баҳоринг билан!
Ҳатто ёзги кўланкаларинг
осмонингга — мовий, мунаввар
қалбимнинг энг теран ҳисларин
изҳор қилар сассиз-садосиз,
муҳаббатнинг шоён қўшиғин
куйлар улар эҳтирос ила —
аланганинг қора тилидек,
гоҳ узайиб
гоҳи қисқариб…
Кузда дуркун боғларинг аро
ялтилласа нуқра томчилар
аён эрур ҳар кимга — сенинг,
неъматларинг шукронасига
тўлган қалбим жарангоси бу.
Сўйлар қорларинг ҳам худди шу ҳақда
олис болалигим ҳидин уфуриб!
У ҳам менинг каби сенга ошуфта,
мангу ошуфтадир мендек — сўзсиз, лол!..
Сен билан
сўйлашган лаҳзаларда ҳам, —
ижод билан ёнган
дамларда ҳатто
тансиқ сўзларим-ла чўмгум сукутга
ишонч ҳосил қилмоқ учун қайтадан
сўзларим нақадар ожизлигига
ва сенинг сукутинг буюклигига…
О, Ватан!
Сен менинг тоабад унвонимсан.
Мен эса…
О, мен яшай олсам эди шундайин,
Сен менга исм берганинг учун
чекмасанг хижолат ҳеч қачон!
Ахир, мағрур ўлмоқ — умр шарафи!
Кўз юмсам эди мен шундоқ,
токи… сен йиғласанг шаҳид ўғлингга!
ИККИНЧИ ОВОЗ
О, Ватаним менинг!
Мен сенга ҳеч нарса, ҳеч нарса бера олмайман:
неки бермайин мен,
бари ўзингнинг
менга берган совғаларингдир!
Менда олдингда қарздорлик ҳисси ҳам йўқ ҳатто:
ахир — сочимдан то товоним қадар — қарздордирман мен!
Ишонч қозонмоқдан чўчиса кимки,
кўпроқ уринади ишонтирмоққа.
Менга — онт ичмоқлик олдингда ҳатто
ўйимда ҳам йўқ:
мен — сенинг ишончингман,
ёрқин ишончинг!
О, Ватаним менинг!
Менга сени ўрганмоқни даъват қиларлар.
Беҳуда ваъз бу! —
сенинг ҳаётингнинг заррасиман — мен.
Мен — қора йўсинман
сенинг қадим ва янги кўприкларинг тошларида,
зилол чашмаларинг ёнбошларида ўсган,
Мен — сенинг дардингман, сўзда — ялонғоч,
бегона тилларда таржимаси йўқ.
Мен — тутунман
кечаги лой,
бугунги темир мўрилардаги,
балки оловингдан айроман, лекин
туғилганман сенинг шу оловингдан.
О, менинг Ватаним!
Сенинг чаманларинг, водийларингнинг
мангу мавжланувчи жилваларидан
безанганман,
худди алвонранг
шафақ каби осмонингдаги.
Менда бармоқларинг изи бордир кўп,
тунги само юлдузларидек.
О, менинг Ватаним!
Мен сенга ҳаётим қурбон қилмадим,
сенинг жангларингда қатнашганим йўқ,
лекин сенга элтар йўлдан
чекинмадим ярим қадам ҳам
менинг ибтидом сенда ва сен билан якунланаман
туташгани янглиғ доира…
Сенинг сувларинг юксакдан пастга оқар,
мен эса пастликдан чўққиларга кўтариламан,
кўтарилгани каби ҳовур.
Ва яна баҳоринг сепин ёйган чоғ
ажиб тақлид билан қалбим тубида
гулларга чулғанар эски орзуим;
қуриган шох узра ёнган чечакдек,
метин тоғ кўксида гиёҳ мисоли
сенинг шукуҳингга қўшолсам сурур,
айтардим:
“Беҳуда яшамадим”, — деб!
УЧИНЧИ ОВОЗ
Ота юртим менинг!..
Мендаги бу калом — фақат сен учун,
тополмас ўзгалар бундоқ гўзал сўз,
ҳозирча ўзим ҳам тополганим йўқ!
Улар менда бордир,
лекин йўқ менда, —
қаърингдаги кучли оқимлар янглиғ
Улар лов-лов ёнар,
куйдиргай ҳатто, —
новдангдаги майгун томчилар янглиғ!
Улар жуда яқин,
Бироқ жуда олис
туғронгда акс этган юксак тоғсимон!
ШОИР ҲАЁТИ
У Араратга биродар:
товонини куйдирар ёз ҳарорати,
бироқ боши эса сузар осмонларда.
У мисли ракета,
уни олов лавалари куйдирар,
бироқ ҳар сўзи, ҳар ўйи билан интилар олға.
Унинг сўзи сокин,
қийналиб талаффуз қилар уларни,
бироқ юрагида — кўчкилар, қалбида — туғён.
Майли, дунё-ла иши йўқ,
шуҳратлидир лекин одамлар аро.
мақолга айланса басдир ҳар сўзи.
ИЛДИЗЛАР
О, замин бағрини ўргансанг буткул —
қитъанинг қаърида, тупроқда не бор,
ер шарин бурғулаб юрувчи нуқул
кон изловчи кабимас зинҳор
ёки қадимшунос кабимас — парча
кўза синиғига боққанидек лол,
Сен уни ўргансанг — термулиб кафтга
унинг чизиқларин ўқиган мисол…
О, замин бағрини ўргансанг теран,
худди илдизлардек ташналик билан!
ЁЛҒИЗ ДАРАХТ
Ўрмон чеккасида —
юксалган эман,
тақир тепаликда турар хўмрайиб.
Ғужғон барглари-ла
девордек ўсган
бутун ўрмон унинг устидан кулар.
Боиси — чўнг дарахт
жинқарчиларнинг
майда ҳаёт тарзин тан олмаганди.
Боиси —
етмасди майдалар кучи
уни ўз бағрига
чирмаб олишга.
Ёлғиз дарахт,
нима рамзи у —
буни сира илғай олмайди ўрмон.
Аслида у эман —
яшинқайтаргич.
ДУНЁГА ТОЗАЛИК КЕРАК
Дунёга тозалик керак, ҳа, керак —
Қаҳрамонлар сиймосида — ғуссанок,
Адоқсиз ташвишлардан ғамларга маҳкум…
Аёллар сиймосида — тириклигида
Дунё эркакларидан фақат биттасин билган…
Эркаклар сиймосида — вужудлари таранг
Юришлари одми, елкалари ғамгин,
Ўзининг мустақил фикрига эга…
Табассум шаклида керак тозалик,
Токи кирайлик биз унинг бағрига,
Асалари ўз уйига киргани каби.
Тозалик жарангдор кулги қиёфасида керак —
Бирдан жаранглаб кетсин теварак-атроф.
Тозалик чиннигуллар шаклида керак
У михлаб қуйсин ерга эзгу нарсаларни,
Бир-бирига елимласин ер ва ҳавони
Ва уларга елимласин чиннигул атрин.
Тозалик булбулнинг қўшиғига керак,
Фақат унгагина, энг гўзал қушгагина аён ҳарфларда
Учсин самоларга саломлар фақат,
Балки у ёқлардан жавоблар келур —
Жиддий, сирли, юлдузлар тилида…
Тозалик керак.
Ҳатто метин тошлар ҳам
Сезсин ўзларини ичдан, аввалги суюқ ҳолатида…
Ҳатто гиёҳлар ҳидлай билсин қуёш нурларини…
Инсон келажакда — туйсин ўзин бирам эркин,
Табиатнинг буюк эҳромидаги ажиб мусиқа каби,
Гул каби — табиатнинг улуғ асаридаги,
Ўйинчоқ каби — табиат зуррёдин қўлидаги…
Дунёга гўдак қалб… тозалиги керак
Ҳатто ҳар куни
Энг манфур,
Энг ёмон одамлардан туғилувчи
Гўдак қалб тозалиги…
Чунки… дунёга тозалик керак!
ШОИР ХАВОТИРИ
Менинг ўз ташвишим эмас — безор қиладиган ҳар тун;
Менинг ҳаётим нима бўпти — керак бўлса,
ҳозироқ ўлишим мумкин.
Хавотирдаман мен — чашмаларга,
Остида тошлар учқунланиб,
Одамларнинг кўзидек ёнган.
Мудом улар ишонч билан боқарлар теваракка,
Мен уларга дўстим, биродарим каби қарайман,
Бирдан йўқолиб қолишлари ҳам
Мумкин, ахир…
Мен қайғураман замин учун —
Ки фожиавий актёр устида туриб:
“Яшаш ё ўлим?” дея
Улуғ саволин қўйган.
Энди эса учар бу
Сарин еллар қанотида ҳам
Тобора даҳшатли, тобора мудҳиш
(Шамол зеро олиб келиши мумкин
Туйқус ажал ёки у ҳақда хабарни),
Ёмғир ҳам кўзёш тўкар шу ҳақда
(Билки ҳар бир ёмғир риштаси —
Заҳарга ийланиб эшилган ипдир…).
Тирик эканман, менга туюлади, ерга қутқу
қўрқинчли эмасдек,
Бироқ хавотирдаман — менинг кетишим билан
Йўқолар олис юлдузларнинг шуълалари,
Теран уммоннинг мовий кўзи,
Телефондаги —
шодлик ва завқнинг мавжи янглиғ
“Алло!” деган сўз,
Ва қизларнинг азал-азалдан
Дилларни титроққа солувчи гўзаллиги;
Ва қоронғи ғорлардан чиқиб келиши
Тафаккурнинг! Инсон тафаккурининг!..
Ва у заифлашиб, омонат бўлиб қолар
Мана шу, юз йиллар илгари
“Ўлиш ё қолиш!” дея кескин савол қўйган
донишманд яшаган замин устида.
Ҳамма ушбу дунёда ўзига,
Эшитяпсанми, ўзига
Лоақал эшитувчи талаб қилар
Эшитяпсанми, талаб қилар ўзига
Лоақал эшитувчи…
Булар бари мени солар хавотирга
Йўқки, ўлишим мумкин ҳозироқ.
* * *
Шафақ булутларга олов эшкакларин ботирган маҳал
Пахмоқ кучукчадек югуриб чиқар шабада ерни ҳидлагани,
У ҳар биримизга,
ҳар бир новдага, ҳар бир япроққа
тегизар тумшуқчасин…
Оқшомнинг муздек изғирини
кибрланиб, мускулларини ўйнатганда,
Сўкина бошлаганда ёқаларни ёпишга мажбурлаб…
Бахмал тупнинг оғушидан эшитилмаганда кундузги
ташвишларнинг ингроғи,
ноёб чироқлар жилвалантирганда
қадимги кунларнинг заррин нақшларин, —
Мен шу сонияларда
гўдакларча соддалик билан
ўлишимга ишонаман
оддий, табиий, ўз ажалим билан…
САЛОМ!
Салом!
Шу биргина сўзни айтаман
Паспорт каби ҳамма даврлар-чун муҳрланган, ҳақиқий,
Мана шу сўздадир менинг таржимаи ҳолим,
Сўровномам менинг.
Истардим мен,
Жуда истардим,
Умумжаҳон паспортига айланса
Бу сўз
Ҳамма учун.
Истардим мен,
Жуда истардим
Бу сеҳрли сўз
Дунёдаги ҳамма эшикларни очиб,
Саодат билан таъминласа.
“Салом!” — дебсан сен тезюрар поездга,
Кемага ёки учоққа,
Ҳожат қолмас бошқа чиптага.
“Салом!” — дейсан сен нотаниш аёлга,
Ва у сени севиб қолар
Ё жилмаяр ҳижолатда,
Агар сенга қадар ким биландир
Саломлашган бўлса.
“Салом!” — дейсан сен тиниқ осмонга
Ва ёғар ундан ажойиб ёмғир.
“Салом!” —
Дейсан яланғоч саҳрога,
Бошоқлар эгилиб оларлар алик.
“Салом!”
Дейсан сен ўлимга,
Шунда ўлим ўзи англаб етар
Келиб қолганлигин бемаврид.
Салом — демак бу “Сим-сим, оч!..”
“Салом!” —
Десанг агар айиққа,
Болаларимиз билан ўйнашгайдир у.
Банд ўйинчоқлар бўлмас дунёда.
Ва айиқ ҳам ширин хўракни кутмас.
Фақат бурама айиқ бузилиши мумкин.
Мўйсафид тутиши мумкин асо ўрни илонни
Жомадон бўлишга рози бўлар тимсоҳ бажонудил.
Буғулар илгичлар ўрнини босиши мумкин.
Бўрон фақат саҳнада гувиллаган бўларди.
Инсон ҳақиқий инсонга айланарди ўшанда.
Хайрли дам, хайрли кун, хайрли аср! —
Эзгулик дунёда топса гар қарор
Ва у тилимиздан тутмаса зинҳор.
Салом!
Мана сизга — менинг паспортим,
Таржимаи ҳолим,
Сўровномам.
Шу бир сўзда бари мужассам
Мен
Ва сен,
Сизлар,
Улар,
Инсоният, салом!
Имкон эрур имконсизларга,
Дунёнинг ҳар бурчида бизларга
Эртагамас — йўқ, ҳозир, ҳозир
Биргина сўз — қодир, қудратли:
Салом!
Мирпўлат Мирзо таржимаси