Аёлларга шаҳват назари билан эмас, шафқат назари билан боқинг,
Сидқий Хандақлиқий
Бутун башарият устуни бўлмиш она номини кўкларга кўтариб улуғламаган бирон зот бормикин! Она бўлмаса, одам ҳам, олам ҳам йўқ, оилани-ку қўяверинг! Демак, “Мустаҳкам оила йили”да барча ҳамду санолар, бор меҳру мурувватларимизни аввало оналаримизга бахшида айласак сираям адашмаган бўламиз. Ахир Пайғамбаримиз ҳам: “Жаннат оналар оёғи остидадир!” – деб баралла айтган эдилар- ку!..
Бир доно одамдан муборак бу ҳадисни шарҳлаб беришни илтимос қилишибди. “Оналаримизни бетўхтов мадҳ этаверишимиз мумкин, – деб жавоб берибди ул зот. – Мен Ҳадиси шарифга тегишли уч фазилатни айтиш билан кифоялана қолай. Биринчидан, бетўхтов ўсиб бораётган мурғакни тўққиз ойдан зиёд вақт кўтариб юриш қайси эркакнинг қўлидан келаркин? Бизларга бир килограмм юкни кўтариб юриш топширилса, дод деб юборамиз. Иккинчидан, шу мурғакни дунёга келтириш чоғида онаизор ҳаёт билан ўлим ўртасида муаллақ туриб қоларкан. Эркак зоти бундай азобга асло дош беролмас! Қолаверса, шу фарзанд оёққа туриб кетгунча, йиллар давомида сабру бардош билан эмизиб юришнинг ўзи бўладими? Демак, Пайғамбаримиз айтганларидек, чиндан ҳам “жаннат оналаримиз оёғи остида “ – десак, асло муболаға бўлмайди”.
2012 йилни “Мустаҳкам оила йили”, деб номланишининг ҳам асосий
мазмун-моҳияти, биринчи навбатда, аёллар муҳофазаси, оналар ҳурмат-эътибори мавзусига бориб тақалади, албатта. Шундай экан улуғвор бу башорату кўрсатмалар ижроси қандай?
Ўз қадр-қимматини билган инсон, аввало. оила бошида турган эркак зоти ўз қарамоғидаги аёлларни онгли суратда авайлаши, астойдил ҳимоя қилиши, биринчи навбатда, ўзи учун керак. Умримиз давомида кўрган- кечирган воқеалар, ҳаёт тажрибаларимиздан келиб чиқиб, бу хулосага қайта- қайта иқрор бўлганмиз.Фикримизни халқ орасида кенг тарқалган: “Ота билан қолган шум етим, она билан қолган гул етим” ибораси ҳам тўла-тўкис тасдиқлайди.
Аёлига меҳрибон инсонларни “фалончи хотинидан қўрқар экан”, – дея камситишга уринувчи “эркаклар” йўқ эмас. Бундай фикрлайдиганлар, айниқса, турмушнинг аччиқ-чучугини унчалик тотиб кўрмаган, етарли ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёш йигитлар орасида кўпроқ учрайди. Улар сафидаги туппа-тузук оила бошлиқларини ҳам оиласида омади чопмаган, фикри бузуқ кимсалар издан чиқаришади. Шундайларнинг иғвою фирибларига учган лақма йигитлар Худо берган вафодор, покиза, саранжом- саришта умр йўлдошларини азоблайдилар, хўрлайдилар. Охир-оқибатда гулдай оилаларини вайрон қиладилар. Ўртада бегуноҳ фарзандлар тирик етим бўлиб қоладилар.
Мен фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаганимда кўплаб бундай воқеалар гувоҳи бўлганман. Ғишт қолипдан бир кўчдими, уни жойига қўйиш жуда қийин. Оила ноҳақликдан жабрланса, тош тегиб синган ойна каби ҳеч қачон асли ҳолига қайтмайди. Тўғри, аёл оиласини, бола-чақасини ўйлаб, ортиқча гап-сўзлардан андиша қилиб ноҳақ эрини кечириши мумкин. Лекин аввалги ловиллаган муҳаббат ўчиб кулга айлана бошлайди. Зеро, инсон боласини зўрлик билан ҳам, бойлик билан ҳам меҳрини, севгисини қозониш асло мумкин эмас. Оллоҳнинг тенгсиз бу неъматига фақат самимийлик, олижаноблик, жўмардлик, мардлик ва садоқат сингари фазилатлар орқалигина эришса бўлар…
Аёл кўнглини совитиб, қалбидаги меҳр-муҳаббатини ғазабу нафратга айлантириб юборувчи сабаблар жуда кўп. Уларнинг биринчи қаторида албатта ёлғон ва иккиюзламачилик сингари ожизликлар туради. Йигит деган номга бундай номаъқулчиликлар ярашмайди. Ҳақиқий йигит, аввало, Ватанини, қолаверса, севган ёри ва оиласини ҳеч кимга хор-зор этиб қўймайди. Ёшлигимизда аҳмоқона шиорни эшитардик: ”Хотин топилади, дўст топилмайди”. Айрим турмушбузарларнинг мана шундай бузғунчилик, гиж-гижлашларининг қурбони бўлаётган ёш-ёш оилаларни кўрган ҳар қайси иймон-эътиқодли, инсоф-диёнатли инсоннинг ичи куйиб, қалби жароҳатланади. Турмушнинг аччиқ-чучугини, паст-баландини кўрган одам сифатида шундай иғволарга учаётган лақма фарзандларимизга “бойлигу амалингиз бўлса, хоҳлаган пайтингизда истаганингизча «дўст» топилаверади” (ҳақиқий дўст эса жуда кам учрайди), аммо вафодор ёр, фарзандларингизни мудом оқ ювиб, оқ таровчи, ховлию жойингизни ҳамиша саранжом-саришта тутувчи меҳрибон волидаи муҳтарама, ўзингизнинг кам-кўсту ҳар хил қилмишларингизни яшириб, ютуқларингизни бетўхтов ошириб яшовчи садоқатли йўлдошни йўқотиб қўйсангиз, ҳеч қачон тополмайсиз!” – дея ҳайқиргимиз келади…
Ҳар қандай мустаҳкам оила қўрғонини емириб ташловчи, айниқса ёш оилаларни қисқа фурсатда вайрону талқон айловчи яна икки иллатни алоҳида айтиб ўтмасак бўлмас. Бу иллатларнинг бири ичкиликбозликка ружу қўйиш бўлса, иккинчиси сўкағонликдир. Уларнинг ҳар иккаловини эркаклардаги ожизлик аломатлари деб баралла айтиш мумкин. Ичкиликбозликни каср-касофату кулфатларини такрорлаб ўтирмаймиз. Чунки бу ҳақда ҳаммада етарлича тушунча бор. Ундан қутулмоқлик чораси эса куч ва иродани тўплаб “оқ шайтон”дан воз кечиш… тамом вассалом. Аммо сўкағонлик, сал нарсага биров-бировни қутуриб ҳақоратлаш ва, ҳатто, қўл кўтариш каби беўхшов ва хунук ҳолатлар ҳақида кенгроқ тўхталишга тўғри келади. Ахир бундай ярамас одатлар бизнинг аждодларга хос бўлмаган иллатлар эмасми?! Ниҳоятда доно, зукко, ҳушёр, билимдон, ширинсухан ота-боболаримиз қачондан бери сўкағон, оғзи шалоқ бўлиб қолдилар?! Албатта, сохтакорлик билан номи кўкларга кўтариб мақталган советлар тузуми бунга асос солди. Ёши улуғлар хотирлашларича, қадимда “хотин қўйиш”, “ажрашиш” деган гаплар таомилда мутлақо бўлмаган. Мабода шундай ҳол юз бергудай бўлса, бутун қишлоқ аҳли, ҳатто шаҳарда яшовчилар ёппасига изтиробга тушганлар. Оилани бузиш оғир гуноҳ саналган. Ёмон сўзлар билан сўкинишу, ўзаро ҳақоратлар қадимда ўрни-таги билан йўқ эди. Бир мисол тариқасида ардоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ёдга олайлик. Ана, кўркам ва мустаҳкам оила, ана аёл зотига меҳру муруввату юксак садоқат мадҳи! Улуғ бу асарнинг бирон жойида онадан сўкиниш борми?! “Ўткан кунлар”ни ҳаммамиз, айниқса, ёшлар қайта-қайта таҳсил қилсалар фойдадан холи бўлмасди. Ҳозир каттаю кичик, болаю чол икки гапнинг бирида “онангни…” деб туришини қандай изоҳлаш мумкин?!
Ўрни келганда муҳтарама аёлларимизга ҳам айрим истакларимизни айтиб ўтамиз. Бўстонлиқ туманида яшаган норғул гавдали, ўктам овозли, чўрткесар ва зардали бир тадбиркор аёлни эслайман. Уни аёл дейишга одамнинг унчалик тили қовушмайди. Чунки бу хотин сўкағонликда ўнта сўкағон эркакни йўлда қолдирарди. Раҳбарлик лавозимларида ишлаган, тадбиркорликни ҳам ўрнига қўя олган бу аёл қатор савоб амалларни рўёбга чиқаргани ҳам бор ҳақиқат. Шу туфайли кўпчиликнинг эътиборига тушган, ҳеч қаерда гапи ерда қолган эмасди. Ҳатто хаж сафарини ҳам адо этди-ю, сўкағонлигини асло ташламади. Охир-оқибатда эсдан айрилиб оламдан ўтди. Ана, энди, бу ҳолатдан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг!..
Биз оналаримиз, опа-сингилларимиз, умуман жамики аёлларимизни эъзозлаш, ҳимоя қилиш, авайлаб-асрашга даъват этамиз. Афсуски, аёл зотига иснод келтираётган айрим нусхалар (ундайларни аёл дейишга ҳам тил бормайди) ўзларининг енгилтаклиги, беҳаё қилиқлари, жинояткорона ҳатти-ҳаракатлари билан она деган муқаддас номга доғ туширмоқдалар. Фохишалик, гиёҳвандлик, қаллоблик каби даҳшатли балолар Шарқнинг юксак ибо-ҳаёли хотин-қизларига қаёқдан илашиб қолди?!
Бундай иллатларнинг авж олиб, томир ёйишига ҳам асосан биз – эркаклар сабабчимиз ва айбдормиз дейишга батамом ҳақлимиз. Негаки, ўзимиз бажарадиган, жонимизни қийнаб бўлса-да, сабот ва матонат билан енгиб ўтишимиз лозим бўлган мушкул ва оғир жойларга аёлларимизни жўнатиб юборяпмиз. Уялмай-нетмай уйида хотинининг юмушлари билан ўралашиб ўтирган эркакларни қай ном билан аташ мумкин?! Энг ёмони – бундай оила ва хонадонларда фарзанд тарбияси аҳволи қандай кечади?! Шу каби оилаларни мустаҳкам оила деб бўладими?! Кўтарилган ушбу мавзу юзасидан фикр-мулоҳаза ва жавобларингизни кутамиз.