Менда Жойс ижодига қизиқиш катта. Негалигини ўзим ҳам билмайман. Хотирамда, Москвадаги 1-чет тиллар институтида ўқиб юрган вақтимда илк бор Жеймс Жойс номига кўзим тушганди. Бу ном юмшоқ муқовали китобча устига катта қилиб битилган эди. Мен китобчани талаба қиз қўлида кўрдим. Семинарда ўтирар эканмиз, китобча ва ном ўзига тортаверди. Танаффусда илтимос қилиб, уни қўлимга олиб кўрдим. Шу-шу ханузгача Жойс билан аҳён-аҳён бўлса-да, шуғулланиб тураман. Қўлимдаги манбалар ҳам, ҳар ҳолда етарлича. Оксфорд университети китоб ва мақолалар тўплами, Ҳарри Лэвин нашр этган қисқа танланган асарлар (Лэвиннинг катта сўзбошиси билан) “Улисс” романининг 1992 йилги ўн бешинчи тўлиқ нашри (Деклн Кеберднинг катта сўзбошиси билан) “Финнеганнинг уйғониши” романи, Москва “Прогрес паблишерс” нашри “Дублинликлар. Ёш артистнинг портрети” (E.Ю.Гениеванинг сўзбоши ва 120 саҳифалик изоҳи билан) ва ҳоказо.
Мен илк бор Жойснинг номи ва китобчасини кўрган вақтлар у собиқ Иттифоқда тақиқланган пайт эди. Москвалик қиз ҳар учрашганда кўзларимдаги бир нарсани уқдими, отасига айтиб менга ҳам шу китобдан келтириб беришни ваъда қилди. Унинг отаси катта амалдор бўлиб, Англияга вазифаси нуқтаи назаридан қатнаб турар экан. Яхши одам бўлса керак узоқ куттирмади, мақсадимга етдим.
Китобчани авайлаб титкилаб, қандайдир дунёга кириб қолаётгандек эдим. Жойсни мутолаа қилиш мазза. Айникса, “Дублинликлар” тўпламига кирган ҳикоялар жуда завқли. Аслида ҳикояларда ҳеч нарса йўқ. “Опа-сингиллар” ҳикоясини очсак, тобутда ўлим тўшагида ётган руҳоний ва атроф-муҳитнинг оддий тасвири. Бироқ, ҳикоя номининг ўзиёқ сирли: ўйлана бошлайсиз, у “Опа-сингиллар”ми ёки “Роҳибалар”, хоҳлаганингизни танлаб олаверинг. Ҳикоянинг тили мураккаб эмас, айрим изоҳталаб сўз ва бирикмаларни ҳисобга олмаса – содда. Аммо ҳикояга неча бор қайтар эканмиз, янги маъно ва мазмун касб этаверади. Бир қарашда оддий, содда кўринган матнда маъно чуқур. Ўша “маъно”ни ўз шахсий дунёнгиздан келиб чиқиб англайверасиз ва қабул қилаверасиз. Энди хаёлот дунёсидасиз. Буни хаёлот дейиш ҳам қийин. Балки моҳиятдир. Дунё, унинг сиз шу чоққача англолмаган кори-бор, оддий нарса ва тушунчаларнинг ғаройиблиги, миф ва асотирларнинг ҳозирда Жойс қаҳрамонларини эмас, сизни ўраб турган ҳавоси, азалият ва абадият, ботинлик ва зоҳирлик, оддий кундалик ҳаёт ва каҳрамонлик, ер ва мавжудот давомийлиги, қолаверса, одамларни ўзгартиришга ундай олмай телба бўлган Нитше назаридаги эски “этик” тушунчалар, кундалик турмушдаги ўрнингиз, Калвак Махсумчалик ёхуд Қори Ишкамбачалик фикр юргизмайдиган яқин дўстларингиз бор тийнати, сийрати, сурати билан намоён бўлаверади. Қўпол ва лўнда қилиб айтганда, асарда Жойс ва унинг қаҳрамонлари йўқ, бу оламда ҳеч ким йўқ, сизнинг Дунёнгиз ва ундаги қатнашчилар мавжуд, холос.
Ҳикоядаги такрорий “фалажлик”, “мўртлик”, “оппоқ соч”, “мурда” сўзлари кайфиятингизни бошқариб туради. Ўлимнинг таъсир этувчи, турли ассоциациялар асосидаги кўриниши ва моҳияти мунгли нотасини чалиб туради. Шунда “Черковдаги симония” иборасига дуч келасиз, нигоҳингиз тўхтаб қолади, қанча фурсат ўтди энди барибир, диний ақидалар, “ол-ол, бер-бер”лар, иккиюзламачилик ва товламачиликлар, диний чекланганлик, қотиб қолиш, хуллас, не нарсаки, сизни безовта этиб юрган бўлса, барчаси қалқиб чиқаверади. Турли қиёфалар, турли тоифадаги тумонат одам, сиз гувоҳ бўлган ёхуд эшитган ақлни лол этувчи воқеа-ҳодисалар… Аслида эса симония ҳақда гап кетаётган эди. Жойс шуни, яъни черковдаги амалларнинг сотилиши, пулга дам солиш кабиларни кўзда тутган эди холос. “Симония” сўзи апостллардан ғаройибот яратиш иқтидорини сотишни сўраган жодугар Симон исмидан олинган. Тамом.
Энг яқин дўстлардан бири, дунёда ҳеч нарсани ўйламай яшайвериш керак деди. У алдаётганди. Ўзи ҳам бирор дақиқа, онгсизлик ҳолатларини ҳисобга олмаса (ўшанда ҳам сурраготлар ўлмайди) ўйламасдан яшашга қодир эмас.
Инсон табиатидаги ҳар нарсани билишга қизиқиш, илмга чанқоқлик ҳеч қачон тинчлик бермайди, дилга қутқу солаверади. Барча ижтимоий онг маҳсуллари шу асосда яралади. Жойс қаҳрамон деган тушунчани тан олмаган. Қандай характерда бўлмасин, қаҳрамонлик сунъий яратилади. Жойс учун ҳақиқий қаҳрамон ерда. У оддий одам. У ҳоҳ ҳаётда, ҳоҳ санъатда бўлсин, барибир, оддий одам.
Дигамен дўстим шундай дейди: оддий нарса оддий эмас. Чексиз коинот мавҳумлиги ичидаги битта тушуниксиз унсур. Буни унутмаслик лозим.
Дигамен яна айтади: Мен Нитшени тушунаман. У ўз асрида туғилмаган. Бечорага қийин бўлди. Оила нималигини билмади, қирққа кирмай ўлиб кетди. Аммо этик категориялар ҳали ҳам заррача ўзгаргани йўқ. Илож ва имкониятсизликни бадиий санъат даражасига кўтарган Кафка, Камьюни ҳам тушунаман. Улар ўзлари ёзишдан бошқа имконият топа олмадилар. Сизифнинг юмушини бажаравердилар. Қизиғи, улар ҳам анча ёш ўтиб кетганлар. Тақдир тақозоси билан бири табиий, иккинчиси фожиали ўлим топди.
Кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитаётган нарсалар онглилик даражасида қанчалик мавҳум. Ундан туш аниқ. Туш онглилик ва онгсизликнинг қайси чегарасида юз бериши аниқланмаган. Онгсизлик, яъни уйқу ҳолати дейилса, унда туш айнан ҳаёт парчаси эканлигига шубҳа уйгонади. Сартр аҳмок эмас. Аммо туш тасвирлари қониқтирмайди. Туш кинога олинсагина қониқтириши мумкин. Акс ҳолда ҳаётий полифония тасвирийлигига эришиб бўлмайди. Қалам ожизлик қилади. Бу нарса Жойсни кўп қийнаган. У ҳам мақсадига ета олмаган.
Тушунмадим, дейман мен.
Дигамен давом этади: ёзувда полифония яратиб бўлмайди. Жойснинг Эйзенштейн фильмларига, глуакомадан азоб чекса-да, экран тагида ўтириб термулавергани ва Дублинда биринчи кинотеатр ташкил этиш ташаббуси билан чиққани ҳам бежиз эмас. Айтмоқчиманки, ёзув ёхуд битикдаги қаторлар ўқувчи миясида тўлиқ ҳаёт эффектини ярата олмайди.
Модернизмнинг чўққиси бўлмиш Жойс асарларига қизиқиш, ўқиш, ўрганиш, мана юз йилдирки, тўхтаган эмас. У бутун дунёда севиб ўқилмоқда. Жойсчилар марказлари, мактаблари, ихлосмандлар клублари ва кўп сонли муштарийлари сони кун сайин ортиб бормоқда. Улар ҳар йили 16 июн кунини Блумсдэй[1] сифатида нишонлайдилар.
Қизиғи шундаки, 1917 йил октябрь тўнтариши инқилобчилари ҳам Жойс билан қизиққан экан. 1932 йилда Москвадаги “Инқилобчи ёзувчилар халқаро уюшмаси” Жойсга қуйидаги савол билан анкета юборган: “Октябрь Инқилоби Сизга қандай таъсир қилди, адабий фаолиятингиз учун бунинг қанчалик аҳамияти бор?”. Уюшма котиби Романова[2] имзоси билан берилган бу саволга Жойс ўз котиби Полл Леон тилидан кинояли жавоб берган: “Россияда 1917 йил инқилоб юз берди. У ноябрда амалга оширилди. Қўлимдаги бор маълумотларга асосланиб унинг аҳамияти ҳақида бирон нима дейишим қийин, бироқ котибангизнинг имзосига қараганда, ўта буюк ўзгариш юз бергани йўқ”.
Ўшандан буён Жойс номини тилга олиш тақиқланган Россиянинг Чет эл адабиёти давлат кутубхонаси боғ майдонида 2008 йил 17 мартда унинг шарафига ҳайкал ўрнатилди.
Ўзбекистонда ҳам Жойс ижодига қизиқиш ҳозир кенг тус олган. Мен 2010 йили Миллий Университет адабиёт факультети талаба ва профессор ўқитувчилари билан учрашувда талабаларнинг Жойс ҳаёти ва ижодига бўлган самимий ва юксак эътиборни кўрдим. Толиби илмлар у ҳақда мақолалар ёза бошлабди. Бу, албатта, ижобий ходиса.
Жойснинг “Мусаввирнинг ёшликдаги портрети”, “Улисс” шоҳ асари ҳассос ёзувчи ва олимлар Аҳмад Отабоев, Иброҳим Ғафуров томонидан ўзбек тилига таржима килинди. Бу катта ютуғимиз.
Демак, Жойсга қизиқиш ортган экан, унинг мураккаб асарлари ўзбек тилида ўқилаётган экан, тушунишга фойдаси тегар деган мақсадда интернетдан олинган ва ўзимда бор материалларни қуйида таржималар қилиб беришни лозим топдим:
- Мамлакатимнинг маънавий-руҳий олами ҳақида эди бу бобни ёзишимдан мақсад, шу боис воқеа объекти сифатида Дублинни танладим, чунки менинг нуқтаи назаримда дунёнинг қоқ маркази худди шу ер.
- Ҳикояларимдан заҳар, оғу, ифлос балчиқ ва ахлат ҳиди анқиса, менда нима айб?! Ирланд халқи менинг ялтироқ ойнамда ўзига бир яхшилаб назар солсин.
- Қанча ёзсам, ҳамиша Дублин ҳақида ёзаман, Дублиннинг моҳиятига ета олсам, демак, дунёдаги борки шаҳарлар моҳияти менга аниқ намоён бўлади.
- Ният, мақсад ва ёзиш техникам қудрати ила одамзодгача ва ундан кейин ҳам бўладиган ерни тасвирлашга чирандим.
- Техник жиҳатдан олдимга қўйган вазифам ўн саккиз нуқтаи назардан ва шунча услубдан иборат бир асар, китоб ёзишдир, зоҳиран, бу ҳамма тижоратчи-дўстларимга аён, фақат улар томонидан ҳеч қачон кашф этилмаган.
(Хэрриет Шоу Уиверга хат. 24.06. 1921)
- Бу икки халқ (исроил ва ирланд) тўғрисида эпопея ва шу билан бирга бир кунлик ҳаёт ҳақидаги камтарона ҳикоядек барча инсон танасининг мавжуд цикли ҳамдир. Энциклопедиядир десакмикин, хуллас, шунга ўхшаш… Менинг мақсадим мифни sub species temporis nostri (ҳозирги замонавий асно) ҳолига кўчиришдир. Ҳар қандай воқеа-ҳодиса (шу билан бирга, ҳар бир соат, ҳар бир аъзо ва ҳар бир санъат тури, бутуннинг структур тузилмасига сингдириб тўқилган) нафақат шарт-шароит бериши, балки ўзининг шахсий техник услубини яратиши шарт (Карло Линатига хатдан. 21.09.1920й.).
- Турфа бадиий маданият соҳасининг қай бир томонидан келманг (риторика, мусиқа ёхуд диалектика), tabula rasa[3]қолдиради, холос. “Сирен”ни ёзганимдан буён ортиқ мусиқа эшита олмайман (Ҳэрриет Шоу Уиверга хат. 20.07.1920й.).
- Ҳиссий кўрувнинг эшитувга айланиши – санъатнинг бор моҳиятидир ва у фақат ва фақат ўзи истаган таъсирга эришишга уринади… Хуллас, “Улисс”даги барча ички монолог худди шундай.
- Бирданига ўзимни очиб ташласам, боқийлигимни бой бераман. Шунчалик кўп бошқотирма ва топишмоқларни йиғдимки, асрлар бўйи олимлар еча олмай бош қотирсинлар, бу – абадий ўлмас бўлишимга кафолатдир.
- Энг ачинарлиси, авом китобимдан аҳлоқ излаб овора бўлади, топишга уринади, янада ёмонроғи уни жиддий қабул қилади. Гапнинг индаллосини айтсам, унда биронта жиддий сатр йўқ, қаҳрамонларим тўпори лақмалар, холос.
Китобимга кимни киргизмай, у шу заҳоти ўлади ёки бош олиб кетади ё бўлмаса у бирон фалокатга учрайди.
- Бу асар менинг ўз қоидаларим асосида ўйнаган ўйинимдан бошқа нарса эмас.
- Фауст одамгарчиликка сиғмайди эмас, умуман, одам эмас. Кексами у, ёшми? Унинг уйи, оиласи борми? Ҳеч нарсаси йўқ… Ҳамлет –ҳа, у – инсон, бироқ у ўғил. Улисс бўлса Лаэртнинг ўғли, Телемакнинг отаси, Пенелопанинг эри, Калипсонинг жазмании, Троя ва Итака деворлари қаршисидаги грек жангчилари сафдоши. Яна тағин унутманг, у ҳарбий хизматдан бўйин товлаган симулянт (муғомбир) ҳам. Урушга тушиб қолиб, охиригача боради. Қуролдошлари қамални тўхтатишига кўнмайди, уларни олга бошлайди. Шунингдек, у Европадаги биринчи желтельмен ҳам. Маъсума қиролича рўпарасига шир яланғоч чиққанда, тузланган гавдасининг шарм жойларини қиз нигоҳидан яширади. Ва шунингдек, у – буюк ихтирочи. Танк унинг ихтиросидир. Ёғоч от ёки қутими – нима фарқи бор? Униси ҳам, буниси ҳам ичида жангчилар яширинган қобиқ-ку!
- Кечаси ёзсам, негадир ёзолмайман, сўзларни одатдагидек боғлолмаётганимни сезаман. Худди тундаги ҳар хил – онгли, ярим онгли, сўнг онгсиз ҳолатларга ўхшаб сўзлар ҳеч вақо англатмай қолади. Сўзларнинг одатдагидек муносабат ва боғланишлари асосида бунинг иложи йўқлигини кашф этдим. Тонг отади, яна ҳамма нарса ўз ўрнига қайтади. Сўзларга инглиз тилини қайтариб бераман, уни абадий бузиб ташламоқчи эмасман.
- Мен ушбу китобдаги ҳар бир қаторни ҳимоя қилиб оқлашим мумкин. Балки бу – тентакликдир. Буни вақт кўрсатади.
- Асарларимнинг асл қаҳрамонлари – замон, дарёлар, тоғлардир. Очиғини айтганда, бу ерда умуман қаҳрамонлар йўқ.
- Қайта-қайта ўқиса, ҳар қандай ўқувчи бу китобни албатта тушунади. Бунга шубҳам йўқ.
- Иккинчи жаҳон уруши ҳақида:
Польшани тинч қўйиб, “Финеган маъракаси” билан шуғулланишса бўлмайдими?
- Ирландия ҳақида:
– Ирланд миллий характери ҳақида нима дея оласиз?
– Ўта ярамас, ўзимдан қиёс.
- Сариқ чақачалик қадрини билган одам Ирландияда яшамайди.
- Жойс ўзи ҳақида:
- Мен унчалик олийҳиммат эмасман, хиёл ичкиликка ружу қўйган, ожиз одамман.
- Миямнинг чакана савдо дўконидаги иш бошқарувчиникидан фарқи йўқ.
- Жойс отаси ҳақида:
- Ўзим гуноҳкор банда эмасманми, шунинг учун унинг нуқсонлари ҳам менга ёқади.
- Балки унинг (қизи Люичининг) касали “Улисс” асарим учун берилган жазодир?
- Китобимдаги юзлаб саҳифалар, ўнлаб персонажлар отамдан олинган.
- Нора Жойс (рафиқаси) ҳақида:
- Мабодо Худо ерга тушса, сен унга хам шу заҳоти топшириқ берасан.
- Эҳ, Жим (Нора уни шундоқ атарди) ўзининг ёзув-чизуви билан ўралашмай, ашулачи бўлганда эди!
- Нега сен мундоқ одамлар тушунадиган ақллироқ китоблар ёзмайсан?
- Беккет “Улисс” ҳақида:
- Бу инглиз тилида ёзилмаган деб даъво қиляпсизми? Бу, умуман ёзилмаган. У ўқиш учун эмас…Уни фақат кўриш ва эшитиш керак.
- Бу ерда шакл – мазмун, мазмун эса шаклдир.
- Беккет “Финеган маъракаси” ҳақида:
- Жойс матни – бирон нарса ҳақида эмас, унинг ўзи ана шу бирон нима.
- Жойс Пенелопа монологи билан ирланд аёлини ҳақоратлади, дея Ирландиядан бадарға қилинди, мен эсам, Пенелопа таржимасини талаба қизларга берганим учун Фарғона давлат университетидан ҳайдалдим.
Тилаволди Жўраев
18 апрел 2011 йил Фарғона ш.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон
_______________________
[1] Блумсдэй, Блум куни – 1904 йилнинг 16 июнидан Жеймс Жойснинг мухлислари “Улисс” романи учун байрам куни деб белгилаганлар.
[2] 1613 йилдан ҳукмронлик қилиб, 1917 йилда Октябрь инқилоби оқибатида тахтдан ағдарилган рус императорлари сулоласига ишора қилинган.
[3]Оғир ҳиссиёт маъносида