Уйғоқ инсон шундайки, ўтмиш ва
келажакни эмас, бугунини севади.
Лу Син
Ҳикматларида энг аввало ўзини топган Чин ўлкасининг забардаст ёзувчиси Лу Син бир умр уйғоқ инсондек яшашга интилди. Тўғри, ўтмишдан сабоқ олди, ўрганди, бироқ кечаги кун учун, кечаги хатолар учун бугунини зое кетказмади. Келажакка, ёруғ кунларга умид қилди, бироқ ширин орзулар гирдобида ўралашиб қолмади. У фақатгина бугуни, бугунги кун, ҳозирги замон нафаси билан яшади. Ҳолбуки, музаффар адибнинг “бугуни” тарихга-да, келажакка-да ўз имзосини қолдирди.
1881 йил 25 сентябрь тонги Шаосиндаги Жоулар оиласи учун хушхабар ҳозирлаганди: орзиқиб кутилган ўғил, (бўлажак адиб) дунёга келди. Бобою бувисининг эркатойи, ота-онасининг овунчоғига айланган болакайга Жоу Шужен деб исм беришди. Зиёлилар оиласида туғилган чақалоқнинг адабиётга, ижодга ошно бўлишида, албатта, оилавий муҳитнинг таъсири катта бўлди. Айниқса, Жоу “Чан ойи” деб атовчи энагасини, болаликдаги севимли китоби “Денгизлар ва уммонлар тарихи”ни улғайиб, катта ижодкор бўлганида ҳам бот-бот эслайди. Гарчи у кейинчалик касб танлашда ҳарбийликни афзал кўрган бўлса-да, мутолаа Жоу Шуженнинг энг севимли машғулоти бўлиб қолаверади.
Дастлаб, Жиангнан ҳарбий академияси, сўнгра қўмондонлик билим юртида таҳсил олган Жоу илк бор Ғарб маданияти ва илми билан шу ерда танишади. Немис ва инглиз тилларини қунт билан ўрганади, бу тиллардаги адабиётларга муҳаббат қўяди. Тиришқоқ ва интилувчан Жоу Шуженга омад кулиб боқади, давлат гранти асосида Японияга ўқишга юборилади. У ердаги таҳсили давомида япон маданияти, адабиётини ҳам ўрганди, ўзининг дастлабки адабий эсселарини, “Қадимги хитойликлар” асарини ёзди, шунингдек, жужуцу (япон жанг санъати) билан ҳам мунтазам шуғулланди. Вақтини олтинга тенг билган талаба бир йилга бориб-бормай, ота-онасининг тинимсиз қистови билан ўз юртига қайтиб келади. Бу ерда энди уни ҳаётидаги энг катта “хатоси” кутиб турарди. 22 ёшли йигит оёқ тираб туриб олишига қарамай, катталарнинг амри вожиб, саводсиз бир қишлоқдоши билан умр йўлини боғлайди. Муҳаббатни мажбуран, зўравонлик билан уйғотиб бўлмайди, деганларидек, адибнинг бир умр рафиқасига кўнгли илимади. Бироқ, эрлик вазифасини унутмади, оиласини моддий томондан доимий таъминлаб турди.
Ҳаёт унга турли-туман синовлар тайёрлаб қўйганди. Гарчанд шахсий ҳаётидаги кўнгилсизликларда отасини сабабчи деб билса-да, бироқ унга жуда қаттиқ боғланиб қолган, меҳри бўлакча эди. Сурункали касалга чалинган отани етаклаб кўрсатмаган табиби, бормаган жойи қолмади. Табиблар аниқ ташхис қўёлмай, адиб ва унинг отасини сарсон-саргардон қилишди. Ўлимига саноқли дамлар қолгандагина отасининг бедаво касаллик – силга чалингани аён бўлди. Шу-шу Жоу Шуженнинг Хитой халқ табобатига на ишончи қолди ва на ҳурмати. Нафрат уни аланга бўлиб чулғаб олган, пуф деса олов бўлиб ёниб кетадигандай эди. Мазкур мудҳиш воқеа сабаб у тақдирини ўзгартиришга жазм қилди. Ҳарбий академиядан кетиб, Ғарб тиббиётини ўрганишни, етук шифокор бўлишни кўнглига тугди. Шу тариқа Жоу 1904 йили Япониянинг Сендай тиббиёт академиясига ўқишга кирди.
Академиядаги ҳаёти бевосита устози Фужино Генкуроу билан боғлиқ: ундан ҳеч кимдан кўрмаган меҳрни топади, қатъийлик, адолатни ўрганади. Устозига бўлган ҳурмати унинг хотираларида бир умрга муҳрланиб, ижодида ҳам акс этади, устозга атаб “Жаноб Фужино” эссесини ёзади. Орадан икки йил ўтиб, 1906 йил, дарахтлар куртак ёза бошлаган паллада академияни тўсатдан, ҳеч кимга лом-мим демай тарк этади. Бу воқеага муаллиф “Ҳарбий хизматга чақирув” номли асарида алоҳида тўхталиб ўтган: рус-япон урушида (1904–1905) ҳеч қандай далил-исботсиз бир хитойликни жосус деб топилиб, ўлимга ҳукм қилинганидан япон йўриқчиси маърузаси чоғида хабардор бўлади. Бўлажак ёзувчи хитойликларнинг ўз юртдошларига нисбатан лоқайдликларидан изтироб чекади. Сўнг бу ердаги жисмоний хасталардан кўра, у ердаги руҳий касалларни даволаш муҳимроқ, деган қарорга келади ва Жоу ўз ватанига қайтади.
Ватанпарвар ўғлон шиддат билан Хитойга қайтгач, ўз она шаҳри – Шаосиндаги бир қатор илм даргоҳларида талабаларга дарс бера бошлайди. 1918 йилдан ижодга жиддий киришган адиб Лу Син “порлоқ юлдуз” тахаллуси остида кўплаб асарлар, ҳикоя ва эсселар ёзади. Дастлабки ҳикоясини “Телбанинг кундалиги” номи билан китобхонлар эътиборига ҳавола этади. Гоголь ҳикояларидан илҳомланиб ёзилган бу асарда Хитойнинг фойдасиз урф-одатлари ўткир танқид остига олинади ва мамлакатдаги феодализмга “маданийлашган одамхўрлик” дея таъриф берилади. Мазкур ҳикоя унга мислсиз шон-шуҳрат келтирди, муаллиф замонасининг энг нуфузли ёзувчилари қаторидан ўрин олди. Халқ эътирофидан руҳланган адиб “Аҳ Кьюнинг ҳақиқати”, “Тонг гулининг шомги заволи”, “Ёввойи майса”, “Хитой афсоналарининг тарихи” каби китобларини бирин-кетин чоп эттиради. 1926 йилнинг 18 мартида Сяомен, Амой ва Гуанжоуда рўй берган талабалар намойишини бостириш учун жўнатилаётган гуруҳга аъзо бўлади. Ҳар ёмонликда ҳам бир ҳикмат зоҳир бўлганидек, намойиш баҳона гуанжоулик талаба қиз, бўлажак рафиқаси Су Гуанпинг билан танишиб қолади. Неча йиллардан бери кўнглидагидай ёрни тополмаётган Лу Син талаба қизда қандайдир жилва, ўзгача меҳр – хулласки, излаётганини топгандай бўлади. Су Гуанпинг билан умрнинг охиригача бахтли турмуш кечиради, Ҳай Йинг исмли ўғил кўришади.
Ижодида ҳам қизғинлик, ёрқинлик кўзга ташланади. “Ёшлик” ва “Ниҳол” газеталарида муҳаррир сифатида фаолият олиб боради. Жамоат ишларида ҳамиша фаол ёзувчи Шарқ ва Ғарб адабиёти орасида кўприк ўрнатишга, Осиё ва Европа халқларининг зиддиятларга бой турмуш тарзини борича ёритиш билан бирга икки минтақа маданиятига ҳурматни шакллантиришга бутун умрини бағишлади. Шундай бўлишига қарамай, у ўз асарларида Хитой миллий қаҳрамонини ярата олган ижодкорлар сирасига киради. Шу боис ҳам Лу Син эл орасида “оддий халқ қаҳрамони” номи билан ҳанузгача машҳур. Адиб замондошларидан серқирра ижоди, услубининг бетакрорлиги билан ажралиб туради. Ундаги маҳорат, сўзга чечанлик, топқирлик билан муштарак бўлиб, жасоратга айланган эди. Ахир, ватанида, кўз олдида содир бўлаётган чиркин иллатларни қоралаш, уларни асарларида баралла ёритиш учун ҳам, икки – умуман бошқа-бошқа қитъа маданиятини уйғунлаштириш учун ҳам жасорат керак эмасми?! Лу Син ўзида ана шундай куч, чидам ва жасоратни топа олганди. Ижодида сатира ва юморнинг кенг ишлатилганлиги, ҳикояларининг сўзлашув тилидаги маълум оҳанглар билан бойитилганлиги боис бошқа тилларга таржима жараёни анча мураккаб кечади. Бироқ, адибнинг қайсики асари бошқа тилларга таржима қилинар экан, ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинади. Чунки унинг асарларидан ўзгача жозиба, ҳақиқат уфуриб туради.
Хитойликларнинг севимли ёзувчиси Лу Син тақдирида ҳам отасининг кечмиши такрорланди, яъни, муттасил тамаки чекиш оқибатида сил касалига йўлиқди. Бедаво хасталик адибни 1936 йилнинг кузида бу ҳаётдан олиб кетди. Исми жисмига монанд хитойлик ёзувчи Лу Син жаҳон адабиётида “порлоқ юлдуз” бўлиб қолди.
Севара Алижонова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон