Тарих ХХ аср ўзбек адабиёти олдига фавқулодда катта вазифаларни қўйди. Шоир ва ёзувчилар шу асрнинг аксар қисмини ташкил этган, социалистик реализм печаклари ҳаммаёқни чирмаб ташлаган даврда ҳам, ундан олдин ҳам, кейин ҳам бошқа бирор асрда ва бирор хорижий мамлакатда рўй бермаган ишларни амалга оширдилар: ўз ижодий ниятларини рўёбга чиқариш билан бирга рус ва жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилишга алоҳида эътибор бердилар. Янги тарихий-маданий давр шуни тақозо қилди. Натижада, янги ўзбек таржима мактаби майдонга келди ва шу мактабнинг Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Усмон Носир сингари дарғалари етишиб чиқдилар. Ўзбек ёзувчиларининг кейинги авлоди, жумладан, Туроб Тўла ҳам шу сўз усталари этагида вояга етди.
Бадиий таржима санъатининг ХХ асрда шиддат билан ривожланиши тасодифий эмас. Бир томондан, турли адабий саналар, ўнкунликлар ва ҳафталикларнинг кенг нишонланиши, иккинчи томондан, жаҳон адабиёти ютуқларидан баҳраманд бўлиш эҳтиёжи, миллий адабиётнинг образ ва ғоялар доирасини ва бадиий-услубий ускуналарини янгилаш зарурати ижодкорларни бадиий таржима билан фаол шуғулланишга даъват этди. Аммо бошқа тилда яратилган дурдоналарни ўзбекона оҳангларда “сўзлатиш” осон эмас эди. Ўша йилларда нафақат Туроб Тўла, балки унинг айрим устозлари ҳам дарғалар яратажак “андозалар”га муҳтож эдилар. Буни сезган Чўлпон ёш дўстлари учун Пушкиннинг шарқона тароват билан йўғрилган “Булбул ва гул” шеърини ўзбек тилига қойилмақом таржима қилиб, “мастер-класс”нинг илк намунасини берди. Буюк рус шоирининг:
В безмолвии садов, весной, во мгле ночей,
Поет над розою восточный соловей.
Но роза милая не чувствует, не внемлет,
И под влюбленный гимн колеблется и дремлет.
Не так ли ты поешь для хладной красоты?
Опомнись, о поэт, к чему стремишься ты?
Она не слушает, не чувствует поэта;
Глядишь, она цветет; взываешь – нет ответа, –
деган сатрлари, кутилмаганда, ўзбекона латиф наволар билан янграб юборди:
Баҳор чоғда холи боғда бир зулматли тун эрди.
Ғариб булбул фиғон айлаб: “Гулим, раҳм айлагил”, – дерди.
Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона.
Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам
Ёнарсан, ўртанарсан, дод этарсан тинмайин бир дам.
Қўй энди, беҳуда дод этма, оҳинг унга етмайди,
Қарайсан, яшнаган бир гул, фақат додингга етмайди.
Чўлпон бу таржимаси билан таржимон-шоир, В.Жуковский айтганидек, таржима қилинувчи шоирнинг қули эмас, балки рақиби бўлиши лозимлигини кўрсатди. Бу идеал таржима намунаси эди.
Ҳали адабий балоғат ёшига етмаган Туроб Тўланинг Чўлпон кўрсатган йўлдан бориши маҳол эди. Қолаверса, унга таклиф қилинган аксар асарлар ҳам лириканинг гўзал намуналари бўлмаган. Шунинг учун у Шекспир ва Шиллернинг саҳна асарларига, Пушкин ва Лермонтовнинг нафис туйғулар чаппор урган шеърларига “қўл уриш”дан аввал ўнлаб катта-кичик манзумаларни она тилига “ўгириб”, шоирнинг “қули” эмас, “рақиби” бўлиш йўлидаги довонни босиб ўтди. У поэтик маҳорат чўққиларини кўзлай бошлаган 60-йилларда Шекспирнинг “Қийиқ қизнинг қуюлиши” комедиясини таржима қилишга журъат этди. Бу асар сарлавҳасини, Шекспир ҳақидаги мақолаларда ёзиб келинганидек, “Ўжар қизнинг тийилиши” ёки “Қайсар қизнинг қуюлиши” деб таржима қилиш мумкин эди. Лекин у шу сарлавҳа устида ҳам узоқ ўйлаб, “Қийиқ қизнинг қуюлиши” деган тўхтамга келдики, бу сарлавҳада жайдариликдан қочиш ҳам, қиз табиатининг моҳиятини илғаш ҳам, “қ” товушлари қийқириб турган уч сўзда эса поэтик нафосат ҳам бор эди. Туроб Тўла Шекспир асаридаги қарийб ҳар бир фикрни, ҳар бир образни, ҳар бир сўзни ўзбекона бадиий воситалар билан ифодалашга интилди.
Шекспир “қийиқ қиз” билан учрашишидан аввал унинг жазмани Петруччонинг кўнглида кечган фикрлар курашини бундай тасвирлаган:
Придет она – ухаживать примусь;
Начнет беситься – стану говорить,
Что слаще соловья выводит трели,
Нахмурится – скажу, что смотрит ясно,
Как роза, окропленная росой…
Бу сатрлар Туроб Тўла таржимасида бундай ўзбекона либос кийган:
Ишим хушомаддан бошлайман секин,
Тўполон бошласа, кўтарса шовқин,
Булбулигўё деб соламан қулоқ.
Хўмрайса – юзингиз ўхшайди, дейман,
Шабнамда ювилган қип-қизил гулга…
Бундан кейинги сатрлар ҳам шеъриятнинг шундай тоза чашмасидан равон отилиб чиқади:
…Безрайиб ўтирса – войбў, шунақа
Гапга чечанлар ҳам бўлар экан, деб,
Ғайратда атайин мақтаб қоламан.
Ҳайдаса, меҳмон бўл, дегандек, бир оз
Ёғдириб ташлайман “раҳмат”ларимни.
Рад этса, ўзингиз тайинланг, дейман,
Никоҳ ва тўйимиз кунин – соатин…
Ана у келмоқда, бошла, Петруччо.
Туроб Тўла Шекспирнинг афсонавор номи ва даҳоси олдида эсанкираб қолмай, унинг рақиби бўлишга уринди, буюк асар қаҳрамонларининг соф ўзбек тилида сўзлашларига муваффақ бўлди.
“Мария Сюарт” Шекспир комедиясидан фарқли ўлароқ, бошдан-оёқ трагик пафос билан тўла. Қаҳрамонларнинг нутқлари ўқ каби кескин. Шиллер асар руҳидан келиб чиққан ҳолда, улар нутқини ортиқча тафсилотлар, муштарак ифодалар билан оғирлаштирмайди. Ҳар бир қаҳрамон ўз кўнглидан ўтган ва ўзгага айтиши зарур бўлган фикрни лўнда ифодалайди. Таржимон ҳам қаҳрамонлар нутқини ўзбек тилида ифодалашда ана шу тамойилга қатъий риоя қилади.
60-йилларда “Нодирабегим” (“Қуввайи қаҳқаҳа”) трагедияси устида ишлаган шоир Шотландия маликаси билан Қўқон маликасининг фожиали тақдиридаги муштаракликни кўриб, ғоят мутаассир бўлган. У икки оддий аёлнинг эмас, икки маликанинг, икки юксак тафаккур соҳибасининг фожиасини ҳам таржимон, ҳам драматург сифатида ифодалашда Шиллер асаридаги трагик пафоснинг роли ғоят муҳим эканлигини сезган. Ва “Мария Стюарт”даги трагизм “Нодирабегим”нинг яратилишида “бадиий” калит бўлиб хизмат қилган.
Туроб Тўла, айтиш мумкинки, Шекспир ва Шиллернинг икки саҳна асарини ўзбек тилига таржима қилишда таржимон-шоирлик салоҳиятини тўла намойиш этди.
Қолаверса, у жаҳон шоирлари ижодидан ҳам қатор таржималарни амалга оширди. Қуйида шоир ва моҳир таржимон Туроб Тўланинг айни таржималаридан намуналар эътиборингизга ҳавола этилади.
Наим Каримов,
филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 1-сон