“Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!” деган қўшиқни ҳар сафар тинглаганимда бошимдан кечирган қаро кунлару, азоб-уқубатлар ёдимда жонланаверади. Биз – қирқ биринчи йилда туғилганлар не-не оғир кунларни кўрмадик! Эсимизни таниб улгурмай онамиздан айрилганмиз! Яна қай бирини айтай, оёғини танк мажақлаб кетган ногирон отамиз билан олти фарзанд чорасиз қолганимизними, турмуш ташвишларида ҳар куни минг бор ўлиб-минг бор тирилган ҳаётимизними!.. Уларни барини гапиришга ҳатто тилим ожизлик қилади. Яхшиямки, Қодир Оллоҳ яратган она-табиатнинг бағри бутун экан, бир амаллаб яшаб қолдик, табиий неъматлардан таъминланиб ўсдик-улғайдик. Чиндан ҳам атроф-муҳитдан ўзга таянчимиз йўқ эди. Айнан шунинг учун ҳозирги бахтиёр авлодларимизга жуда-жуда ҳавасим келади! Ҳа, бизнинг Мустақил Ватанда ўғил-қизларимиз ҳар қанча фахрланса арзигулик ажойиб шароитларда яшамоқдалар. “Фарзандларимиз бизлардан ҳамма томонлама баланд бўлишлари шарт!” дея ҳитоб айлаган Юртбошимиз раҳнамолигида нафақат шаҳар, қўрғон ва қишлоқларда, балки энг чекка овуллар, кичик-кичик аҳоли пунктларида ҳам замонавий таълим-тарбия масканлари, кўркам ва тўкис тиббиёт мажмуалари, спорт иншоотлари ва бошқа заруратлар барпо этиб бериляпти. Улар барча керакли техник жиҳозлар билан ҳам тўлиқ таъминланган. Хуллас, яйраб-яшнаб билим олиш, меҳнат қилиш ва яшаш учун зарур ҳамма шароитлар муҳайё. Демак, энди бор куч ҳамда имкониятларимизни ишга солиб, она-Ватан равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида барчамиз, айниқса баркамол авлод ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқлари ҳам қарз, ҳам фарз. Халқ ибораси билан айтганда, оқ ювиб- оқ тараётган, башанг кийинтириб, едириб-ичираётган юртимиз нон-тузини оқлашимиз шарт! Хўш, бу борадаги аҳвол қандай?..
Даставвал оилаларда тўғри ва яхши тарбия олиб, таълим масканларида ҳар тарафлама чуқур билимларни ўзлаштираётган фарзандларимиз ушбу масъулиятни тўла-тўкис ҳис этиб, Ватаннинг ҳақиқий фидойилари эканликларини амалда исбот этмоқдалар. Айнан шундай йигит-қизларимиз ҳур Ўзбекистоннинг довруғини бутун олам узра тобора кенгроқ қулоч ёйдирмоқда. Эндиликда баркамол ёшларимиз дадил-дангал кириб бормаган бирон-бир соҳа қолмади ҳисоб. Бу азаматлар дунёвий техника ва технологияларни, билимлару ҳунарларни, жаҳон тилларию урф-одатларини шу қадар шиддат билан ўзлаштираётганларини кўргач қойил қолмай бўладими! Бундай ўринбосарлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Шундайлар омон бўлса жонажон Ватанимиз тобора гуллаб-яшнайверади, кексалар рўшнолик оғушида тинч-хотиржам ҳаёт кечириш бахтига муяссар бўладилар…
Эзгу хотиралар, яхши ишлар ҳақида гапириш нақадар кўнгилли! Ҳаммамиз ҳам ёмонлик тўғрисида эшитмасам, ёмоннинг юзини кўрмасам, деймиз. Аммо, начора, далилу исботлар ўжар. Касални яширсанг, иситмаси ошкор айлар, дейдилар. Фарзандларимиз, уларнинг ҳаётдаги ўрни, келгусидаги орзу-режалари хусусида фикр юритар эканмиз, авлодларимизга керакли барча заруратлар мукаммал бўлишини истаймиз. Турмушимиздаги ҳар қандай кемтикларни, улар бартараф этиб бўлмас даражага ўтиб кетмасдан бурун изга солишимиз зарурлигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: ҳозир атроф-муҳит мувозанати қай аҳволда ва ёшларимизнинг унга муносабати қандай?
Биз истаймизми-йўқми, ҳаёт ўз ҳукмини ўтказаверади: ёшлар улғаяди, ота-оналар кексайиб, авлодларга ўз ўринларини бўшатиб беради. Қани эди, фарзандларимиз ҳар тарафлама гўзал табиатни, ҳақиқий маънода жаннатмакон оламни биздан мерос қилиб олсалар! Табиат муҳофазаси масаласига доир турли-туман йиғинлар, давра суҳбатлари, учрашувлар кўнгилларга анча таскин бергандек бўлади. Тоғу тошлар, қиру сойлар, дарёю кўлларни кузатар эканмиз, қоғозларда ёзилганлар ҳаёт ҳақиқатига унчалик тўғри келмаслигини кўриб ҳайрон қоласан киши. “Ўз-ўзимизни алдашнинг кимга кераги бор?!” деб юборамиз беихтиёр. Энг ёмони: хаспўшлаш, аҳволни бўяб-бежаб кўрсатиш қалби беғубор, нияти пок келажак эгаларини тўғри йўлдан чалғитиб юбормасмикин?! Охир-оқибатда олди олиниши мумкин бўлган табиий инқирозлар сурункали иллатга айланиб кўп ноёб табиий неъматларни бой бериб қўймасмикинмиз?! Очиқчасига айтганда, кўриб-билиб туриб келажак авлодни она-табиатнинг бебаҳо неъматларидан маҳрум айлашимиз ҳеч гап эмас. Бундай қалтис вазиятда айрим табиат “ҳимоячилари”: “Қани, аниқ далил кўрсатинг!” дея оёқ тираб оладилар. Ҳаётий далиллар эса табиат бағрида тўлиб-тошиб ётибди. Уни кўриш учун энг қийин жойларга оғринмай, эринмасдан бориш, яқиндан кўриб-кузатиш керак. Бир мисол, Зомин тоғларини икки кун айланиб юриб, биронта ёввойи жонзотларни учрата олмадик. Нурота тоғларида икки мингдан зиёд алқор бор, дея ҳужжатларда қайд этилган-у, кун бўйи йўл боссангиз ҳам улардан биронтаси кўзга ташланмайди. Қадимда ёввойи жонворларга энг бой ҳудуд саналган Чотқол тоғлари эса айни пайтда ғариб ва танг ҳолатга тушиб қолган. Айдаркўлдаги хароб аҳволни-ку, таърифлашга тил ожиз…
Бу каби ачинарли воқеаларни мен – ёши етмишдан ошган табиат жонкуяри азбаройи ачинганимдан очиқ-ойдин айтяпман. Токи, фарзандларимиз табиат муҳофазаси оламида аҳвол тобора мураккаблашиб бораётганини билсинлар. Билсинлар-да, ташаббусни ўз қўлларига олиб, ўз ризқ-насибаларини ўзлари ҳимоя қилсинлар!.. Она-табиатимиз муҳофазаси хусусида кўп йиллардан бери аниқ далилу исботлар асосида матбуотларда турли-туман чиқишлар қилганман. Уларни ҳатто китоб ҳолида нашр эттирдим. Ажабланарлиси шундаки, табиатга алоқадор ташкилотлару, турли ҳаракатлар томонидан бирон-бир акс-садо бўлгани йўқ. Ҳарқалай, биз – ёши улуғлар вақтни бой бериб ўтирмай, баркамол авлодларимизни олға даъват этишимиз, керак бўлса бирга юриб-бирга туриб улуғвор вазифаларни бажаришимиз лозим…
Ўрни келганда ўринбосарларимизга ҳам нордонгина ҳақиқатни айтиш керакка ўхшайди. Кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз: баркамол ёшларимиз фаолиятида жанговар ҳаракатлар, дадил олға интилишлар тез-тез учраяпти. Аммо баъзи муҳим ташаббуслар негадир охирига етказилмайди. Мана бир мисол: “Ёшлик” кўрсатуви ўтган йили бутун Ватанимиз бўйлаб чиқиндилар соҳасидаги тартибсизликларни нишонга олган эдилар. Ундан барча баравар хурсанд бўлиб, ёшларни олқишлашарди. Нима бўлдию, бу шиддат кўп ўтмай ўчди-қолди. Ёки чиқинди оламидаги тартибсизликлар батамом тугатилдими? Қаёқда дейсиз, ҳаракат тўхтаганини кўрган тартиббузарлар авваллардагидан ҳам баттарроқ “жавлон уришга” киришдилар. Бошланган яхши иш ижроси чала қолдирилса, оқибати жуда ёмон кечади. Наҳотки кимлардир покизаликка қарши турган бўлсалар?! Ахир сизлар суянадиган Мустақил Давлатимиз, жонкуяр ва меҳрибон Президентимиз бор-ку! Қолаверса, табиий бойликларни асраб-авайлаш, бутун мамлакатимиз бўйлаб покизаликни таъминлаш энг муҳим вазифалардан эмасми? Бу, биринчи навбатда, ўзларингизга керак-ку! Демак, ҳеч қачон ярим йўлдан қайтмаслик, улуғвор ишлар, юксак зафарлар учун доимо шай турмоқ фарзандларимизнинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим. Биз каби ёши улуғлар эса уларнинг ёнида мудом мададкор бўлишимизни ҳозирги шиддатли даврнинг ўзи тақазо этмоқда.