(Ўзбек тилининг “Қизил китоби”га)
Баъзан тилимиз камбағаллашиб кетди, деган гап қулоққа чалиниб қолади. Наҳотки, халқни халқ, миллатни миллат қилиб турган она тилимиздан путур кетаётган бўлса! Тил – миллатнинг қалби, деган эди Жан Жак Руссо. Демак, тилнинг қашшоқлашиши миллат маънавияти ночорлашаётганидан даракдир. Йўқликка юз тутган тиллар, халқлар, элатлар камми тарихда!
Олимлар ҳар ўн тўрт кунда битта шева унутилаётганидан бонг уришяпти. Дарҳақиқат, кейинги пайтларда, Андижонга борсам, узоғи билан қирқ-эллик йил нари-берисида қишлоғимиз аҳли лабзида бўлган талай сўз ва иборалар бугун истеъмолдан тушиб, қатор урф одатлар, ўйинларимиз таомилдан чиқиб, ажойиб айтимларимиз унутилаётганини сеза бошладим! Бу хотиранинг сусайиши эмас, яна ўша, маънавиятнинг нураши билан боғлиқ ҳодиса, дегим келади.
Тўғри, қуйида биз изоҳ берган сўзларнинг барчасини ҳам унутилди, деб айта олмасмиз. Чунки уларнинг кўпи ҳали истеъмолда. Аммо улар яна йигирма-ўттиз йилдан кейин ҳам шундай бўлиб қолармикин? Гап, шунда!..
Балки унутилган айрим сўз, айниқса, бидъат ирим-сиримлар учун қайғуришнинг хожати йўқдир. Эҳтимол, уларнинг унут бўлгани мақбулдир. Бироқ ана шу сўз ва ирим-сиримлар ўтмишнинг қайсидир даврида халқимиз турмуш тарзи, маданияти, маънавиятини белгилаган омиллар бўлганлигини унутмаслигимиз керак. Шу маънода, уларни хотирдан сидириб ташлашга ҳаққимиз йўқ!
Нураш кўлами биз улғайган ўттиз-қирқ хонадонли Тешикмозор қишлоғида шунча бўлса, уни мамлакат миқёсига чақсак салмоқлигина китоб бўлар экан, деб қўяман. Аслида, тафаккуримизнинг тил ва маънавият билан боғлиқ гавҳари хира тортаётгани бор гапку-я!..
Сўнгги мулоҳаза: қуйида китобхон эътиборига ҳавола қилган сўз ва ибораларимизнинг аксарияти классик адабиётимизда, халқ оғзаки ижоди, замонавий асарларда ҳам кенг кўламда қўлланилгани ҳолда ўзбек тилининг изоҳли луғатларига киритилмай, изоҳланмай қолиб кетган.
Келинг, биздан тобора узоқлашаётган сўзларимиз, қадриятларимиздан айримларини ёдимизда тиклашга ҳаракат қилайлик!
Муаллиф
Адрамон чопиқ – экин эгатини ўтдан тозалаб, хўмлаб чопиш ўрнига, у ер-бу ерига номига кетмон теккизиб, ишни наридан бери бажарадиган, шошқалоқ деҳқоннинг юмушига бериладиган салбий баҳо. Эҳтимол, ўтмишда, чопиқни шу қабил, қўл учида бажарадиган Абдураҳмон исмли одам ҳам бўлгандир, балки. (Абдунабининг чопган эгатини кўздан кечириб чиқ, адрамон чопиқ қилиб кетган бўлса, қайтадан чопсин!)
Айнима – айниган, ёмон, бузуқ, ахлоққа зид сўз. (1. Абдумутал акасини айнима сўзлар билан бўралатиб сўкиб ташлади. 2. Ҳадеб айнийверма, болам!)
Айтувчи – яқин-яқинларгача пиёда ёки уловда, қишлоқма-қишлоқ, тўй қилаётган одамнинг исми ва манзилини бор овозда жар солиб, элни ёппасига ошга чорлаб чиқувчи шахс. Айтувчиларни танлашда овозининг баландлиги, тиниқ ва ёқимлилиги, чорлаш усулининг ўзига хослигига алоҳида эътибор қаратилган. Таниқли адабиётшунос олим Ҳалим Каримнинг таъкидлашича, Андижон шаҳрида бундай одамларни “Бақироқ” деганлар. “Бор, бақироқни чақириб кел, тўйга айтиладиган вақт бўлди”, дейишгани кечагидай ёдимда, деган эди у.
Арчма – гуручнинг обжувозда эмас, электр тегирмонда оқлангани. (Обжувоз ёки келида туйилган гуручнинг оши, “калтак еган”и учун, мулойим ва ширинроқ чиқади, дейди билган одамлар.)
Аспол – асфалт сўзининг маҳаллийлашгани. Қишлоқларда катта трасса йўлларини аспол йўл ҳам дейдилар. (Аспол йўл.)
Аталахўр – гўштга қурби етмай, куни ун ош – аталага қолган, камбағал киши ёки оиланинг аҳволига бериладиган таъриф. Қахатчилик, очарчилик йилларида атала аҳолини ёппа қирғиндан сақлаб қолган таом бўлган. Шу боис, бу таом, камбағаллик, чорасизликнинг таоми сифатида одамлар ёдида қолган. Аслида, масаллиғи жойиди бўлса, атала ҳам шохона таомку-я! (Қўйливойнинг қўли юқалигидан, оиласи анчадан буён аталахўрликка ўтиб қолган.)
Ахтачи – сўқимга боқиладиган хайвонларни бичиб берувчи мутахассис, қассоб. (Абдусаттор новвосчасини ахтачига олиб бориб бичиртириб келди.)
Ағача – туркча оғоч – ёғоч сўзига “а” қўшимчаси қўшилиб ясалган атама. Тиланчиликдан воз кечиб, ўтроқлашгач, қишлоқма-қишлоқ юриб, маҳаллий аҳолининг тол ва бошқа дарахтларидан саватнусха нарсалар тўқиб сотиб тирикчилик қилувчи лўли аёлларнинг номи. (Хотин, кўчамизга ағачалар кепти. Севат–певат тўқиттириб олсанг бўларди.)
Бабаш – бабажиш, яъни кичик, энг кичкина. (Бабаш қизим келин бўлиб қўшнимизга тушган.)
Бабачак – қўзичоқ. (Болажоним, қара, қўйимиз сенга бабачак туғиб қўйибди!)
Балиш – думли қўй. (Колхоз майиб–мажруҳ, ўпкасини совуққа олдирган балиш қўйларини, кузги даромаддан тўлаш шарти билан, аъзоларга тарқатиб берди. Кўпи йўталиб–сўталиб, одамларнинг қўрасида ўлди.)
Бича – опа, опача. (Ҳафизахон менинг катта бичам бўлади.)
Боғана – эндироқда, ҳалигина, бироз аввал, сал илгари. (Акам далада экан, боғана келиб тушлик қилиб кетди.)
Бувак – чақалоқ. (Тожихон касал бувагини бағрига босиб, Ориф духтирга олиб кетаётган экан.)
Бучок – ўрисча сўз. Чекиб ташлаб кетилган попирос қолдиғи. (Попирисга пул тополмай қолсак, асфальт йўлга чиқишиб, шафёрлар чала чекиб ирғитиб кетган бучокларни териб хуморбости қилардик.)
Бурамақанд – беодоблик қилган боланинг қулоғи ёки танасининг бирон ерига онаси томонидан бураб бериладиган жазо. (Онамиз қуйруғмизни бир бураб қўйиб юборсалар,этимиз жойига келгунча, ўзимизни ўн чақирим нарида кўрар эдик.)
Бўгаллатиб – коса ёки идишга ўта тўлдириб, оғзи-бурнидан тошириб қуйиш ёҳуд солиш. (Шўрвани бўгаллатмай, кичикроқ косаларга оз–оздан қуйсин!)
Бўқлик ўчоқ – серфарзанд, топганини учма-уч етказиб, қийинчилик билан аранг кун кечираётган оила. (Бўташалининг фарзандлари кўпайиб, бўқлик ўчоқ бўлиб қолди.)
Бўқон – семиз, қорни мешдай одам. (Шумтакалар Мусо бўқоннинг орқасидан, қоринларини шиширишиб, эрмаклаб боришарди.)
Бўқанса – семириб кетган ёш қиз ёки жувон. (Қумрихоннинг ёлғиз, битта қизи бор –ўлгудай тантиқ, бунинг устига, бўқанса.)
Ваъж – юк, мол-мулк, бойлик, сармоя, баъзи ўринларда эса ақл ва илм маъноларини ҳам англатиб келади. (Бошингдаги ваъжинг қанчаю, ҳамёнингдаги ваъжинг қанчалигини, нималарга қодирлигингни ахмоқдан сўрасак ҳам айтиб беради.)
Гадик – ўзи кичкина, қилган ишлари ҳам майда ва номуносиб, феъли қусурларга тўла кимса таърифи. (Ҳей, менга қара, қилган ишларинг билан Усмон гадикнинг ўзгинаси бўляпсан, қоляпсан!)
Гажир – тиришқоқ, йиқилса ҳам қайта қад ростлаб майдонга чиқиб келаверадиган, жисман толиқса-да, руҳан сира тушкунликка тушмайдиган қайсар, жангари одам. (Худойқулнинг кенжа ўғли ўлгудай гажир чиқди.)
Гардкам – озгина кам, сал кам, жичча кам. Бу сўзни, қиморбозлар ошиқ отаётганда омад чақирувчи сўз сифатида, беихтиёр кўкрагига кафтлари билан уриб, “Бор, таваккал” маъносида ҳам қўллайдилар. Қимор ўйини батамом йўқолмаган бўлса ҳам, бугун “гардкам” сўзи айтарли қўлланилмайди. (Мана, омад, бизга келди, гардкам!)
Гежга – елканинг бўйин аралаш қисми. (Шукур чолнинг гежгаси қотадиган бўлиб қолди.)
Гиз – озор, ситам, қақшаш. (Шундай совуқда болани дўконга жўнатиб гизиллатма!)
Гирив – мақсад билан қасднинг ўртасидаги маънони англатувчи сўз. (У бироннарсанинг гиривида келди–ёв!)
Гирмон – фашистлар мамлакати маъносида. (Бу, Гирмон дегани жуда урушқоқ далат эканда!)
Гуппи – пахтани қалин солиб қавилган, беўхшовроқ чопон ёки нимча. (Яхшиям, шу гуппини кийиб олган эканман, бўлмаса, совуқда таррак бўлиб қотиб қолардим.)
Дастурхончи – тўй ва маросимларда товонхона тасарруфи юкланган аёл ёки эркак. Бошқа ўринда, катта издиҳомларда ўртага ёзилган дастурхон устида бемалол юриб, ноз-неъматларни жойлаштириш ва тарқатиб бериш ваколати берилган одам. (Ёрқинбой дастурхончи калишини даҳлизга ечиб, бир даста нон ва қатлама таҳланган патнисни кўтарганча, бисмилло, дея дастурхонни босиб, тўрга йўналди.)
Даҳана – томорқа ёки экин майдонига очилган сувнинг катта ариқ билан туташган жойи. 1981 йилги “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “Экинга сув қўйиш учун қилинган жой”, деб нотўғри изоҳланган. (Қулупнай пайкали пуштасигача ийибди, даҳанани беркитсак ҳам бўлади.)
Дуварак – мевали дарахтнинг иккинчи бор гуллаб, туккан меваси. Қариганда кўрилган фарзанд маъносида ҳам ишлатилади. (Бу бола Ўсмат чол билан Хосият холанинг дувараги.)
Дудама – иккала дами ҳам кесадиган пичоқ. Рамзий маъноси, икки юзлама, бир пайтнинг ўзида, ҳар икки томонга ҳам хизмат қиладиган кимса. (Самиғ дудамадан эҳтиёт бўласан. Бир томонингни ҳотиржам қилиб, иккинчи томонингдан чакса этингни кесиб олганини билмай қоласан.)
Дуйсанба – нарсаларнинг бир ерга тўпланган ҳолати. Бир уюм, бирдалай, ғарам, (Кир бўлиб ечиб тошлаган кийимларимиз бир чеккада дуйсанба бўлиб ётар эди.)
Душа – ўрисча “душа” (кўнгил) сўзининг ўзлашгани бўлса керак. Кўнгли юмшоқ, одамохун одамларнинг исмига қўшиб айтиладиган лақаб. (Эркин душа билан гаплашсанг, кўнглинг яйрайди.)
Дўлтақўзи – лаллайган, лавоқ. (Ҳў, дўлтақўзи, лапашанглигинг билан бутун синфни ортга тортаётганингни биласанми?)
Дўхти қурсин – афти қурсин, башараси қурсин. (Дўхтинг қурсин! Ўн йил кўрмасам, кеча кўргандайман, сени.)
Енгмиш – ҳақиқатни исботлансанг ҳам тан бермайдиган, қайсар одам. (Ўлгудай енгмиш, айбига иқрор қилсанг ҳам, меники маъқул, деб тураверади!)
Ёлвир – ёлвираш, чақнаш, кўзнинг ич-ичидан қувониб, чарақлаб боқиши. Тўртлик:
(Тўрига чиқ, ёнимга,
Дегайсиз ёлвир боқиб.
Меҳрингиз дарёсида
Кетарман сувдай оқиб.)
Жижи – бувак, чақалоқ. (Ўктамхон жижисини уч кундаёқ бешикка солиб олди.)
Жиппанг – ҳали у, ҳали бу деб ўзини у ёқдан бу ёққа ураверадиган, тутуруқсиз, бесабр, беҳаловат кимса. (Тўғри гапни айтса, жиппанглайсан. Эркак дегани бунақа енгил бўлмайди, йигит!)
Жичча – озгина, салгина. Мажозий маънода ишлатилганда эса мутлақо тескари маънони англатиб келади. (Мас; Эркин душа тепган тўп дарвозага киришига жичча қолди. Ёки; Сизнинг бундай давраларда сўз айтишингизга жичча эртароқмикин?!)
Жонимотим – жон куйдириб, ғайрат билан, юракдан чиқариб. (Болалар, сал жонимотимроқ ҳаракат қилсак, ишни эртароқ тугатиб, дам олардик.)
Жони порт – бирор иш ёки нарсанинг ташвишида йўл, чора излаб, безовталаниб турган одам ҳолати. (Сабохон чақалоғини беланчакка солиб чиққан эди. Аллақачон уйғониб, биғиллаб қолдиёв, деган ҳавотирда, Ҳидоятхоннинг дийдиёси тугашини жони порт бўлиб кутарди.)
Занғар – луғатларимизда бу сўзга “баччағар”, “лаънати” сингари салбийроқ маъноларда изоҳлар берилган. Оддий аҳоли ўртасида эса бу сўз эркалатиш, енгилгина койиш маъноларида ҳам қўлланилиши кузатилади. Масалан, (Вой, занғарей, бир кўриб кетай деб келаверибсан–да? Ёки: Ҳай, занғар, отангдан хабар олмай қўйибсанда, а?)
Зиндалак – ўлдирувчи яра. Тили заҳар, сўзи аччиқ одам. Авлод шаънига тушган доғ, яра, маъносида ҳам ишлатилади. (Ҳей зиндалак, кўринган одамни чақиб олавермай, тилингни тийгин! Касрингдан элда ёмонотлиғ бўлиб қоляпмиз!)
Зўрим – кучлигим, қўрқмасим, қайтмасим, ботирим, алпомишим, кураги ерга тегмасим сифатларини англатиб келади. Ана шундай сифатларга эга йигитларни одамлар эркалатиб, Зўрим, деб алқайдилар. (Метрикада исми Абдуҳаким деб ёзилган бўлса–да, негадир ҳамма уни Зўрим деб чақирарди.)
Зўпидин – қўрс, қўпол, зўравон. (Боламга яна бир марта зўпидинчилик қилсанг, оёғингни синдираман!)
Ижжай – бўлар-бўлмасга илжаядиган, ёки юзи доим кулиб тургандай таассурот қолдирадиган киши номига қўшиб айтиладиган сифат. (Самиғ ака қачон қарасанг, тишини оқартириб, ижжайгани ижжайган.)
Изақ – узоқ, олис, кўп йил илгариги ёки кейинги бўладиган воқеа-ҳодисага нисбатан вақт тушунчаси. (Кўришмаганимизга ҳам изоғ йиллар бўлди.)
Ирақ – жудаям узоқ, ҳаддан ташқари олис, маъносида ишлатилади. (Тошпўлат биздан жудаям ирағлаб кетди.)
Ирик – йирик, катта, қўпол, дағал. Ҳазрат Навоий ҳам истефода этган бу сўзимиз ўзбек тилининг луғатларига кирмай ҳам қолган. (Қўқон гилози оддий гилозларга қараганда ирикроқ бўлади.)
Ироқи дўппи – бизнинг ёшлигимизда қиз-жувонларимиз суйиб кийган гулдор дўппининг номи. (Келинга атаб бир кийимлик саккиз тепки атлас билан ироқи дўппи олишимиз керак.)
Ироқи совун – ёқимли ҳид таратадиган атир совунларни одамлар ироқи совун деб ҳам аташган. (Хўжайин, бозорга борсангиз, бир иккита ироқи совун ҳам ола келинг!)
Итамак – тарбияси, хулқи, одоби ёмон оилаларнинг фарзандларига нисбатан ишлатиладиган маломат баҳо. (Тўйда одамларни Облоқулнинг итамаклари тоза безор қилди.)
Итиринжи – иприсқи, тартибсиз, саранжом-саришта эмас. (Узрохоннинг ҳовлиси қачон қараманг, итиринжиси чиқиб ётади.)
Иттик – йирик, пеш, ғолиб, баъзи ўринларда ўткир, равон маъноларини ҳам англатиб келади. (Кўзинг иттик, мана бу игнага ип ўтказиб бергин.)
Ичагидан қариган – ўзини катта одам фахмлаб сўзловчи, кексақори болакай. (Вой ғиртмаг–ей, кексақориланишидан ичагидан қариган экан!)
Канда – ариқдан катта, каналдан кичикроқ сув. (Юр, кандага бориб, бир–икки марта калла ташлаб келамиз.)
Каранда – кийиниш, юриш-туриш, ўзига хос муомиласи ва тутумлари билан бошқалардан кескин фарқланиб турадиган одам. (Гапга Музроп каранда қўшилди–ю, даврадан файз кетди.)
Катта – ота ёки онанинг отаси, бобо. (Чопиб бориб, каттангдан хабар олиб кел, хурсанд бўлади.)
Каски – оғзи шалақ, сўконғғир кимса. (Ўзи беғубор одам, фақат, оғзи сал каскироқ-да.)
Келинбу – келин буви. Қиз боланинг келинойисига ўзини яқин тутиб, ўз онамдай, бибимдайсиз, дегандай эҳтиромли мурожаати. (Келинбу, дам олиш кунлари тоққа оп чиқиб ўйнатиб келинг, деб акамга айтайми?)
Кесак қисган – бўйи ўсмай, рангпарланиб юрадиган нимжон бола таърифи. (Кесак қисган боласини арзанда қилиб, бино қўяди–ей!)
Кузир – зўравон, қўрқмас, тўда етакчиси. (Козимжон, нафақат бизнинг, балки, қўшни қишлоқлик болаларининг ҳам кузири эди.)
Кулала – бола суннат қилингач, хаёлидан қўрқувни ҳайдаш, оғриқ ҳиссидан чалғитиш мақсадида яқинлари томонидан айтиладиган сўз. (Ана энди, ўғлимиз ка–атта йигит бўлди. Кулалў–ў!)
Кускаса – ташвиш, даҳмаза, бир ишнинг орқасидан чиқадиган гап-сўз. (Тўғри, бу масаланинг озгина кускасаси ҳам бор.)
Кўкайим кесилди – камситилиш, сазанинг ўлиши, кишининг беҳурмат қилиниши. (Кексайганингда, ҳадеб кўкайинг кесилаверса, алам қиларкан!)
Кўтагарава – отга қўшиладиган тўрт ғилдиракли арава. Кўтак – русча “коток” сўзининг бузилгани. (Чопиқчи қиз–жувонлар кечқурун Эргашалининг кўтагаравасида қайтишади.)
Кўтарам – қўйларнинг очликдан силласи қуриб, кетини кўтаролмай, ётиб қолиши. Касаллик. (Колхоз аъзоларига сотилган қўйларнинг ўпкаси касал экан. Жониворлар, бечора одамларнинг қўрасида, кўтарам бўлиб ўлди.)
Кўтаримчи – пахта мавсумида аёллар терган пахтасини торозига элтиб берувчи киши. (Бақувватроқ эркаклардан кўтаримчиликка қўйиш керак.)
Кўтариб олган – жувоннинг ҳомиладорлигини болалардан сир тутиш маъносида қўлланадиган ибора. (Ҳалимахонни қайта куёвга узатмоқчийдик, яқинда билсак, биринчисидан кўтариб олган экан.)
Кўхлик – буваклар учун мослаб, орасига сувқоғоз солиб махсус тикилган мато, мослама, “памперс”. (Холисхон гўдагининг безовталанишидан кўхлигини ҳўл қилиб қўйганини пайқади.)
Лаванг – ғайратсиз, данггаса. (Тезроқ қимирласангчи, ҳў, лаванг!
Лаган – раҳбарлар оғзидан чиққанини маъқуллаб турадиган ялтоқи одам, лаганбардор. (Даврон бува раиснинг лагани, қайси куйни чалса, ўша мақомга йўрғалайди.)
Лайлим – уйдаги иш ва юмишларни унутиб, кўча-кўй, теварак атрофда лайлиб юраверадиган қиз ёки жувон. (Анор лайлимга, ҳовли–ҳаятни супуриб қўйгин, девдим, овози Ойимхонникидан келяпти. Қачон чиқиб кетақолдийкин?)
Ловақ – лавоқ, бўшанг, хом семиз. (Сен ловақни деб, бу гал ҳам арқон тортишда енгилдик.)
Лўм–лўм – ўта семиз, билқиллаб ёғ босиб, юрганда ҳалпилаб, хансираб қоладиган одам. (Жўра лўм–лўм ўтиб кетяпти, тўхтаб туринг, деб айтайми, дадаси?)
Лўғит – суяксиз, лахм гўшт. (Чучвара, манти учун лўғит гўшт яхши.)
Мажик – ривожланмай, ўсмай қолган. (Говмушнинг бу йилги бузоғи сутга тўймаганиданми, мажикроқ бўпқолди.)
Майлам – хайриҳоҳлик, мойиллик, ўзини кимгадир яқин тутиш. (Гарчи, тилида уни деб турса–да, дилида менга майламлиги билиниб турарди.)
Маккиллаш – жағи тинмай кавшаниш, тўхтамай емиш емоқ. (Қачон қараманг, қўйдай, маккиллайди.)
Маллаш – юз ранги, сочлари оқ сариқдан келган бола. (Отам укамиз Абдуғаппорни эркалатиб, Маллаш, деб чақирар эди.)
Машшақ – чолғувчи. Тўйларда хизмат кўрсатадиган созанда. Бир пайтлар, тўйларга машшоқларни таклиф этиш ҳам мартаба ҳисобланган. Бунга қурби етганлар ҳақида“Фалончи, машшақ солиб тўй қилди” деган овозалар тарқалган.
Мижиқи – майдагап, сўзининг тутуруғи йўқ, ҳар балони алжирайверадиган кимса. (Одам дегани, шунақаям мижиқи бўладими, а?)
Минқи – овози димоғига тиқилиб, пинғланиб гапирадиган одам. (Телевизорда минқи овозлар кўпайиб кетди.)
Мироб – ариқ сувини расамади билан адолатли тақсимланишини назорат қилувчи бошлиқ. Ҳар бир даҳанинг ўз мироби бўлган. (Жонобод халқи миробни ур калтак, сур калтак қилиб ташлашибди.)
Миянғи – минғирлаб одамнинг ғашига тегадиган, бефаросат, беҳосият кимса. (Ҳашарга Умар миянғини айтманглар, минғир–минғир қилиб, ҳаммани ишдан қўяди.)
Мегажин – урғочи чўчқа. Эл тасаввурида, кўринган эркакни ўз қучоғига менгзайдиган, эрдан чиқиб, эрга тегишни ор билмайдиган, бировларнинг мен билан неча пуллик иши бор, деган ақидада ахлоқсиз ҳаёт кечирадиган, енгил табиат аёл. (Заҳро мегажин ўралашиб қолди, қай бир муштипарнинг уйи куйди экан–а?)
Модалиб – тақалиб, қадалиб, тирғалиб туриб олиш. (Иккита одамнинг овози чиққан жойга қулоғини динг қилиб, модалиб келиб олиши ёмон–да, бу суллохнинг.)
Мосовсираб – довдираб, уйқусираб, калавланиб, йўлни зўрға топиб юриш. (Қулмат кўр, тўйга чақиришмаса ҳам, мосовсираб келаверади.)
Нагонда – аҳёнда, баъзи-баъзида, ногаҳонда. (Эшмонқул уруғларини излаб, нагонда бир келиб қолади.)
Нафси чуккиллаш – одамнинг бирон емак ёки таомни кўрганда, чидаб бўлмас даражада истеъмол қилгиси келиши. (Қўшни столда музқаймоқ еб ўтирган одамларни кўриб унинг ҳам нафси чуккиллаб кетди.)
Нушқут – нишхўрд. Хайвон емай қолдирган ўт, ҳашак, чиқинди. (Ўтган бозор сотиб олган сигиримиз хўра чиқди. Охурига нима солсанг нушқут чиқармайди.)
Озиқти – тунда одамни адаштириб кетадиган ажинанинг яна бир номи. (Қоронғига қолсанг, Боймирза буванинг тутзоридан юрмагин, озиқтилари бор.)
Ойпаб – овқатни шошилиб, ошалаб ейиш. (Маткарим олдига қўйилган ошни, манзират қилишларини ҳам кутмай, ойпаб қолди–я!)
Олашақшақ – ҳаёлига келганини шанғилайдиган аёл. (Оғзинга келганини олашақшақдай шаққилладинг, мана натижаси! Энди чидайсан.)
Онтиб – довдираб, тентираб, адашиб, улоқиб (Кенжатош опа, ҳар замонда, онамизни қора тортиб, онтиб келиб қоларди.)
Онтихўр – қасамхўр, қасам ичишдан қўрқмайдиган кимса. Қасамга қараганда онт сўзининг салбий маъноси кучлироқ. Қасамхўрнинг ёмон одатини янада бўрттириш керак бўлса, қасамхўр, дейиш ўрнига онтхўр деб янийдилар. (Бу хунасанинг, онтхўрлик қилмаган куни хотини талоқ бўлади!)
Орашон – овқатнинг шарақлаб қайнаши. (Шўрванинг оловини баландлатиб юбор, бир орашон қайнаб кетсин.)
Откелдисига олиб – бирон ишни алам-аччиқ устида, зарда билан, орқа-олдига қарамай, чанг-тўзолон билан башлаб юбориш. (Одамларнинг ғайратсизлигидан зардаси қанаган Одил табелчи шудгорни откелдисига олиб, чопа кетди.)
Отоёқ – меҳмон кузар асносида, отига миниб олгандан кейин ҳам, зўрлаб бирон нарса едириш ёки ичириш. Ҳозир бу одат замонавийлашиб, “капот устида”га айланди. (Маданиятга меҳмонга борган эдик, тоза меҳмон қилишди. Камига отаёқ қилиб ичибмиз. Уйга, зўрға етиб келдик.)
Отхона – отхона, молхона, қўйхона, товуқхона алоҳида-алоҳида тушунчалардир. Бу хайвонлар ҳеч қачон аралаш сақланмаган. Ҳозир отлар камайиб кетди. (Отхона тушунчасидан, фақат, атама сақланиб қолди, деса ҳам бўлаверади.)
Пакаш – пакана, бўйи паст, ўсмай қолган бола. (Яхшилаб овқатланиб юрмасангиз, Зуҳур гадикка ўхшаб пакаш бўп қоласиз.)
Панғвош – ақли ғовлаган, мияси пўла, қовоқбош (Пангвош бўлмасанг, шу ишинг яхшимас, деганда, тушунган бўлардинг!)
Паранг – кийиниш, юриш-туриш ва бошқа сифатлари билан кескин ажралиб турадиган одам. (Қандил паранг эгнидаги кийимлари, қишлоқнинг биронта одамида йўқлигидан ич–ичидан ғурурланиб борарди.)
Пинна – қизғанчиқ, хасис, ичи қора, фитна. (У болаларига, уйдаги нарса чириса чириб кетсин, зинҳор бировга берманглар, деб уқтирарди.)
Пинғ – димоғида пинғиллаб, қийналиб гапирадиган одам исмига қўшимча сифат. (Асад пинғ кириб келганини кўриб аёллар ўзларини ичкарига олишди.)
Пирамон – шифт, томнинг харисига икки томондан ташланган тўсинларнинг туташган баланд қисми. (Тожихон, бандида новдаси билан кесиб олинган анор ва беҳилардан бир неча тоғорасини шингил қилиб боғлаб, пирамонга қоқилган михларга илиб чиқди.)
Писка – узоқ шарқ халқлариники сингари қисиқ кўзли кишиларга нисбатан ишлатиладиган сифат. (Акбар буванинг кўзлари писка бўлса ҳам, тикилса ўзингни йўқотиб қўясан.)
Печдастурхон – кузаётган меҳмоннинг иззати учун чорси ёки қийиқчага тугиб бериладиган насиба. (Ҳушёр туринглар, совға–саломи билан келганлар печдастурхонсиз кетмасин!)
Позмон –афтодаҳол, хафаҳол, тушкун, паришонҳол. (Позмонсан, нимадан хафасан?)
Полпис – ивирсиқ, таъби хира, бефаросатроқ аёл. (Ҳуй полпис, тур ўрнингдан, ялпайиб ўтиришингни қара, уялмай!)
Посат – фасод, ичи қора, доим ёмон ўйларни ўйлаб юрадиган кимса. (Мўйдин посат бор экан, интипоғлик ҳақида гапириб овора бўлма.)
Прча – Пирча сўзининг бузилган формаси. Кичик пир, доҳийча маъносида. Гапи катта, гавдаси кичкина, ўзини ҳаммадан юқори қўювчи, ҳамма нарсани биламан деб ўйловчи, иззатталаб кимса исмига тиркаладиган лақаб. (Абдуназар прча бор жойда ҳар қандай уламо оғзига талқон солиб туради.)
Пўссиқ – жон койитмайдиган ялқов аёл ёки қиз таърифи. (Мунира пўссиқ кетини кўтаргунча, кун ботади.)
Ров – жадал, бирров, остонадан хатламай кўриб ўтиш. (Устозни остонасидан бўлса ҳам, ров кўриб ўтмасак бўлмайди.)
Сариғ машак – сариғдан келган, жаҳли бурнининг учида турадиган, сал нарсага аччиғланадиган одам. (Абсатторни бекорга сариқ машак демайдилар. Сал гап учирсанг, ёқангдан олади.)
Сийдиги сирқираган – кучли истак, талпиниш, юрак-юракдан хоҳлаш, соғиниш. (Шу бола деса, сийдигинг сирқиради! Ана энди, “ҳузурини” кўравер!)
Синиқчи – синган суяк, чиққан бўғим, лат еган аъзоларни халқона усулда даволайдиган маҳаллий табиб. (Ҳабибуллонинг қўли билагидан чўрт синиб, осилиб қолувди. Синиқчига олиб бориб, тахтакачлатиб келдик.)
Сирқов – одамни сил қиладиган даражада инжиқ, ичи тор, кўнгли қора кимса. (Дўстинг сирқов бўлса, дўзах ёнингда.)
Сомтираб – тентираб, довдираб, адашиб. (Бу ёқларда сомтираб, нима қилиб юрибдийкин?)
Сорвозори – амали, мавқейидан фойдаланиб, қадрини ўтказувчи, каттазанг кимса. (Вой, сорвозори–ей, ялиндим–ёлвордим, ўзини торозига солиб, миқ этмайди–я!)
Суволғич – яқин-яқинларгача аҳоли ариқлардан сув ичган. Биноларни ҳам сув ёқалатиб қуришган. Чиқаверишга, челакни ботириб сув олиш учун мослаб, “суволғич”лар қурганлар. Зиналарини ёғоч ёки толходалар билан мустаҳкамлашган. Айримлар сувга чиққан заифаларни номаҳрамлардан ихоталаш маъносида мато билан ўраб ҳам қўйганлар. (Темирвой суволғичини жуда қулай қилиб қурибди!)
Суқ – биров нима еса, оғзидан суви келиб, тамшаниб, суқланиб тикилиб касал қилиб қўядиган кимса. (Олдида ахлат есанг ҳам суқи киради.)
Сўкир – аёллик назокатини йўқотган, эркакшодалашиб кетган аёл. (Қаерда мажлис деса, Майрам сўкир биринчи бўлиб етиб боради.)
Сўлтамат – гавдаси катта лекин ўлардай ялқов, ғайратсиз, одамларга зиғирча нафи тегмайдиган, ишёқмас кимса. (Ҳў, сўлтамат, ишламаганинга яраша, қолганларга халақит бермай тур, ярамас!)
Сўм – хаёли паришонлик, кайфиятсизлик, тушкун ҳолат. (Сенга нима бўлди? Сўм бўлиб қолдинг?)
Сўм – суяксиз, лўғит гўшт. Кўчма маънода эса, инсоннинг бўшашиб, шалвираб қолган ҳолати. (Сўм гўштга ўхшаб, мунча шалвирадинг–а?)
Сўмрай – хомуш, бўшашган, бир аҳвол. (Ҳаким сўмрай алла маҳалда қайтиб келди.)
Сўппай – қуруқ, бўш қўл, ҳеч нарсасиз. (Қачон қарасанг, сўппайиб кириб келади.)
Сўқим – ҳеч иш қилмай, хўкиздай еб-ичиб ётаверадиган, ўлардай дангаса, одамнинг сифати. (Сен болани сўқим десам ҳақим кетади. Сўқимнинг ҳеч бўлмаса, тезагини ёқамиз. Сендан ўша сўқимчалик фойда йўқ!)
Тавирка қилиб – бўлар-бўлмас гапни мартаба қилиб кўтариб юриш. (Ҳамма гапни тавирка қилиб, энангизникига кўтариб бораверманг, қизим!)
Тайғоқ – лой-ботқоқликдан иборат, сирпанчиқ, чакалакзор жой. Раҳматли шоир Муҳаммад Юсуф бир гал менга “тайга” ҳам, аслида, туркча тушунча, рус тилига тойғоқ сўзидан ўзлашиб ўтган, дегани ёдимда.
Талтай – сийлаб, иззат-хурматини жойига қўйсанг, талтайиб, ўзини сендан юқори фаҳмлаб юрадиган кимса. (Ҳасан талтай билан қучоқлашиб кўришай, десанг, ўмганида ўдалантиради.)
Таррак – бодрингнинг узун, беўхшов, бемаза тури. Ҳозир, деярли экилмай қўйган. Шу боис, одамлар унинг туси ва тузилишини ҳам эсларидан чиқаришган. Ёмонотлиғ бўлиб, номигина қолган. (Нурилтойнинг гапи–сўзида тарракча маза йўқ.)
Тасрайиб – безрайиб, бақрайиб туриб олиш. (Бетини қалин қилиб, тасрайиб туришидан, ҳийлача бор, бу мегажин!)
Ташлаш – андижонликлар бирон ўқув юртига ҳужжат топширишни шу сўз билан ифодалайдилар. (Бу йил, пединститутга ташлаб кўраман.)
Ташлама – экин-тикинларни суғориш учун таралган сувларнинг ошиқчаси бориб тушадиган ариқ. (Кўтарманинг ташламаси тортмаяпти, тозалаш керакка ўхшайди.)
Тепди – сирли қилиб, “қоғозга ўраб айтилган гап”ни дабдурустдан тушунмаган кишининг устидан кулиш учун ишлатиладиган ибора. (Бунақа гапларнинг унинг миясига тепишига беш–олти қовун пишиғи бор.)
Товоқ –иш буюрсанг малолланиб қўзғаладиган эрка, ялқов, тантиқ қиз ёки жувон номига қўшимча сифат. (Бу қиз – отасининг товоғи–да!)
Тонтиқ – тантиқ, валақлаган. (Гап деб, ҳар балони тонтийверма!)
Тумшай – доим қовоғи солиқ, ўзича ҳаммадан хафаланиб, гина қилиб юрадиган одам. (Насиб тумшайни ҳам тўйга айтиб қўй, бўлмаса, тўқими овиб қолади.)
Тутантириқ – ўт олдириш учун ингичкалаб ёрилган ўтин – пайраҳа, хас-ҳашак ёки қоғоз. (Ҳаким танти кулда йилтираган чўғ устига тутантириқ ташлаб, ўт олдирди.)
Тутимсақ – ўз ҳолича, турли ўйин ва юмушларни ўйлаб топиб, куйманиб юрадиган бола. (Шу болангиз, бирам тутумсақ чиқипти–ей!)
Тўнғ – қўпол, қўрс, феъли оғир, очиқ юз билан гаплашмайдиган, сўзини ётиғи билан тушунтиришни билмайдиган кимса. (Нўмон тўнғнинг оғзидан бинойидай гап ҳам зилдай оғир ботадиган бўлиб чиқади.)
Тўғатмай – менсимай, назарга илмай, эътибор бермай, гўё кўрмагандай, сезмагандай, беписандлик билан маъноларини англатиб келади. (Бу бола амалдор бўлди-ю, ҳеч кимни тўғатмай қўйди.)
Уммай-жуммай – ғайрат-шижоат билан, уюшиб. (Уммай–жуммай ҳаракат қилсак, ўримни шомгача тугатамиз.)
Упчик – чақалоқ сўрғичи. (Хамир қориб олгунимча, укангнинг оғзига упчик солиб овунтириб тур, қизим.)
Ушуг – қаҳратон совуғи. (Аҳмадали қулоғини ушукка олдирибди.)
Харжейчилик – жиддий гапнинг ҳазил-мазакка айлантирилиши. (Билиб қўй, бу жиддий масала. Ҳазил–мазак қиладиган иш эмас!)
Хилма–хитей – бўлар-бўлмас, арзимас, яроқсиз, сифатсиз нарса, деган маънони англатадиган ибора. Хитей сўзини “хитой” деб оладиган бўлсак, гап хитойда ишлаб чиқарилган арзон ва сифатсиз моллар ҳақида кетаётгани ойдинлашади. (Бир хафта кийиб–кийилмай титилиб кетадиган, хилма–хитей кийимлар кўпайиб кетди,.)
Хонасалат – “хонасаллот” нинг бузилгани. Уйинг куйгур, яшшамагур, адойи тамом бўлгур, бадбахт, бахти қаро маъноларини ташийди. (Вой хонасалатей, едириб–ичириб, катта қилиб қўйганимнинг жаззасими бу!)
Хопитиш – чўмилиш. (Юринглар, болалар, кандада хопитиб келамиз.)
Худобезори – қилмишлари билан ҳаммани безор қилган кимса. (Абдусамининг ўртанча ўғли жуда беҳосият, худобезори бола бўлди.)
Чайнамашиминг – хўрозқант, шимиладиган ширинлик. (Эслик бўлиб юрсанг, бозордан чайнамашиминг опкеббераман.)
Чакса – тахминий кичик ўлчов, бир ҳовуч, бир сиқим. (Оғзингдан гап чиқмай, чакса этингни узиб олади.)
Чалиб чиқиш – бирон жойни зудлик билан супуриб қўйиш. (Табассум, акангнинг ўртоқлари келаётган экан, ховлини тезда чалиб чиқ, қизим?!)
Чиймоқ – кўпроқ, болаларнинг ёнғоқ ўйини пайтида рақиб соққасини мўлжалга олиб аниқ уриш мусобақасида моҳир эканлигини эслатиб қўйиш, шу билан бирга, ўзининг руҳини кўтариб олиш мақсадида мақтанчоқлик билан айтадиган сўзи. (Мана, қараб тур, ёнғоғингни чийиб қўяман!) Баъзи ҳолатларда катта одамлар тилида ҳам ишлатилади. Мас., (Фалончи мўлжални ёмон аниқ олар экан. Фалончининг фалон нарсасини ўн беш метрдан чийиб ташлади.)
Чиноқчи – теримчилар ортидан пахтани чаноқда қолдирмай, тоза терилишини назорат қиладиган шахс. (Чиноқчиликка Маҳмуд бувадан бошқа одам ярамайди.)
Читтак – қатъий фикри йўқ, у шохдан бу шохга сакраб, ким нима деса маъқуллаб кетаверадиган, тутуруқсиз кимса. (Ҳасан читтакка ўхшашдан, читтак ҳам ор қилади.)
Чиппай – идишга бирон нарсанинг тўлдириб солинган ҳолати. (Бу йилги шолини қанор қопларга чиппай қилиб, омборхонага саранжомладик.)
Чичанг – гап кўтармайдиган, салгина ҳазилга ирғишлаб, аччиғи чиқиб кетадиган одам. (Усубалига ҳазил қилсанг, чичанглаб кетади!)
Чиччай – ўз мартабасини баланд кўрсатиш учун ҳаркат қиладиган кимса сифати. (Издиҳом аҳлининг энсасини қотириб Азим чиччай кириб келди.)
Човаланиш – жаҳл ёки зарда билан, ўз-ўзича нималарнидир жавраш. (Оқойим хола човаланиб Оламайдон томонга кетаётган экан, тинчликмикин ишқилиб?)
Чулдирвақа – тили чиқмаган, бир нарсаларни чулдирайверадиган бола. (Қишлоғимиздаги ҳар бир хонадоннинг бир нечтадан чулдирвақаси бор.)
Чўкар – дарахт ёки ўсимликнинг кесиб ёҳуд ўриб олинганидан кейин ерда қолган, пойафзални тешиб, оёққа санчилиши мумкин бўлган қисми. (Комбайндан тўкилган сўталарни тераман деб маккапояга борувдим, чўкар кириб, ковушимни тешди. Оёғимни худо сақлади.)
Чўччай – лаби чўччайган ёки лабини атайин чўччайтириб гапиришга ишқибоз қиз ёҳуд жувон. (Роби чўччайга айт, иршанглаб, меҳмонларнинг олдида ўралашмасин!)
Шатир – қўрқмай, дадил. (Жаббор полвон зарур пайтда орият учун, шатир майдонга тушадиган дов йигитларнинг бошини қовуштира оладиган сардор ҳам эди.)
Шилғиб – шувиллаб, шунғиб, шитоб, силлиқ сингари маъноларни ҳам англатиб келади. (Жасад қабрга бу лаҳзани кўпдан буён кутгандай, шилғиб кириб кетди.)
Шингил – наша чекиб ёки кўкнори ичиб доим ширакайф бўлиб юрадиган, беозор банги одамнинг номига қўшиб айтиладиган лақаб. (Аъбар (Акбар) шингил улфат излаб, Оламайдон томонларга қараб ўтиб кетди.)
Шиппак – лақаб. Чақирилса-чақирилмаса шиппиллаб бораверадиган ҳамиятсизроқ одам. (Маҳам шиппак келибди, бирон жойга ўтқазинглар, ош еб олсин.)
Шихмола – шудгорни текислаб, кесакларни учун тракторга тиркаладиган махсус мослама. (Шудгорга шихмола солиб яна бир текиславормасак, суғорганда кўллаб қолади.)
Шихт – афт, ангор, башара. (Шихтингга қара, олабўжи бўп қопсан!)
Шамол – топширилган иш, юкланган вазифани жуда тез ҳаракат қилиб уддалайдиган, ўта чаққон, ғайратли одам сифати. (Абдушга иш буюрсанг, қачон бажарганини билмай қоласан. Шамол, шамол дейсан!)
Шол –юпқа рўмол ёки оддий ипдан тўқилган шолча гилам. (Уч оғайни ариқнинг бўйига шол ташлаб, хуфтонгача суҳбатлашиб ўтиришди.)
Шумтираб – бирон азоб ёҳуд воқеа-ҳодиса таъсирида ўзини йўқотиб, ночор аҳволга тушиб қолган одамнинг ҳолати. (Совуқдан–аъзойи бадани титраб қақшаётган девона, садақа қилармикин, деган ўйда, ўтган ҳар бир одамга жовдираб боқарди.)
Шўқатой – тинчимайдиган шўх, тутимсақ бола. (Болангиз шўқатойгина экан. Қўлидан ушланг, кор ҳол чиқариб ўтирмасин, тағин!)
Эгов – тергаб, асабга тегиб, безор қиладиган кимса. Айримлар бу сўзни аёлларга нисбатан ишлатадилар. (Уйда хотин, ишхонада бошлиқ эгов.)
Этак – ховли томон, томорқанинг охири. (Уйнинг этаги шолипоя.)
Эмача(г)к – қадр-қиммат, ўмган, кўқрак ва яна бир қанча сўзлар маъносини ифодалаб келадиган тушунча. (Эмачаги узилиб, укаларининг олдига кўп борди.)
Эшма – бўлар-бўлмасга нозланаверадиган қиз ёки аёл. (Анави, эшма опанг эшилиб, ҳозиргина келиб кетди.)
Юкли – хомиладор жувонни юкли ҳам дейишган. (Мунисхон ўғлини уйлаганига беш ойгина бўлувди, келини юкли экан.)
Ялатма – экиннинг томирига еткизиб-еткизмай, югуртириб суғориш. (Кўтармага яна бир марта ялатма сув тараб, сергигач, теримга тушилса ҳам бўлади.)
Ялақ – нопок кимсалар хизматини қиладиган, беор, ҳамиятсиз кимса. (Анови сўлтамат, Пиримбойнинг ялоғига айланиб қолди.)
Ялли – кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла, бозор ва гузарларда матал, ҳикматли сўз, ғазал ва қўшиқлар айтиб юрадиган ҳислатли инсонлар исмига тиркаладиган қўшимча ном (Астағфурулло! Усмон ялли кеча ўзининг жанозасига ўзи одам айтиб юрувди. Бугун тонг саҳарда қазо қилибди!)
Ўмалаб – ўрмалаб, эмаклаб, ербағирлаб, судралиб, ётиб юриш. (У ўмалаб, қирга чиқиб олди.)
Ўтириш – кўнгли яқинлар, жигарларнинг йиғилиши, гап-гаштак. (Келаётган шу шанбада, дўстлар билан ўтиришимиз бор.)
Ўғиз – сигир туққач, илк соғиб олинадиган сут. Тўғриси, “оғиз сути”. Уни, одатда, гавмушимиз туғди, энди сизлар ҳам оқлиққа зор бўлмайсизлар, деган маънода, қўни-қўшниларга ҳам тарқатишади. (Қўшнимиз ўғиз сути чиқарибди, дуо қилиб ичиб олинглар.)
Ўян – ҳар бир гапдан қинғирлик, қилинган ишдан камчилик, қусур топиш. (У пирмаматининг ишидан ҳам ўян топади.)
Қадақчи – чегачи. Илгари идиш-товоқ кам бўлган. Синса, учса, ҳозиргидай, ахлатга ташланмас, чегачига элтиб, қодоқлатиб ишлатилаверарди. (Бугун қадақчи ҳам, идишини чегалатадиганлар ҳам қолмади.)
Қайрақи – қийинчилик кўравериб пишиб кетган, муштлашавериб калтак таъсир қилмайдиган бўлиб қолган одам ёҳуд жонивор. Кўмилмаса ҳам совуқ урмайдиган мевали дарахт, ўсимлик. (Бизда токлар қишда кўмилмайди, қайрақи бўлиб кетган.)
Қаҳвош – ўз билганидан қолмайдиган, қақажон, қайсар қиз. (Вой, қаҳвош–ей, ўз билганича иш тутибди–да!)
Қора тортиш – яқин олиш, йўқлаш, мадад сўраш, қариндошлик, кўнгиляқинлик туйғуларини англатадиган ибора.
(Нафинг тегиб турса
Жонсан, жигарсан,
Ҳар касга ғойибдан етган атосан.
Нафинг тегмай қолса, юзинг қародир.
Қатордан хатосан – ҳассан, гадосан!
Қора тортиб борсанг ўзин тортарлар,
Қора тортганларинг мотамсародир.
Ё, Худо,
Бунчалар бебақо, оқибатларинг!)
Қоқас – кўздан пана, назардан нари. (Комилжон доннинг бир қисмини уруғликка деб оғилхонанинг кўздан қоқасроқ жойига яшириб ташлади.)
Қоқитма – кесатиқ гап. Бир гапни бир одамга ёки кўпчиликка айтиб, бир одамни яниш. (Бир одамлар қачонлардир тиклаган байроқларим ҳамон ҳилпираб турибди, деб ўйлайди.)
Қуйқи – қайғурган, куйинган одам бўлиб, уни унга, буни бунга чақимчилаб юрувчи аёл. (Холнисанинг қуйқилиги, ака–укаларни юз кўрмас, бегона қилиб ташлади.)
Қумортқи – ўта аччиқ қилиб дамланган чой. Чидаб бўлмайдиган даражада кўп қалампир солинган овқат. (Кечаги шўрва қумортқи бўлиб кетибди. Қалампирни камроқ солинг, келин!)
Қумтурпоқ бўлиб – тўғриси, қум-тупроқ бўлиб. Бирон ишни, қимирлаганки жон бор, барча бир ёқадан бош чиқариб бажариши. (Қум турпоқ ёпишсак, бу ишни икки соатга қолмай бажариб қўямиз.)
Қўли ю(п)қа – камбағал, тирикчилиги зўрға ўтадиган шахс. (Қишлоқнинг аксарият оилалари қўли ю(п)қалигидан гўшт емай қўйди.)
Қўнқавой – одамлар билан чиқишиб, эл бўлиб кетмайдиган, ажабтавур қилиқ ва қарашлари билан элдан ажралиб қолган кимса. (Анави, қўнқавойга ҳам иш–пиш буюринглар, зора одамохун бўлиб кетса.)
Ғиртмак – катта одамдай, ёшига мос тушмайдиган гап ва ҳаракатлар қиладиган бола. (Ҳе, тур–е, ғиртмак! Менга ақл бўлмаган сен қолувдинг!)
Ғўрагил – ночор, юпун, абгор. (Сойибжон сефарзанд. Емоқ–ичмоғи ҳам жуда ғўрагил–да!)
Ҳайпаранжи – паранжисини бошига ташлаб уйма-уй, кўчама-кўча кезиб юришга одатланган бесаранжом аёл таърифи. (Ҳайринисонинг бир кунда ҳайпаранжи бўлиб бормаган жойи қолмайди.)
Ҳежим (каш) – бўлар-бўлмасга ҳиринглайверадиган йигит ёки эркак. (Ҳежимларга ўхшаб ҳиринглайвема!)
Ҳуй – аёлларнинг хожаси ёки бирон кишининг исмини атаб чақиришга шариат ёки шароит йўл қўймайдиган ҳолатдаги мурожаати. (Ҳуй, кўйлагингиз кир бўлибди, ечиб беринг, ювиб қўяман.)
ШЎРО ТУЗУМИ БИЛАН КИРИБ КЕЛГАН, АЙНИ КУНЛАРДА ИСТЕЪМОЛДАН ТУШИБ ҚОЛАЁТГАН СЎЗЛАР, УРФ–ОДАТЛАР
Агарат – русча “огород” яъни “томорқа” сўзидан олинган тушунча. (Калхозчиларнинг агаратларини ҳам суғориб олишларига имкон бериш керак.)
Агитатор – Шўронинг ютуқ ва афзалликларини ташвиқ қилувчи ижтимоий фаол киши. (Комсомоллар орасидан ташвиқотчиликка қобилияти борларини аниқлаб, рўйхат тузиб олинглар.)
Агитпоезд – тарғибот-ташвиқот мақсадида илм, фан, маданият ва санъат ахлидан тузилган гурухни худудма-худуд олиб юриш учун ташкил этиладиган махсус поезд. (Агитпоездда Водҳани кезиб, куни кеча қайтдик.)
Астанопка – бекат. (Биз уни астанопкада роса кутибмиз.)
Аҳтип – русча “актив” сўзининг ўзбекчалашгани. Шўро сиёсатини қўлловчи ижтимоий фаол одам, раҳбар. (Мўмин салла, одам танимайдиган даражада аҳтиплашиб кетди.)
Апталапка – ўрисча “авто лавка” сўзининг бузилгани. Олис қишлоқлар, чўл ва саҳро, тоғу тошларда ишлаб, истиқомат қиладиганлар учун кундалик истемол товарларини элтиб сотадиган авто дўкон. (Апталапкада рўзғор учун керак бўладиган ҳамма нарса келади.)
Баришна – русийзабон қиз-жувонларнинг ерлик аҳоли ўртасида урф бўлган умумий номи. Баришня. (Совхоз идорасидаги барча ишларда, асосан, баришналар ишлашаркан.)
Бахча – колхозчи аёлларининг гўдаклари учун, арқон беланчаклар тортиб ташкил этиладиган вақтинчалик боғча. Уқувли, бир-икки жувон “бахча опа” қилиб тайинланган. Улар гўдакларга қараш билан бирга, навбати билан, пахтазорда ишлаётган оналарига олиб бориб, эмиздириб келишган. (Бахча опаликка Ўктамхон билан Заврахон дуруст. Барчага баробар муносабатда бўлишади.)
Бахчопа – демак, далада ташкил этилган болалар боғчасига жавобгар аёл. (Бахчопаликни ҳамма аёллар ҳам эплайвермайди.)
Белат – чипта. (Адҳамжон шаҳардаги катта театрда қўйиладиган кинога белат опкепти.)
Бонка – омонат маблағлари сақланадиган банкларнинг халқ тилидаги аталиши. (Пулинг кўпайиб кетган бўлса бонкада сақла.)
Бўғалтир – бухгалтер сўзининг бузилган талаффузи. (Илгариги бош бўғалтирлар бугун бош ҳисобчилар, деб айтиляпти.)
Водовоз – далада ишлаётганларга сув элтиб, чанқоғини қондириш учун ажратилган шахс. Олис яйловлардаги чорва ва чорвадорлар учун машинада сув етказиб берувчи ҳайдовчиларга нисбатан ҳам шу атама қўлланган. (Даштдаги чорвага бу йил Маташбой бува билан Павлик амаки водовозлик қилишаркан.)
Ворох – ворохо очистител (кўсак чувувчи) машинанинг қисқартирилган номи. (Ҳашарчилар терган кўсаклар пешма-пеш ворохдан чиқарилиб, пунктга топшириляпти.)
Грой – русча “герой” (қаҳрамон) сўзининг ўзбеча талаффузи. (Раисимиз Абдусамад бува шу йил кузда грой бўлади.)
Дамба – дарё ёки ариқлар тўсилиб, сувнинг турли томонларга тарқатиладиган жойи. (Асли бу, ўзимизнинг соф туркча “дам” сўзининг ўзга тилларга ўзлашиб кетиб ўзимизга қайтиб келган кўринишидир.)
Дорихона – колхоз-совхозларда минерал ўғитлар сақланадиган бино. (Бориб, дорихонадан аммафос олиб келинглар.)
Духтир – шифокор, доктор сўзларининг маҳаллийлашган кўриниши. (Боланинг истимаси тушмаяпти, духтирга олиб чиқмасак бўлмайди шекилли.)
Жомо – “жамоа” сўзининг жайдари талаффузи. Қишлоқ кенгаши раиси маъносини беради. (Тошхон жомо айтса, колхоз раиси ҳам йўқ демайди.)
Занг – шийпондан туриб колхозчиларни тушликка чорлаш учун дарахт ё бирон мосламага илиб қўйиладиган темир. Темирни темирга урилса, садоси олисларга кетади. (Турғунбой бува чопиқчиларни тушликка чорлаб, занг урди.)
Звенавой – звено бошлиғи. Ғўзага сув таровчилар устидан тайинланган, номи бору ўрни йўқ лавозим. (Каримбердининг вазифаси колхознинг темир дафтарида звенавой деб ёзилади.)
Истанса – поездлар тўхташи ёки вогонлардан юк тушириш-ортиш учун мослаб қурилган махсус жой. (Истансага ёғоч кепти, деб эшитдим. Уч–тўрт куба оп келай.)
Калхоз – русча “коллективое хозяйства” (жамоа хўжалиги) нинг қисқартирилгани. (Раис калхозни шахсий агаратим деб ўйлайди, чоғи.)
Камсамўл – комсамол сўзининг ўзбекчалаштирилгани. Коммунистик ёшлар ташкилотининг аъзоси. Шўро сиёсатига фидойи ёш йигит ёки қиз. (Оманбойнинг ўғли кеча камсамўлга кириб келибди.)
Капаратип – дўкон маъносида. “кооператив” сўзининг ўзлаштирилган формаси. (Болам, чоп, капаратипга чиқиб, ярим кило печак қант олиб кел.)
Карнай – колхоз идораси ёки марказдан туриб эшиттиришлар олиб борадиган, асосан, тегишли худуднинг кундалик янгиликлари эълон қилиб бориладиган маҳаллий радио тармоғи. “Узель” ҳам дейилган. Хонадонларга, бригада шийпонларига карнайлари ўрнатилган. Маҳаллий ахборотлардан ташқари вақтларда пойтахт радиодастурларига улаб қўйилган. (Эълон! Ҳозир, хўжалигимиз раиси, ҳаммамиз учун ҳурматли фалончи пистончиевичнинг колхозчиларга мурожаатини тинглайсиз!)
Касса – маош ёки пул тарқатиладиган ёки қабул қилиб олинадиган туйнукчали хона. (Ҳозир ундай жойларга “ғазинахона” деб ёзиб қўйиляпти. Бу “касса” сўзи маъносини тўла англатмайди.)
Кастир – кассир сўзининг бўзилгани. (Кастир ойлик тарқатяпти, пулингларни олинглар!)
Киночи – маҳсус мослаштирилган машиналарда юриб фильмлар намойиш этадиган кино механикларнинг аҳоли ўртасидаги номи. (Киночи янги шекилли, лентанинг узилган жойлари кўпайиб кетибди.)
Комсомол тўй – ўтган асрнинг 30-40 йилларида хотин-қизларнинг юзини очиш жараёнини тезлаштириш мақсадида никоҳ тўйларида келин-куёвларни столга чиқариш таомилга киритилган. Бундай тўйлар “комсомолча тўй” деб аталган. (Эсон махсум бувадай имон–эътиқодли одам ҳам, иккита ўғлига комсомол тўй қилиб, келин–куёвларни истолга чиқарди.)
Красинчи – бочкали аравада аҳолига керосин мойини тарқатиб ёки сотиб юрувчи одам.(Қўшни, красинчи ўтса, бизнинг идишимизга ҳам қуйдириб қолинг!)
Лўзинка – кўринарли жойларга илинадиган шиор. (Шаҳарнинг қайси томонига қараманг алвон лўзинкага кўзингиз тушади.)
Махинайса – мақсадга турли хил қинғир йўллар билан эришиш йўли. (Пахта заводларининг жуда катта махинайсаси бор экан.)
Михайлик – русча “механик” сўзининг ўзлашгани. (Имомназар ака участка тракторчиларига михайлик бўпти.)
Начейлик – бошлиқ. Русча, начальник сўзидан олинган тушунча. (Кеча совхоз директори келиб, бўлимимиз начейлигини ишдан бўшатди.)
Омборчи – хўжаликнинг игнадан тортиб дон-дунигача сақланадиган омбори мутасаддиси. (Омонбой омборчи бўлганидан кўпчилик хурсанд. Ҳар ҳолда, инсофли одам.)
Падборчи – кўчаларда тўкилиб қолган пахталарни териб, юрувчи одам. (Оқ–олтиннинг бир мисқолини ҳам ерда қолдирмай, йиғиштириб, давлатга топширамиз!)
Пастажир – автобус. (Айрим қишлоқлар аҳолиси втобусда кетаётган йўловчини ҳам пастажир деб атаган.)
Перма – ферма мудири маъносида. (Абдусаттор колхоз пермалигини орзу қилиб оламдан ўтиб кетди.)
Партком – колхоз, совхоз, турли муассаса ва ташкилотларда раҳбар ва унинг ўрибосаридан кейинги лавозим. Ғоявий-cиёсий масалалар муҳокамаси пайтида ҳал қилувчи овозга эга “фигура”, деса ҳам бўларди. (Раънохонимиз колхоз парткомлигига сайланибди.)
Пилон – план, яъни, режа. (Бу ишда, пилонлаштириш пайтидаёқ хатога йўл қўйган эдик.)
Плук – плуг, ер ҳайдовчи трактор мосламасига ўрнатиладиган кескир қисм. (Собиржон, култиватор плукларини бир чархлатиб келсангиз яхши бўларди.)
Половой стан – дала шийпони, қўналға маъносида. (Совхознинг пилла бригадирлари бугун Ёқуб начейликнинг полевой станида йиғилишади.)
Половот – ўрисча “полевод” (мироб) атамасининг маҳаллий тилдаги кўриниши. (Сувни тежаб–тергаб тарамасанг, Ёрмат половотдан балога қоламиз.)
Поласагупси – русча “плоскогупци”, яъни, ўзимизнинг ясси оғиз омбур. (Айрим вилоятларда ясси омбур кампироғиз ҳам дейилади.)
Полотирка – иккинчи жаҳон урушидан илгари чиққан, “полотёрка” номи билан халқ хўжалигида кенг қўлланилган юк машинасининг аҳоли ўртасидаги номи. (Раисимиз, хўжаликни, ҳар куни бир марта, полотиркада айланиб чиқади.)
Посон – русча “фасон” сўзининг бузилгани. Ясан-тусансиз кўчага чиқмайдиган, доим ўзига оро бериб, ҳушбўй нарсалар сепиб юрувчи эркак. (Кўчадан Қандил посон ўтса, ҳамма ёқни атир ҳиди тутиб кетади.)
Пот–пот(чи) – 20 асрнинг биринчи ярмида ишлаб чиқарилган, пот-потлаб овоз чиқарадиган, ихчам тракторнинг ҳайдочиси. Овозига қараб, ўзини “пот-пот”, ҳайдовчисини “пот-потчи” деб аташган. (Эрали кўтагаравасини, қаердандир, бузуқ пот–потга алмаштириб келибди. Тузатиб ололса, ўзи ҳайдар экан.)
Пропогандис – тарғиботчи. (Тошкентдан хотин–қизлари фаоллигини ошириш бўйича сиёсий тарғибот гурухи келар экан.)
Салти сувой – турмушга чиқмаган, чиққан бўлса ҳам, ҳали фарзанд кўрмаган колхозчи қиз ёки жувон – яъни “салт” маъносида. Уларни далада эмизикли аёлларга нисбатан кўпроқ, шом қоронғусигача олиб қолиб ишлатиш мумкин бўлган. Шунинг учун колхоз раҳбарлари уларни “свой” (ўрисча сўз), яъни “ўзимизники” деб аташган. (Салти сувойларни олиб кетиш учун шомга яқин машина келади.)
Сассализм – социализм. (Раҳматилла, соссализм деса, жаннат боғларини тасаввур қиларди.)
Симпилис – кўсакни ёриб, ситиб олинган хўл пахтани қуритадиган цех. Ўтган асрнинг 30-40 йилларида қишлоқларимизда пайдо бўлган бундай қурилмаларни одамлар, “симпилис” деб аташарди. (Одил табелчи, тонг саҳарда, одамлар кечаси билан чувиган жиққа хўл пахтани уйма–уй юриб, тортиб олиб, прицепга жойлаб, симпилисга топширар эди.)
Сапхўз – “совхоз” (совет хўжалиги) сўзининг қисқаргани. Совхозлар меҳнатга муносабат, ҳақ тўлаш ва бошқа кўп масалаларда нисбатан янгича, илғорроқ хўжалик юритиш усули эди, деса ҳам бўлади. Бундай хўжаликлар одатда, русийзабонлар кўпроқ жойлашган худудларда ташкил этиларди. Совхознинг колхозларга нисбатан айрим имтиёз ва эркинликларга эгалиги яққол сезилиб турарди. (Биласан–ку, 8–совхоз пилонини бажармагунча, биронта колхоз ғалаба рапортини беришга ботинолмайди.)
Табилчи – тўғриси, табелчи. Колхозлар бажарган дала ишларининг ҳисоб-китобини олиб борувчи кичик амалдор. (Адҳамжоннинг бичими кичик бўлгани билан ҳисоб–китоби анча пухта экан.)
Узел – аҳолини кундалик янгиликлардан хабардор қилиб туриш учун сим орқали тортилган маҳаллий радио тармоғи. (Нормани бажармасак, кечқурун ялқов теримчилар қаторида отимизни узелдан овоза қилишади.)
Учаска – бино қуриш учун давлат томонидан ажратиладиган томорқа. (Бир умр колхоз даласида ишлаб, бир таноб ерга эга бўлмай ўтиб кетди.)
Хашак ўрди – чорвага ем-хашак ғамлаш учун хашар йўли билан уюштириладиган кампания. (Бригадамиздан бешта йигит хашак ўримига бориши керак. Ихтиёри билан отилиб чиқадиганлар борми?)
Хийтр – русча “хитрий” сўзининг ўзбекча талаффузи. (Ҳа, хийтр, кўзимни шомғалат қилиб алдаб кетмоқчисан–а?!)
Хосилат – хосилот – агроном. (Хосилотликка Ҳафизқорини тавсия қилдик, нима дейсизлар?)
Чайка – тармоқдан симга улаб ишлатиладиган радиокарнай. (Бу, чайка дегани, эрталаб бешдан, тунги учгача тинмай гапираркан.)
Шапка – шўронинг илк арбоблари орасида шапка кийиб юриш урфга кирган эди. Кейинчалик, уларга таассуб қилиб маҳаллий раҳбарлар ҳам шапка кийиб юришни одат қилган. Бора-бора шўропарастлигини намойиш қилиш учун шапка кийиб юрадиган одамлар ҳам пайдо бўлган. Уларнинг отига халқ “шапка” сўзини қўшиб эслаган. (Биринчи шапка кийганлардан бўламиз, деб ашаддий қизиллардан эканини писанда қилувчилар ҳам учраб турган.)
Шомғалат – кўз илғамайдиган, ғира-шира пайт маъносида. (Эҳтиёт бўласан, кўзинг шомғалат бўлди дегунча, ғалланинг ярми йўқ деявер.)
Шпиндл – русча “шпиндель” сўзининг ўзлашгани. Бўйи паст, бирон нарса қисгандай ўсмай қолган одам.(Назар шпинделни ҳам рўйхатга тиркаб қўяверинглар, асқотиб қолиши мумкин.)
Қизил карвон – колхоз-совхозлар етиштирилган, ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик ва саноат махсулотларини транспорт воситаларига ортиб, тантанавор олиб ўтиш ёки ана шу махсулотларга эҳтиёжи кучли регионларга совға сифатида юбориш. (Россиянинг Калининград вилоятига туманимиз мева–чеваларидан қизил карвон жўнатишимиз керак экан.)
Қимизатр – ўсимликларни ҳашоратлардан ҳимоя қилувчи лаборатория мудири. Агроном-химизатор атамасининг маҳаллийлаштирилган формаси. (Абдуллажонни институтни битириб келиши билан, колхозга қимизатор қилиб тайинлашди.)
Қулип – клуб сўзининг бузилган формаси. (Бир пайтлар довруғи довон ошган колхознинг қулупи бугун хувиллаб ётибди.)
Култивасса – ўрисча “култивация” сўзининг маҳаллийлашгани. Ғўзага махсус ишлов берувчи мослама. (Қумнинг ери етилибди, култивасса солмасак, қотиб қолади.)
Қуртхона – ипак қурти уруғини очирадиган махсус лабаротория. Ипак қурти марказлашган ҳолда боқиладиган жой ҳам қуртхона дейилган. (Ҳарорат бир меъёрда ушланмаса, қуртхонада иш пачава, деяверинг!)
Қурухчўп – қуруқ чўп маъносида. Собиқ иттифоқ компартияси марказкоми раҳбари Н. С. Хрушчевнинг лақаби. (Қурухчўпнинг гапи билан маккага зўр бериб, мамлакатнинг куни зоғорага қолди.)
Қўтир – русча, “хутор” сўзининг тилимизга мослашган кўриниши. Шароити ночор аҳоли пункти, деса ҳам бўлади. Шунданми, одамлар оғзида “Дунёйи қўтир, чидасанг ўтир. Чидамасанг, кўтар кўрпани, бўшат капани!”, деган маталнамо гаплар ҳам юрган.
Қайрақи – дон ёки ўсимликларнинг маҳаллий шароитда синовдан ўтган навлари. (Ҳориждан келган буғдой уруғи иссиғимизга дош бермади. Қайрақи навлардан сепаверайлик.)
Қизил бурчак – дала шийпони, чойхона ва бошқа жойларда шўро сиёсатини ташвиқ қилувчи сурат ва лавҳалар билан жиҳозланган алоҳида жой. (Райком бува кеча мажлисда, қизил бурчак ташкил қилинмаган биронта жой топсам, партиядан ўчираман, деб раисларни тоза ғадавлади.)
ЎЗГА ТИЛЛАРДАН ЎЗЛАШГАН МАЙМОҚ СЎЗЛАР
Лемух – ўрисча “лемех”. Ер ҳайдовчи мосламанинг ўткир тиши.
Пирсеп – автоулов ёки тракторга тиркаладиган арава, тиркама (прицепь).
Мантор – мантёр.
Суворка – кавшарлаш.
Суворчик – кавшарлаш устаси.
Патинка – “ботинка”.
Шўртик – калта иштон.
Тўпли – туфли.
Семичка – писта, кунгабоқар меваси.
Обихес – махсус терговчи, тергов идораси.
Правирка – текширув.
Рўл – транспорт рули.
Рўл – театр, кинога мансуб термин.
Лупти – люфт, автоулов рулидаги салт ҳолат.
Мупти – муфта, автоуловнинг қўшиб берувчи мосламасига оид қисми.
Пидол – автоуловни тўтатиш учун босиладиган мослама.
Каропка передачи – автоуловнинг қўшиб берувчи қисми
Отверка – болтларни бураш учун мослаб ишланган ўткир учли асбоб.
Багаж – богаж, юкхона.
Тормиз – тормоз, тўхтатиш мосламаси.
Зажиганя – автоуловларнинг ўт олдириш мосламаси.
Пипилниса – “пепельница”, кулдон.
Сидина – “сиденя”, ўриндиқ.
Капот – автоулов моторининг устидаги қопқоқ.
Лабавой – автоуловнинг олд ойнаси.
Карбуратр – “карбюратор”, автоуловнинг ёнилғи тақсимлагичи.
Динамик – автоуловнинг ток ишлаб чиқарувчи мосламаси.
Акумлатр – “аккумулятр”, автоуловнинг ўт олдириш учун ток етказиб берадиган қисми.
Запрапка – автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчаси.
Ремут – “ремонт”, таъмирлаш.
Абгон – қувиб ўтиш.
Нўмир – “номер”, автомобилнинг рақам белгиси.
Поворот – кўчанинг бурилиши.
Дални–ближни – чироқларнинг узоқ-яқинга мосланиши.
Пара – автоулов чироқлари.
Камир – “камер”, автомобиль шинаси ичидаги ҳаво сақловчи резина.
Покришка – автомобиль ғилдирагига кийдириладиган резина мослама.
Диска – автомобилнинг темир ғилдираги.
Балансиропка – автомобиль ғилдираклари холатининг созланиши.
Заднимос – автомобилнинг орқа томонга ҳаракатини мословчи қисм.
Искорос – “скорость”, тезлик.
Испидометр – “спидометр”, автомобиль тезлигини кўрсатувчи мослама.
Прклучатл – автомобиль тезлиги ёки чироғини бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишини таъминло вчи мослама.
Бупер – автомобилнинг олд қисмини эҳтиётлаб турувчи мослама.
Масла – автомобиль қисмларига қуйилувчи мой.
Житкос – автомобиль қисмлари созлигини таъмнловчи суюқ мой.
Насос – автауловлар баллонларига ел берувчи мослама.
Непл – автоуловлар камерасига ел кирадиган қисмига кийдириладиган резина найча.
Абада – “обода”, авто-мотоуловларнинг темир ғилдираги.
Отражатл – автоуловларнинг нур қайтаргичи.
Дангкрат – “домкрать”, автоуловни созлашда кўтарувчи момлама.
Бачўк – “бачёк”, автоуловларнинг сув ёки суюқлик сақлашга мослашган идиши.
Списа – “спица”, велосипед ёки мотоциклларнинг ғилдирак симлари.
Знак – йўл белгиси.
Ғиш – автомобиль ҳаракатини таъқиқловчи йўл белгиси.
Запретни – ҳаракатни таъқиқловчи йўл белгиси.
Трасса – катта могистрал йўл.
Мос – “мост”, кўприк.
Торпеда – автомобиль солонининг олд ойнага туташган қисми.
Обшипка – иҳота учун махсус қолама.
Шумоизоласса – овоздан иҳоталаш учун қўлланадиган махсус ишлов.
Мойка – автомобиллар ювиладиган жой.
Боковой – автомобилнинг ёнбош томонларига тегишли қисмлар.
Освежитл – автомобиль салонининг ҳавосини муаттар қилувчи буюм.
Паркопка – автомобилларнинг тўхтаб туриши учун ажратилган жой.
Стаянка – автомобиллар сақланиши учун мосланган бино ёки жой.
Калонка – автомобиль радиосининг карнайи.
Холастой ход – автомобилнинг салт ҳолатдаги ҳаракати.
Задниход – автомобилнинг орқага ҳаракати.
Бўхср – “буксир”, бир автомобилнинг иккинчисига тиркалиши.
Поласа – йўл чизиғи.
Права – автомобиль ҳайдаш учун хуқуқ берувчи ҳужжат.
Падём – йўлнинг кўтарилиш қисми.
Спуск – йўлнинг қуйи томон оғиш қисми.
Кастапрап – автомобилнинг устки қоплама қисмларини созловчи уста.
Илихтирик – “электрик”, автоуловларнинг электр қисмларини созловчи уста.
Ходовўйчи – автоуловларнинг ташқи ҳаракатлантирувчи қисмлари носозликларини тузатувчи уста.
Вулканизатр – автоулов ғилдирклари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этувчи жой устаси.
Кемпинг –металларни нозик кавшарлаш тури.
Аргон суварка – мўрт, рангли металларни кавшарлаш аппарати.
Гараж – автоуловлар сақланадиган ёпиқ жой.
Мастирской – устахона.
Далнирес – автотранспорт воситаларининг олис манзилларга қатновини англатувчи тушунча.
Шўпр – “шафёр”, автомобиль ҳайдовчиси.
Абдунаби Бойқўзиевнинг “Сўзим менинг, ўзим менинг!” китобидан