Шарқ мумтоз адабиёти тарихида, сўз санъати ривожида ижодкор аёлларнинг алоҳида ва ўзларига хос сўз иқлими, тасвир усули, қадри, мақоми, туғроси бор. Уларнинг ҳаёти, ижодлари ҳақида маълумот берувчи бирламчи манбаларнинг борлиги эса мақтовга лойиқ адабий ҳодиса бўлиб, ушбу мавзуда илмий ишлар олиб бораётган тадқиқотчилар эса бундай бирламчи манбаларга ташнадир. Шундай ишончли, бирламчи манбалардан бири –Алишер Навоийнинг шогирди ва “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг форс тилидаги моҳир таржимони Фахрий Ҳиравийнинг аёл ижодкорлар ҳақида ёзган “Жавоҳир ул-ажойиб” (“Ажойиб жавоҳирлар”) номли ниҳоятда қимматли тазкирасидир. Унинг тазкираси ғоят муҳим асар бўлиб, форс тилида 1554–1555 йилларда ёзилган. Асар муқаддима ва асосий қисмдан иборат. Унда қадимги даврдан то XVI асргача яшаб ижод қилган ўттиз бир нафар шоира, адибалар ҳақида бир-биридан қизиқарли, нодир маълумотлар берилган ҳамда уларнинг турли шеърий жанрларда маҳорат билан қалам тебратганлигидан хабар берувчи яхши шеърларидан намуналар келтирилган. Демак, Фахрий Ҳиравийнинг мазкур тазкирасини шоиралар ҳақидаги якунланган китоб деб юксак баҳолаш мумкин экан. Фахрий Ҳиравий тазкирада шоиралар шеърларидан намуналар келтиришда, асосан, устози Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида қўллаган услубини, яъни шеърий намуналарни матла шаклида бериш услубини қўллаган ва шоиралар шеърларидан намуна, мисоллар ҳам тазкирада кўпроқ матла шаклида ҳавола қилинган.
Тазкиранинг форс тилидан ўзбек тилига тўлиқ таржимаси Ўзбекистонда илк марта Ўзбекистон Қаҳрамони, устоз Суйима Ғаниева томонидан амалга оширилган ва нашр қилинган (“Мумтоз сўз” нашриёти, 2014). Атоқли навоийшунос олима таржимон сифатида мазкур бебаҳо тазкирага ёзган сўзбошисида ўзининг қуйидаги назарий фикр-мулоҳазаларини баён қилган: “Бу маълумотлар баъзи ўринларда билганларимизни тўлдиради, аксаран эса янги маълумотлар ёхуд янги шеърлар намуналаридир. Тазкирачилик анъанасида аёл ижодкорлар ҳақида алоҳида тазкиралар яратиш йўналиши ҳам равнақ топган. Бу тазкиранинг адабиёт тарихи учун аҳамияти ғоят каттадир”[1]. Таржимоннинг мазкур фикр-мулоҳазаларига қўшимча адабиёт сифатида, биз худди шу каби бирламчи манбалар асосида кейинги даврларда ёзилган Иброҳим Давроннинг “Ашъори нисвон” (“Хотинларнинг шеърлари”), таниқли тожик олими Тожи Усмоннинг “Бисти се адиба” ва Тўхтасин Жалоловнинг икки китобдан иборат “Ўзбек шоиралари” номли айни мавзудаги китобларини ҳам ёдга олишни ўринли деб билдик.
Тазкирада ёзилган фиқралардан бири истеъдодли шоира Офоқ бегим Жалойир ҳақидадир. Фиқрада берилган ушбу шоирамиз ҳақидаги маълумотларни мутлақо янги маълумотлар сирасига киритишимиз мумкин, чунки бошқа ишончли манбаларда фиқрадаги гаплар деярли учрамайди Қизиғи шундаки, шоира Алишер Навоийнинг келини, укаси Дарвешалининг хотини экан. Ўқиб-ўрганишимизга кўра, аслида Офоқ бегим Жалойир улуғ шоирнинг қариндоши Али Жалойирнинг қизларидир. Ушбу қариндошлик ришталари бизга, бир томондан, Алишер Навоийнинг Кобулий ва Ғарибий тахаллуслари билан ижод қилган таниқли шоир тоғаларини эслатади, иккинчи тарафдан эса қариндошлар орасида шоирлар авлоди етишиб чиққанига яна бир бора амин бўламиз. Али Жалойирнинг қизи Офоқ бегим Жалойирдан ташқари, ўғли Ҳасан Али Жалойир ҳам таниқи шоир бўлиб, Туфайлий тахаллуси билан шеърлар ёзган. Бу шоир ҳақида Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида, Бобур “Бобурнома”да алоҳида тўхталган. Алишер Навоий “Хамса”дек дурдона асарини 1485 йилда якунлар экан, достоннинг бешинчи достони “Садди Искандарий”ни ўзига хос услубда, яъни укаси Дарвешалига бағишланган “Ҳокимсурату дарвешсийрат, балки Дарвеш исми ҳукумат қисм, яъни ахавий маоби давлатиёбқа мавизосо калом ва насойиҳи молокалом демак ” номли боб билан тамомлаган, бобда Навоий ўзининг энг катта достонидан қадрли укаси учун насиба, ёдгорлик, яъни бир бадиий қисм атаб ёзгани ҳақида фахрия усулида шундай таъсирли байтлар битган:
Бу беш ганждинким, ушоттим тилисм,
Неча гавҳар айлай сенга доғи қисм.[2]
Ёки:
Мен ар бўлсаму бўлмасам ошкор,
Бу сўзларни қўйдум санга ёдгор.[3]
Сўнгра у укасига бир-биридан таъсирли, ибратли панд-насиҳатлар, тилаклар битар экан, аммо бобда улуғ шоир укасининг хотини шоира Офоқ бегим Жалойир ижоди билан боғлиқ ишорасини бир мисрада, байтда ёки бобнинг умумий мазмун-мундарижасида кўрмаймиз. Ёки шоҳ ва шоир Бобур ўзининг муҳташам “Бобурнома” мемуарида Султон Ҳусайн Бойқаронинг қирқ нафарга яқин умаролари ҳақида тарихий маълумотлар ёзар экан, Султоннинг умаролари қаторида Навоийнинг иниси Дарвешалибекни[4] ҳам махсус тилга олган ва у тўғрисида ҳам ишончли маълумотларни битиб қолдирган, бироқ маълумотларда шоира Офоқ бегим Жалойир ва унинг ижоди хусусида жумла ё гап шаклидаги хабарни ҳам учратмаймиз.
Фахрий Ҳиравийнинг тазкирада шоира ҳақида битган ғоят ажойиб фиқрасига тўхталар эканмиз, бу фиқрада ҳасби ҳол характеридаги изоҳлар ҳам бор бўлиб, ака-укалар улуғ Навоий ва Дарвешалининг ҳаётига тааллуқли бўлган айрим ишончли маълумотлар ҳам мавжуд. Шоира ҳақида маълумотдан бир лавҳасини келтирамиз: “Офоқ бегим Жалойир – Али Жалойирнинг қизи ва Элхоний деган лақаби бор Мир Ҳасан Али жалойирнинг синглиси… Ва Офоқ бегим хуштабълиқда дунёнинг машҳури эди. Амир Дарвешали китобдорнинг хотини эди. Узоқ йиллар қуббат ул-ислом – Балхда ҳокимлик қилган ва Амир Алишернинг укаси эди. Ва Офоқ бегим Жалойир яхши шеърлар ёзган, улуғ ва оддий одамлар орасида жуда машҳур бўлган эди…”[5] Тазкирада берилган маълумотда, унинг халқ орасида таниқли шоира эканлигига алоҳида эътибор қаратилган ва фиқрада шоира ижодидан намуналар сифатида унинг форс тилида ёзган ғазалларининг тўртта мустақил матласи ва “Обе, ки фалак ба лаб чаконад моро” мисраси билан бошланувчи машҳур бир рубоийси келтирилган. Фахрий Ҳиравий томонидан “Бу матлаъ ҳам уники ва жуда яхши ва рангин ёзилгандир” деб айтилишидан шуни билдикки, у шоира ижодини жуда яхши билган, синчиклаб ўрганган. Хуллас, тазкиранависнинг шоира тўғрисидаги эътирофига қулоқ тутиб, у томонидан ёзиб қолдирилган Офоқ бегим Жалойирнинг “кунад” радифли бир матласига диққатимизни жамласак:
Ашке, ки сар з-гўшаи чашмам берун кунад,
Ба руйи ман нишинаду даъвойи хун кунад.
Яъни:
Кўзим бурчагидан оқиб тушаётган ёш,
Юзимдан жой олади-ю қон даъвоси қилади”.
Мулоҳазамизча, матла аёлларга хос ҳаётий кузатув, таассуротлар таъсирида ёзилган бўлиб, шоиранинг чуқур фалсафий, ижтимоий фикрлари замирида ётган ҳаётий кечинмаларининг кучли, рангин ифодаси, кичик бадиий лавҳасидир. Маълумки, ҳар бир инсон у ёки бу сабаб билан юракдан йиғлаганда, кўздан оқиб ё юмалаб тушаётган кўз ёшларидан бир томчиси юзда бир дақиқа тўхтаб қолиши, йиғи-сиғи билан боғлиқ табиий бир ҳолат, аслида. Шоира ҳам матлада инсонда бўлиб ўтадиган бундай табиий ҳолатларни тасвирлар экан, ҳаётда, “келимли-кетимли” дунёда ҳар бир ҳушёр, ўзидан огоҳ бўлган инсоннинг тўккан кўз ёшлари ижобий ё салбий ҳаракатлари учун рамзий маънода ишончли гувоҳларидан ҳисобланишини бадиий талқин қилган ва инсонларга ноҳақ тўкилган кўз ёшлардан қўрқишни, сақланишни, тавба қилишни ҳам эслатган. Истеъдодли шоира бундай ишончли тасвир, ифодаларни ёритишда илми бадеънинг муболаға, ташхис, интоқ, тамсил, ирсоли масал каби ўнлаб шеърий санъатлардан санъаткорона фойдаланган. Ва қайсидир маънода шоира матла мазмунига донишманд халқимизнинг “Ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога” деган мақолнинг мазмунини ҳам сингдириб юборган. Умуман, шоиранинг мазкур бир матласи ҳам, унинг мушоҳада ва муҳокама қуввати, тафаккур талқинлари ҳамда бадиий маҳоратининг ниҳоятда баландлигини кўрсатиб турибди.
Адабиётшунос Эргаш Очилов ҳам шоира рубоийларидан намуналар таржима қилган.
Хулоса шуки, Фахрий Ҳиравийнинг эзгу фаолияти самараси бўлган “Жавоҳир ул-ажойиб” номли тазкираси адабиётшунослик фани учун дурдона асар ҳисобланади. Тазкирада 31 нафар шоиралар ҳақида битилган фиқралар, хусусан, Офоқ бегим Жалойирга бағишланган фиқра ҳам фақат адабиётшунослик фани нуқтаи назаридангина эмас, балки ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳам катта аҳамиятга молик фиқралардир.
___________________
[1] Ф а ҳ р и й Ҳ и р а в и й. Жавоҳир ул-ажойиб. ( Форс тилидан С. Ғаниева таржимаси..) Тошкент: Мумтоз сўз, 2014. 9-бет.
[2] А л и ш е р Н а в о и й. Садди Искандарий. Мукаммал асарлар тўплами. 11-жилд. Тошкент: Фан, 1993. 539-бет.
[3] Ўша достон. 561-бет.
[4] Бо б у р. Бобурнома. Тошкент: Шарқ, 2002. 134-бет.
[5] Ўша тазкира. 157-159-бетлар.